Кириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев:
Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Бизга маълумки, жамиятнинг энг ёрдамга муҳтож ва ночор қисми – болалар ва аёллардир. Шундай экан, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳолати жаҳон ҳамжамиятидан алоҳида эътибор беришни талаб қилади. Аёл ҳуқуқлари барча холатларда мутлақо ва сўзсиз ҳимояланиши лозим. Ушбу ҳуқуқнинг алоҳида юридик мақоми шахс дахлсизлиги ва шахснинг инсоний қадр-қиммати билан белгиланади.
Аёл ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро ҳужжатларда ҳам, миллий қонунчиликда ҳам жиддий эътибор берилган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар сингари эркаклар ва хотин-қизлар ҳуқуқларининг тенглигини таъминлайди.
Бугун давлатимиз эҳтиёжманд, кўмакка муҳтож аёллар муаммоси билан доимий шуғулланиб келмоқда. Ҳар бир аёлнинг дардини тинглаш, унинг муаммоси қайси идорага тегишли бўлишидан қатъий назар ҳал этиб бориш кундалик ва асосий вазифаларига айланган.
Шундай экан, нега муаммоли аёллар, оилалар камаймаяпти? Рисола зўравонлик ва тазйиққа учраган аёллар кимга мурожаат қилиши керак, қандай қилиб ҳимояланади ва ҳимоя ордери қандай қилиб расмийлаштирилади, каби саволларга жавоб бериш мақсадида Тошкент давлат юридик университети олималари томонидан тайёрланган.
1. Зўравонлик нима?
Хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан қўрқитиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик).
– Жинсий зўравонлик нима?
Сиёсатшуносларнинг фикрига кўра, дунёда жуда катта миқёсда хотин-қизлар жисмоний ва жинсий зўравонликка дучор бўлмоқдалар. Масалан, Европада ҳар учта аёлдан биттаси турли зўравонликларга учрайди. Шулардан 5% жисмоний зўравонлик ҳисобланади. Энг ривожланган мамлакатлардан ҳисобланган АҚШда 12 ёшдан 16 ёшгача бўлган қизларнинг 83% турли зўравонликларга (жисмоний зўравонликларга ҳам) дучор бўлишади. Англияда эса 16 ёшдан 59 ёшгача бўлган хотин-қизнинг бештадан биттаси худди ана шундай зўравонликка дуч келади.
Агар жамиятда руҳий зўравонлик, жисмоний зўравонлик, молиявий зўравонлик, аёлларнинг ҳуқуқларини камситиш ҳоллари оддий ҳолат деб ҳисобланса, булардан жинсий зўравонлик ҳоллари ҳам келиб чиқади.
Демак, жинсий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш, жинсий дахлсизликка ва жинсий эркинликка тажовуз қиладиган зўравонлик. Шунингдек, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёки аёл жинсидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлашдир.
– Жисмоний зўравонлик нима?
Жисмоний зўравонлик бу – хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан қўрқитиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонликдир.
Ёдда сақланг! Аёлга нисбатан жисмоний зўравонлик соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқлари бузилиши йўлидаги жиддий муаммодир.
Сир эмас, мамлакатимизда ҳам аёллар билан боғлиқ бир неча мудҳиш ҳодисалар рўй берди. Оиладаги «уй зўравонлиги»ги билан боғлиқ низолар жабрини асосан аёллар тортади. Аксарият ҳолатларда зўравонлик қурбони ҳисобланган аёл оиласи обрўсини сақлаш, гап-сўзларга йўл қўймаслик мақсадида жим юришга мажбур бўлади.
Натижада қатор аёллар жисмоний зўравонликка, ўз ҳуқуқлари топталишига, хўрланишига, доимий қўрқувда яшашга чидай олмай, ҳатто ўз жонига қасд қилиш даражасигача ҳам боришган. Буларнинг бари юртимизда хотин-қизлар масаласига оид ечилиши лозим бўлган қатор муаммолар мавжудлигини намоён қилди.
Эслатма! Оилавий-маиший зўравонликка жазо муқаррар: шу мазмунда ваколатли органларга келиб тушган ҳар бир мурожаатлар синчиклаб ўрганилади ва айбдорларга муқаррар жазо берилади.
– Руҳий зўравонлик нима?
Хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаъни, қадр-қимматини камситиш, шунингдек, уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан, репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик).
