Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижаси кўп жиҳатдан ушбу жараёнда фуқароларнинг иштирокига боғлиқ. Негаки, инсон манфаатлари билан боғлиқ жамият ҳаётидаги энг долзарб муаммоларга биринчи навбатда фуқароларнинг ўзи дуч келади. Чунки фуқаро жамиятда қандай муаммога дуч келса, энг аввало, буни унинг ўзи ҳис қилади, нимага эҳтиёж сезишини ҳам кўпроқ ўзи билади. Шунинг учун фуқаролар манфаатлари билан боғлиқ муаммоларни уларнинг иштирокисиз ҳал этиш мумкин эмас.

Бинобарин, ҳар қандай демократик жамиятнинг асосий белгиси фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда давлат органларининг фуқаролар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш, уларнинг очиқ, шаффоф ва ошкора фаолият кўрсатишини таъминлаш, давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасида тизимли ва изчил ишлар амалга оширилди. Айниқса, кейинги пайтларда фуқароларнинг ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг самарали механизмларини яратиш, жамоатчилик назорати функцияларини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дарҳақиқат, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан кучли жамоатчилик назоратининг мавжудлиги фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим шартларидан биридир. Зеро, фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолиятини жамоатчилик назорати остида эканини чуқур ҳис этиши фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида ўта муҳим аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш вазифаси белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида ҳам аҳолини жамоат ва давлат ишларини бошқаришга фаол жалб этиш фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва юридик саводхонлигини ошириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, тегишли соҳаларда давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда самарали қарорлар қабул қилишнинг ғоят муҳим шарти экани белгиланди. Шунингдек, мамлакат раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунини қайта кўриб чиқиш тавсия этилди. Унда халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган жамоатчилик назоратининг таъсирчан шаклларини жорий этиш, уларни амалга ошириш механизмларини батафсил регламентация қилиш, амалиётда самарали қўллаш, уларнинг давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолияти, тегишли соҳалардаги ишларнинг ҳолатини яхшилашда самарали иштирокини таъминлаш масалаларини эътиборга олиш назарда тутилди.

Таъкидлаш жоиз, кўп ҳолларда айнан жамоатчилик назорати орқали жамият ҳаётидаги кўплаб муаммоларнинг ечими топилади. Фуқаролар томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назорати жамиятдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда юзага келадиган ҳуқуқий эҳтиёжларни аниқлашга, давлат органлари ва мансабдор шахслари фаолияти самарадорлигини оширишга, энг муҳими, бевосита фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш механизмининг янада такомиллашувига хизмат қилади. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 25 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш керак, деб алоҳида таъкидлади. Давлат раҳбари томонидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш таклиф этилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг самарали механизмлари шакллантирилди. Хусусан, жамоатчилик назоратининг ўзига хос жиҳатлари ва амалга ошириш механизмлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунда, шунингдек, қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган.

Мазкур рисолада фуқароларнинг жамоатчилик назоратини амалга оширишда қай тарзда иштирок этиши мумкинлиги, бу жараённинг конституциявий-ҳуқуқий асослари, шакл ва усуллари ҳамда амалий аҳамияти ҳақида сўз юритилади.

1. Жамоатчилик назорати нима?

Жамоатчилик назорати бу − давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда нодавлат ташкилотлар фаолияти устидан фуқаролар, уларнинг бирлашмалари ва ўзини-ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, давлат ва нодавлат органлари таркибида тузилган жамоатчилик органлари томонидан қонун доирасида олиб бориладиган назоратдир. Бошқача айтганда, жамоатчилик назорати фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат органлари фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдор шахслари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминловчи қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик ҳолатларини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган фаолиятдир. Демак, жамоатчилик назорати деганда фуқаролик жамияти институтлари томонидан айнан давлат ва назорат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан амалга ошириладиган назоратни тушуниш лозим.

Жамоатчилик назоратининг бир кўриниши бу – фуқаровий назорат бўлиб, у тегишли жамоат ташкилотлари ёхуд ташаббускор гуруҳлар вакиллари томонидан инсон ҳуқуқларнинг бузилиши ёки унинг олдини олиш мақсадида давлат органлари, корхона, муассаса, ташкилотларда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилиши устидан бевосита кузатув йўли билан амалга ошириладиган назоратдир.

Экспертлар фикрича, жамоатчилик назорати кимнидир жазолаш эмас, балки қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурларда жамоатчилик манфаатлари, фикрини ҳисобга олдириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни, давлат хизматларини самарали кўрсатилишини таъминлаш ҳисобланади.

Жамоатчилик назорати натижаларини эълон қилиш чораси ҳам ривожланган демократик давлатлар тажрибасида қўлланиладиган ижтимоий-сиёсий таъсир воситаси ҳисобланиб, тегишли мансабдор шахслар фаолияти жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга, танбеҳларга сабаб бўлади.

Жамоатчилик назорати институтидан унумли фойдаланиш жамиятда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг самарали ташкил этилишида, давлат органлари раҳбар-ходимларининг қонунларга қатъий амал қилиб, ўз зиммаларидаги вазифа ва мажбуриятларини масъулият билан адо этишларида, ҳар бир инсон онгида мамлакатда кечаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларга нисбатан масъулият, ташаббускорлик, дахлдорлик ҳисларининг кучайиб боришида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, фуқаролар ҳар қандай қонун бузилиши ҳолатларига муросасиз бўлса, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериб турса, ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин баён этса, ана ўшанда жамиятда чинакам қонун устуворлиги таъминланади.

Боз устига, сўнгги йилларда, айниқса, ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг раҳбар-мутасаддилари хатти-ҳаракатларига нисбатан билдирилаётган муносабат туфайли кўплаб камчилик ва муаммолар, қонун бузилиши ҳолатларига чек қўйилаётгани ҳам айнан жамоатчилик назорати институтининг самарасидир, десак муболаға бўлмайди.

Бироқ шу билан бирга, баъзи фуқароларнинг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти ҳақида, уларнинг функция ва вазифалари ҳақида, амалга ошираётган ишлари ҳақида аниқ тушунча ва тасаввурларга эга бўлмай туриб, ижтимоий тармоқларда билиб-билмасдан турли хил туҳмат, ҳақорат сўзлар билан уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ерга уруш, ўз фикр-мулоҳазаларини ноқонуний ва қўпол тарзда ифода этиш ҳолатлари учраб турибди. Бу тарздаги хатти-ҳаракатлар қонунга хилоф ҳисобланади. Бундай қилмишлар учун қонунларда тегишлича маъмурий, хатто жиноий жавобгарлик белгиланган.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, жамоатчилик назорати институтининг амалда ишлаши учун ҳар бир фуқаронинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий фаоллигини ошириш талаб этилади. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада, оммавий ахборот воситаларида жамоатчилик назорати хусусида доимий тарғибот ишларини олиб бориш лозим.

