Кириш
Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, ривожланиши учун шароит яратиб беради.
БМТ Бош котиби А.Гуттериш 2019 йил 9 декабрь – “Коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан ўтказилган тадбирлар давомида жаҳон ҳамжамиятида ҳар йили 1 триллион АҚШ доллар ҳажмида пора бериш ва олиш жиноятлари содир этилади. Дунё иқтисодиёти ҳар йили коррупция туфайли 2,6 триллион АҚШ долларидан ортиқ маблағдан айрилади, бу жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизини ташкил этишини маълум қилган эди.
Бу каби аниқ рақамлар шуни кўрсатадики, халқаро иқтисодиётга коррупцияга оид жиноятларнинг содир этилиши оқибатида етказилаётган зарарнинг тобора ортиб бораётганлиги коррупцияга қарши курашиш соҳасини ҳар жиҳатдан янада кенгроқ тадқиқ этилиши айниқса долзарб аҳамият касб этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Бу борада давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор қонун ва Президент ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.
Маҳаллий экспертлар ва халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётганидек, бундай чоралар қисқа муддатда ўз самараларини бера бошлади. Жумладан, “Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2019 йил бўйича эълон қилинган “Коррупцияни қабул қилиш индекси” рейтингида Ўзбекистон 5 ўрин юқорига кўтарилиб, 158 ўриндан (2018 й.), 153 (2019 й.) ўринни эгаллади ёки дунёдаги нуфузли нашрлардан бири – “The Economist” журнали томонидан Ўзбекистон 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат – “Йил мамлакати” деб эътироф этилди.
Коррупцияга қарши курашиш борасида халқаро доираларда эришилаётган бу каби ютуқлар албатта амалга оширилаётган тизимли чораларнинг натижаси ҳисобланади.
Шу ўринда, соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлса-да, аммо давлат ва хусусий секторда ҳали ҳам коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сезиларли ўрин эгалламоқда.
Агарда статистик рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2017–2019 йиллар давомида 6.127 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилиган. Бунда мансабдор шахсларнинг коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2017 йилда 142 млрд. 662 млн. сўм, 2018 йилда
559 млрд. 174 млн. сўм, 2019 йилда эса 1 трлн. 853 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳали ҳам сезиларли даражада учраётгани ва келтирилаётган зарарнинг тобора ортаётганлиги мавжуд статистик рақамлардан ўз тасдиғини топмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил 11 февралда “Коррупцияга қарши курашиш ҳамда жамоатчилик назорати тизимлари такомиллаштирилади” номли йиғилишда коррупцияга қарши курашиш соҳасида белгиланган асосий вазифалардан бири ҳам ушбу соҳада жамоатчилик назорати тизимини жорий этиш, бунда тизимли равишда аҳолининг коррупцияга қарши курашишга оид ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш вазифалари белгиланади.
1. Ўзбекистон республикасида коррупцияга қарши курашиш:
Коррупция бу…
Коррупция (лотинча “corrumpere” “бузилиш, айниш, таназзул”) – ўз мансаб мавқеидан фойдаланиб манфаат кўришдир.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунининг 3-моддаси:
Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишига айтилади.
Коррупцияга оид тушунчалар:
Коррупциявий жиноятлар – бу мансабдор шахс ёки хизматчининг мансаб мавқеидан шахсий ёки бошқа шахсларнинг моддий ва номоддий наф кўриши учун ғаразли мақсадларда фойдаланишидан, шунингдек мансабдор шасхларни ушбу мақсадларда ўзига оғдиришдан иборат бўлган жиноятлардир.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш.
Манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият.
Порахўрлик – пора олиш, пора бериш ёки бу жиноятларда воситачилик қилиш.
Пора олиш – давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши;
Пора бериш – давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш.
Пора олиш-беришда воситачилик қилиш – пора олиш-беришда воситачилик қилиш, яъни пора олиш ёки бериш хусусидаги келишувга эришишга қаратилган фаолият, шунингдек манфаатдор шахсларнинг топшириғи билан порани бевосита бериш;
Пора эвазига оғдириб олиш – давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисига мазкур хизматчининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш.
