Кириш

Судланганлик институтига оид масала ҳам бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир. Чунки,бу инсонга қўлланилаётган жазоларнинг натижалари инсон ҳаётига қай даражада таъсир этишини белгилаб беради.

Судланганлик институтининг назарий ва амалий қоидаларини ўрганиб шундай хулосага келдикки, судланганлик жиноят ҳуқуқининг муҳим институтларидан бири бўлиб, ундан воз кечиш мутлақо мумкин эмас экан. Чунки судланганлик ҳолати:

биринчидан, кўп ҳолларда жазони ўтаб чиққан шахсларни жазони ўтаб бўлганидан кейин ҳам агар зарур бўлса тарбиялаш чораларини давом эттириш имкониятини беради;

иккинчидан, жазони ўташ вақтида тўғри йўлга ўтиб олмаган шахсларни жазони ўтаб бўлганидан кейин ҳам уларни назорат қилиш ва шу йўл билан ҳалол меҳнат йўлига ўтиб олишига ёрдам бериш шароитини яратади;

учинчидан, жазодан озод бўлиб келган шахс давлат идоралари ва жамоатчиликнинг назорати остида бўлганлиги учун, унга яна носоз турмуш тарзига ўтиб олиш имконияти бермаслиги мумкин;

тўртинчидан, жазодан озод бўлиб келган шахс ишга жойлашиш ва турмушини тиклаб олишда давлат ёки жамоатчилик ёрдамидан фойдаланиш имконияти бўлади;

бешинчидан, шахс янги жиноят содир қилса, унинг учун қандай оғир оқибатлар келиб чиқишини билганлиги учун ҳам жиноят содир қилиб қўйишдан ўзини асрайди. Бу ҳолатлар эса ўз ўзидан судланганлик институтининг ҳуқуқий аҳамиятини кўрсатиб беради.

Шулардан келиб чиқиб, мазкур оммабоп рисолада судланганлик нима, судланганликнинг ҳуқуқий аҳамияти, унинг тугалланиш ва олиб ташлаш тартиби, судланганлик ҳолатининг тугалланиш ёки олиб ташлаш муддатларини ҳисоблаш тартиби ва ушбу масалани кўриб чиқишда нималарга эътибор қаратилишига доир масалалар баён этилган.

1. Судланганлик деганда нимани тушунамиз?

Ҳар бир жиноят содир этган шахс албатта жиноий жавобгарликка тортилади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 16-моддасига кўра, жиноий жавобгарлик – жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан суд томонидан ҳукм қилиш, жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилишида ифодаланадиган жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибатидир. Суд томонидан қўлланиладиган жазо натижасида маҳкумга нисбатан қатор ҳуқуқий оқибатлар юзага келади. Бу яъни судланганлик ҳолатидир.

Дарҳақиқат судланганлик нима?

Судланганлик– бу шахс учун салбий, биринчи навбатда жиноят -ҳуқуқий хусусиятдаги оқибатларнинг келиб чиқишини белгилаб берадиган, жазонинг муайян тури ва миқдорига ҳукм қилинишидан келиб чиққан ҳолатдир.

Судланганлик – бу суд томонидан айбли деб топилган ва жазога ҳукм қилинган шахсни махсус жиноий-ҳуқуқий ҳолатини белгилайди.

Судланганлик тушунчаси амалдаги Жиноят кодексининг 77-моддасининг 1-қисмида берилган бўлиб, унга кўра судланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатидир. 

Ҳукм қилиш дегандада нимани тушунамиз?

Ҳукм қилиш деганда, шахснинг қилмишида жиноят таркибининг барча элементлари мавжуд бўлган аниқ жиноятни содир этишда айбдор деб топиш, шунинингдек, бу шахсга нисбатан муайян турдаги ва миқдордаги ёки муддатдаги жазонинг тайинланиши тушунилади.

Жазонинг тури ва миқдори ёки муддати  шахсни судланган деб ҳисоблаш учун аҳамиятга эга эмас, лекин бу судланганликнинг тугалланиши ёки олиб ташланишига таьсир қилади.

Судланганликнинг моҳиятини яна нимада кўришимиз мумкин?

Биз буни жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган ва жазони ижросига таъсир қилувчи судланганликнинг моҳиятида кўрамиз. Бу жазоловчи характерга эга бўлган ҳуқуқий чекловлар билан белгиланади.

