1. НИКОҲ ЎЗИ НИМА?
Азал-азалдан никоҳга эркак ва аёлнинг ўзаро биргаликда яшаш ва оила қуришига қаратилган иттифоқи сифатида қараб келинган.
Никоҳ – ўзаро муҳаббат ва ҳурмат, ўзаро ёрдам ва бир-бирининг олдида жавобгарликка асосланган эркак ва аёлнинг иттифоқидир. Никоҳ тузиш натижасида оила вужудга келади, эркак ва аёл ушбу лаҳзалардан бошлаб – эр-хотин мақомига эга бўлади. Оила кодексининг “Эр-хотин ҳуқуқ ва мажбуриятларининг вужудга келиши” деб номланган 18-моддасида бу хусусида шундай дейилади:
Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномалари (ҳужжатлари)ни қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар эр-хотин деб ҳисобланадилар ва шу пайтдан эътиборан улар ўртасида эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, 18-модда.
Никоҳ аҳди инсонларга юксак масъулият юклайди. Оилада эрнинг ҳам, аёлнинг ҳам ўз вазифалари бор, улардан ҳар бири ўз вазифасини тўла адо этишга масъулдир. Никоҳ туфайли ота-она ўзидан сўнг зурриёт қолдириб, инсон насли давом этишига сабаб бўлади.
НИКОҲ – ОИЛА ИБТИДОСИ, ҚОН-ҚАРИНДОШЛИКНИНГ БОШЛАНИШИМИ?
Ҳа, чин маънодаги, қонуний никоҳ оиланинг ибтидосидир. Айни пайтда никоҳ қон-қариндошликни ҳам вужудга келтиради. Масалан, эр-хотин ворислик муносабатларида бир-бирига нисбатан қонун бўйича биринчи навбатдаги меросхўрга айланади.
Никоҳга киришиш натижасида қуда-андачилик муносабатлари ҳам юзага келади. Аммо эр (хотин) ва унинг яқин қариндошлари билан хотин (эр) қариндошларининг бир-бирига нисбатан муносабатлари (қайин-бўйинчилик ва қуда-андачилик) ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқармайди.
Асос: Оила кодекси, 59-модда.
НИКОҲ ТУЗИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
Амалдаги оила қонунчилигига кўра, давлат фақатгина ФҲДЁ органларида рўйхатдан ўтган никоҳни тан олади. Никоҳни қайд этиш никоҳланувчи шахслардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органлари томонидан амалга оширилади.
Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади.
Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
Оила кодекси, 13-модда.
Мазкур органларда никоҳни тузиш тартиби қуйидаги асосий қоидаларга кўра амалга оширилади:
- никоҳ фақат никоҳга киришувчиларнинг шахсан иштирокида тузилади, яъни никоҳга кириш учун ариза эркак ёки аёл томонидан бевосита ёзилади ва имзоланади;
- никоҳга киришувчи шахсларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига ариза топширган кундан бир ой ўтгач, рўйхатдан ўтказилади. Бу ўринда бир ойлик муддат оқилона муддат сифатида кўрилади;
- никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи биносида рўйхатдан ўтказилади. Бу ҳолат никоҳ тузувчи томонлар давлат ва жамиятнинг эътиборида эканига ишора бўлиб, никоҳ ФҲДЁ ходимлари томонидан никоҳ уйларида, тўйхоналарда тантанали равишда ўтказилиши мумкинлигини ҳам билдиради. Тантанали ўтказиш, иштирокчиларнинг гувоҳлиги томонларга ўзига хос жиддий масъулият юклайди;
- никоҳнинг рўйхатдан ўтказилгани хусусидаги ёзув эр-хотиннинг паспортига киритилади. Дарҳақиқат, никоҳ шахс ҳаёти воқелигида юз берадиган ўзига хос ижтимоий ҳодиса бўлиб, у давлат томонидан албатта қайд этилиши лозим бўлган тўртта ҳолат (юридик факт)дан биридир. Паспорт инсон шахсини тасдиқловчи бирламчи ҳужжат бўлганидан бу ҳолатнинг унда қайд этилиши табиийдир.
Никоҳ тузилгани қайд этилганидан кейин никоҳ тузилгани тўғрисида гувоҳнома берилади.
НИКОҲ ФАҚАТ ФҲДЁ ОРГАНИДА ҚАЙД ЭТИЛАДИМИ ЁКИ ИСТИСНО ҲОЛАТЛАРИ ҲАМ БОРМИ?
Ҳа, истисно ҳолатлар бор. Алоҳида ҳолатларда никоҳланувчилардан бири бетоблиги сабабли ФҲДЁ органига кела олмайдиган истисно ҳолларда никоҳ шифохонада, уйда ёки бошқа тегишли жойда никоҳланувчи иккала шахснинг иштирокида амалга оширилади. Далолатнома ёзувининг “Белгилар учун” устунида бу ҳақида тегишлича ёзиб қўйилади.
Айни вақтда тергов ҳибсхоналарида, озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони ижро этувчи муассасаларда сақланаётган шахслар билан тузиладиган никоҳни қайд этиш, ушбу муассаса жойлашган ердаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Зеро, давлатнинг ижтимоий вазифасидан келиб чиқиб, Конституциямизда “давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши” нормаланган.
Никоҳ никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрида белгиланган намунадаги ариза билан мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади.
ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахсларнинг никоҳ тузилганлигини қайд этиш тўғрисидаги аризасини қабул қилишда белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 17-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.
Бунда эллик ёшгача никоҳ тузувчи шахслар ОИВ-инфекцияси юзасидан тиббий текширувдан мажбуран ўтиши керак.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари, 73-банд
Асос: Оила кодекси,13-модда, 217-модда.
НИКОҲ ТУЗИШ МУДДАТИ ҚИСҚАРТИРИЛИШИ ЁКИ УЗАЙТИРИЛИШИ МУМКИНМИ?
Никоҳ тузиш муддати қисқартирилиши ёки узайтирилиши мумкин. Бироқ бунинг учун қонунда назарда тутилган муайян сабаблар мавжуд бўлиши талаб этилади. Узрли сабаблар бўлганда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин. Алоҳида ҳолатлар (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар)да никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин. Бунда узрли сабабларни тасдиқловчи – болаларининг туғилгани ҳақидаги гувоҳномалари, келиннинг ҳомиладорлиги ҳақида тиббиёт муассасасининг маълумотномаси, хизмат сафари тўғрисидаги гувоҳнома каби ҳужжатлар кўрсатилади.
ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАРДА НИКОҲНИ ҚАЙД ЭТИШ (РАСМИЙЛАШТИРИШ) МУДДАТИ ҚИСҚАРТИРИЛИШИ МУМКИН?
Оила қонунчилигини қўллаш амалиётидан келиб чиқиб, никоҳни қайд этиш муддатини қисқартириш мумкин бўлган ҳолатларга қуйидагиларни мисол қилиш мумкин:
- агар никоҳни қайд эттириш учун ариза берганлар узоқ вақт амалда бирга яшаган бўлсалар;
- никоҳни қайд эттириш учун ариза берган шахсларнинг эр-хотинлик муносабатларидан туғилган болалари бўлса ёки хотин ҳомиладор бўлса;
- куёв ёки келиннинг яқин қариндошларидан бири оғир касал бўлса;
- ариза берганлардан бири узоқ муддатга чет элга ёки келиб-кетиш қийин бўлган жойга хизмат сафарига кетаётган бўлса;
- никоҳни қайд эттириш учун ариза берган куёв ҳарбий хизматга чақирилган ёки никоҳни қайд этиш учун белгиланган муддатни қисқартиришга асос бўладиган бошқа ҳолатлар узрли сабаб ҳисобланиб, бир ойлик муддатни қисқартиришга асос бўлиши мумкин.
НИКОҲНИ ҚАЙД ЭТИШ МУДДАТИНИ ҚИСҚАРТИРИШ ЖАРАЁНИ ҚАНДАЙ?
Никоҳни қайд этаётган мансабдор шахс (ФҲДЁ) узрли сабаб бўла оладиган ҳолатларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни талаб қилиши лозим. Жумладан, узоқ муддат эр-хотин бўлиб турганлик факти, бир турар-жой, бир оилада тургани ҳақида берилган маълумотлар, умумий болалари борлиги, бу ҳақдаги маълумотнома ва боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси (оталиги белгиланган ҳолларда), қариндошларининг касаллиги – яқин қариндошликни тасдиқловчи ҳужжат ва касаллик ҳақида шифокорларнинг тегишли маълумотномалари, узоқ муддатга чет элга кетиш ва бошқа жойга хизмат сафарига бориш — бу ҳақдаги тегишли ҳужжатлар билан исботланиши керак.
Никоҳни қайд этиш муддатини қисқартириш юзасидан талабнома келин ва куёвнинг ҳар иккиси томонидан ариза билан мурожаат этилган ҳолда топширилиши лозим. Аризага муддатни қисқартиришга асос бўладиган ҳужжатлар илова қилиниши керак. Ариза ва тегишли ҳужжатларни қабул қилиб олган фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи мудири муддатни қисқартириш ёки рад этиш, агар қисқартириш лозим бўлса, неча кунга қисқартиришни ҳар бир ҳолда аниқ ҳолатга қараб белгилайди. Бу масалани ҳал қилаётган мансабдор шахс (ФҲДЁ) ўз хулосасини ёзиб, имзо билан тасдиқлаши ўринли бўлади. Бундай ҳолат мансабдор шахсларнинг муддатни қисқартиришга бўлган масъулиятини оширади.
НИКОҲ АРИЗА БЕРИЛГАН КУНИ ТУЗИЛИШИ МУМКИНМИ?
Алоҳида ҳолатлар (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар)да никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин. Бундай ҳолатлар бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузиш учун ҳисобга олинадиган узрли сабаблардан фарқ қилади, никоҳни кечиктирмасдан тезда тузилишини талаб қилади ва бундай бўлиши мақсадга мувофиқ эканидан дарак беради.
ҚАЧОН ВА ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАРДА НИКОҲ ТУЗИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ МУМКИН?
Никоҳни қайд этиш муддатини узайтириш никоҳ тузувчиларнинг биргаликдаги аризаларига биноан кўриб чиқилади. Айрим ҳолларда етарли асослар (никоҳланувчи шахсларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар олинмаганда) бўлган тақдирда, шунингдек, ФҲДЁ органининг ташаббуси билан ушбу муддат уч ойгача узайтирилиши мумкин. Никоҳ тузилганини қайд этиш тайинланган кундан бошлаб, уч ой ичида йўқланган аризалар бўйича никоҳ тузилгани қайд этилади.
Асос: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари”.
2. НИКОҲНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИЛМАСЛИГИ ҚАНДАЙ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРНИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРАДИ?
Никоҳ давлат рўйхатидан ўтказилмаганда ҳақиқий эр-хотинлик муносабатларини вужудга келтирмайди. Бу тарафлар учун салбий ҳолатларни келтириб чиқаради. Масалан, мол-мулк умумий биргаликдаги мулк деб топилмаслиги мумкин ва бунинг оқибатида қонуний тартибда никоҳдан ўтмаган эр-хотин ўртасида мерос масалалари вужудга келмайди. Бунинг натижасида аёллар ва вояга етмаган болаларнинг манфаатларига путур етади. Чунки эр-хотинлик мақомига эга бўлмай, эркак ва аёл мақомига эга бўлиб, улар ўртасида оилавий муносабатлар вужудга келмайди. Қайд этилганидек, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
НИКОҲЛАНУВЧИ ШАХСЛАРДАН БИРИ ИЛГАРИ ҚАЙД ЭТИЛГАН НИКОҲДА ТУРГАН БЎЛСА, УНИНГ ОҚИБАТЛАРИ ҚАНДАЙ?
Қонун никоҳланувчи шахслардан ҳатто биттаси илгари қайд этилган никоҳда турган шахслар ўртасида никоҳ тузилишини тақиқлаши сабабли аризани қабул қилиш вақтида ФҲДЁ органи шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўйича аризачиларнинг қонуний никоҳда туриш-турмаслигини текширади.
