Кириш

Одамлар азалдан бир жойдан иккинчи жойга кўчиб келишган. Кимдир яхши иш излаш, таълим олиш, иқтисодий манфаатлар ёки оиласи билан бирга бўлиш мақсадида кўчиб борса, яна кимдир можаролардан, ҳуқуқбузарликлардан қочишга мажбур. Булардан ташқари инсонлар иқлим ўзгариши, табиий офатлар ёки бошқа экологик хусусиятдаги омиллар натижасида бошқа жойларга кетишади.

Бугунги кунда инсонлар миграцияси мисли кўрилмаган даражада ортиб бормоқда. Халқаро миграция ташкилотининг маълумотига кўра, 2019 йилда мигрантлар сони 272 миллион нафарга етган.
2000 йилда мазкур кўрсаткич 173 миллион нафарни ташкил этган эди. Бироқ, халқаро мигрантларнинг ер юзи аҳолиси сонига нисбати сўнгги ўн йиллар давомида деярли ўзгаришсиз қолди: 2017 йилда 3.4%, 2000 йилда 2.8% ва 1980 йилда 2.3%.

Миграция жараёнлари 2030 йилгача бўлган барқарор ривожланишга ижобий ҳисса қўшаётгани мутахассилар томонидан тан олинмоқда. Барқарор ривожланиш мақсадларининг 17 тасидан ўн биттаси айнан миграция ва ҳаракатланиш учун қўлланиладиган мақсадлар ва кўрсаткичларни ўз ичига олади.

Миграция глобал характер касб этиб, у глобал ёндашувлар ва қарорлар қабул қилишни талаб этади.

Бугунги кунда миграция миқёси ва мураккаблиги бўйича ўсиб бораётган глобал ҳодисага айланди. Меҳнат миграциясининг динамикаси бир томондан, улар келиб чиққан, транзит ўтаётган ҳамда бораётган мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига сезиларли таъсир кўрсатади. Бошқа томондан эса, улар борган жойда ишчи кучининг қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизмат кўрсатиш каби интенсив меҳнат тармоқлари фаолиятини таъминлашга ёрдам бериши, тадбиркорликни рағбатлантириши, ижтимоий ҳимоя тизими ишини қўллаб-қувватлаши, шунингдек кадрларга бўлган эҳтиёжни қаноатлантириши мумкин. Ўз навбатида, мигрантлар келиб чиққан давлатлар улар ўз оилаларига жўнатадиган пул ўтказмалари, инвестиция, технология ва муҳим кўникмалар кўринишида фойда олади.

Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бормоқчи бўлган ёки хорижда ишлаётган фуқаролар кўп ҳолларда меҳнат шароити, иш ҳақи ва бошқа шу каби ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоли ҳолатларга дуч келади. Бундай вазиятда қаерга мурожаат қилиш керак, ким ҳимоя қилади, тартиби қандай, деган саволлар туғилади. Ушбу рисоладан юқоридаги ҳолатларга оид саволларга жавоб топишингиз мумкин. Ўйлаймизки, рисола хорижда меҳнат фаолиятини давом эттирмоқчи бўлган фуқароларга услубий жиҳатдан қўлланма бўлиб хизмат қилади.

1. Меҳнат мигрантлар ким?

Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) таърифига кўра, мигрант – шахснинг юридик мақоми бўлиб, ўз хоҳишига кўра ёки мажбуран кўчиши, кўчиш сабаблари ёки бошқа ерда бўлиш давомийлигидан қатъи назар давлат чегарасидан ўтиб ёки давлат ичида кўчиб ўтаётган ва ўзининг одатдаги яшаш жойини тарк этган шахсдир.

Ташқи меҳнат миграцияси шахснинг халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчилик нормалари билан ўрнатилган тартибда, ихтиёрий равишда, ўзи фуқароси бўлмаган давлатга, унинг ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида вақтинчалик боришидир.