Судлангаликнинг мақсади нимадан иборат?

Судлангаликнинг мақсади ҳам жиноий жазонинг мақсади каби: шахсни аҳлоқан тузатиш, жиноятларнинг олдини олишдир. Судланганликнинг мақсадлари ичида асосий эътиборни жиноятларнинг олдини олишга қаратиш керак.

Қўшимча чеклашлар билан боғлиқ бўлмаган судланганлик бошқа моҳиятга ҳам эга. Чунки у синов муддатининг бир кўриниши ҳамдир. Агар шахс бу синов муддати давомида янги жиноят содир этмаса, судланганлик ҳеч қандай жиноят-ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.

Бунда судланганликнинг мақсади жазолаш билан боғлиқ бўлмай балким, унинг мақсади жиноятларнинг олдини олиш бўлади.  

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, суд томонидан айблов ҳукмининг чиқарилиши судланганлик ҳолатини келтириб чиқарувчи асос бўлиб ҳисобланади. Айблов ҳукми жиноят содир этишда айбли деб топилган ва жиноий жазога ҳукм этилган шахснинг алоҳида ҳуқуқий ҳолатини белгилаб, судланганликни вужудга келтиради ҳамда судланганлик бекор қилунгунга қадар (олиб ташлаш ёки тугаши) бу ҳолат давом этади. Судланганликнинг бекор қилиниши билан судланганликнинг барча ҳуқуқий оқибатлари ҳам бекор бўлади.

Қандай ҳолларда шахс судланмаган ҳисобланади?

Бундан ташқари, жиноят қонунида шахс судланмаган ҳисобланадиган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Қуйидаги ҳолда шахс судланмаган ҳисобланади:

  • агар унга нисбатан жазо тайинланмаган ҳолда айблов ҳукми чиқарилган (ЖК 70, 71, 76-моддалари) ёхуд шахс бир вақтнинг ўзида асосий ва қўшимча жазодан  апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди томонидан озод қилинган (ЖКнинг 69, 75, 76-моддалари) бўлса;
  • тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган бўлса (ЖКнинг 94-моддаси).

Жиноий жавобгарликдан озод этилган шахс ҳам судланган ҳисобланадими?

Йўқ, жиноий жавобгарликдан озод этилган шахс судланмаган ҳисобланади.

Қуйидаги асосларга кўра жиноий жавобгарликдан озод этилган шахс ҳам судланмаган ҳисобланади:

  • жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан (ЖК 64-моддаси);
  • қилмиш ёки шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги муносабати билан (ЖК 65-моддаси);
  • айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан (ЖК 66-моддаси);
  • жиноят содир этган шахс жабрланувчи билан ярашганлиги муносабати билан (ЖК 661-моддаси);
  • жиноят содир этган шахснинг касаллиги туфайли (ЖК 67-моддаси);
  • амнистия акти қўлланилганлиги муносабати билан (ЖК 68-моддаси).

Жиноят содир этган шахс жабрланувчи билан ярашганлиги муносабати билан судланганшик ҳолатига мисол келтирадиган бўлсак,

Мисол: 2017 йил 15 августда жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг ажримига кўра ЖКнинг 25,169-моддаси 1-қисми билан айбланган жиноят иши ЖК 661-моддасига асосан ҳаракатдан тугатилган, судланганлик ҳолати тугалланган.

Оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинмайди.

Жазони ўтаган, аммо қонуннинг ўзгариши билан бундай қилмиш жиноят деб ҳисобланмайдиган тақдирда, шунингдек содир қилинган жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлиши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган деб ҳисобланади.

Шундай қилиб, жиноят қонунида судланганликнинг ижтимоий аҳамияти шундаки, шахс содир қилган жинояти учун тайинланган жазони ўтаб чиққанидан кейин, уни яна жиноят йўлига ўтиб қолишининг олдини олиш мақсадида уни назорат қилишдир.

2. Судланган шахснинг ҳуқуқий ҳолати ва судланганликнинг жиноят-ҳуқуқий оқибати қандай?