Илгари никоҳда бўлган шахс ФҲДЁ органига аввалги никоҳи бекор қилинганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиши керак. Бу – никоҳнинг бекор қилингани ҳақидаги гувоҳнома ёки суд қарори, эрнинг (хотиннинг) ўлими ҳақидаги гувоҳнома ёхуд суднинг никоҳ ҳақиқий эмас деб топилгани ҳақидаги қарори бўлиши мумкин.
Никоҳни қайд этишга тўсиқ бўлувчи қонуний ҳолатлар мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи уни қайд этишни рад қилади. Агар мазкур маълумотлар тасдиқланмаса, у ҳолда никоҳни қайд этиш умумий асосларда амалга оширилади. Юқорида қайд этилган ҳолатларни текшириш муддати уч ойдан ошмаслиги керак.
ФУҚАРОЛИК ҲОЛАТИ ДАЛОЛАТНОМАЛАРИНИ ҚАЙД ЭТИШ ОРГАНИНИНГ НИКОҲНИ ҚАЙД ЭТИШ БИЛАН БОҒЛИҚ МАСАЛАЛАРДАГИ ФАОЛИЯТИДАН НОРОЗИ БЎЛИБ ШИКОЯТ ҚИЛИШ МУМКИНМИ?
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи никоҳни рўйхатга олишни рад этганда, шикоят билан бевосита судга ёки бўйсунувига кўра юқори турувчи органга мурожаат қилиниши мумкин. Тегишли асослар бўлганида никоҳни қайд этиш учун белгиланган бир ойлик муддат қисқартирилмаса, шунингдек, алоҳида ҳолларда никоҳнинг ариза берилган куни тузилиши рад этилса, шикоят билан судга мурожаат этиш мумкин.
НИКОҲ ТУЗИШНИНГ ҚАНДАЙ ШАРТЛАРИ МАВЖУД?
Республикамизда никоҳни моҳияти ва мақсадига кўра ҳамда оилани мустаҳкамлаш эҳтиёжини, ёш авлоднинг ахлоқи ва сиҳат-саломатлигини ҳисобга олиб, бир қатор шартларга риоя қилган ҳолда тузиш зарурлиги белгиланган. Бу талаблар никоҳдан ўтиш шартлари деб юритилади. Улар қуйидагилардан иборат:
Никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги, никоҳ фақат никоҳдан ўтаётган ҳар икки томоннинг эркин ва тўлиқ розилиги асосида тузилади. Никоҳга киришаётган шахс уни эркин тузилиши учун берилган розилик ҳақиқий бўлиши, у қўрқитиш, зўрлаш, алдаш ёки никоҳланувчиларнинг бири ёхуд ҳар иккисига руҳан таъсир қилиш йўли билан тузилиши тақиқланади. Бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиши ҳамда никоҳ тузишга мажбур қилишни тақиқлаш каби қоидаларнинг киритилиши оилани мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий меъёрдир. Шунингдек, келажакда уларнинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини оилавий-ҳуқуқий нормалар билан мустаҳкамлайдиган, виждон ва қалб амри билан никоҳ муносабатларига киришиб, эр-хотинлик муносабатида яшаши тушунилади.
Никоҳланувчи шахсларнинг ўзга шахслар томонидан мажбур этилмасдан оила қуриши учун эркин, тенглик ва ўзаро ихтиёрийлик асосида никоҳни расмийлаштириши оила қонунчилигида белгиланган.
Никоҳ тузиш ихтиёрийлигининг бузилиши ва бу ҳаракатларда тарафларнинг айбдор бўлиши аниқланса, суд Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 136-моддасини қўллашга ҳақлидир.
136-модда. Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш
Аёлни эрга тегишга ёки никоҳда яшашни давом эттиришга мажбур қилиш ёхуд аёлнинг эркига хилоф равишда у билан никоҳда бўлиш учун ўғирлаш, шунингдек, аёлни эрга тегишига тўсқинлик қилиш, –
базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Асос: Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (БМТ Бош Ассамблеяси, 1948 йил 10 декабрь), 16-модда 2-банд;, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 63-модда иккинчи қисм; Оила кодекси,14-модда.
Никоҳ тузишнинг навбатдаги шарти – никоҳланувчи шахсларнинг қонун доирасида белгиланган никоҳ ёшига етишларидир.
Никоҳ ёши турли давлатларда турлича қилиб белгиланган. Масалан, Буюк Британия: – 18 ёш, Германия: – 18 ёш, Франция: – 18 ёш, Шимолий Корея: эркаклар – 18 ёш, аёллар – 17 ёш.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасида никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланган. Бу ёш айни вақтда мамлакатимизда тўла муомала лаёқати ёши ҳам саналади.
Шунингдек, қонунчиликда “узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин”лиги белгиланган.
Демак, никоҳ ёшининг қисқартирилиши туфайли оила қурган эр-хотин тўла муомала лаёқатига эга бўлган ҳисобланиб, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳолатлар ва ишларда тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўладилар.
Асос: Оила кодекси, 15-модда.
Қонунда никоҳ ёшининг эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланиши бу фуқаронинг никоҳ тузиш учун бўлган ҳуқуқининг пайдо бўлишини билдиради.
Шуни эслатиш лозимки, никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжуд:
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси | Жиноят кодекси |
473-модда. Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, – базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. | 1251-модда. Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. |
НИКОҲ ТУЗИШГА МОНЕЛИК (ТЎСҚИНЛИК) ҚИЛУВЧИ ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАР МАВЖУД?
Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар оила конунчилиги нормаларида белгиланган никоҳ тузиш шартларига қўйиладиган талабларнинг бузилиши сифатида намоён бўлади.
Никоҳ тузиш шартларига монелик қиладиган ҳолатларни эътиборга олмаслик тузилган никоҳнинг ҳақиқий саналмаслигига асос бўлади. Бу қоида Оила кодексининг 16-моддасида ўз ифодасини топган.
Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар қуйидагилардан иборат:
- лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;
- насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
- лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида.
ЛОАҚАЛ БИТТАСИ РЎЙХАТГА ОЛИНГАН БОШҚА НИКОҲДА ТУРГАН ШАХСЛАР ЎРТАСИДАГИ НИКОҲГА НИСБАТАН ҚАНДАЙ ЧОРАЛАР КЎРИЛАДИ?