БМТ кўп сонли мамлакатлардан миллионлаб одамлар жалб этилган ташқи меҳнат миграцияси ҳодисасининг аҳамияти ва кўламини эътиборга олиб, универсал қоидаларни қабул қилиш йўли билан меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари билан муомалада бўлиш борасида халқаро-ҳуқуқий тамойиллар ва меъёрларни ўрнатишга интилмоқда.

Мазкур халқаро қоидаларга эътибор берилса, чет элда фаолият олиб бораётган ҳар ким ҳам меҳнат мигранти ҳисобланмайди. Хусусан, ўзи фуқароси бўлмаган давлатда ишлаётган халқаро ташкилотлар ходимлари, тадбиркорлар, инвесторлар;

қисқа муддатга хорижга чиқиб кетган эркин касб вакиллари, артистлар, таълим олаётганлар, стажёрлар мигрантлар тоифасига кирмайди.

Яна шу нарсага эътибор қаратиш лозимки, меҳнат мигранти тушунчаси тегишли давлат қонунчилигида ўрнатилган тартибда, ўша давлатга кириш, бўлиш ҳамда ҳақ тўланадиган иш билан банд бўлишга рухсати мавжудлигини тасдиқловчи расмий ҳужжати бўлган шахсларгагина нисбатан қўлланилади. Бундай шахслар ўзи фуқароси бўлган ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бораётган давлат қонунчилиги билан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга бўлади.

Тегишли ҳужжатларга эга бўлмасдан ёки ўрнатилган тартибга риоя қилмасдан хорижда меҳнат фаолиятини олиб бориш эса ноқонуний фаолият сифатида жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши мумкин.

2. Меҳнат мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари

Меҳнат мигрантлари қаерда меҳнат фаолиятини олиб боришларидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси ҳимояси остида бўлади. Бунинг учун эса хорижга меҳнат фаолиятини давом эттиришга кетаётган фуқароларимиз нафақат миллий қонунчилигимиз, балки бораётган давлатларидаги тартиб-қоидалар билан ҳам таниш бўлиши, қандай ҳуқуқлари борлигидан хабардор бўлиши, уларни амалга оширишда қаерга мурожаат қилиши мумкинлиги билан танишиб олиши лозим.

Хорижда ишлаш учун йўлга чиққан фуқаролар чет элга ишлаш учун кетиш тартиби, мигрантларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш асослари, ҳужжатларни расмийлаштириш, шунингдек, уларга бериладиган имтиёзлар баробарида, чет элга чиқишда тақиқ қўйилган ҳолатлар, давлат чегарасини кесиб ўтиш тартиб-таомилларидан хабардор бўлиши керак.

Шу билан бирга, ахборот кўплиги ва хилма-хиллиги замонида аниқ ва ишончли манбага таяниб иш кўриш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг

  • “labor-migration” дастурий мажмуаси – www.labormigration.uz да
  • фуқаролар, жумладан, мигрантлар учун алоҳида ҳуқуқий маълумотлар бўлими мавжуд.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон фуқароларининг мамлакат ҳудудидан ташқарида ишга жойлашиши Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги хусусий агентликлар томонидан амалга оширилмоқда.

“Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони, 2019 йил 20 август.
“Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 2019 йил
23 август.

Ушбу соҳада мамлакат фуқароларининг хорижда меҳнат фаолиятини юритиш бўйича ўз ҳуқуқларини амалга оширишига ёрдам кўрсатиш мақсадида 2019 йилнинг август ойида қабул қилинган иккита муҳим ҳужжатга эътибор қаратиш зарур.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга зарур ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари учун ишончли муҳит яратиш, шу жумладан, уй-жой ва маиший шароитларни яхшилаш, молиявий ёрдам, ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш масалаларида ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини яратишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш талаб этилмоқда.

3. Меҳнат мигрантларга бериладиган имтиёзлар

СУҒУРТАЛАШ

Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга кетаётган фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи суғурталанади.