Судланганлик шахсни жиноят содир қилганлиги учун ҳукм қилишдаги ҳуқуқий оқибати бўлиб, унинг “махсус ҳуқуқий ҳолати”ни келтириб чиқаради. Бу ҳуқуқий оқибатларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас, уларнинг бири иккинчиси билан узвий боғлиқдир.

Судланганликнинг махсус ҳуқуқий ҳолатида, жазога ҳукм қилиниб, жазони ўтаётган шахсга, ўша жазо турини ўташ билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий чеклашлар мажбурий равишда татбиқ қилинади.

Бундан ташқари, шахс жазони ўтаб бўлганидан кейин ҳам судланганликнинг оқибатлари вужудга келади. Бу оқибатларни умумий ва жиноят-ҳуқуқий оқибатларга бўлиш мумкин. Судланганликнинг жиноят-ҳуқуқий оқибатлари, фақат шахс янги жиноят содир қилсагина пайдо бўлади. Агар шахс бирон-бир янги жиноят содир қилмаса, жиноят-ҳуқуқий оқибатлари умуман вужудга келмайди. Аммо бундай ҳуқуқий оқибатларнинг келиб чиқиш муддатлари қонун билан чегараланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 78-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтиб кетганидан кейин, судланганликнинг жиноят-ҳуқуқий оқибатлари пайдо бўлмайди ва шу муддатлар ўтиб кетганидан кейин шахс янги жиноят қилса, биринчи марта жиноят содир этилган деб умумий асосларга мувофиқ жиноий жавобгар қилинади.

Судланганликнинг умумий оқибатлари юзасидан қонунларда бирон-бир муддат белгиланган эмас. Судланганликнинг умумий оқибатлари шундан иборатки, шахс айрим расмий ҳужжатларни тўлдириш вақтида ўзининг олдин судланганлиги ҳақида албатта қайд қилиши керак.

Судланганликнинг жиноят-ҳуқуқий оқибатлари  қачон вужудга келади?

Судланганликнинг жиноят-ҳуқуқий оқибатлари шахснинг олдинги жинояти учун судланганлик муддати ўтмасдан ёки қонунда белгиланган тартибда олиб ташланмасдан янги жиноят содир этганидагина вужудга келади. Судланганлик ҳолати жиноят-ҳуқуқий бўлмаган оқибатларни ҳам келтириб чиқаради.

Судланганлиги тугалланмаган ва олиб ташланмаган шахс томонидан янги жиноят содир этилган ҳолда келиб чиқадиган жиноят-ҳуқуқий оқибатлар қуйидагиларда ифодаланади:

  • судланганлик қатор ҳолларда жиноят квалификациясига таъсир этувчи, яъни жиноий жавобгарликни кучайтирувчи ҳолат ҳисобланади;
  • судланганлик муайян ҳолларда шахсни ўта хавфли рецидивист деб топилишига асос бўлади (ЖК 34-моддаси);
  • судланганлик, агар шахс муқаддам озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаган бўлса, жазони ижро этиш колонияси турини белгилаш учун аҳамият касб этади (ЖК 50-моддаси);
  • судланганлик жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилади (ЖК 56-моддаси);
  • илгари содир этилган жинояти учун жазо ўтаётган шахс томонидан янги жиноят содир этилган ҳолларда, ҳукмлар мажмуи бўйича жазо белгилашда судланганлик қаттиқроқ қоидалар қўлланилишига сабаб бўлади (ЖК 60-моддаси);
  • тугалланмаган ва олиб ташланмаган судланганлик ҳолатининг мавжудлиги айрим асослар бўйича, масалан, айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги (ЖК 66-моддаси), алоҳида ҳолларда эса (оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланганлик ҳолати мавжуд бўлганда), жиноят содир этган шахс жабрланувчи билан ярашганлиги (ЖК 66-1-моддаси) муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилишига тўсқинлик қилади.

Судланганлик ҳолатининг жиноят-ҳуқуқий оқибати қонунда нималарни тақиқлашда  ифодаланади?

Судланганлик ҳолатининг жиноят-ҳуқуқий оқибати жазодан озод қилиш (ЖК 71-моддаси), шартли ҳукм қилиш (ЖК 72-моддаси), вояга етмаган шахсга нисбатан мажбурлов чораларини қўллаш (ЖК 87-моддаси) каби чораларни қўллаш учун қонунда тақиқларни юзага келтиради.