Жамоатчилик назоратининг шакллари – давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш.
2. Коррупция иштирокчилари кимлар?
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг кенг тарқалган турларидан бири бу сўзсиз – порахўрликдир.
Демак порахўралик жиноятларида жиноят жараёни иштирокчилари сифатида, бир тарафдан – пора олувчи, иккинчи тарафдан эса – пора берувчи доимий иштирок этиши талаб қилинади.
Шунингдек, айрим ҳолларда ушбу жиноий ҳаракатларда пора олиш-беришда воситачилик қиладиган шахс иштирок этиши мумкинлиги назарда тутилади.

Мана шу уч турдаги шахсларнинг ҳаракатлари коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг иштирокчилари сифатида баҳоланади ва жавобгарликни келтириб чиқаради.
Пора олувчи ким?
Пора олувчи одатда мансабдор шахс бўлади ҳамда қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
мансабдор шахс – доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс, худди шунингдек халқаро ташкилотда ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс;
ҳокимият вакили – давлатнинг бирон-бир ҳокимият органининг номидан иш кўриб, муайян вазифаларни доимий ёки вақтинча амалга оширувчи ва ўз ваколатлари доирасида кўпчилик ёхуд барча фуқаро ёки мансабдор шахслар учун мажбурий бўлган ҳаракатларни содир этиш ёки фармойишлар бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс.
хизматчи – давлат органида, тижорат, нотижорат ташкилотида меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи, мансабдор шахс аломатларига эга бўлмаган шахс.
Пора берувчи ким?
Мансабдор шахсга ўзи ёки бошқа бир шахсларниг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ўзи ёки воситачи орқали моддий қимматликлар берувчи ёки мулкий манфаатдор этувчи жисмоний шахс.
Жисмоний шахс бу – 16 ёшга тўлган ақли расо бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс тушунилади.
Воситачи – яъни пора олиш ёки бериш хусусидаги келишувга эришишга қаратилган фаолият билан шуғулланган, шунингдек манфаатдор шахсларнинг топшириғи билан порани бевосита берган шахс.
Порахўрликда яқин қариндошлар иштироки.
Пора олиш, пора бериш ёки бу жиноятларда воситачилик қилиш учун иштирок этган қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари тутилади.
Пора сифатида нималар тақдим этилади ёхуд пора предмети нима бўлиши мумкин?
- пул;
- қимматбаҳо совғалар;
- моддий бойликлар;
шунингдек, пора оладиганга қайтармаслик шарти билан, лекин мулкий моҳиятга молик бўлган (масалан, таъмирлаш, қурилиш, қайта тиклаш ишларини бажариш ва бошқалар).
Порахўрлик жинояти қачон содир этилган ҳисобланади?
Пора ҳаракат содир қилингандан олдин ёки кейин берилишига боғлиқ бўлмасдан, пора олдиндан келишилганлиги, пора олувчининг манфаати учун бирон-бир ҳаракат бажарилган бўлишидан қатъи назар, пора предметининг бир қисми олинган ёки мулкий хизматлар кўрсатилган пайтдан бошлаб содир этилган деб ҳисобланди.
3. Коррупция шунчалик хавфлими?
Баъзилар коррупцияга одатий ҳолат сифатида қарайди, баъзилар фойдали деб ўйлайди:
- “Ахир нимаси ёмон? Ишим тез битди, вақтим ҳам тежалди”.
- “Ўғлимни ўқишга киргиздим, бекорчи бўлмайди энди.
- Ким зарар кўрди бундан?”
4. Коррупциянинг нимаси ёмон?
Мисолларда кўриб чиқамиз. Оддий нарсадан – “чўнтагимиздан” бошлаймиз. Ҳаммамиз давлатга солиқ тўлаймиз, давлатга даромадимизнинг бир қисмини берганимизда, давлат бизга ижтимоий хизматларни: таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизликни таъминлаб беришини биламиз.