2. Жамоатчилик назорати субъектлари деганда нима тушунилади?

Жамоатчилик назоратиҳақида сўз юритилар экан, табиийки, бу назоратни кимлар ёки қандай органлар амалга оширади, деган савол туғилади. Бу саволга Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелда қабул қилинган“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунидан жавоб топиш мумкин. Ушбу қонунда жамоатчилик назоратини кимлар ва қайси ташкилотлар амалга ошириши аниқ белгилаб қўйилган. Булар жамоатчилик назоратининг субъектлари ҳисобланиб, қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари; қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари; қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган оммавий ахборот воситалари; жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва жамоатчиликнинг бошқа ташкилий тузилмалари.

Ёдда тутинг!

Демак, республикамизнинг ҳар бир фуқароси жамоатчилик назоратининг субъекти сифатида жамоатчилик назоратининг турли  шаклларидан фойдаланган ҳолда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда нодавлат ташкилотлар фаолияти устидан назорат қилиш орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда бевосита иштирок этиши мумкин. Аммо ҳар бир фуқаро бу ҳуқуқдан фойдаланаётганида бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга ҳаққи йўқлигини унутмаслиги, жамоатчилик назоратини амалга ошириш чоғида олинган ахборотнинг тарқатилиши қонун билан чекланган бўлса, унинг махфийлигига риоя этиши керак.

3. Жамоатчилик назорати объектлари

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг ўз мажбуриятларини ижро этиши билан боғлиқ фаолияти – жамоатчилик назоратининг объекти сифатида эътироф этилган. Ижро ҳокимиятининг фуқаролар турмуш эҳтиёжларини қондириш, ҳуқуқларини амалга ошириш каби фаолияти қонунийликни, инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади. Шунингдек, ижтимоий муносабатларнинг тобора мураккаблашуви, воқеа-ҳодисаларга тезкор чоралар кўриш зарурияти ижро ҳокимиятидан қатъиятли қарор қабул қилишни талаб этади. Ижро ҳокимиятининг худди шундай фаолияти жамоатчилик назоратининг асосий объектларидан бири ҳисобланади.

Жамоатчилик назоратининг субъектлари томонидан қандай фаолият ёки масалалар назорат қилинишига қараб ушбу назоратнинг объекти аниқланади. Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни 4-моддасига кўра, жамоатчилик назорати объектлари қуйидагилардир:

Эслаб қолинг!

Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қуйидаги йўналишлардаги фаолияти жамоатчилик назоратининг объекти ҳисобланади:

Биринчидан, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек ривожланиш давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурларида жамоатчилик манфаатларини, жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш.

Иккинчидан, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлаш.

Учинчидан, ўз зиммасига юклатилган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни бажариш.

Тўртинчидан, давлат хизматларини кўрсатиш.

Бешинчидан, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажариш.

Қонунда жамоатчилик назорати объектининг аниқ белгилаб қўйилгани давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахсларини жамоатчилик назорати остидаги масъулиятни доимо ҳис қилиб, қонунларга оғишмай амал қилиш ва уларни сўзсиз ижро этишга ундаш билан бирга ижро ҳокимиятининг фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, хатоларни тузатиш, халқчилликни таъминлашга хизмат қилади.

Фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссининг ортиши ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолияти жамоатчилик назорати остида эканини чуқур ҳис этиши фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнининг муҳим шартларидан ҳисобланади. Бинобарин, давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг халқ олдида масъул экани тўғрисидаги конституциявий тамойилни амалда таъминлаш, уларнинг фуқароларга ўз сиёсати, ҳаракатлари ҳақида мунтазам равишда ахборот ва ҳисобот бериб бориш амалиётини жорий қилиш бугунги кун ва демократия талабидир.

4. Фуқаролар томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш шакллари

Эслаб қолинг!

“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда жамоатчилик назоратининг қуйидаги шакллари белгиланган: давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар;давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш; жамоатчилик муҳокамаси; жамоатчилик эшитуви;жамоатчилик мониторинги; жамоатчилик экспертизаси; жамоатчилик фикрини ўрганиш; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг, бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳисоботларини эшитиш.

“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган ушбу шакллар орқали давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини ўрнатиш, бу йўл билан таъсирчан жамоатчилик назоратини жорий қилиш мумкин. Масалан, жамоатчилик назорати субъектлари, жумладан, фуқаролар давлат органларига ариза, шикоят ва таклифлар билан мурожаат қилишга, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга сўровлар юборишга ҳақли. Айни пайтда фуқаролик жамияти институтлари муайян ҳудудда аҳолини ташвишга солаётган масала юзасидан мурожаат ёки сўров юбориш орқали мазкур муаммони ҳал этишга кўмаклашиши мумкин.

5. Ўзбекистон республикаси президенти ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик палатасининг мақсади ва вазифалари, унинг жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ўрни

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони билан мамлакатимизда 50 нафар аъзодан иборат Жамоатчилик палатаси ташкил этилди. Айни пайтда ҳар бир ҳудудда унинг бўлимлари фаолият юритмоқда.

 Эслаб қолинг!

Жамоатчилик палатасига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

  • фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузалар тайёрлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисида таклифлар бериш;
  • мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим ва долзарб масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш;
  • давлат органларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан тушунтириш бериш талабини юбориш.

Ҳудудий жамоатчилик палаталари ҳудудларда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакилларидан танлаб олинадиган 21 нафар аъзодан иборат таркибда шакллантирилади. Унинг аъзолари 3 йил муддатга тайинланиб, жамоатчилик асосида фаолият юритади.

Фармон билан “Mening fikrim” веб-портали Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилди.

Эслаб қолинг!