Ушбу хизматлар фуқароларга “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга имтиёзли тарифларда чипталар сотиш бўйича ихтисослаштирилган касса”ларда тақдим этилади.

Суғурта қуйидаги зарарларни қоплайди:

  • Тиббий хизматлар 500 АҚШ долларигача;
  • Тиббий эвакуация 2000 АҚШ долларигача;
  • Репатриация 7000 АҚШ долларигача.

– Имтиёзли кредит

“Ипотека банк” АТБ томонидан уюшган ҳолда Россия Федерациясига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетган фуқароларга “Ишлаш учун рухсатнома (патент)” ҳужжатларини расмийлаштириш учун 1000 АҚШ доллари миқдоригача имтиёзли кредитлар ажратилади.

Хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун бериладиган, бир банк куни давомида тез расмийлаштирилган ҳолда энг кам талаб қилинадиган ҳужжатлар (паспорт, ариза ва меҳнат органининг илтимосномаси) асосида 2019-2020 йилларда 10 фоиз ва 2021 йилда 12 фоиз ставкада 2 млн. сўм миқдорида бир йил муддатга, шу жумладан тақдим этилаётган кредит фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги тижорат банкининг маржаси билан микроқарзлар берилади.

Ватанга қайтган фуқароларга жамиятга қўшилишига кўмаклашиш мақсадида “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ ва “Халқ банки” АТБ орқали гаров таъминотисиз энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоридан ошмаган ҳажмда имтиёзли фоизларда микрокредитлар ажратилади.

Ушбу хизматлардан фойдаланиш истагида бўлган фуқаролар ҳудудий Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт) билан рўйхатдан ўтиб, тавсиянома олиши лозим.

– Меҳнат стажи

2019 йил 1 январдан кейинги даврда чет элда ишлаган фуқаролар пенсия билан таъминланиш миқдоридан келиб чиқиб, Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда, бироқ йилига Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт ярим баробари миқдорда белгилаши мумкин.

Фуқаронинг чет элда бўлган даврини тасдиқлаш бўйича асос, бу:

  • Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар)
  • Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг кўрсатиб ўтилган шахснинг бошқа давлатда бўлган вақти ва консуллик ҳисобига қўйилгани маълумоти

Ёдда тутинг!

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун меҳнат стажи Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали ишга жойлаштирилган фуқароларга берилади.

Уй-жой

Президент Фармонига мувофиқ уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига 2020 йилда кўп квартирали уйлардан 3462 тахонадон ажратилган.

Бунда, кўп квартирали уйлардаги хонадонлар «labor-migration» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган меҳнат мигрантларига тақдим этилади.

4. Хорижда ишга жойлашиш тартиби

Ҳар бир давлат миллий қонунчилиги шахслар меҳнат фаолияти, хусусан чет элдан келган меҳнат мигрантлари фаолияти билан боғлиқ қоидаларни белгилаб беради. Қуйида айрим давлатлар мисолида мазкур тартибни кўриб чиқамиз.

Россия федерацияси

Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мустақил равишда, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига, унинг ҳудудий филиалларига ёки хусусий бандлик агентликларига мурожаат қилиши мумкин.

Вазирлик веб сайти: https://mehnat.uz/ru

Бунинг учун керакли бўлган ҳужжатлар рўйхати:

  1. Патент олиш учун ариза (1 та рангли 30×40 мм ҳажмдаги расм);
  2. Паспорт;
  3. Рус тилига таржима қилинган ва нотариусда тасдиқланган фуқаро паспортининг нусхаси;
  4. Ташриф мақсади (“Ишлаш учун”) кўрсатилган миграцион карта (миграция варақаси);
  5. Тиббий суғурта полиси;
  6. Гиёҳвандлик, юқумли касаллик ва бошқа хавф солувчи касалликлар йўқ эканлиги тўғрисида маълумот (тиббий кўрик гувоҳномаси);
  7. Рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигини билиш даражаси бўйича тест натижаларини тасдиқловчи ҳужжат;
  8. Чет эл фуқаросининг миграцион рўйхатга қўйилганлиги тўғрисидаги ҳужжат;
  9. Патент учун шахсий даромад солиғи тўланганлиги тўғрисидаги чек;
  10. ИНН;
  11. Вақтинчалик яшаш жойидан рўйхатдан ўтгани тўғрисида ҳужжат.