Давлат маблағлари коррупцион схема бўйича тақсимлангандачи нима бўлади?
Масалан: мактабларга китоб етказиб (чоп этиб) бериш бўйича нашриёт билан шартнома тузилади. Шартномани айнан ўша напшриёт билан тузиш учун ишлаб чиқарувчи (гашриёт) ташкилот раҳбарига пора беради. Аммо, биламизки, ҳар қандай ишлаб чиқарувчи зарарига ишламайди ва пора эвазига берган пулини чиқариш учун паст сифатли маҳсулотдан фойдаланади ёки маҳсулот таннархини оширади. Натижада фарзандаларимиз, қолаверса жамият зарар кўради.
Ўз ишингизни коррупция йўли билан ҳал қилмоқчи бўлганизда, коррупцияга рози бўлганизда, нафақат ўз манфаатларингизга, балки, бошқалар манфаатларига ҳам зарар келтиришингизни унутманг.
Биз тизимдаги оворагарчилик, бюрократизмдан шикоят қиламиз, лекин бюрократик тўсиқларсиз “ишни тезроқ ҳал қилиш”ни ваъда қилган мансабдор шахс “қўшимча даромад” олиши мумкин бўлса, нега тизимдан шикоят қилишимиз керак.
Натижада битта хизмат учун 2 марта тўлаймиз: солиқ шаклида ва маълум бир мансабдор шахсинг чўнтагига.
Шуни унутманг, коррупция нафақат жамиятга зарар етказади, балки, натижага ҳам кафолат бермайди!
Коррупциянинг энг зарарли оқибати жамиятда чинакам адолатсизликни юзага келтиради.
Ҳар қандай шахс коррупциянинг зарарли оқибатлари қурбони бўлиши мумкин!!!
5. Коррупция ва жиноий жавобгарлик
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва уни олдини олишда ушбу турдаги ҳуқуқбузарик учун жавобгарлик ва жазо масаласи қадимдан энг асосий воситаси сифатида эътироф этилган (Масалан, Амир Темур ўз давлатида порахўрлик ёки таъмагирлик ҳақидаги хабарни олгандан сўнг, бу хабар хуфёна айғоқчилар томонидан тасдиқланиши лозим бўлган, шундан кейингина давлат амалдорларига нисбатан жазо сифатида, пора тариқасида талаб қилган мол-мулкидан 2 баравар кўпроқ мулк миқдорида жарима ундирилган.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодексида порахўрлик жиноятларидан ташқари коррупция турли кўринишдаги бошқа жиноятларда ҳам намоён бўлиши мумкин. Қуйида ушбу турдаги жиноятларнинг айримларига тўхталиб ўтсак.
Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш.
Бу ҳолатда мансабдор шахс ўз мансаб ваколатларидан давлат ва жамият манфаалари учун эмас, балки ўз манфаати учун фойдаланади ва зарар етказади. Ушбу қилмиш амалдаги жиноят кодекси билан жиноят сифатида эътироф этилади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси:
205-модда. Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш
Ҳокимиятни ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса.
Мисол:
А. банк бошқарувчиси бўла туриб, ўз мансаб лавозимини суииъстемол қилган ҳолда, М.га ғалла ҳосилига ажратилган имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан, акасининг Т. номли фермер хўжалигини қарздорлигини ёпиш учун пулни ҳисоб рақамига ўтказади.
Ҳокимият ёки мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқиш.
Мансаб ваколати доирасидан четга чиқишнинг асосий кўринишлари деганда: мансабдор шахс томонидан бошқа шахснинг ваколати доирасига кирувчи ҳаракатларнинг содир этилиши; мансабдор шахс томонидан фақат қонунда ёки қонун ости ҳужжатида кўрсатилган алоҳида ҳолатлар мавжуд бўлгандагина содир этилиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг содир этилиши; коллегиал орган ваколатига кирувчи ҳаракатни мансабдор шахс томонидан якка тартибда содир этилиши; ҳеч ким ва ҳеч қандай ҳолатда амалга оширишга ҳақи бўлмаган ҳаракатларнинг мансабдор шахс томонидан содир этилиши ва бошқалар ҳисобланмоғи лозим.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси:
206-модда. Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш
Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса.