Энди статистикага эътибор беринг! Аёлларга нисбатан зўравонлик бўйича мамлакатда ўтказилган сўров натижаларига кўра, зўравонлик руҳий таъсир – сўз билан таҳқирлаш (респондентларнинг умумий сонининг 28%); таҳдидлар, қўрқитиш (6.5%); ўқиш ёки ишлашга боришни таъқиқлаш (7%); оила аъзолари ва дўстларидан ажратиб олиш (4.5%); пул бермаслик(6.5%) ва бошқалар.Респондентларнинг фақат 0,5%жинсий зўравонликҳақида хабар берган (ёки 2020 та уй бекаларидан 10 чиқиб таси).Сўровда қатнашган аёлларнинг 5,8% жисмоний зўравонликка учраган. Жисмоний зўравонлик учун асосий сабаблари, хиёнат (85%) ва ортиқча рашк (28%), эрининг қариндошлари ва ота-онасига ҳурматсизлик (53%) ва аёлнинг кўчада беҳаё ва ўзига жалб қилувчи қиёфада юришига қарши эрининг норозилиги (39%), аёлнинг шахсий ишлари билан уйдан тез-тез чиқиб кетиши (37%) ва болани яхши парваришлашламаслиги (43%) ва ҳоказо.
2014 | 2015 | 2016 | 2017 | 2018 | 2019 | |
Ўзбекистон Республикаси | 344 | 252 | 324 | 268 | 185 | 185 |
Қорақалпоғистон Республикаси | 26 | 27 | 22 | 20 | 14 | 5 |
Вилоятлар: | ||||||
Андижон | 8 | 5 | 4 | 5 | 1 | 4 |
Бухоро | 1 | 1 | 3 | 4 | 1 | 4 |
Жиззах | 10 | 17 | 14 | 9 | 13 | 15 |
Қашқадарё | 4 | 2 | 3 | 1 | 4 | 59 |
Навои | 4 | 1 | 1 | – | – | 3 |
Наманган | 1 | 2 | 1 | 2 | – | 12 |
Самарқанд | 8 | 5 | 6 | 7 | 11 | 42 |
Сурхондарё | 16 | 18 | 15 | 13 | 7 | 9 |
Сирдарё | 11 | 27 | 18 | 12 | 4 | 2 |
Тошкент | 56 | 64 | 59 | 40 | 23 | 6 |
Фарғона | 16 | 18 | 14 | 15 | 5 | 1 |
Хоразм | 63 | 52 | 47 | 40 | 33 | 6 |
Тошкент ш. | 120 | 13 | 117 | 100 | 69 | 17 |
2. Тазйиқ нима?
Содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик.
Масалан, тазйиқни зўравонликдан асосий фарқи унда таъсир асосан бегона шахслар томонидан амалга оширилади (шилқимлик қилиш). Зўравонлик асосан оила аъзолари томонидан, хусусан аёлларининг эрлари томонидан амалга оширилади.
– Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ким?
Ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган ёки тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланган аёл жинсидаги шахс.
– Тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш нима?
Хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи учун пайдо бўлган хавфни бартараф этиш, тезкор чора-тадбирларни талаб қиладиган ҳаётий вазиятлар юз берганда хотин-қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек жабрланувчига нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг такроран ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадидаги иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, ташкилий, психологик ва бошқа тусдаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар тизими.
– Тазйиқ ва зўравонлик ҳолати содир бўлганида зудлик билан кимга мурожаат қилса бўлади?
Эсда сақланг! “1146” – «Ишонч телефон»лари зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва қизларга оғир вазиятдан чиқишларига ёрдам бериб, руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак бериш мақсадида ташкил этилган.
Статистикага эътибор беринг! 2019 йилнинг бошида мамлакат ҳудудларида 160 дан ортиқ марказлар фаолият бошлаган. Ҳар бир марказда психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий ва тиббий мутахассислар ихтиёрий асосда иш олиб боради. 2019 йилнинг март ойи бошида марказларга 4120 дан ортиқ хотин-қиз мурожаат қилди. Ёрдамга муҳтож ва оғир вазиятларда хотин-қизлар тегишли психологик, ҳуқуқий ва тиббий ёрдам олиши, жумладан, аноним асосда, зарур ҳолларда эса зўравонлик қурбонлари ва фарзандларига бошпана бериши мумкин.
– Хотин-қизларга тазйиқ ўтказган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан қандай чоралар қўлланилади?
Жабрланувчи билан алоқага йўл қўйилмайди ва бир хонада бирга бўлиши таъқиқланади.
– Тазйиқ ўтказган шахс зиммасига қандай мажбуриятлар юклатилади?