Никоҳ тузиш шартларига риоя қилинмасдан тузилган никоҳ ҳақиқий эмас, деб ҳисоблашдан ташқари, қонунни бузган шахсларни жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади. Мазкур ҳолат Жиноят кодексининг 126-моддаси (Кўп хотинли бўлиш)да кўрсатилган кўп хотинлик, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш, –
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши каби оқибатларга олиб келиши белгиланган.
ҚАРИНДОШЛИК НИМА?
Қариндошлик риштаси шунчаки шахсий, одатий ҳуқуқ нормаларига таянмай, балки ҳуқуқий маконда ҳам унинг тушунчаси, ўзига хос жиҳатлари ва даражалари қайд этилган.
Қонунга кўра, бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади.
Асос: Оила кодекси, 57-модда.
ҚАРИНДОШЛИКНИНГ ДАРАЖАЛАРИ ҚАНДАЙ?
Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан – иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан – учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади.
Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади.
Тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир.
Икки шахс ўртасида қариндошликнинг узоқ-яқинлигини аниқлашда даражаларнинг сони ёки шу шахслардан бирининг ўзини ҳисобга қўшмай туриб, ундан келиб чиққан авлодлар сони ҳисобга олинади.
Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг – учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса – тўртинчи даражасида турадилар. Демак, ушбу ҳолда қонун талабига кўра, тўғри туташган қариндошлар ўртасида, яъни ака-укалар – опа-сингиллар ўртасида, фарзандликка олувчилар – фарзандликка олинганлар ўртасидаги никоҳ ҳолатлари никоҳ қилишга монелик қилувчи ҳолатлар саналади.
Хулоса шуки, қонунда насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасидаги никоҳни ҳам никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолларга киритилган.
НИКОҲЛАНУВЧИЛАРДАН ЛОАҚАЛ БИТТАСИНИНГ РУҲИЯТ БУЗИЛИШИ (РУҲИЙ КАСАЛЛИГИ ЁКИ АҚЛИ ЗАИФЛИГИ) САБАБЛИ СУД ТОМОНИДАН МУОМАЛАГА ЛАЁҚАТСИЗ ДЕБ ТОПИЛИШИНИНГ ОҚИБАТЛАРИ?
Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлардан бири никоҳланувчилардан лоақал биттасининг руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.
Асос: Оила кодекси, 16-модда учинчи қисми; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги
365-сон қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низом.
ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА ФУҚАРО МУОМАЛАГА ЛАЁҚАТСИЗ ДЕБ ТОПИЛАДИ?
Руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқаро суд тартибида муомалага лаёқатсиз деб топилиши мумкин ва бундай фуқарога васийлик белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни унинг васийси амалга оширади.
Фуқаронинг муомалага лаёқатсиз деб топилишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд уни муомалага лаёқатли деб топади ва унга белгиланган васийликни бекор қилади.
Асос: Фуқаролик кодекси, 30-модда.
ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК НИМА?
Васийлик ва ҳомийлик муомалага лаёқатсиз ёки муомалага тўлиқ лаёқатли бўлмаган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун белгиланади. Вояга етмаганларга васийлик ва ҳомийлик уларни тарбиялаш мақсадида ҳам белгиланади. Васийлар ва ҳомийларнинг бунга тегишли ҳуқуқ ва бурчлари қонун ҳужжатларида кўрсатиб ўтилган. Васийлар ва ҳомийлар ўз ҳимояларидаги шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар қандай шахслар билан муносабатларда, шу жумладан, судларда ҳам махсус ваколатсиз ҳимоя қилади.
Вояга етмаганларга васийлик ва ҳомийлик уларнинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари бўлмаган, ота-онаси суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинган тақдирда, шунингдек, бундай фуқаролар бошқа сабабларга кўра ота-она ҳимоясидан маҳрум бўлиб қолган, хусусан, ота-она уларни тарбиялашдан ёхуд уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган ҳолларда белгиланади.
Асос: Фуқаролик кодекси, 31-модда; Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 2 январдаги “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуни.
НИКОҲЛАНУВЧИ ШАХСЛАРНИ ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ ШАРТМИ?
Оила кодексига оиланинг янада мустаҳкам ва барқарор бўлиши, келажак наслни соғлом дунёга келиши учун муҳим омил сифатида 17-модда киритилган бўлиб, у никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишга бағишланган.
Юқорида қайд этилган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низомда никоҳланувчи шахслар қайси касаллик тури бўйича тиббий кўрикдан ўтиши ҳамда тиббий кўрикдан ўтишнинг ҳажми ва тартиби назарда тутилган.
Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳажми қуйидагичадир:
- Руҳий касалликлар (шизофрения, эпилепсия, олигофрения) юзасидан текшириш: анамнестик; психопатологик; соматоневрологик; параклиник.
- Наркологик касалликлар юзасидан текшириш: клиник текшириш; анамнестик; психопатологик; соматоневрологик; лаборатория текшируви.
- Захм юзасидан текшириш: гениталий доирасида яра ёки эрозия мавжуд бўлганда ёки терининг бошқа жойларида захмдан шубҳаланадиган тошмалар мавжуд бўлганда материал тўплаш; преципитация микрореакцияси усули билан захм юзасидан қонни текшириш; қонни серологик текшириш.
- Сил юзасидан текшириш: анамнез; кўкрак қафаси органларини текшириш; кўкрак қафаси органларининг рентгеноскопияси (йирик кадрли флюорограмма); кўкрак қафаси рентгенографияси; балғамни, яранинг йирингини, бактероскопия усули билан сийдикни сил микробактериясига текшириш.
- ОИВ/ОИТС юзасидан текшириш: анамнез; клиник текшириш; бирламчи иммунофермент текшириш; иммуноблот усули билан қонни текшириш.
Никоҳланувчи шахслар эллик ёшдан ошган бўлса, шунингдек алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар) тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.
Асос: Оила кодекси, 17-модда, Вазирлар Маҳкамасининг
2003 йил 26 августдаги 365-сонли “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низом.
ТАРАФЛАРДАН БИРИ ТОМОНИДАН КАСАЛЛИК МАВЖУДЛИГИ ЯШИРИЛГАНИДА ҚАНДАЙ ОҚИБАТЛАР КЕЛИБ ЧИҚАДИ?
Никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одам иммунитети танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, иккинчи тараф судга никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида талаб билан мурожаат қилишга ҳақли.
Асос: Оила кодекси, 49-модда.
3. ЭР ВА ХОТИННИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
ЭР ВА ХОТИННИНГ ЎЗАРО ҲУҚУҚ ҲАМДА МАЖБУРИЯТЛАРИ
ҚАЧОНДАН ВУЖУДГА КЕЛАДИ?
Никоҳни расмийлаштириш, яъни фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб, ўзаро никоҳни тузган эркак ва аёл – эр-хотин деб ҳисобланади ва шу пайтдан бошлаб, улар ўртасида эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади.
Асос: Оила кодекси, 18-модда.
ЭР ВА ХОТИННИНГ УМУМИЙ МУЛКИНИ НИМАЛАР ТАШКИЛ ЭТАДИ?
Эр ва хотиннинг никоҳ давомидаги биргаликда орттирган мол-мулклари, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлар, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.
Асос: Оила кодекси, 23-модда.
НИКОҲ ШАРТНОМАСИ НИМА?
Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ёки эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси ҳисобланади.
Асос: Оила кодекси, 29-модда.
НИКОҲ ШАРТНОМАСИ ҚАНДАЙ ТАРТИБДА ТУЗИЛАДИ?
Никоҳ шартномаси токи никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар (расмийлаштирилгунча) ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.
Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.
Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
Асос: Оила кодекси, 30-модда.
НИКОҲНИНГ ТУГАТИЛИШИ НИМА?
Никоҳнинг тугатилиши маълум юридик омиллар туфайли эр-хотин ўртасида вужудга келган никоҳ ҳуқуқий муносабатларининг тугалланишидир.
Никоҳ ҳуқуқий муносабатига қандай омиллар таъсир этишига қараб никоҳ:
а) эр-хотиндан бирининг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши оқибатида;
б) эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин.
Вафот этиш шундай юридик фактки, инсон биологик ва юридик жиҳатдан мавжуд бўлмайди, бинобарин, унинг ҳали ҳаётлик пайтидаги унга тегишли бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари каби эр-хотин ўртасидаги никоҳ муносабати ҳам тугайди.
Асос: Оила кодекси, 37-модда.
ФУҚАРОНИ СУД ТАРТИБИДА ВАФОТ ЭТГАН ДЕБ ЭЪЛОН ҚИЛИШ НИМА? УНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ-ЧИ?
Фуқаронинг қаерда тургани ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг (ота-оналари, эри (хотини), фарзандлари (фарзандликка олинган болалари), кредиторлари) аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкин.
Ҳарбий ҳаракатлар муносабати билан бедарак йўқолган ҳарбий хизматчи ёки бошқа фуқаро ҳарбий ҳаракатлар тамом бўлган кундан эътиборан камида икки йил ўтгандан кейин суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши мумкин.
Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган кун вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг ўлган куни деб ҳисобланади. Ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган фуқаро вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, суд унинг тахмин қилинган ҳалокат кунини ушбу фуқаронинг ўлган куни деб топиши мумкин.
Суд тартибида эр-хотиндан бирининг вафот этган деб эълон қилиниши ҳам ҳуқуқий оқибати бўйича ўлимга тенглаштирилади. Шунинг учун вафот этган деб эълон этилган шахс билан унинг эри ёки хотини ўртасидаги никоҳ ҳам тугалланади.
Эр-хотиндан бири вафот этган ёки суд тартибида вафот этган деб эълон қилинган ҳолларда улар ўртасидаги никоҳ ҳуқуқий муносабати тугалланади. Бундай ҳолда тирик бўлган томон янги никоҳга кириш ҳуқуқига эга. Фуқарони қонунда белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилиш уни вафот этган, деган эҳтимолга асосланади. Баъзи ҳолларда бу фуқаро тирик бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Асос:Фуқаролик кодекси 36-модда; Оила кодекси, 48-модда.
ВАФОТ ЭТГАН ДЕБ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ФУҚАРО ҚАЙТИБ КЕЛИШИНИНГ ОҚИБАТЛАРИ ҚАНДАЙ?
Вафот этган деб эълон қилинган фуқаро қайтиб келган ёки унинг қаерда тургани маълум бўлган тақдирда, уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилинади.
Суд томонидан вафот этган деб эълон қилинган ёки бедарак йўқолган деб топилган эр (хотин) қайтиб келган ва тегишли суд қарорлари бекор қилинган ҳолларда, никоҳ эр-хотиннинг биргаликдаги аризасига кўра фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи томонидан тикланиши мумкин. Агар эр (хотин) янги никоҳга кирган бўлса, никоҳни тиклаш мумкин эмас.
Асос: Фуқаролик кодекси, 37-модда; Оила кодекси,48-модда.
НИКОҲДАН АЖРАЛИШНИНГ АСОСЛАРИ ВА ОҚИБАТЛАРИ ҚАНДАЙ?
Никоҳдан ажралиш юқорида келтирилган асосдан фарқ қилиб, фақат эр-хотиннинг ҳаётлигида рўй беради.
Никоҳдан ажралиш учун асослар. Жамиятимизда никоҳ бир умрга тузиладиган аҳднома ҳисобланади. Маълум ҳолатларда, агар оила амалда бузилган, уни тиклаш учун асос йўқ деб топилса, у ажралиш асосида тугатилади. Никоҳдан ажралиш эр-хотин ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни келажак вақт учун тугатишга асос бўлади. Бундай ажралиш никоҳни ҳақиқий эмас деб топишдан фарқ қилади. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топишда никоҳ вужудга келган вақтдан бошлаб ҳуқуқий муносабатлар тугалланади. Бироқ никоҳдан ажралиш билан ҳамма ҳуқуқий муносабатлар қонунда белгиланган шартларнинг мавжудлиги туфайли тугалланмайди.