Шунингдек, амалдаги жиноят кодексининг қуйидаги жиноят турларида ҳам коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик назарда тутилган:
Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (167-модда);
Тижоратда пора эвазига оғдириб олиш (1929-модда);
Нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш (19210-модда);
Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш (19211-модда);
Мансаб сохтакорлиги (209-модда);
Давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш (213-модда);
Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши (214-модда);
Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш (228-модда) ва бошқа.
6. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун қандай жазо белгиланган?
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун қуйидаги жазо турлари бири ёки бир-нечтаси содир этилган қилмишнинг енгил ёки оғирлигига қараб тайинланиши мумкин.
Жарима;
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
Мажбурий жамоат ишлари;
Ахлоқ тузатиш ишлари;
Озодликни чеклаш;
Озодликдан маҳрум қилиш;
Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш.
ФУҚАРОЛАР УЧУН ЭСЛАТМА!
Сиздан пора беришни талаб қилишмоқда, нима қиласиз?
Ҳар бир инсон ўзининг фуқаролик позицияси, ахлоқ тамойиилари, ҳаёт тажрибаси ва албатта виждонига кўра қарор қабул қилади. Сиздан пора талаб қилишганда нима қилиш кераклиги борасида икки йўлингиз бор:
Биринчи йўл: Сиздан пул талаб қилганлик ҳолатига бевафарқ бўлиб, ҳеч нарса қилмайсиз. Бундай ҳолатда Сизнинг масалангиз ҳал бўлмаслиги эҳтимоли юқори, товламачи эса ўз ишида бошқалардан ҳам пул талаб қилишни давом эттираверади.
Иккинчи йўл: Коррупция ҳолати бўйича ваколатли органларга мурожжат қилиш.
Ҳар бир инсон мустақил қарор қабул қилади!!!
Бир қарорга келишдан олдин, ўйлаб кўринг, яхши ўқимаган ва пул бериб ўқишга кирган бола бюджедда ўқиса-ю, Сизнниг аъло баҳоларга ўқиган фарзандингиз контракт асосида ўқиб юрса. Кейинчалик, Сиз пул билан ўқишга кирган шифокорда даволанишни хоҳлармидингиз?
8. Агар сиз коррупция ҳақида мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, кейинги ҳаракатларингиз?
Коррупция ҳолати юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни лозим деб топдиз, Сизнинг ҳаракатларингиз:
1-ҚАДАМ: Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ариза билан мурожаат қилиш керак.
Жиноят ҳақида хабар беришда қуйидагиларни кўрсатиб ўтишингиз керак:
- қачон, қаерда ва ким орқали мансабдор шахс пора сифатида пул талаб қилган;
- мансабдор шахснинг пора сифатида пул талаб қилинганлик факти қайси ҳаракатларида ифода этилган;
- ариза берувчи шахс олдиндан мансабдор шахс билан таниш бўлганми, қандай ҳолатда, жиноятчи шахс ҳақида маълумотни кўрсатиш керак;
- пора сифатида нима, қачон ва қайси ишни ҳал қилганлик учун берилиши;
- навбатдаги учрашув қачон қаерда ва нима мақсадда белгиланганлиги;
- пора қачон, қаерда берилиши.
Ёзма шаклда мурожаат қилганда, коррупция ҳолати бўйича ариза билан мурожааат қилган шахснинг Ф.И.Ш. ва манзили кўрсатилади ва у имзо қўйилади.
Оғзаки шаклда мурожаат қилганда, коррупция ҳолати бўйича баённома тузилади, унга аризачи ва баённома тузувчи имзо қўяди, ҳужжатда аризачи ҳақида маълумот, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатиб ўтилади.