Бундай шахслар зиммасига жабрланувчиларни даволаш, ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш харажатлари, моддий ва маънавий зиённи қоплаш ва шу каби бошқа мажбуриятлар юклатилади.
– Тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлган хотин-қизлар қайси марказларга мурожаат қилиши мумкин?
1. “САБР” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази (Самарқанд вилояти) – зўравонлик қурбонларига психологик, ҳуқуқий ва тиббий маслаҳатлар бериш орқали ёрдам кўрсатиди. Айни пайтда марказ “Қомус” юридик фирмаси билан биргаликда судларда жабрланган аёлларни пулсиз шаклда ҳуқуқий ҳимояси таъминлайди.
2014–2019 давомида “САБР” маркази 3373 дан ортиқ ишонч телефони бўйича маслаҳатлар, 977 юзма-юз ва 1023 та ҳуқуқий маслаҳатлар берган (мурожаатларнинг асосий қисми оилавий низолар бартараф этиш (40) ва шахсий муаммолар (76), тушкунлик (61), бола тарбияси (42) ва бошқа масалалар бўлган).
Мурожаат учун тел.: +99866 233-66-66 (Самарқанд вилояти), www.sabr.uz.
2. “Ойдин Нур” Оилани ижтимоий ҳимоя қилиш маркази (Бухоро вилояти) – зўравонликка учраган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларига ёрдам кўрсатиш. Инқирозли вазиятларда аёллар ва уларнинг фарзандларини қўллаб-қувватлаш учун марказда психологик, зарур тиббий, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун Марказ давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Зарур ҳолларда аёллар ва уларнинг фарзандлари вақтинчалик бошпанага эга бўладилар, ишга жойлашадилар ва ҳунарли бўлишга ҳаракат қилишади.
2014-2018 йилларда марказда қуйидаги хизматлар кўрсатилди: ишонч телефонига қўнғироқлар – 2462; ҳуқуқий ёрдам-464; психологик ёрдам – 601; ижтимоий ёрдам – 669; судда ҳимоя қилинган аёллар – 29; вақтинча бошпана берилганлар – 441, шу жумладан, 239 нафар аёллар ва 172 нафар болалар.
Мурожаат учун тел.: +99865 224-65-11, +99865 224-60-75, +99893 620-60-75.
3. 2018-2019 ичида, «НИҲОЛ» ташаббусларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш маркази (Тошкент вилояти) Канаданинг маҳаллий ташаббуслар жамғармаси кўмагида “Android иловасини ишлаб чиқиш ва ишонч телефонини ишга тушириш орқали Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳуқуқий ахборот билан тенг таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга оширди. Лойиҳадан кўзланган мақсад ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Тошкент вилоятида аёллар учун Android дастурини ишлаб чиқишдан иборат бўлди. Android иловаси Тошкент вилоятида хотин-қизлар ўртасида кундалик турмушга оид ҳуқуқий масалалар ва муаммоларни аниқлаш (чекка қишлоқ ҳудудларидаги аёллар ва ишсиз аёлларга алоҳида эътибор қаратилган ҳолда) эҳтиёжларни баҳолаш натижалари асосида ишлаб чиқилди. Android иловасида меҳнат муносабатлари, уйдаги зўравонлик, тазйиқ, ресурсларга кириш каби масалалар бўйича ҳуқуқий ахборот ва ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд.
3. Ҳуқуқларингизни ҳимоя қилувчи асосий қонун ҳужжатларини биласизми?
– Мамлакатимизда аёл ҳуқуқлари қайси асосий қонунлар билан ҳимояланади?
- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси;
- Ўзбекистон Республикасининг кодекслари (Жиноят кодекси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс);
- «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонун;
- «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ”Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5938 сонли фармони ва бошқалар.
– Конституциянинг қайси моддаси бевосита аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилади?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддаси Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглигини белгилаган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддаси хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини белгилаб берди.
– Янги қабул қилинган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонун аёлларга қандай имкониятларни беради?
Бу қонун ижтимоий-сиёсий соҳаларда аёлларнинг ролини ошириш, хотин-қизларга имконият ва ваколат бериш, жамиятнинг ижтимоий, иқтисоди, сиёсий ҳаётида уни фаоллаштириш мақсадида қабул қилинди.
– Янги қабул қилинган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун аёлларга қандай имкониятларни беради?
Хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш учун хизмат қилади.
4. Ҳимоя ордери нима?
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.
Ҳимоя ордери намунага мувофиқ серия ва рақамга эга бўлган, қатъий ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.

5. Ҳимоя ордерини бериш тартиби қандай?