РУХСАТНОМА (ПАТЕНТ) ОЛИШ ТАРТИБЛАРИ:

  • Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун аризачи 18 ёшга тўлган бўлиши керак;
  • Рус тилини билиш керак;
  • Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини бошлашдан олдин меҳнат шартномаси меҳнат мигранти ва иш берувчи ўртасида имзоланган бўлиши лозим;
  • Россия Федерацияси ҳудудига кириш вақтида, меҳнат мигрантига миграцион картани чегара хизматчиси ташриф максади “Ишлаш” деб тўлдириб беради;
  • Россия Федерацияси ҳудудига ташриф буюргандан сўнг, паспорт ва миграцион картанинг нусхасини рўйхатга қўйиш учун
    4 иш куни давомида тақдим этиш керак;
  • Россия Федерациясига ташриф буюргандан сўнг, яшаш жойидан рўйхатдан ўтиш муддати – 7 кун;
  • Патент олиш учун ариза вақтинчалик яшаш жойидан рўйхатдан ўтгандан сўнг тақдим этилади;
  • Патент олиш учун аризани 20 кун ичида тақдим этиш керак (агарда бу муддат ўтиб кетса, 10.000-15.000 рублгача жарима белгиланади ёки давлат ҳудудидан чиқиб кетиш ва янги миграцион карта билан қайта кириш белгиланади);
  • Ариза тақдим этилган кундан бошлаб, 10 иш куни давомида меҳнат мигрантига патент Россия Федерацияси ИИВ бошқармаси томонидан берилади;
  • Патентни олгандан сўнг, ўз вақтида солиқ пулини тўлаб бориш лозим, акс ҳолда солиқ тўланиши керак бўлган вақтдан 1 кундан сўнг патент бекор қилинади.

Патентни расмийлаштириш воситачи фирмалар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда шуни ёдда тутиш керакки, патент воситачи фирмалар орқали расмийлаштирилганда ҳам патент Россияда ишламоқчи бўлган одамнинг шахсан ўзига топширилади.

Агар воситачи фирма патентни ўзи топширса, билингки, ушбу патент қалбаки.

Россияда ишлаш учун патент 1 ойдан 12 ойгача бўлган муддатда берилади. Яъни битта патентга эга бўлган чет эл фуқароси қонуний равишда 1 йил ишлаши мумкин.

Патент ҳар бир вилоят учун алоҳида берилади.

Патент учун тўлов ҳар бир тўланган иш ойи тугашига 1 кун қолгунга қадар кечиктирилмасдан тўланади. Тўлов ўз вақтида амалга оширилмаса, патент фаолияти тўхтайди.

Тўловни тасдиқлайдиган чекларни албатта ўзингизда сақланг.

Агарда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси қийин вазиятларга дуч келса, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасига, консуллик бўлимига ёки Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонасига мурожаат қилиши лозим.

ТИББИЙ СУҒУРТА ПОЛИСИ

Чет эллик фуқаролар тиббий суғурта полиси олиши зарур!

Агар Сизда полис бўлмаса – Сизни чегарадан ўтказмасликлари, жаримага тортишлари ёки Россиядан чиқариб юборишлари мумкин!