Оила кодексида никоҳдан ажралиш учун аниқ асослар кўрсатилмаган ва буни кўрсатиш мумкин ҳам эмас. Чунки эр ёки хотин келтирган бир асос айрим ҳолларда никоҳдан ажратиш учун етарли бўлиши мумкин, алоҳида ҳолатларда эса ажратиш учун асос бўлмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун суд амалиётини ҳисобга олиб, қонун ҳаётий бўлган қоидани сақлаб қолиб, уни қуйидагича белгилайди: “Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади”.
Суд амалиётини ўрганиш натижасида никоҳдан ажралиш учун эр-хотинлар қуйидаги асосларни келтирганлари аниқланди:
- эр-хотиндан биттасининг доимий равишда спиртли ичимлик ичиб, оилада жанжал чиқариши;
- эр-хотинлик муносабатига хиёнат қилиш;
- фарзандсизлик;
- оилавий ишларга қариндошларнинг аралашиб жанжал чиқариши (айниқса, қайнона-келин можаролари).
Асос: Оила кодекси, 41-модда.
СУД ОРҚАЛИ НИКОҲДАН АЖРАЛИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
Оила кодексида никоҳдан ажралишнинг асосларига қараб, ундан ажралиш тартиби белгиланган.
Никоҳдан ажралишнинг қонунда икки тартиби белгиланган:
1) эр-хотинлар ўртасидаги мулкий низолар мавжуд бўлган ҳолларда – суд тартибида (масалан, мол-мулкни бўлиш, эр-хотинлар ўртасидаги ҳамда вояга етмаган болаларга моддий таъминот билан боғлиқ бўлган ҳолатлар юзасидан (алимент ундириш масаласида)) ажратилади;
2) низо бўлмаган тақдирда – маъмурий тартибда (ФҲДЁ органи орқали), жумладан, агар:
а) эр-хотин ўртасида вояга етмаган фарзандлари бўлмаса ва улар ажралишга ўзаро рози бўлган тақдирда;
б) тарафлар (эр ёки хотин) суд томонидан бедарак йўқолган, руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли муомалага лаёкатсиз деб топилган бўлса;
в) содир этган жинояти учун эри ёки хотини уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса.
СУД ТАРТИБИДА НИКОҲДАН АЖРАТИШ ЖАРАЁНИ ҚАНДАЙ?
Никоҳ эр-хотиннинг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши сабабли ҳамда эр-хотиндан бири ёки ҳар иккисининг аризасига мувофиқ, никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр-хотиннинг васийси берган аризасига мувофиқ тугатилиши мумкин.
Никоҳдан ажралиш тўғрисидаги даъво эр-хотин яшаб турган жойдаги туман (шаҳар) судида қўзғатилади. Агар эр-хотин алоҳида яшаса, даъво жавобгар эр ёки хотиннинг турган жойидаги судда қўзғатилади, унинг турадиган жойи номаълум бўлса, никоҳдан ажралиш тўғрисидаги ариза жавобгар охирги яшаб турган жойдаги судга топширилади.
Аризада никоҳдан ажралиш учун асос кўрсатилиши керак. Ажралишни келтириб чиқарган сабабларни батафсил келтириш лозим. Ариза бериш билан бир вақтда давлат божи тўланиши керак. Никоҳдан ажралиш ишлари очиқ суд мажлисида кўрилади. Ажралиш тўғрисидаги иш эр-хотиннинг аризасига мувофиқ, зарур ҳолларда суднинг ажримига асосан ёпиқ суд мажлисида кўрилиши ҳам мумкин.
ЭР-ХОТИНГА ЯРАШИШ УЧУН БЕРИЛГАН МУҲЛАТ НИМА?
Охирги пайтларда никоҳдан ажралиш ишларини кўришда суд ўз фаолиятини эр-хотинни яраштиришга ва оилавий низоларга сабаб бўлувчи вазиятларни чуқур ўрганиб, уни бартараф этиш чораларини кўришга қаратмоқда. Бу жараёнда оилани сақлаб қолиш, унинг бардавомлигини таъминлашга барча – давлат ва жамият ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, маҳалла-кўй, меҳнат жамоалари ҳам масъул экани кўринади.
Қонунчиликка кўра, суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиши учун олти ойга муҳлат тайинлашга, ажрим чиқаришга ҳақли.
Суд яраштириш учун берилган муддатни, эр-хотинни яраштириш мақсадида, зарур ҳолларда, ажрим нусхаларини улар яшайдиган жойдаги хотин-қизлар қўмиталарига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи – маҳалла фуқаролар йиғинига муҳокама қилиш ва яраштириш учун юбориши мумкин.
Бунда ишни кўриш бошқа вақтга қолдирилаётган муҳлат эр-хотиннинг ўзаро муносабатларини ва уларнинг яшаб кетиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши лозим.
Асос: Оила кодекси, 40-модда.
ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА НИКОҲДАН АЖРАТИШ СУД ТАРТИБИДА КЎРИЛАДИ?
Қуйидаги ҳолларда никоҳдан ажратиш суд тартибида кўрилади:
- эр-хотиндан бири никоҳдан ажралишга рози бўлмаса (бундай бўлиши табиий ҳол. Зеро, хиёнат қилган тараф ҳар қандай шароитда оиладаги мавжуд моддий ҳолатдан воз кечгиси келмайди);
- улар ўртасида вояга етмаган умумий болалари бўлиб, уларни кимда қолдириш ва таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида низо бўлса (алимент ундириш важидан келиб чиқадиган бўлсак, бундай бўлиши ҳам табиий);
- эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз, муҳтож эр ёки хотинга алимент ундириш ва унинг миқдори ҳақида масала туғилса (бу ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин деган оддий ҳаётий ҳақиқат талабидан келиб чиқсак, бунинг эҳтимоли ҳам мавжуд);
- биргаликда умумий мулкни бўлиш бўйича низо бўлса (бу ҳолат гарчи, энг сўнгида қайд этилаётган бўлса-да, юқоридаги ҳолатлар орасида кам аҳамиятга эга бўлмаган жиҳатдир. Зеро, умумий мол-мулкни яратишда кимнингдир реал ҳиссаси ортиқ бўлишидан кун тартибида ажралиш, мавжуд никоҳни тугатиш масаласи қўйилганда, айнан тенг бўлишга ҳаракат қилиш мотивацияси юқори бўлади).