Бундан ташқари, судланганликнинг маьмурий-ҳуқуқий оқибати ҳам мавжуд бўлиб, бу айрим тоифадаги судланганлар устидан маьмурий назорат ўрнатилишига сабаб бўлади. Яъни уларнинг муайян ҳудудларда бўлиши тақиқланади.

3. Судланганлик ҳолатининг тугалланиш тартиби қандай?

Судланганлик ҳолатини бекор бўлишининг иккита тури Жиноят кодексида берилган бўлиб, унга кўра судланганлик ҳолатининг тугалланиши ва судланганликни олиб ташлаш бўлиб, улар алоҳида қилиб белгиланган.

Қонунда белгиланган муддатнинг ўтиши билан судланганлик тамом бўлади. Жиноят кодексининг 78-79-моддаларига мувофиқ судланганликнинг тамом бўлиши 2 шаклда намоён бўлади:

Биринчидан, судланганлик ҳолатининг ўз ўзидан тугалланиши;

Иккинчидан, судланганликнинг суд томонидан  олиб ташланиши.

Қонунда белгиланган муддатнинг ўтиши билан ўз-ўзидан судланганлик ҳолати тугалланган деб топилади. Бунинг учун ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.

Судланганлик ҳолатининг тугалланиши деганда, муайян муддатларнинг ўтиши билан мазкур масалага оид суднинг махсус қарори қабул қилинмасдан барча ҳуқуқий оқибатлар ва чекланишларнинг тугалланиши тушунилади. Судланганлик ҳолати тугалланганда шахс судланмаган деб ҳисобланади.

Мисол:

Фуқаро З.га 2017 йил 11 мартда жиноят ишлари бўйича Тошкент туман судининг ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖК 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан ойлик иш ҳақининг 30% давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган, судланганлик ҳолати тугалланган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 78-моддасида назарда тутилган муддатлар судланганликнинг жиноят-ҳуқуқий муддатлари бўлиб, ана шу муддатлар ўтиб кетганидан кейин шахс судланган ҳисобланади ва судланганликнинг ҳеч қандай жиноят-ҳуқуқий оқибатлари қолмайди. Агарда шахс шу муддатлар ичида янги жиноят содир қилса, бир қатор жиноят-ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқади.

Судланганликнинг тугалланиш муддатлари судланганлик ҳолатининг иккинчи даври сифатида қаралиши ҳам мумкин. Биринчи даврга суд ҳукми қонуний кучга киргандан то жазо муддати тугагунга қадар бўлган давр, иккинчи давр жазо муддати тугагандан сўнг судланганликнинг тугалланишига қадар бўлган давр. Судланганликни бундай даврга ажратишимизнинг қуйидаги ҳуқуқий аҳамияти мавжуд:

Биринчидан, шахс суд ҳукми қонуний кучга киргандан сўнг жазо муддати тугагунга қадар жиноят содир этса унга нисбатан судланганликнинг барча жиноий-ҳуқуқий оқибатлари қўлланади. Бир неча жиноятлар юзасидан жазо тайинланади, қилмишни рецидив жинот деб топишга асос бўлади, шунингдек бошқа ҳуқуқий оқибатларни ҳам келтириб чиқаради.

Иккинчидан, судланганликнинг иккинчи даврида судланганликни жиноий-ҳуқуқий оқибатларидан бири янги жиноят содир этганда бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинланмайди.

Судланганлик ҳолатининг тугалланиши учун қонунда қандай шартлар белгиланган?

Судланганлик ҳолатининг тугалланиши учун қонунда икки шарт белгиланган:

Шахс асосий ва кўшимча жазони ўтаб бўлган ва ундан озод қилинган кунидан бошлаб қонунда кўрсатилган муддатларни ўтиши талаб қилинади. Бу муддатлар ўталган жазо турига боғлиқ бўлади.

Судланганганлик ҳолатини тугалланган деб топиш учун шу муддатлар ичида шахснинг янги жиноятлар содир этмаслиги талаб қилинади.

Шахс судланганлик муддати ўтмасидан янги жиноят содир қилса, бу муддатнинг ўтиши узилади. Бундай ҳолда судланганлик муддати биринчи жинояти янги жинояти учун тайинланган жазони ўтаган кунидан бошланади.