Палата жамоатчилик назорати бўйича бевосита қуйидаги йўналишларда фаолият кўрсатади: аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш, жойларда ва соҳаларда долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечими бўйича таклифлар киритиш; фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида тадқиқотлар олиб бориш юзасидан ташаббус кўрсатиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш; давлат идоралари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини кучайтириш; мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш, маслаҳатлашув ва эшитувлари ташкил этиш; жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш, “жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик экспертизаси”, “жамоатчилик мониторинги” каби таъсирчан замонавий назорат шаклларини амалда жорий этиш; ислоҳотлар ва давлат дастурларининг жойларда, шунингдек, соҳаларда амалга оширилиши устидан жамоатчилик мониторингини ташкиллаштириш.

6. Жамоатчилик назоратини амалга оширишда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг ўрни

“Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори биланҳар бир давлат органи, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди.

Қарор билан “Давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши тўғрисида”ги намунавий низом ҳам тасдиқланди. Унга кўра, жамоатчилик кенгаши давлат органи раҳбарининг қарори билан ташкилот марказий аппарати ҳузурида ташкил этиладиган, ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.  Унинг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга. Жамоатчилик кенгаши аъзолигига, қоида тариқасида, меҳнат фахрийлари, тажрибали ва обрў-эътиборли фуқаролар, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари қабул қилинади.

Юқоридаги Низомда жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тартиби ва фаолиятининг асосий йўналишлари, вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил кўрсатиб берилган.

Қуйидагилар жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) қабул қилинаётган ҳар қандай ҳужжатларда жамоатчилик манфаатлари ва фикри ҳисобга олиниши ҳамда  шахс ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонун ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаш, давлат органи зиммасига юкланган ҳамда ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахл қилувчи вазифалар ва функцияларни бажариш, давлат хизматларини кўрсатиш, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш бўйича давлат органи ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

2) давлат органини фуқаролар билан боғлаб турадиган “кўприк” ролини бажариш;

3) давлат бошқаруви органларига фуқаролик жамияти институтларидан келиб тушган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни умумлаштириш ва баҳолаш;

4) фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан давлат органининг фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, социологик сўровлар ўтказиш, жумладан, уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

5) давлат органи фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг ва таҳлил ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

6) давлат органи фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни мониторинг қилиш, унинг фаолияти тўғрисида батафсил ахборот олиш имкониятларини таҳлил қилиш, уларни янада кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

7) давлат органи фаолиятини ислоҳ қилишда фуқаролар иштирок этиши учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

8) давлат органи фаолияти бўйича фуқаролар ўртасида ўтказиладиган тушунтириш ишлари ва маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

9) давлат органлари ходимлари ва оилаларининг уй-жой, ижтимоий-маиший, хизмат шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини, шунингдек, ишдан бўшатилган ёки захирага олинган ходимларни ижтимоий ва касбий мослаштириш бўйича муаммоларни комплекс таҳлил қилиш ҳамда таҳлил якунлари бўйича мазкур шароитларни яхшилаш юзасидан таклифлар киритиш.

Эслаб қолинг!

Жамоатчилик кенгаши ҳуқуқлари:

  • давлат органи томонидан ташкил этиладиган бўлажак очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;
  • давлат органи бинолари (хоналари) ва бошқа объектларини белгиланган тартибда бориб кўриш;
  • давлат органи раҳбарларига жамоатчилик кенгаши ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар киритиш;
  • давлат органи фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур бўлган давлат органининг ахборотлари, статистика ва бошқа материалларини белгиланган тартибда олиш;
  • давлат бошқаруви органларига фуқаролик жамияти институтларидан келиб тушган социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни кўриб чиқиш;
  • давлат органининг қонун ижодкорлиги фаолиятида, давлат органи томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасини таъминлашда иштирок этиш;
  • мурожаатларига давлат органи томонидан берилган жавобларни таҳлил қилиш;
  • давлат органи ходимларининг розилиги билан уларнинг уй-жой, ижтимоий-маиший ва хизмат шарт-шароитлари билан танишиш;
  • оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;
  • конференциялар, форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш.

7. Фуқароларнинг жамоатчилик назорати кўпроқ қайси масалаларга қаратилади?

Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Жамоатчилик назорати, биринчи навбатда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, молия, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, энергетика ва транспорт соҳаларида жорий этилиши зарур. Шунингдек, бозорлар ва савдо мажмуаларидаги маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш сифати каби масалалар ҳам доимо жамоатчилик назоратида бўлиши даркор”1.

Эслаб қолинг!

Қонунга биноан жамоатчилик назорати кўпроқ қуйидаги масалаларга қаратилади:

•    истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши;

•    озиқ-овқат шаҳобчалари фаолияти;

•    тиббий ва таълим муассасалари фаолияти;

•    меҳнат ва бандлик масалалари;

•    ижтимоий таъминот;

•    пенитенциар муассасаларда маҳкумларнинг маиший яшаш шарт-шароитлари;

•    маҳаллаларда қонунларнинг ижро этилиши ва бошқа шу каби фуқароларнинг яшаш тарзидаги энг муҳим масалалар

2019 йилдаги 29 августда қатор қонун ҳужжатларига жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Эслаб қолинг!

Жамоатчилик назорати субъектларига қуйидаги соҳаларда жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқи берилди:

  • давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш;
  • озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш;
  • ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш;
  • ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш;
  • радиациявий хавфсизликни таъминлаш;
  • психиатрия муассасалари, шунингдек психиатрия ёрдами кўрсатувчи шахслар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.

Қонунга киритилган тузатишларнинг бир қисми бюджет жараёнининг очиқ-ошкоралигига тааллуқлидир. Хусусан, маҳаллий бюджетларнинг параметрларини ҳамда улар ижроси ҳақидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш жараёнлари оммавий ахборот воситаларида ёритилади. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари Қонунчилик палатасига юборилишидан олдин уларнинг жамоатчилик муҳокамасини таъминлаш вазифаси Молия вазирлигига юклатилган. Прогноз йил учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари ҳамда келгуси икки йилга оид бюджет мўлжаллари юзасидан Ҳисоб палатасининг хулосалари мажбурий равишда эълон қилинади.

Вазирликлар, идоралар, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа бюджет маблағларини тақсимловчилар бюджетдан ажратиладиган маблағлардан, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан фойдаланилиши, ўтказилган танловлар (тендерлар) ва олинган товарларнинг етказиб берилиши тўғрисидаги тегишли ахборотни ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириши лозим.

8. Жамоатчилик назоратини амалга ошириш принциплари

Эслаб қолинг!