Тиббий полис икки хил бўлиши мумкин:

  • ITS(DMS) – ихтиёрий тиббий суғурта
  • MTS(OMS) – мажбурий тиббий суғурта (бепул)

Россияда тез тиббий ёрдам БEПУЛ кўрсатилади! Ҳатто Сизда тиббий полис ва ҳужжатларингиз бўлмаса ҳам, Сизга тез тиббий ёрдам кўрсатишлари шарт!

ПОЛИЦИЯ БИЛАН МУЛОҚОТ

Ҳужжатларни фақат ўз вазифаларини бажараётган полиция ходимларигина текширишга хақли. Бу ходимларда махсус кўкрак нишони (белгиси) бўлади, нишоннинг рақамини эслаб ёки ёзиб олинг.

Россия Федерацияси ҳудудида қийин аҳволга тушиб қолмаслик, ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширганликда айбланмаслигингиз учун ҳар доим ўзингиз билан бирга қуйидаги ҳужжатларни олиб юринг:

  • паспорт;
  • миграция картаси;
  • миграция рўйхатида турганингиз тўғрисидаги хабарнома варақчаси;
  • иш патентингиз ва патент учун тўланган солиқ чеклари;
  • ихтиёрий тиббий суғурта полиси (DMS) ёки мажбурий тиббий суғурта полиси (OMS).

Барча ҳужжатларингизнинг нусхасини чиқариб олинг ва уларни асл нусхасидан алоҳида сақланг. Агар ҳужжатларингизни йўқотиб қўйсангиз нусхалардан уларни қайта тиклаш осонроқ бўлади.

Полициячи Сизга мурожаат қилганда:

  • унвони, лавозими ва исм-шарифини айтиши;
  • ўзининг полиция гувоҳномасини кўрсатиши (кўрсатмаса сўранг);
  • ҳужжатларингизни текширишидан мақсади нима эканини тушунтириши (“Полиция тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддаси,
    4-бандига асосан) керак.
  • Пора бериш жиноят эканини унутманг! Полициячига пул берманг! Пора сўрашса 112 рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг!

Агар Сизни полиция ходими қўлга олса:

Сиз телефон орқали суҳбатлашиш ҳуқуқига эгасиз (“Полиция тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддаси,
7-банди).

Сизни ҳибсда ушлаб туриш тўғрисида баённома тузилади ва баённомада:

  • сана, вақт ва жой;
  •  полиция ходимининг лавозими, исм-шарифи;
  • ушланган шахс тўғрисидаги маълумотлар, ушлаб турилган кун, вақт, жой ва сабаби кўрсатилади (“Полиция тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддаси,
    14-бандига асосан).

Ҳибсда ушлаб туриш тўғрисидаги баённомани полиция ходими ва сиз имзолашингиз лозим. Агар сиз баённомада ёзилган маълумот билан рози бўлмасангиз, сабабини кўрсатиб – “Баённомадаги маълумотларга рози эмасман” деб ёзинг!

Агар сиз баённомани имзолашдан бош тортсангиз, баённомада сизнинг рад қилганингиз таъкидлаб ёзиб қўйилади (“Полиция тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддаси, 15-банди).

Ушбу баённоманинг нусхасини сўраб олишни унутманг! Полиция ходими сизнинг илтимосингизга кўра баённоманинг бир нусхасини сизга бериши керак (“Полиция тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддаси, 15-банди).

Суд қарори чиққунга қадар, сизни 48 соатдан ортиқ вақт давомида полиция бўлимида ушлаб туриш мумкин эмас. Сиз адвокат ва рус тилини яхши билмасангиз таржимон сўрашингиз мумкин. Полиция ходимлари ҳужжатларингизни жарима хақига кафолат сифатида олиш ҳуқуқига эга эмаслар – бу ноқонуний ҳисобланади.

Метро станциясига киришда ёки темир йўл станцияларида террорчилик хавфи борлиги сабабли, сизни махсус рамкадан ўтишингизни, юкларингизни детектордан ўтказишингизни сўрашлари мумкин. Ушбу ҳаракатлар қонунийдир.