Никоҳдан суд тартибида ажратилаётганда эр ва хотин вояга етмаган болалари ким билан яшаши, болаларга ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби, бу маблағнинг миқдори ёхуд эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга доир келишувни кўриб чиқиш учун судга тақдим қилиши мумкин.
НИКОҲДАН АЖРАТИШ ЖАРАЁНИДА ТЎЙ ХАРАЖАТЛАРИ ҚОПЛАНАДИМИ?
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганида тўйни ўтказишга кетган сарф-харажатларни ундириш ҳақидаги талаблар қаноатлантирилмайди.
Асос: Оила кодекси, 44-модда.
ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА НИКОҲДАН АЖРАТИШ ТЎҒРИСИДА ИШ ҚЎЗҒАТИШГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ?
Эр хотиннинг ҳомиладорлиги вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас.
Асос: Оила кодекси, 39-модда.
ФУҚАРОЛИК ҲОЛАТИ ДАЛОЛАТНОМАЛАРИНИ ҚАЙД ЭТИШ ОРГАНЛАРИДА НИКОҲДАН АЖРАТИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛИ ҚАНДАЙ?
Оила қонунчилиги никоҳдан ажралишнинг суд тартиби билан бирга, маъмурий, яъни фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратиш тартибини ҳам белгилайди.
Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажралишга ўзаро рози бўлса, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида ажратилади.
Никоҳдан ажралишга эр-хотиннинг ўзаро розилиги уларнинг ҳар иккаласи томонидан берилган ёки ҳар бири мустақил берган аризаларида ифодаланиши мумкин.
Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз, муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки чиққан мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо чиққан тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига кўра, никоҳдан ажратишни қайд этишда эр ва хотиннинг ўзаро келишувига кўра, уларнинг биридан ёки иккаласидан белгиланган тартибда давлат божи ундирилади.
Асос: Оила кодекси, 42-модда.
НИКОҲДАН АЖРАЛИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ ҚАНДАЙ?
Никоҳдан ажралиш бир қатор ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Никоҳланувчилар никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини чиқараётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин.
Оила кодексига биноан никоҳдан суд тартибида ажратилаётганда эр ва хотин вояга етмаган болалар ким билан яшаши, болалар ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби, бу маблағнинг миқдори ёхуд эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга доир келишувни кўриб чиқиш учун судга тақдим қилиши мумкин.
Никоҳдан ажралиш эр-хотиннинг шахсий, шунингдек, мулкий ҳуқуқий муносабатларининг келажак вақт учун тугалланганини англатади. Никоҳ фақат оила ҳуқуқи билан тартибга солинадиган ҳуқуқий муносабатларни келтириб чиқармайди. Никоҳ тузилиши билан маълум юридик фактларнинг мавжудлиги туфайли фуқаролик, меҳнат ҳуқуқи билан тартибга солинадиган ҳуқуқий муносабатлар вужудга келади. Никоҳдан ажралиш эр-хотинлик ўзаро муносабатларини тугалланишига қаратилгандир.
ОТА-ОНАНИНГ ВОЯГА ЕТМАГАН БОЛАЛАРИГА ТЎЛАЙДИГАН АЛИМЕНТИ ҚАНДАЙ?
Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми; икки бола учун – учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Масалан, бугунги кунда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 679,330,00 сўм этиб белгиланди. Бундай шароитда бир бола учун минимал алимент миқдори:
679,330,00 сўм × 26,5 / 100 = 180,022,45 сўм.
Асос: Оила кодекси,99-модда.
ЭР-ХОТИН ВА ФАРЗАНДЛАРНИНГ ТУРАР ЖОЙИГА НИСБАТАН ҲАҚДОРЛИГИ ҚАНДАЙ?
Уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидир. Улар мулкдор берган турар жойга ўзининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидир. Оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритиши мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.
Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.
Асос: Уй-жой кодекси, 32-модда.
НИКОҲНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШ АСОСЛАРИ ВА ОҚИБАТЛАРИ ҚАНДАЙ?
Оила қонунчилигида юқорида қайд этилган шартларнинг бузилиши суд томонидан ушбу никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлиши мумкин. Оила кодексининг 49-моддасига кўра, қонунда белгиланган шартлар бузилганда (яъни, никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги, белгиланган никоҳ ёши бузилганда, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар рўй берганда), сохта никоҳ тузилганда, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирганда, никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этса никоҳни ҳақиқий эмас деб топилиши учун асос бўлади.
Бундан ташқари, никоҳ қуйидаги ҳолатлар бўйича ҳам ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин:
а) якка никоҳлилик бузилганда;
б) никоҳ насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида тузилган бўлса;
в) никоҳ фарзандликка олган шахс билан – фарзандликка олинган шахслар ўртасида тузилганда;
г) никоҳга ўтиш вақтида оила қуриш мақсади сохта бўлса (дейлик, доимий рўйхатдан ўтиш (прописка) учун, иккинчи томоннинг мол-мулки, бойлигига шерик бўлиш илинжида);
д) никоҳ муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс билан тузилганда.
НИКОҲ ТУЗИШ ИХТИЁРИЙЛИГИНИНГ БУЗИЛИШИ ҚАНДАЙ ОҚИБАТЛАРГА САБАБ БЎЛАДИ?
Никоҳ уни тузувчи ҳар бир томоннинг эркин, ўзаро розилиги асосида тузилиши лозим. Розилик бошқа шахс (ота-она, қон-қариндош, мансабдор шахс)ларни мажбур этиши ёки алдаши оқибатида берилган бўлса, ихтиёрийлик тамойили бузилгани учун, бундай никоҳ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Юқорида кўрсатилганидек, никоҳ тузишда никоҳга кирувчиларнинг ўзаро розилиги йўқлиги никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади. Бунда фуқаро (кўпинча аёллар) қўрқитиш ёки зўрлаш (мажбурлаш), алдаш туфайли никоҳдан ўтган бўлади. Масалан, шахснинг эркига ва онгига таъсир этиш натижасида у никоҳга ўтишга мажбур бўлади, аммо ҳақиқатда эса у буни мутлақо хоҳламайди. Натижада никоҳ тузилишининг асоси ҳисобланган ўзаро хоҳиш ва розилик тамойили бузилган бўлади. Кўрсатилган асос бўйича бундай никоҳ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
НИКОҲ ЁШИГА ҚЎЙИЛГАН ШАРТЛАР БУЗИЛСА ҚАНДАЙ ЧОРАЛАР КЎРИЛАДИ?