Жамоатчилик назоратининг асосий принциплари:

  • қонунийлик;
  • фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги;
  • жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этишнинг ихтиёрийлиги;
  • жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг оммавийлиги ва очиқлиги;
  • жамоатчилик назорати субъектларининг холислиги ва беғаразлиги;
  • жамоатчилик назорати натижаларининг ишончлилиги;
  • жамоатчилик назорати субъектларининг давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига асоссиз аралашувига ва уларга ғайриқонуний таъсир кўрсатишига йўл қўйилмаслиги.

Қонунийлик принципи, аввало, қонунларни ва унинг асосида қабул қилинган бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни давлат органлари, мансабдор шахслар, фуқаролар томонидан аниқ ва оғишмай бажарилишидир. Шу билан бирга, бу принцип фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари оғишмай таъминланиши, уларга нисбатан давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қандайдир ўзбошимчалигига йўл қўйилмаслиги кераклигини ҳам назарда тутади.

Жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги қонунийлик принципи шуни англатадики, фуқаролар,  биринчидан,  Конституция ва қонунларга амал қилиши, иккинчидан, ўз ҳулқ-атвори ва хатти-ҳаракатларини юридик тақиқларга мослаштириши, учинчидан, қонунлар билан тақиқланган ҳаракатларни бажаришдан ўзларини тийиб туриши зарур. Шунингдек, қонунийлик принципи мазмунидан жамоатчилик назорати субъектлари нафақат Конституция ва қонунларга риоя қилиш, балки уларда мустаҳкамланган нормаларни фаол бажариши лозим, деган маъно ҳам келиб чиқади.

Жамоатчилик назоратини амалга оширувчи субъектларнинг риоя қилиши лозим бўлган яна бир муҳим принцип – бу фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлигидир. Мазкур принципнинг асосий моҳияти шундан иборатки, жамоатчилик назорати, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида ҳар қандай давлат органининг фаолияти инсон ва жамият фаровонлигини юксалтиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Жамоатчилик назоратида иштирок этиш ихтиёрийлик принципи асосида амалга оширилади. Ҳеч бир давлат органи ёки мансабдор шахс бирон бир фуқарони ёки фуқаролик жамияти институтини жамоатчилик назоратида иштирок этишга мажбурлай олмайди.

Жамоатчилик назорати субъектларининг давлат органларига мурожаатлари ва сўровлари, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиши, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганишни ўтказиши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг, бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳисоботларини эшитиши оммавий ва очиқ-ошкора тарзда амалга оширилади.

Жамоатчилик назорати субъектларининг холислиги ва беғаразлиги шуни англатадики, ушбу назоратни амалга оширувчи шахслардан фаолияти назорат қилинаётган давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан шахсий адоватда ва душманлик муносабатларида бўлмаслиги, шунингдек, айни пайтда мазкур давлат органларининг ходимлари, яқин қариндошлари, манфаатдор шахслар сифатида иштирок этмаслиги талаб қилинади. Жамоатчилик назорати субъектлари назорат қилинаётган фаолиятнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириши шарт.

Шуни унутмаслик жоиз, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат ташкилотлар фаолиятига доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, сақлаш, ўзгартириш, тарқатиш, улардан фойдаланиш тақиқланади. Жамоатчилик назорати натижалари аниқ фактлар ва далиллар асосида, ишончли ва тасдиқланган маълумотлар билан расмийлаштирилиши лозим. Давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари фаолияти ҳақида қасддан ёлғон ва сохта маълумотлар тўплаш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган нотўғри ахборотларни тарқатганлик учун тегишлича жавобгарликлар келиб чиқиши мумкин.

Жамоатчилик назорати субъектларининг давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига асоссиз аралашувига ва уларга ғайриқонуний таъсир кўрсатишига йўл қўйилмайди. Қонунга кўра, жамоатчилик назорати субъектларининг ахборот олишга бўлган ҳуқуқи, агар мазкур ахборот шахсга доир маълумотлар ёхуд давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган бўлса, чекланиши мумкин.

9. Фуқароларнинг жамоатчилик назоратидаги иштирокининг ҳуқуқий асослари

Эслаб қолинг!

Фуқароларнинг жамоатчилик назоратидаги  иштироки қуйидаги қонунлар билан кафолатланади:

1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси.

2. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни.

3. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 сентябрдан кучга кирган янги таҳрирдаги“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни.

4. Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 1 январдан кучга кирган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуни.

5. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни.

6. Ўзбекистон Республикасининг “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги қонуни.

7. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонуни.

8.Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонуни.

9.Ўзбекистон Республикаси МЖтК, ЖК, ЖПК, ФПК ва бошқа қатор қонун ҳужжатлари.

1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 32-моддасида фуқароларнинг жамоатчилик назорати билан боғлиқ ҳуқуқлари конституциявий норма даражасига кўтарилган. Унга кўра: “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади. Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади”. 

Юқоридагилар билан бирга, Конституциямизнинг бошқа бир қатор моддаларида ҳам жамоатчилик назоратининг умумий асосларини белгиловчи нормалар мавжуд. Жумладан, Бош қомусимизнинг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”,  7-моддада эса, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади”, деб белгиланган.

Конституциянинг юқоридаги нормалари давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги энг муҳим вазифаларни ҳал этишда фуқароларнинг роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган.

2. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни фуқароларнинг жамоатчилик назоратидаги иштирокини кафолатловчи махсус қонун ҳисобланади. Мазкур қонуннинг асосий мақсади ҳам давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

3. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 сентябрдан кучга кирган янги таҳрирдаги кучга кирган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни жамоатчилик назоратини ҳуқуқий кафолатларини белгиловчи яна бир муҳим қонунлардандир. Ушбу қонун давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиб, айни пайтда жамоатчилик назоратининг айрим жиҳатларини ҳам мустаҳкамлайди.

4. Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуни давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан, тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини белгилайди. Жамоатчилик назоратининг субъектлари ана шундай ҳамкорлик йўли билан ҳам давлат органлари фаолиятини назорат қилиб туради. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари вакилларининг давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида иштирок этиши, давлат органлари билан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиши, ижтимоий шериклик тўғрисида битимлар ва шартномалар тузиши, биргаликдаги лойиҳалар ва режаларни ишлаб чиқиши ҳамда амалга ошириши, ўзаро ахборот алмашиб туриши орқали ҳам жамоатчилик назорати амалга оширилиши мумкин.