– Қандай ҳолатларда ҳимоя ордери берилади?
- жабрланган аёл киши мурожаат қилганида;
- жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали зўравонлик ҳақида тарқалган хабарлар мавжуд бўлганда;
- ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан зўравонлик ҳаракатлари бевосита аниқланганида;
- давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар асосида ҳимоя ордери берилади.
– Ҳимоя ордери ким томонидан берилади?
Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан берилади.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ва ташкилотлар жабрланган хотин-қизлар бўйича маълумотга эга бўлгач, намунага мувофиқ шаклдаги хабарномани дарҳол ички ишлар органларига тақдим этади.
Хабарнома қонун ҳужжатларига мувофиқ ички ишлар органлари навбатчилик қисмидаги дафтарда қайд этилади.

– Тақдим этилган мурожаат қанча муддатда ўрганиб чиқилади?
Профилактика инспектори ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари томонидан тақдим этилган мурожаатлар ва хабарларни 24 соат мобайнида ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш давомида:
- жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслар ҳамда бошқа шахслар билан ҳолат юзасидан суҳбат ўтказади;
- жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахснинг турмуш тарзи, тазъйиқ ва зўравонлик содир этилишининг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганади;
- жабрланувчи шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини амалга оширади.
– Профилактика инспектори мурожаат ва хабарларни ўрганиш якуни бўйича қандай ҳулосага келади?
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланган тақдирда — ҳимоя ордерини расмийлаштиради.
Жабрланувчининг розилиги билан зўравонлик содир этган шахсларни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, шунингдек, бошқа тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотларни ҳимоя ордери берилганлиги тўғрисида хабардор қилади.
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланмаган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли чораларни белгилайди ҳамда бу ҳақда фуқаролар йиғини раиси, котиби иштирокида далолатнома расмийлаштиради.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланган тақдирда — ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материалларини жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборади.
– Шахс ҳимоя ордерини олишни ва уни имзолашни рад этса нима бўлади?
Профилактика инспектори холислар иштирокида далолатнома тузади ҳамда уни ушбу хатти-ҳаракатни давом эттирган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши тўғрисида расмий огоҳлантиради ва бу ҳақда жабрланувчини хабардор қилади.
6. Ҳимоя орденини расмийлаштириш тартиби қандай?
Ҳимоя ордери расмийлаштирилганда барча ёзувлар кўк (ҳаворанг) сиёҳли ручкада, тушунарли қилиб ёзилади.
– Ҳимоя ордери неча қисмдан иборат бўлади?
Уч нусхадан иборат бўлади:
- биринчи нусхаси тўлдирилгандан сўнг жабрланувчиларга берилади;
- иккинчи нусхаси зўравонлик содир этган шахсларга берилади;
- учинчи нусхаси профилактика инспекторида қолади.
Эсда тутинг! Ҳимоя ордери ўттиз кун муддатга берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.
– Кейинги босқич нимадан иборат?
Профилактика инспектори ҳимоя ордери берилганидан сўнг уч кун муддатда бу ҳақда тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими)нинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси, гуруҳи) бошлиғини хабардор қилади. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи ҳимоя ордерини расмийлаштириш учун тўпланган материалларни ўрганиб, тарафлар фикрини эшитган ҳолда профилактика инспекторининг ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги қарорини бекор қилишга ҳақли.
– Ҳимоя ордери берилган ҳолатларга назар ташлайлик!
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи фуқаро Р.К., 2020 йилнинг 06 май куни ариза билан мурожаат қилган. Р.лар оиласида юзага келган оила турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликлароқибатида, ушбу оиланинг келини Р.К нисбатан, турмуш ўртоғи Р.Ш. томонидан жисмоний зўравонлик хамда ушбу оиланинг аъзоси қайин опаси Р.М. томонидан, руҳий зўравонлик ўтказилганлик ҳолати юзасидан профилактик сухбат ўтказилиб, келгусида оиланинг мустаҳкамлигини сақлаб қолиш мақсадида ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, психологик ёрдам кўрсатилганлигини, шунингдек келгусида ушбу оилада турли хил хуқуқбузарликлар келиб чиқишини олдини олиш ҳамда оилани фаравонлигини сақлаб қолиш мақсадида, зўравонликка учраган Р.К.га нисбатан турмуш ўртоғи хамда қайин опасидан қонуний ҳимоя қилиш мақсадга мувофиқ деб топилиб, 2020 йилнинг 06 май кунида ҳимоя ордери расмийлаштирилган. Жорий йилнинг 01 июль ҳолатига кўра, Р.лар оиласида оила турмуш доирасида ҳуқуқбузарликлари кузатилмаганлигини, ҳозирги кунга қадар оилада оила аъзолари бир-бирлари билан тинч-тотув яшаб келмоқдалар.