2 ҚАДАМ: Аризангиз ҳақиқатдан ҳам қабул қилинганлигига ишонч ҳосил қилинг.
Ариза қабул қилингандан сўнг аризачига мурожаат қабул қилинганлиги ҳақида ҳужжат берилади. Бу аризангиз нусхаси ҳам бўлиши мумкин. Ариза қабул қилинганлиги тўғрисидаги ҳажжатда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
- аризани қабул қилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими ҳақида маълумот;
- унинг имзоси;
- аризанинг рўйхатдан ўтказилганлик рақами;
- қабул қилиш санаси;
- қабул қилган орган номи, манзили ва телефон рақами.
3 ҚАДАМ: Аризангиз кўриб чиқилишини назорат қилиш.
Сиз берган аризангизнинг натижаси ва кўрилган чоралар ҳақида маълумот олишга ҳақлисиз. Шунингдек, аризани қабул қилган орган раҳбарининг қабулига ҳам кириши мумкин.
4 ҚАДАМ: Шикоят қилиш.
Агарда, коррупция ҳолати юзасидан берган аризангизни қабул қилинмаса, Сиз юқори турувчи органга шикоят билан мурожаат қилишингиз мумкин. Масалан: туман прокуратураси коррупция ҳолати бўйича аризангизни қабул қилмади, вилоят ёки Бош прокуратурага мурожаат қилишингиз мумкин.
Диққат!!! Аноним мурожаат асосида коррупция ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилмайди, аммо текшириб чиқилади.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофоза қилувчи органлар айримларига расмий сайти орқали ҳам электрон (онлайн) шаклда мурожаат қилиш учун имкониятлар мавжуд.
ДИҚҚАТ!!!
- Ёлғон хабар берганлик учун Жиноят кодексининг
237-моддасида; - Туҳмат қилганлик учун Жиноят кодексининг 139-моддасида (бир йил давомида такроран содир этса);
- Туҳмат қилганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида жавобгарлик белгиланган ҳамда бу ҳаракатлар жавобгарликни келтириб чиқаради.
ҚАЕРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК?
Яшаш жойингизга яқин жойлашган ҳуқуқни муҳофоза қилувчи қуйидаги ҳудудий бўлинмаларга оғзаки, ёзма ёки баъзиларига электрон шаклда мурожаат қилиш мумкин:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;
- туман, шаҳар, вилоят прокуратурасига ташриф буюриб;
- 1007 қисқа рақамли Ишонч телефонига қўнғироқ қилиш (71) 232-10-07 ёки ижтиомий тармоқлар орқали prokuratura.uz
- почта хизмати орқали юбориш (Манзил: Тошкент ш., Я.Ғуломов кўчаси, 66-уй).
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
- почта хизмати орқали юбориш (Манзил: Тошкент ш., Ю.Ражабий кўчаси 1-уй индекс 100029);
- ҳудудий бошқарма ва бўлимларига ташриф буюриб, шахсан тақдим этиш;
- вазирликнинг 1102 қисқа рақамли Ишонч телефонига қўнғироқ қилиш;
- тўғридан-тўғри электрон шаклда мурожаат қолдириш.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;
- почта хизмати орқали юбориш (Манзил: Тошкент ш. Сайилгоҳ кўчаси 5уй, индекс100047);
- ҳудудий бошқарма ва бўлимларига ташриф буюриб, шахсан тақдим этиш;
- вазирликнинг 1008 қисқа рақамли Ишонч телефонига қўнғироқ қилиш;
- тўғридан-тўғри электрон шаклда мурожаат қолдириш.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
- почта хизмати орқали юбориш (Манзил: Тошкент ш., Я.Ғуломов кўчаси, 39А-уй);
- ташриф буюриб, шахсан тақдим этиш;
- 71-233-1007 рақамли Ишонч телефонига қўнғироқ қилиш;
- тўғридан-тўғри электрон шаклда мурожаат қолдириш.
9. Ҳуқуқни муҳофоза қилувчи органга мурожаат матни намунаси