Мисол: Шахс беш йил озодликдан маҳрум килиш жазосини ўтаса ва тўрт йиллик судланганлик муддати ўтишига икки йил қолганида янги жиноятни содир этганлиги учун унга ахлоқ тузатиш жазоси тайинланса, ушбу шахснинг судланганлик муддати ахлоқ тузатиш жазосини ўтаганидан кейин тўрт йилдан сўнг ўтган ҳисобланади.

Агар иккинчи жинояти учун судланганлик муддати биринчи жиноятига нисбатан узоқроқ бўлса, у ҳолда судланганлик муддати иккинчи жинояти учун тайинланган жазони ўтагандан кейин бошланади.

Ана шу судланганликнинг тугалланиш тартиби Жинят кодексининг 78-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Шахснинг судланганлик ҳолати қуйидаги вақтларда тугалланади:

 а) шартли ҳукм қилинганларга нисбатан — синов муддати тугаган кундан бошлаб;

 б) мажбурий жамоат ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач;

 в) жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач;

 г) озодликни чеклаш жазоси ўталганидан кейин — икки йил ўтгач;

 д) беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — тўрт йил ўтгач;

 е) беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — етти йил ўтгач;

 ж) ўн йилдан ортиқ, лекин ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — ўн йил ўтгач.

Судланганлик ҳолати тугалланиши шахснинг судланганлиги факти билан боғлиқ барча оқибатларнинг жазо тури ва муддатидан келиб чиққан ҳолда ЖКнинг 78-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтганлиги натижасида ўз-ўзидан барҳам топишини англатади.

Судланганлиги тугалланган шахсга судланганлик ҳолати мавжуд эмаслиги тўғрисида қандай ҳужжат берилади?

Бундай ҳолларда судланганлиги тугалланган шахс, унинг вориси, қонуний вакили ёки адвокати илтимосига кўра ҳукм чиқарган суд томонидан судланганлик ҳолати мавжуд эмаслиги фактини тасдиқловчи маълумотнома берилади. Бунга манфаатдор шахс томонидан судга тақдим этилган ички ишлар органлари ахборот маркази маълумотномаси ва жазо ўталганлиги (ижро этилганлиги) фактини тасдиқловчи ҳужжатлар асос бўлади.

Судланганлик ҳолатининг тугалланиши ва қонунда белгиланган тартибда олиб ташланиши жиноятлар мажмуи, такроранлигини ва рецидив жиноятни истисно этувчи ҳолат ҳисобланади.

4. Судланганлик қандай ҳолатларда олиб ташланилади?

Судланганликнинг олиб ташланиши ундан келиб чиққан ҳуқуқий оқибатлар судланганлик ҳолати барҳам топиши учун қонунда белгиланган муддатлар ўтгунига қадар суд қарорига асосан тугатилишидир.                 Судланганлик олиб ташланиши учун шахснинг жазони ўтаб чиққандан кейинги бенуқсон хулқ-атвори (унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чораси қўлланилмаганлиги), жамоат бирлашмаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи, жамоа ёки шахснинг ўзи Жиноят кодексида назарда тутилган муддатлар ўтгандан сўнг берган илтимосномаси асос бўлиши мумкин.

 Қонун суд тартибидан ташқари амнистия акти ёки афв этиш орқали судланганликни олиб ташлаш имкониятини ҳам назарда тутади.

Мисол: Фуқаро М.га 2016 йил 13 сентябрда жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг ажримига кўра ЖК 168-моддаси 2-қисми “б” банди, 28, 211-моддаси 1-қисми, 168-моддаси 2-қисми “б, в” бандлари, 28, 211-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбланган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 декабрдаги “..амнистия тўғрисида”ги Қарорига асосан ҳаракатдан тугатилган, ЖКнинг 77-моддасига асосан судланмаган деб ҳисобланади.

Судланганликнинг олиб ташланиши бу қонунда кўрсатилган судланганликнинг тугалланиши муддати ўтмасдан бекор қилинишидир. ЖКнинг 79-моддасида судланганликни олиб ташлаш тартиби белгиланган. Судланганликнинг олиб ташланиши, суд томонидан унинг ажрими асосида ёхуд тегишли авф этиш ёки амнистия акти асосида амалга оширилади. Бунда шуни инобатга олиш керакки, фақат озодликдан маҳрум қилинган шахсларга нисбатан судланганлик олиб ташланиши мумкин.