Эсда тутинг!

Агар сиз Россия Федерациясида жиноят қурбони бўлсангиз ёки жиноий воқеага гувоҳ бўлсангиз, дарҳол полицияга мурожаат қилинг: шаҳар телефонидан – 02, уяли алоқа телефонидан – 102 ёки 112

Корея Республикаси

КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ БЎЙИЧА НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР:

  • Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида Ишга жойлаштириш учун рухсатномани бериш тизими бўйича Аҳдлашув Меморандуми;
  • 16.08.2003 йилдаги 6967-сон “Чет эллик мигрантларнинг бандлиги тўғрисида”ги қонун;
  • 05.03.1963 йилдаги 1289-сонли “Иммиграция назорати тўғрисида”ги қонун (05.12.2002 йилда ўзгартириш киритилган).

ИШГА ЖОЙЛАШИШ БЎЙИЧА КЎРСАТМАЛАР

Фуқаролар Корея давлатига ишлашга кетиши учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат этиши лозим.

Асосий талаблар:

  • Номзоднинг ёши 18 ёшдан 39 ёшгача бўлиши;
  • Корейс тилини билиши;
  • Муқаддам судланмаган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш тақиқи бўлмаслиги;
  • Корея Республикаси ҳудудида бўлиш ва бошқа қонунларини бузмаган бўлиши;
  • Тиббий ва жисмоний соғлом бўлиши ҳамда ранг ажратолмаслик касаллиги (дальтонизм) бўлмаслиги лозим.

КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА ИШГА ЖОЙЛАШИШНИНГ АСОСИЙ ТАРТИБИ:

Биринчи босқич

Ўзбекистон Республикаси фуқароси Билимни бахолаш марказидан корейс тилини билиш даражаси бўйича 1-босқич тестидан ўтиши зарур. Фуқаролар тест имтиҳонини компьютерда махсус дастур орқали топширади.

Иккинчи босқич

EPS-TOPIC тест имтиҳонига кириш учун фуқаро 1-босқич тестидан муваффақиятли ўтган ва динамик рўйхатга киритилган бўлиши зарур. Фуқаролар тест имтиҳонини компьютерда махсус дастур орқали топширади. Ушбу тест имтиҳонидан муваффақиятли ўтган фуқаролар кейинги босқичга йўлланма олади. Тест имтиҳони Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг масъул ходимлари томонидан ўтказилади.

Учинчи босқич

Малака тестида (skill test) қуйидаги машқлар ва тестлар ўтказилади:

  • ранг ажратишни синаш (дальтонизм);
  • жисмоний машқ (қўл кучини синаш, электрон спандер орқали, бўй вазн ўлчаш, оғирлик кўтариш машқи);
  • малака тести (рангли халқачаларни ажратиш ва жой-жойига қўйиш, пўлат симларни белгиланган ҳажмда қирқиш, пробиркаларда белгиланган ҳажмни ўлчаш, темир халқаларни жой-жойига жойлаштириш);
  • Корейс тилида мутаҳассис билан суҳбатлашиш.

Тест имтиҳони Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг (HRD) масъул ходимлари томонидан ўтказилади.

Тўртинчи босқич

Малака тестидан (skill test) муваффақиятли ўтган фуқаролар Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан белгиланган муддатларда Корея Республикасининг махсус SPAS базасига (иш берувчилар базаси) киритилади.

Корея Республикаси томонидан шартнома лойиҳалари келган фуқароларга ўрнатилган тартибда белгиланган ҳужжатлар тақдим қилинади, тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий кўрикдан ижобий ўтган фуқаролар ўқитиш ва адаптация ўташ учун рўйхатга олиниб, ўқитилади.

Жанубий Корея Республикаси Ўзбекистондаги консуллик хизмати томонидан фуқароларга виза расмийлаштирилади.

Визаси расмийлаштирилган фуқаролар, ташкиллаштирилган ҳолда 4 йил 10 ой муддатга Корея Республикасига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жўнатилади.