7. Ҳимоя ордерининг ижросини таъминлаш тартиби қандай?
– Ҳимоя ордери амал қилиш даврида профилактика инспекторлари қандай ишларни амалга оширади?
- тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, шу жумладан уларнинг сабабларини ҳамда шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўради;
- хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ва уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахслар билан мунтазам асосда профилактика ишларини олиб боради;
- ҳимоя ордери талабларининг ижроси устидан назорат қилади ҳамда унинг талабларини бузган зўравонлик содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида чоралар кўради.
– Ҳимоя ордери амал қилиш даврида меҳнат органлари қандай ишларни амалга оширади?
- хотин-қизларга нисбатан иш жойида тазйиқ ва зўравонлик ўтказилган ҳолларда, бундай ҳолларга йўл қўймасликка қаратилган, шунингдек, хотин-қизлар билан ўзаро муносабатлар маданиятини ошириш бўйича ташкилотларда профилактика тадбирларини ўтказади;
- ҳимоя ордери талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқлаган тақдирда бу ҳақда профилактика инспекторига хабар беради.
– Ҳимоя ордери амал қилиш даврида таълим муассасалари қандай ишларни амалга оширади?
- таълим муассасаларида таҳсил олувчилар орасидан хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этишга мойил шахслар аниқланганда уларнинг хулқ-атворини тузатиш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларини ижтимоий реабилитация қилиш ҳамда мослаштириш чора-тадбирларни амалга оширади;
- тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларнинг таълим муассасаларида бўш вақтни мазмунли ўтказишини таъминлаш мақсадида тадбирлар ташкил этади;
- ҳимоя ордери талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда бу ҳақда профилактика инспекторига хабар беради.
– Ҳимоя ордери амал қилиш даврида соғлиқни сақлаш муассасалари қандай ишларни амалга оширади?
- тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини амалга оширади;
- ҳимоя ордери талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда бу ҳақда профилактика инспекторига хабар беради.
– Ҳимоя ордери амал қилиш даврида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қандай ишларни амалга оширади?
- хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга оширишда давлат органларига кўмаклашади;
- хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ва уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахслар билан олиб бориладиган профилактика ишларида қатнашади;
- ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати мобайнида тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи зўравонликни содир этган шахс, шунингдек, жабрланувчи билан келгусида бундай ҳолларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла фаоллари иштирокида суҳбатлар ўтказади;
- бу ҳақда профилактика инспекторига хабар беради.
8. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тартиби қандай?
Ҳимоя ордери амал қилиши даврида хавф бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин.
– Профилактика инспектори қандай ишларни амалга оширади?
- ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида жабрланувчининг аризасини, шу жумладан, хавф бартараф этилган ёки этилмаганлигини ўрганади;
- ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш юзасидан тўпланган маълумотларни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғига киритади.
– Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғиқандай ишларни амалга оширади?
- икки иш куни мобайнида тегишли ҳужжатларни ўрганган ҳолда ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтиради ёки узайтиришни рад этиш тўғрисида асосланган қарор қабул қилади.
- ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати узайтирилган тақдирда бу ҳақда амалдаги бланкага белги қўйилиб, жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслар таништирилади ҳамда зўравонлик содир этган шахслар зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тўғрисида огоҳлантирилади.
9. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини тугатиш тартиби қандай?
Ҳимоя ордерининг амал қилиши қуйидаги ҳолатларда тугатилади:
- жабрланувчи ҳимоя ордерини тугатишни сўраб мурожаат қилганда;
- ҳимоя ордерида белгиланган муддат (узайтирилган муддат) тугаганда;
- жабрланувчи ёки зўравонлик содир этган шахсдан бири суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
- содир этган жинояти учун жабрланувчи ёки зўравонлик содир этган шахсларнинг бирига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланганда;
- жабрланувчилар ёки зўравонлик содир этган шахсларнинг бири содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этилганда;
- жабрланувчилар ёки зўравонлик содир этган шахсларнинг бири мажбурий даволанишга юборилганда;
- жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларнинг бири қонун хужжатларига мувофиқ доимий яшаш жойидан узоқ муддатга бошқа мамлакатга чиқиб кетганда;
- жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслардан бири вафот этганда.