Агар шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб бўлганидан кейин унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилмаган бўлса, жамоат бирлашмаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи, жамоа ёки жазони ўтаб чиққан шахснинг ўзи берган илтимосномасига кўра суд Жиноят кодекснинг 78-моддасида назарда тутилган муддатларнинг камида ярми ўтганидан кейин унинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин.

иқтисодиёт асосларига қарши  жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларнинг судланганлиги улар давлатга жуда кўп зарар етказмаганда, Жиноят кодекснинг 78-моддасида назарда тутилган муддатларнинг камида тўртдан бир қисми ўтганидан кейин суд томонидан олиб ташланиши мумкин.

Ўн беш йил ва ундан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан шахслар ҳамда ўта хавфли рецидивистлар, агар улар жазони ўтаб чиққанидан кейин ўн беш йил мобайнида янги жиноят содир этмасалар, суд уларнинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин.

Судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган пайтдан бошлаб шахс судланмаган ҳисобланиб, ушбу шахс томонидан жиноят содир этилганлиги факти ва унинг учун судланганлик билан боғлиқ барча ҳуқуқий оқибатлар қатъиян ва сўзсиз бекор бўлади.

Судланганлик ҳолати олиб ташланишини шахсни реабилитация қилиш деганими?

Йўқ,  судланганлик ҳолати олиб ташланишини шахсни реабилитация қилишдан фарқланади. Шахс реабилитация қилинганда, давлат у жиноят содир этганликда хато айбдор деб топилганлигини тан олади.

Судланганлик ҳолати олиб ташланганда шахс томонидан жиноят содир этилганлиги факти инкор этилмай, фақат жиноий жавобгарликка тортиш оқибатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Яна қандай ҳолатларда судланганлик ҳолати олиб ташланилади?

 Бундан ташқари,  қилмишнинг жиноийлигини бекор қиладиган, жазони енгиллаштирадиган ёки шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган қонун орқага қайтиш кучига эга бўлган тақдирда ҳам судланганлик олиб ташланиши мумкин.

Шу муносабат билан, агар суриштирув, дастлабки тергов олиб борилаётган, иш судда кўрилаётган ёки шахс жазо ўтаётган даврда унинг томонидан содир этилган қилмиш жиноийлигини бекор қиладиган қонун қабул қилинса, бундай ҳолда шахс жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилинади ва қилмиш жиноийлигини бекор қилган қонун кучга кирган пайтдан судланмаган ҳисобланади. Мазкур қоида жазони ўтаб бўлган, бироқ судланганлик ҳолатида бўлган шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

5. Судланганлик ҳолатининг тугалланиш ёки судланганликни олиб ташлаш муддатларини ҳисоблаш тартиби қандай?

Судланганликнинг жиноят-ҳуқуқий оқибатлари келиб чиқадиган муддатлар қонун билан муайян чегараларда белгиланган бўлиб, бу муддатлар суд томонидан тайинланган жазо тури ва муддатлари билан боғлиқдир.

Ўзбекистон Республикас Жиноят кодекснинг 78-моддасида назарда тутилган муддатлар судланганликнинг жиноят-ҳуқуқий муддатлари бўлиб, ана шу муддатлар ўтиб кетганидан кейин шахс судланган ҳисобланади ва судланганликнинг ҳеч қандай жиноят ҳуқуқий оқибатлари қолмайди. Агарда шахс шу муддатлар ичида янги жиноят содир қилса, бир қатор жиноят-ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқади. Судланганлик ҳолатининг тугалланиш ёки судланганликни олиб ташлаш муддатлари асосий ва қўшимча жазолар ўтаб бўлинган ёки ижро этилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Агар шахс тайинланган жазодан қонунда белгиланган тартибда муддатидан илгари озод қилинган ёхуд жазо енгилроғи билан алмаштирилган бўлса, судланганлик муддати муддатидан илгари озод қилинган ёки енгилроғи билан алмаштирилган жазонинг амалда ўтаб бўлинган қисмидан ҳисобланади.

Агар Жиноят кодекснинг 44, 46-моддалари асосида ҳукм бўйича тайинланган жазони суд бошқа жазо билан алмаштирган бўлса, судланганлик муддати жазонинг амалда ўтаб бўлинган ёки ижро этилган қисмидан ҳисобланади.