Асосий эътибор қилиниши керак бўлган масалалар:

  • Шартнома шартларига қатъий риоя қилиш;
  • Корея халқини муомала ва одоб-аҳлоқ қоидаларини билиш;
  • Муаммоли масалаларни иш берувчи билан тинч йўл билан ҳал қилиши ёки ушбу вазият юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Корея Республикасидаги ваколатхонасига (Кванджу шаҳрида) ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиниши юзасидан мурожаат қилиши лозим.

Хорижда меҳнат фаолияти олиб бориш истагини билдирганларга тавсиялар

Чeгара пунктларида қуйидагилар тақиқланади!

  • Чегара назорати бўлинмалари раҳбарларининг рухсатисиз фото ва видеотасвирга олиш;
  • Уяли алоқа воситасидан фойдаланиш;
  • Давлат назорати органларига моддий бойлик таклиф қилиш;
  • Чегара пункти ҳудуди ёки ўтказиш бўлимининг хизмат биносига ўрнатилган тартибни бузган ҳолда кириш;
  • Чегара пункти ҳудудига тегишли рухсатномаларсиз қурол, портловчи моддалар ва атрофдагиларнинг ҳаёти ва саломатлиги учун хавф туғдирувчи бошқа предметларни (моддалар) олиб кириш (олиб чиқиш).

Ўрнатилган тартибни четлаб ўтиш оқибатлари

Фуқаролар виза талаб этилмайдиган давлатларга таваккалчилик асосида меҳнат шартномасига эга бўлмаган ҳолда, эркин чиқиб кетишмоқда ва касб малакаси талаб этилмайдиган, кам иш ҳақи тўланадиган оғир ҳамда оддий ишларга жалб этилмоқда.

Натижада яшаш шароити, овқатланиш, даромад миқдорини ошириш каби интилишлар сабаб фуқаролар фирибгар шахслар алдови қурбонига айланиб қолмоқда, тил билмаслиги сабабли эса иш излаш, танлаш, мулоқот қилиш ва ҳуқуқларини талаб қила олмаслик ҳолатларига тушиб қолмоқда.

Норасмий меҳнат мигрантларининг тиббий ва ижтимоий суғуртасининг мавжуд эмаслиги натижасида тиббий ёрдамга муҳтож ва етарли маблағлари мавжуд бўлмаган ҳолларда турли қийинчиликларга тушиб қолмоқда.

Иш билан боғлиқ ёки ишдан ташқари вақтларда бахтсиз ҳодисалар юз берганда ижтимоий таъминотдан маҳрум бўлмоқда.

Бундан ташқари

  • замонавий қуллик
  • мажбурий меҳнат ва меҳнат эксплуатацияси
  • иш берувчиларнинг виждонсизлиги
  • шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ёки пул маблағлари олиб қўйилиши
  • ҳужжатсиз юриш оқибатида ички ишлар органлари вақтинчалик сақлаш камераларида сақланиш
  • яқин қариндошлари ёки бошқа воситачилар томонидан алдов йўллари билан ишчи кучини чақириб олиш ва меҳнатидан фойдаланиш
  • иш топиб беришда воситачи сифатида иштирок этувчиларнинг фирибгарлиги
  • меҳнатда майибланиш ва ижтимоий муҳофаза қилинмаслик
  • дом-дараксиз кетиш
  • депортация қилиниш ва бошқа салбий ҳолатларга ҳам дуч келиш мумкин.

Давлатимиз томонидан хорижда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан банд ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу боис юқоридаги каби оғир ҳолатларга тушиб қолмаслик учун қонунчиликда белгилаб қўйилган тартибга меҳнат фаолиятини олиб бориш тавсия этилади. Ўрнатилган тартибни айланиб ўтишга уриниш, келгусида ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланишда мураккабликлар келтириб чиқариши мумкин.