5. Ўзбекистон Республикасининг Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунида жамоатчилик назоратига оид нормалар мавжуд.Хусусан, унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш (чоп этиш), расмий веб-сайтларда жойлаштириш ва янгилаб бориш, ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарга ва жойларга жойлаштириш ҳамда янгилаб бориш, ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиш, ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўрови асосида уларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида оғзаки ва ёзма шаклда (шу жумладан, электрон ҳужжат шаклида) ахборот тақдим этиш усуллари белгилаб қўйилган. Шу билан бирга ушбу усуллар рўйхати қатъий чекланган бўлмай, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Қонун билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровни кўриб чиқиш тартиби белгилаб берилган. Унга кўра, ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши керак (19-модда).

6. Ўзбекистон Республикаси “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги қонунининг 2-моддасида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантиришга доир қонун ҳужжатларини такомиллаштиришнинг асосий принциплари келтирилган бўлиб, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва давлат ҳокимияти марказий органларининг ваколатларини жойлардаги бошқарув органларига босқичма-босқич ўтказиш, ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, мудофаа ва хавфсизликни таъминловчи тузилмалар фаолияти устидан жамоат назорати механизмини шакллантириш ва кучайтириш” унинг тамойилларидан бири сифатида қайд этилган.

7. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонунида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлашга қаратилган бир қатор механизмлар белгилаб берилган. Унга кўра, Конституция бўйича тегишли мажбурият юкланган юқорида қайд этилган субъектлар мақбул ахборот ресурслари яратиши, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлаши шарт.

8. “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасида жамоат бирлашмалари давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларини тузишда қатнашиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг қарорларини тайёрлашда иштирок этиш, давлат ва жамоат идораларида ўз аъзолари (қатнашчилари) номидан иш юритиш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқларига эгалиги қайд этилган.

9. Ўзбекистон Республикаси МЖтК, ЖК, ЖПК, ФПК ва бошқа қатор қонун ҳужжатларида ҳам жамоатчилик назорати ёки жамоатчиликнинг иштироки шаклида келтирилган нормалар мавжуд. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
6-моддасида жиноят қонунчилигининг демократизм принципи акс этган бўлиб, унда жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ёки жамоалар жиноят содир этган шахслар ахлоқини тузатиш ишига қонунда назарда тутилган ҳолларда жалб қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 19, 21, 25, 40-44, 80, 322, 326, 349, 459, 524, 531, 536, 539, 543, 545,т 580-моддаларида жиноят процессида жамоатчиликнинг иштироки ва ўрни белгилаб қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ЖПКда жамоатчилик назорати ҳамда жиноят процессида жамоат бирлашмалари ва жамоаларнинг иштироки тўғрисида қуйидаги нормалар акс этган:

  • шартли ҳукм қилиш тўғрисида жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг илтимосномаси бўлса, суд шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқ-атворини кузатиш учун уни шу бирлашма ёки жамоага топшириши мумкин (459-модда);
  • муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш тарзидаги жазодан озод қилиш жамоат бирлашмаси, жамоа илтимосномасига биноан судья томонидан амалга оширилади (536-модда);
  • жарима солиниши ва ахлоқ тузатиш ишларини жазонинг бошқа тури билан алмаштириш Жиноят кодексининг 44- ва
    46-моддаларига мувофиқ судья томонидан жазони ижро этувчи органлар тақдимномаси билан ёки жамоат бирлашмаси ёхуд жамоанинг илтимосномаси бўйича амалга оширилади (539-модда);
  • ахлоқ тузатиш ишлари ўталган вақтни маҳкумнинг умумий меҳнат стажига қўшиш тўғрисидаги масала судья томонидан кўриб чиқилаётган пайтда илтимоснома ким ҳақида берилган бўлса, шу шахснинг, шунингдек, илтимос қўзғатган жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг вакили қатнашиши шарт (545-модда);
  • манфаатдор фуқаролар, шунингдек, жамоат бирлашмалари ва жамоаларнинг илтимосномаси тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини бекор қилиш ёки ўзгартириш ва иш юритишни умумий тартибда тиклаш тўғрисидаги масалаларни судда кўриб чиқишга сабаб бўлади (580-модда).

10. Фуқароларнинг давлат органларига мурожаатлари ва сўровлари қандай тартибда амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқини кафолатлайди ва мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини белгилаб беради.

Эслаб қолинг!

Фуқаролар:

  • давлат органларига аризалар, шикоятлар ва таклифлар билан мурожаат қилишга, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга сўровлар юборишга ҳақли; 
  • уларнинг мурожаатлари ва сўровлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат органлари томонидан кўриб чиқилади;
  • фуқароларнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқи, агар мазкур ахборот шахсга доир маълумотлар ёхуд давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган бўлса, чекланиши мумкин.

Фуқаролар “MENING FIKRIM” жамоавий мурожаатлар портали орқали ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари юзасидан таклифлар билан мурожаат қилиши мумкин.

Фуқаролар мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланаётганда қуйидагиларга риоя этиши шарт: бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслик;жамият ва давлат манфаатларини бузмаслик.

Мурожаатларнинг турлари ариза;таклиф;шикоят.

Мурожаатларнинг шакллари: оғзаки;ёзма;электрон.

Эслаб қолинг!

Ариза – ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат.

Таклиф – давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат.

Шикоят – бузилган ҳуқуқлар, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат.

Мурожаатлар, уларнинг тури ва шаклидан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга.

Фуқаронинг мурожаатида қуйидаги маълумотлар

кўрсатилиши шарт:

  • унинг фамилияси (исми, отасининг исми);
  • яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар;
  • мурожаатнинг моҳияти;
  • ёзма мурожаат қилганда, албатта,  имзоси.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак. Электрон мурожаат Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги ва “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Электрон мурожаатда электрон рақамли имзо, мурожаатни жўнатувчи юридик шахснинг номи, агар жисмоний шахс бўлса, унинг фамилияси, исми, отасининг исми, электрон мурожаатни жўнатувчининг почта ва электрон манзили, мурожаат қилинган сана кўрсатилиши шарт.

Эслаб қолинг:

Қуйидаги мурожаатлар аноним мурожаатлар ҳисобланади ва улар кўриб чиқилмайди:

  • фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган;
  • улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган;
  • имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаатлар.