Агар жазони ўтаб чиққан шахс судланганлик ҳолатининг муддати тугамай, яна жиноят содир этса, судланганлик ҳолатини тугатувчи муддатнинг ўтиши тўхтатилади. Илгари содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолатининг тугаш муддати охирги содир этилган жиноят учун (асосий ва қўшимча) жазони амалда ўтаб бўлганидан бошлаб ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ судланганлик ҳолати тугалланиши ёки олиб ташланиши муддатларини (ЖК 78, 80-моддалари) ҳисоблаш асосий ва қўшимча жазолар ўтаб бўлинган ёки синов муддати ўтиб бўлган кундан бошланади.

Масалан, интизомий қисмга жўнатиш, озодликдан маҳрум қилиш жазоларига қўшимча сифатида муайян мансабни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланган ҳолда, бу жазо қайд этилган асосий жазоларни ўташнинг барча вақтига татбиқ этилиб, судланганлик ҳолати тугалланиши ёки олиб ташланиши муддатлари эса қўшимча жазо ўтаб бўлинган пайтдан бошлаб ҳисобланади.

Жарима ёки ахлоқ тузатиш иши жазосига ҳукм қилиниб, бошқа жазо турига алмаштирилган шахснинг судланганлик ҳолати:

  • озодликни чеклаш жазоси ўталганидан кейин — икки йил ўтгач;
  • беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — тўрт йил ўтгач;
  • беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — етти йил ўтгач;
  • ўн йилдан ортиқ, лекин ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — ўн йил ўтиши билан тугалланади.

Бундай ҳолда судланганлик ҳолати муддатининг тугаши ЖКнинг 80-моддаси учинчи қисмига мувофиқ ЖКнинг 44-моддасининг учинчи қисми ёки ЖКнинг 46-моддасининг тўртинчи қисмига кўра белгиланган жазо тури ўталган кундан бошлаб ҳисобланади.

Агар шахс тайинланган жазодан қонунда белгиланган тартибда муддатидан илгари озод қилинган ёхуд жазо енгилроғи билан алмаштирилган бўлса, судланганлик муддати муддатидан илгари озод қилинган ёки енгилроғи билан алмаштирилган жазонинг амалда ўтаб бўлинган қисмидан ҳисобланади.

Озодликдан маҳрум қилиш жойларидан муддатидан илгари шартли озод қилинган, шунингдек, жазоси енгилроғи билан алмаштирилган шахснинг судланганлик ҳолати тугалланиши масаласини ҳал этишда суд томонидан белгиланган жазо муддатидан эмас, балки озодликдан маҳрум қилиш жойларидан озод қилинган пайтга қадар амалда ўталган жазо муддатидан келиб чиқиш лозим.

Бунда судланганлик ҳолатининг тугалланиш муддати озодликдан маҳрум қилиш жойларидан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган пайтдан, жазоси енгилроғи билан алмаштирилган шахсга нисбатан эса – жазони енгилроғи билан алмаштирилиб,  енгилроқ жазо ўталган пайтдан бошлаб ҳисобланади.

Судланганлик ҳолати тугалланишини ҳисоблаш тартиби яна қандай шахсларга ҳам қўлланилади?

 Судланганлик ҳолати тугалланишини ҳисоблаш тартиби (амалда ўталган жазо муддатидан келиб чиққан ҳолда жазо ўтаб бўлинган ёки жазони ўташдан озод қилинган пайтдан бошлаб) енгилроқ жазони назарда тутувчи янги қонун нормасига асосан жазоси қисқартирилган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Жазони ўтаб чиққан шахс судланганлик ҳолати муддати тугамай туриб яна жиноят содир этган ҳолларда, судланганлик ҳолатини тугатувчи муддат тўхтатилади.

Судланганлик ҳолатини тугатувчи муддатнинг ўтиши тўхтатилганда илгари содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолати муддати шахс янги жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлгандан сўнг янгидан ўта бошлайди, судланганлик ҳолати ўтаётган даврда содир этилган янги жиноят учун тайинланган жазо оғирроқ бўлган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолда судланганлик ҳолатининг тугалланиш муддати янги жиноят учун тайинланган жазо муддатидан келиб чиқиб аниқланади.