Никоҳ ёшига етмаган шахс билан тузилган никоҳ ҳали никоҳ ёшига етмай никоҳга кирган шахснинг манфаатлари талаб қилган ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни никоҳ ёшига етмай никоҳга кирган шахс, унинг ота-онаси ёки ҳомийси, шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органи ҳамда прокурор талаб қилишга ҳақлидир.
Эр-хотиндан бири никоҳ ёшига етмагани туфайли никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш, агар эр-хотин (улардан бири) иш судда кўрилаётган пайтда никоҳ ёшига етмаган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг иштирокида кўриб чиқилади.
Иш судда ҳал қилиниш пайтигача эр ёки хотин никоҳ ёшига етган бўлса, никоҳ фақат унинг талаби билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Никоҳ ёшига тўлмаган шахс билан тузилган никоҳ ҳамма вақт ҳам суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилмайди. Ҳали никоҳ ёшига етмай никоҳга кирган шахснинг манфаатлари талаб қилган ҳоллардагина суд бундай никоҳни ҳақиқий эмас, деб топиши мумкин.
Асос: Оила кодекси, 51-модда.
ЯККА НИКОҲЛИЛИКНИНГ БУЗИЛИШИ НИМА?
Мамлакатлар ўртасида миграция жараёни кучайган ҳозирги даврда кишилар ўз юртидаги расмий никоҳдан ажралмасдан, бошқа давлатларда расмий никоҳ тузиш ҳолатлари учрамоқда. Бундай ҳолатлар судларга тарафларнинг мақсади ва амалдаги ҳолатларни ҳисобга олишда ўзига хос қийинчиликлар туғдирмоқда. Якка никоҳлиликнинг бузилиши ҳам ушбу никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлиши мумкин.
Баъзи ҳолларда қўш никоҳдан қайси бирини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги масала суд томонидан чуқур ўрганишни талаб этади. Бунда суд тарафларнинг хоҳиш-истагини, амалдаги фактик оилавий муносабатларни ҳисобга олиши лозим.
Якка никоҳлилик тамойили бузиб тузилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза биринчи никоҳдан ажратилмаган эр ёки хотин, шунингдек, иккинчи никоҳдаги томонлардан бирининг талабига асосан кўриб чиқилади. Ҳақиқий бўлмаган никоҳда бўлган шахснинг ўлимидан сўнг судга даъво билан мазкур шахснинг ворислари (вафот этганнинг биринчи никоҳдаги фарзандлари, унинг ака-укалари, опа-сингиллари, ота-оналари ва бошқалар), шунингдек, ўлган шахснинг никоҳини ҳақиқий эмас, деб топишдан манфаатдор бўлган бошқа шахслар (молия, ижтимоий таъминот органлари) мурожаат этиши мумкин. Чунки никоҳда бўлган шахс, агар у ҳақиқий никоҳда бўлса, ўзига пенсия тайинлашни ёки уй-жойга бўлган ҳуқуқини белгилашни талаб қилиши мумкин.
НИКОҲ НАСЛ-НАСАБ ШАЖАРАСИ БЎЙИЧА ТЎҒРИ ТУТАШГАН ҚАРИНДОШЛАР ЎРТАСИДА, ТУҒИШГАН ВА ЎГАЙ АК-УКАЛАР БИЛАН ОПА-СИНГИЛЛАР ЎРТАСИДА БЎЛСА, ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРИЛАДИ?
Бундай никоҳлар ҳам ҳақиқий эмас деб топилади. Оила қонунчилиги билан ман этилган яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузилса, у ҳақиқий эмас деб топилади. Бундай асос билан никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш суд амалиётида жуда кам учрайди. Буни тасдиқлайдиган ҳолат қонунда никоҳ тузиш учун жуда чекланган қариндошлик босқичини белгилайди. Умуман ҳар хил босқичдаги қуда-андачилик эса никоҳ тузиш учун тўсиқ бўлмайди.
МУОМЛАГА ЛАЁҚАТСИЗ ДЕБ ТОПИЛГАН ШАХС БИЛАН ТУЗИЛГАН НИКОҲ ҲАҚИҚИЙМИ?
Бундай никоҳ ҳам ҳақиқий эмас деб топилади. Руҳий касаллик ёхуд ақли заифлик кишини онгли ҳаракатлар қилиш ва ўз ҳаракатларининг юридик оқибатларини англаб етиш қобилиятини бузиши мумкин.
Муомалага лаёқатсиз шахс шахсан ўзи фуқаролик муомаласида битимлар тузишга ҳақли эмас. Унинг номидан битимларни унинг васийи тузади. Демак, муомалага лаёқатсиз шахс билан тузилган никоҳ ҳақиқий ҳисобланмайди. Васий эса васийлиги остидаги шахс манфаатини кўзлаб унинг номидан никоҳ тузишга ҳақли эмас.
НИКОҲДАН ЎТИШ ВАҚТИДА ОИЛА ҚУРИШ МАҚСАДИНИНГ БЎЛМАСЛИГИ (СОХТА НИКОҲ) НИМАЛАРГА ОЛИБ КЕЛАДИ?
Бундайин никоҳ ҳақиқий бўлмаган никоҳ деб топилади. Эр-хотин сохта никоҳ қайд қилдирган ва оила қурмаган бўлсалар, никоҳ ҳақиқий эмас деб топилиши, сохта никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни прокурор талаб қилишга ҳақли эканги, эр (хотин) оила қуриш мақсадисиз никоҳга кирган ҳолларда эса, бундай талаб хотин (эр) томонидан қўйилиши мумкинлиги белгиланган.
Асос: Оила кодекси, 54-модда.
НИКОҲНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ҲИСОБЛАШ ВАҚТИ ҚАЧОНДАН БОШЛАНАДИ?
Асос: Оила кодекси, 55-модда.
НИКОҲНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШ ОҚИБАТЛАРИ ҚАНДАЙ?
Асос: Оила кодекси, 56-модда.