Қонунга биноан давлат органларида фуқароларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади. Вакилларни қабул қилиш белгиланган кун ва соатларда, қабул қилиш жадвалларига мувофиқ ўтказилади. Бу ҳақдаги маълумотлар давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек, махсус стендларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

Фуқаро оғзаки мурожаат қилаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак.

Давлат органларининг шахсий қабулни ўтказувчи раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари ҳар қандай масалалар, шу жумладан, ўз ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича мурожаат этилганда қабулни рад этишга ҳақли эмас. Бундай ҳолларда мурожаат этувчига мурожаатда баён этилган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш лозимлигини тушунтирилиши керак.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколат доирасига кирмайдиган давлат органига келиб тушган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш,  қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёхуд мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.

Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур маълумотлар мавжуд бўлмаса, улар мурожаат этувчига беш кунлик муддатдан кечиктирмай, асослантирилган тушунтириш билан қайтарилади.

Мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, мазкур мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органининг мансабдор шахси мурожаат этувчидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин. Агар ахборот давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этиши шарт.

Эслаб қолинг!

Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари

  • Ариза ёки шикоят давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
  • қўшимча текшириш ўтказиш, материаллар сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин,
  • Таклифлар бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг 2016 йил 22 февралдаги буйруғига асосан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш учун сўровларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва қайта ишлаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома ишлаб чиқилган. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг  очиқлиги  тўғрисида”ги Қонунига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги 320-сон “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш учун сўровларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва қайта ишлаш тартибини белгилайди.

Давлат органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров оғзаки ёки ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат шаклида тақдим этилиши мумкин. Бунда электрон ҳужжат шаклидаги сўровлар давлат органларининг расмий веб-сайтлари, расмий электрон почта манзиллари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.

Электрон ҳужжат шаклида сўров тушган кунида қоғозга босиб чиқарилиши керак.

Ахборотдан фойдаланувчини идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

Сўров давлат органига келиб тушгандан сўнг, у сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходим томонидан Сўровларни рўйхатга олиш журналига ёки электрон ҳужжат айланиш тизимига қайд этилади.

Сўровларни рўйхатга олиш журнали ёки электрон ҳужжат айланиш тизимида сўров қабул қилинган сана, сўровнинг тартиб рақами, сўров билан мурожаат қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи (юридик шахслар учун – юридик шахснинг тўлиқ фирма номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар, сўровнинг қисқача моҳияти, агар сўров дубликат ёки такрорий бўлса, унинг дубликат ёки такрорийлиги ҳамда сўров ижроси тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Резолюцияда сўровни ижро этиш учун масъул этиб белгиланган таркибий бўлинма(лар) раҳбарининг фамилияси, топшириқ мазмуни акс эттирилади ҳамда давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади ва сана қўйилади.

Резолюция ёзилганидан сўнг, сўров сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходим томонидан уни ижро этиш учун масъул этиб белгиланган таркибий бўлинма ходимига имзо қўйдирган ҳолда топширилади.

Сўровлар “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади.

Давлат органида мазкур ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланган график асосида белгиланган кунлар ва соатларда жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади.

Ахборотдан фойдаланувчи оғзаки мурожаат этаётганда, давлат органи масъул ходимига ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини, юридик шахснинг вакили эса, ўзининг шахсини ва ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатларини кўрсатиши керак. Бундай ҳужжатларни кўрсатмаган ахборотдан фойдаланувчилар қабул қилинмайди.

Ахборотдан фойдаланувчиларнинг оғзаки сўровлари давлат органининг “Ишонч телефонлари” орқали қабул қилиниши мумкин. Оғзаки сўровга, имкониятга қараб, дарҳол жавоб берилиши керак.

11. Фуқаролар давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эгами?

Жамоатчилик назорати субъектлари, жумладан, фуқаролар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Давлат органлари ўзининг очиқ ҳайъат мажлисларида жамоатчилик назорати субъектлари иштирок этиши учун шароитлар яратади.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги
320-сон “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги қарори билан 2015 йил 25 ноябрда “Ахборотдан фойдаланувчиларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартиби тўғрисида”ги намунавий низом чиқарилган. Мазкур низом “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунга қўра, ахборотдан фойдаланувчиларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартибини белгилайди. Бунга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартибини белгилаши, бунинг учун зарур шароитлар яратиши лозим.

Қонунга асосан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчи ҳисобланади.

Эслаб қолинг!

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари:

  • ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартибини белгилаши;
  • очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиши лозим.

Давлат органларининг ҳайъат мажлислари очиқ тарзда ўтказилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Давлат органлари очиқ ҳайъат мажлисларини ўтказиш режалари, кун тартиби, санаси, жойи ва вақти ҳамда бошқа зарур маълумотларни ахборот стендларига мажлис ўтказилишидан камида уч кун олдин жойлаштириши шарт.

Ахборотдан фойдаланувчи очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиш учун тегишли давлат органига сўров билан мурожаат қилади. Сўров қонунда белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилиши лозим.

Ахборотдан фойдаланувчининг идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўровлар аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

Сўров келиб тушган куни давлат органи томонидан рўйхатга олинади ва зудлик билан кўриб чиқилади.

Сўровга асосан ҳайъат масъул котиби ахборотдан фойдаланувчини очиқ ҳайъат мажлисида иштирок этувчилар рўйхатига киритади ҳамда бу ҳақда унга маълум қилади. Очиқ ҳайъат мажлисининг ўтказилиш санаси, вақти ёки жойи ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ахборотдан фойдаланувчига маълум қилинади.

Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлисига шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида киритилади.

Давлат органлари очиқ ҳайъат мажлиси ўтказиладиган залда ахборотдан фойдаланувчилар учун жой тайёрлайди. Иштирокчилар сони кўпайиб кетса, улар очиқ ҳайъат мажлисининг боришини видео тасвир орқали монеликсиз кузатиб бориши мумкин бўлган хонага жойлаштирилиши мумкин.

Ҳайъат мажлисига кечикиб келиш мумкин эмас. Мажлисга кечикиб келганлар киритилмайди.

Ахборотдан фойдаланувчи мажлис ўтказилаётган вақтда тартибни бузса, раислик қилувчи томонидан огоҳлантирилади, тартибни такроран бузган тақдирда, мажлис ўтказилаётган залдан чиқариб юборилади.

Ахборотдан фойдаланувчиларга очиқ ҳайъат мажлисини фотосуратга, видео тасвирга олишга, овоз ёзиш воситаларидан фойдаланишга рухсат берилмайди.