Жиноят қонуни мазмунига кўра, судланганлик ҳолатининг тугалланиш муддати жазо билан, шу жумладан, бир неча жиноятлар учун (жиноятлар ёки ҳукмлар мажмуи бўйича) тайинланган жазо билан бевосита боғлиқ. Шахсга жиноятлар ёки ҳукмлар мажмуи бўйича (ЖКнинг 59, 60-моддалари) жазо белгилашда барча қилмишларнинг оғирлигини инобатга олиб, узил-кесил жазо тайинланиши туфайли, бундай ҳолда судланганлик ҳолатининг тугалланиш муддати узил-кесил жазо тури ва муддатидан келиб чиқиб ҳисобланиши лозим.

Айни пайтда, агар жиноятлар ёки ҳукмлар мажмуи бўйича суд томонидан ҳар хил турдаги, ҳар қайсиси алоҳида ижро этиладиган жазо (ЖК 61-моддасининг иккинчи қисми) тайинланган бўлса, судланганлик ҳолатининг тугалланиш муддати жазо тизимида (ЖК 43-моддаси) назарда тутилган оғирроқ жазо муддатидан келиб чиқиб ҳисобланади.

6. Судланганликни олиб ташлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда нималарга эътибор қаратилади?

Судланганлик ҳолати тугалланиши ва олиб ташланиши муддатларини тўғри ҳисоблаш учун судланувчининг шахсига оид маълумотларни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда, ишни судда кўриш учун тайинлаш чоғида судлар иш материалларида ички ишлар органларининг ахборот марказидан, шу жумладан судланувчининг туғилган ва доимий яшаш жойидан олинган маълумотномалар мавжудлигини текширишлари, судланувчига нисбатан муқаддам чиқарилган ҳукмлар, муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва ҳокозолар тўғрисидаги ажримларни талаб қилиб олишлари ва синчиклаб ўрганиб чиқадилар.

Судланганликни муддатидан илгари олиб ташлаш тўғрисидаги илтимоснома кимга ва қандай тартибда берилади?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг
544-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, судланганликни муддатидан илгари олиб ташлаш тўғрисидаги илтимоснома судланганлик ҳолати мавжуд шахс, унинг ҳимоячиси ёки қонуний вакилининг ёхуд жамоат бирлашмаси ёки жамоа томонидан жазони ўтаб чиққан шахс яшаш жойидаги туман (шаҳар) судига берилиши мумкин.

Судланганликни олиб ташлаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш масаласи қандай ҳал этилади?

 Судланганликни муддатидан илгари олиб ташлаш масаласини ҳал этишда, суд судланганлик ҳолати мавжуд шахснинг қонунга итоаткор турмуш тарзини тасдиқловчи ҳолатларни (ҳуқуқбузарлик мавжуд эмаслиги, жазо ўташдан озод қилингандан кейинги хулқ-атвори, ишлаш ва яшаш жойидан ижобий тавсифномалар, ички ишлар органи ахборот маркази маълумотномаси мавжудлиги ва ҳокозолар) аниқлаши зарур.

Судланганликни олиб ташлаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда илтимоснома ким ҳақида берилган бўлса, шу шахснинг суд мажлисида қатнашиши шарт. У ҳимоячи олиш ҳуқуқи билан таъминланади. Судланганликни олиб ташлаш тўғрисидаги илтимоснома жамоат бирлашмаси ёки жамоа томонидан берилган бўлса, уларнинг вакиллари суд мажлисида иштирок этиши шарт.

Судланганликни олиб ташлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш тақдим қилинган илтимосномани ўқиб эшиттиришдан бошланади, сўнг судья судда ҳозир бўлганларнинг фикрларини эшитади ва ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

Судланганликни олиб ташлаш рад этилса, судьяга бу масалага доир қайта илтимоснома ажрим чиққан кундан бошлаб камида бир йил ўтганидан кейин киритилиши мумкин.

Яъни, судланганликни муддатидан илгари олиб ташлаш тўғрисида такрорий илтимоснома уни рад этиш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб камида бир йил ўтгандан кейин берилиши мумкин.

Судланганликни муддатидан илгари олиб ташлаш тўғрисидаги ажрим ҳукм чиқарган судга ва ички ишлар органларининг ахборот марказига юборилиши лозим.