12. Фуқаролар жамоатчилик муҳокамасида қандай эштирок этади?

Мамлакатимизда фуқароларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки ижтимоий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан жамоатчилик муҳокамаларида иштирок этиши учун қонунларимизда етарлича ҳуқуқий механизмлар яратилган. Масалан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг
19-моддасига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун лойиҳани ишлаб чиқаётган ташкилот томонидан ишчи гуруҳ (комиссия) тузилиши мумкинлиги, унинг таркибига нодавлат ташкилотлар вакиллари ва фуқароларнинг ўз розилиги билан кириши мумкинлиги белгиланган. Мазкур қоидаларнинг амалий ижросини парламент фаолиятида, унинг қўмиталари ва комиссиялари ишига нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларини кенг жалб этилишида кўришимиз мумкин. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлари таркибига давлат органлари, илмий муассасалар вакиллари билан бир қаторда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини ҳам киритади.

Мазкур жараённинг ҳуқуқий механизмлари “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида янада батафсил мустаҳкамлаб қўйилган. Бунга кўра, “ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, давлат органларининг бошқа қарорларини оммавий муҳокама қилиш жамоатчилик муҳокамасидир.

Эслаб қолинг!

Жамоатчилик муҳокамасини қуйидагилар ўтказиши мумкин:

  • Нодавлат нотижорат ташкилотлари.
  • Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари.
  • Оммавий ахборот воситалари.

Жамоатчилик муҳокамаси турли ижтимоий гуруҳларнинг вакиллари, шу жумладан, муҳокама этилаётган масала ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ёки дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахсларнинг иштирокида ўтказилиши мумкин.

Бу нормалар давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга. Масалан, 2017 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у билан бирга қуйидаги иккита ҳужжат – 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. Бунда фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан юксак фаоллик кўрсатиб, муҳокама жараёнларида қизғин иштирок этди. Хусусан, лойиҳаларнинг “Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими” порталида йўлга қўйилган жамоатчилик муҳокамаси натижалари бўйича 1 минг 310 та таклиф ва мулоҳазалар келиб тушиб, улар асосида Давлат дастурининг 41 та банди қайта кўриб чиқилди.

Эслаб қолинг!

Жамоатчилик муҳокамаси

  • турли ижтимоий гуруҳларнинг вакиллари иштирокида ўтказилиши мумкин; 
  • муҳокама этилаётган масалага дахлдор шахслар иштирокида ўтказилиши мумкин;
  • оммавий ахборот воситалари орқали ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳам ўтказилиши мумкин;
  • оммавий ва очиқ ўтказилади;
  • иштирокчилари муҳокамага киритилган масалалар юзасидан ўз фикрини эркин билдиришга ва таклифлар киритишга ҳақли;
  • ташкилотчиси муҳокамага киритилаётган масалаларни, муҳокамани ўтказиш муддати ва тартиби тўғрисидаги ахборотни олдиндан эълон қилади;
  • ташкилотчиси муҳокамага киритилаётган масалаларга оид материаллардан барча иштирокчиларнинг эркин фойдаланишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фуқаролар томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш орқали уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида
2019 йил 1 июлда “Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Мазкур қарор билан
ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Ушбу Низомда ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишнинг мақсадлари ҳам белгилаб қўйилди.

Эслаб қолинг!

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишнинг мақсадлари:

  • фуқароларига жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш;
  • инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш;
  • фойда, харажат ва кутилаётган натижалар таҳлилини ҳамда уларнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига, ижтимоий соҳага, тадбиркорлик фаолиятига, атроф-муҳит ҳолатига таъсирини, шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни баҳолаш имконини яратиш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган ёки жорий этишга шароит яратадиган қоидаларни аниқлаш;

идораларнинг норма ижодкорлиги фаолиятини ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифати, уларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, шунингдек, самарасиз тартибга солиш оқибатида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари кўрган фойда ва чиқимлардан (шу жумладан зарар ва зиён) келиб чиққан ҳолда баҳолашнинг самарали тизимини жорий этиш.

Юқоридаги Низомда кўрсатилганидек, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун Ягона порталга жойлаштирилиши лозим.

Эслаб қолинг!

Фақат қуйидаги масалаларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари бўйича жамоатчилик муҳокамаси ўтказилмайди:

  • давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар;
  • Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш;
  • фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш;
  • халқаро шартномаларини тузиш, бажариш, тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш муносабати билан тайёрланган, шунингдек ташқи алоқаларни ташкил этишга таалуқли бўлган;
  • мудофаа ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасини бошқа давлатлар билан ҳарбий-техник ҳамкорликни амалга ошириш;
  • мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш, шунингдек давлат бошқаруви органларининг ҳайъати азоларини тасдиқлаш;
  • амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қоидаларини янги қабул қилинганларига мувофиқлаштириш.

Жамоатчилик муҳокамаси институтининг тобора ривожланиб бораётганини, айниқса, кейинги йилларда 4 мингга яқин қонун ҳужжати лойиҳаси муҳокамасида кенг жамоатчилик фаол иштирок этиб, бунда 17 мингдан зиёд таклиф ва ташаббуслар келиб тушганида ҳамда булар асосида мингдан ортиқ ҳужжат қайта ишланиб, қабул қилинганида яққол кўришимиз мумкин.

13. Жамоатчилик эшитуви

Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни 10-моддасига мувофиқ, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ёхуд фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият манфаатларига дахлдор масалаларни муҳокама қилиш учун ташкил этиладиган йиғилиш жамоатчилик эшитувидир. 

Эслаб қолинг!

Жамоатчилик эшитуви

  • фуқаролик жамияти институтлари томонидан ўтказилиши мумкин;
  • турли ижтимоий гуруҳларнинг вакиллари иштирокида ўтказилиши мумкин;
  • оммавий ва очиқ ўтказилади;
  • иштирокчилари ўз фикрини эркин билдиришга ва таклифлар киритишга ҳақли;
  • ташкилотчиси жамоатчилик эшитувига киритилаётган масалалар, эшитувни ўтказиш муддати ва тартиби тўғрисидаги ахборотни олдиндан эълон қилади;
  • ташкилотчи ўз ихтиёридаги, жамоатчилик эшитувига киритилаётган масалаларга тааллуқли бўлган материаллардан жамоатчилик эшитувининг барча иштирокчилари эркин фойдаланишини таъминлайди.

14. Жамоатчилик мониторинги

Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни 11-моддасига мувофиқ, давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятини жамоатчилик манфаатига дахлдор ахборотни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил этиш орқали кузатиш жамоатчилик мониторингидир.

Эслаб қолинг!

Жамоатчилик мониторингини қуйидагилар ўтказиши мумкин:

  • нодавлат нотижорат ташкилотлари;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;
  • жамоатчилик назоратининг бошқа субъектлари.

Жамоатчилик мониторинги оммавий ва очиқ ўтказилади. У ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳам ўтказилиши мумкин.

Жамоатчилик мониторингининг ташкилотчиси жамоатчилик мониторингининг объекти, уни ўтказиш муддати ва тартиби тўғрисидаги ахборотни олдиндан эълон қилади.

15. Жамоатчилик экспертизаси

Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунининг 12-моддасига мувофиқ, жамоатчилик экспертизаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат органларининг бошқа қарорлари лойиҳалари фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият манфаатларига мувофиқлигини аниқлаш учун уларни ўрганиш ҳамда баҳолашдан иборатдир.

Жамоатчилик экспертизасини қуйидагилар ўтказиши мумкин:

  • нодавлат нотижорат ташкилотлари;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;
  • оммавий ахборот воситалари.

Жамоатчилик экспертизасининг ташкилотчиси тегишли соҳада зарур билим ва тажрибага эга бўлган мутахассисларни жамоатчилик асосида жалб этиши ҳам мумкин.

Жамоатчилик экспертизасининг асосий мақсади, биринчи навбатда, қонун лойиҳаларини қабул қилишда фуқароларнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳимоя қилишдир. Жамоатчилик экспертизасининг муҳим аҳамияти шундаки, у фуқаролар билан давлат органларининг ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлайди.

Бунда, шунингдек, қонун лойиҳаларининг сифати, самарадорлиги, қонун ҳужжатларига мослиги, қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ва оқибатлари чуқур таҳлил қилинади.

Жамоатчилик экспертизасини ўтказиш аҳолининг республика даражасидаги ва минтақавий миқёсдаги қарорларни қабул қилиш жараёнида иштирок этишига ёрдам беради. Бу, ўз навбатида, жамоатчилик назорати ва қонун чиқариш жараёни самарадорлигини оширади.

16. Жамоатчилик фикрини ўрганиш

Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, жамоатчилик фикрини ўрганиш турли ижтимоий гуруҳларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисидаги, давлат органлари, у мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишига, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият манфаатларини таъминлашга доир фаолияти тўғрисидаги фикрини баҳолаш мақсадида ахборотни йиғиш, умумлаштириш ҳамда таҳлил этишдан иборатдир. 

Эслаб қолинг!

Жамоатчилик фикрини ўрганишни қуйидагилар ўтказиши мумкин:

  • нодавлат нотижорат ташкилотлари;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;
  • оммавий ахборот воситалари.

17. Фуқароларинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотларини эшитиш қандай амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддаси ва “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига мувофиқ,давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш ваколати фуқаролар йиғинига тегишли экани мустаҳкамланган.

Бунга кўра, фуқаролар йиғини:

  • ҳар чоракда туманлар ва шаҳарлар ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитади;
  • ички ишлар органлари таянч пунктлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларининг ҳисоботларини белгиланган тартибда эшитади;
  • ҳар чоракда камида бир марта тегишинча оилавий поликлиникаларнинг, қишлоқ врачлик пунктларининг ва таълим муассалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;
  • тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, шу жумладан, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиш сифати, иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар (кўп квартирали уйлар) атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши, шунингдек, экин майдонларидан самарали фойдаланилиши ва ерларни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;
  • ҳар чоракда камида бир марта ҳудуддаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда кўп қаватли уйларни бошқарувчи бошқа ташкилот раҳбарларининг ҳисоботини эшитади.
  • ҳар чоракда камида бир марта фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг), унинг ўринбосарларининг ва маслаҳатчиларининг, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда бир йилда камида бир марта тафтиш комиссияси раисларининг ҳисоботларини эшитади.

Мазкур вазифаларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари катта аҳамиятга эга. Чунки улар бу йўналишда олиб борилаётган ишларни кенг оммага етказади, фуқароларни бу жараёнларда иштирокчи бўлишига асосий кафолатлардан бири ролини ўтайди. Бунинг учун оммавий ахборот воситалари вакиллари мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар ҳақида, уларни мазмун-моҳияти юзасидан мунтазам равишда тегишли тушунча ва маълумотларга эга бўлиб бориши керак.

18. Жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқароларнинг ҳуқуқлари

Жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқароларнинг ҳуқуқлари

 “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 15-моддасида жамоатчилик назорати субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган.

Эслаб қолинг!

Фуқаролар жамоатчилик назоратини амалга ошириш чоғида қуйидаги ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин:

  • тадбирлар ташкил этиш ва уларда иштирок этиш;
  • зарур бўлган ахборотни давлат органларидан сўраб олиш;
  • таклифлар ва тавсиялар тайёрлаш ҳамда уларни тегишли давлат органларига кўриб чиқиш учун юбориш;
  • қонун бузилиши ҳолларида материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш;
  • давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд судга шикоят қилиш;
  • жамоатчилик назорати натижаларини эълон қилиш.

Фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

19. Жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқароларнинг мажбуриятлари

Маълумки, ҳуқуқ бўлган жойда мажбурият ҳам бўлади. Шу маънода жамоатчилик назорати субъектларининг қонун ҳужжатлари талабларига, қонунда белгиланган, давлат органларининг фаолияти билан боғлиқ бўлган чекловларга риоя этиш, давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслик, давлат органларининг фаолият кўрсатиши, шунингдек, мансабдор шахсларнинг фаолияти учун тўсиқлар яратмаслик, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслик каби мажбуриятлари ўз ифодасини топган.

Эслаб қолинг!

Жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқароларнинг мажбуриятлари:

  • қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;
  • қонунда белгиланган чекловларга риоя этиш;
  • давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслик;
  • давлат органларининг фаолият кўрсатиши, шунингдек улар мансабдор шахсларининг фаолияти учун тўсиқлар яратмаслиги;
  • фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслиги;
  • жамоатчилик назоратини амалга ошириш чоғида олинган ахборотнинг тарқатилиши қонун билан чекланган бўлса, унинг махфийлигига риоя этиш.