КИРИШ

Инсон саломатлиги энг олий қадрият. Айниқса, COVID-19 пандемияси даврида ер юзидаги ҳар бир инсон саломатликдан устун турадиган неъмат йўқлигини англаб етди. Фақатгина саломатлик бўлса ҳаётдан лаззатланиб яшаш, тўкис бахтга эга бўлиш мумкин.

Инсон саломатлиги сифатли ҳаёт кечиришининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Шу борада инсон ҳуқуқлари қаторида энг муҳимларидан бири – соғлиққа бўлган ҳуқуқдир. Саломатликка бўлган ҳуқуқ деганда биз инсонни нафақат соғ-саломат бўлиш ҳуқуқи, балки соғлом турмуш, соғлом ҳаёт кечиришига керак бўлган барча шарт-шароитлар билан таъминланиш, давлат ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан ҳимояланиши назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2019 йил Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, биз учун ҳаётий муҳим масаладир”, деб таъкидлагани бежиз эмас.

Бизнинг юртимизда мавжуд бўлган ижтимоий ҳимоя тизими аҳолига кўплаб қулайликлар яратмоқда. Шу ўринда аҳоли ҳам ўз тиббий ҳуқуқларини билиб, улардан фойдалана билиши керак.

Албатта, соғлиқни сақлаш борасида ҳуқуқларимиз жабҳаси жуда кенг ва битта рисолада уларнинг барчасини қамраб олиш мумкин эмас. Шу сабабдан ушбу рисолада биз соғлиққа бўлган ҳуқуқларга кириш кўринишдаги, яъни энг асосий ва кўп мурожаат қилинадиган ҳуқуқларни содда тилда тушунтиришга ҳаракат қилдик.

Рисола барчага қулай ва тушунарли қилиб тузилган, қизиқарли ва фойдали маълумотлар билан бойитилган.

1. Сиз ўз тиббий ҳуқуқларингизни биласизми?

Инсон саломатлиги сифатли ҳаёт кечиришининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида фуқаролар учун кўплаб ҳуқуқлар Конституция, қонунларимизда белгиланган. Уларни самарали амалга ошириш мақсадида кўплаб давлат дастурлари, концепциялар ва йўл хариталари ишлаб чиқилган.

Юртимизда мавжуд бўлган ижтимоий ҳимоя тизими аҳолига кўплаб қулайликларни яратмоқда. Аҳоли эса, ўз тиббий ҳуқуқларини билиб, улардан фойдалана билиши керак.

Тиббий ҳуқуқ деганда нимани тушунамиз?

Биринчи навбатда, тиббий ҳуқуқ бу ҳар бир инсоннинг соғлиққа бўлган ҳуқуқи саналади.

Соғлиққа бўлган ҳуқуқ бу бир томондан табиий ҳуқуқ, иккинчи томондан эса ижтимоий ҳуқуқ турига мансуб бўлиб, ирқи, дини, сиёсий қарашлари, жамиятдаги моддий ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар ҳар бир инсоннинг асосий ажралмас ҳуқуқларидан биридир.

Соғлиққа бўлган ҳуқуқ қачондан бошланади?

Соғлиққа бўлган ҳуқуқка инсон нафақат туғилганидан бошлаб, балки онанинг қорниданоқ эга бўлади. Чунки инсоннинг саломатлиги айнан она қорнида пайдо бўлганиданоқ бошланади ва у генетик, ижтимоий омилларга тўғридан-тўғри боғлиқдир.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг Низомига (1946) мувофиқ, “Соғлиқнинг энг юқори даражасига эга бўлиш ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқларидан биридир”.

Соғлиқ ўзи нима?

Инсон билан узвий боғлиқ бўлган соғлиқ тушунчасига тўхталадиган бўлсак, бу нафақат ноқулайлик ва касалликларнинг мавжудлиги эмас, балки жисмоний, ақлий ва ижтимоий фаровонлик ҳолатидир1.


1 http://5.153.55.144/libr_min/19_t/ob/es_02.htm, Бриджет Тобес, Устав ВОЗ

2. Тиббий ҳуқуқларингиз Конституция билан қандай ҳимоя қилинган?

Аввало, Конституциямизга тўхталишимиз жоиз. Чунки Бош қомусимиз – халқимиз иродасини ўзида ифода этиб, мамлакатимиз мустақиллиги, ҳуқуқ ва эркинликларимиз, бурч ва мажбуриятларимизнинг қонуний асоси, мустаҳкам кафолатидир. Унинг ҳар бир моддасида миллий ва умуминсоний қадриятлар, халқимиз манфаатлари акс этган. Шу ўринда соғлиққа бўлган ҳуқуқларимизни кафолатловчи моддаларга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасига кўра, “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”.

Албатта, соғлиққа бўлган ҳуқуқ айнан ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқидан бошланади.

Ёдда тутинг!!!

Конституциянинг 40-моддасига кўра, “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”.

Конституциянинг 26-моддаси кўра, “Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас”.

Шубҳасиз, ушбу конституциявий ҳуқуқларимиз ҳеч қандай камситилишларсиз амалга оширилиши шарт.

Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳақида нималарни биласиз?

2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган.

Хўш, Концепция мақсадлари қандай?

1. Касалликларнинг ва кўпчилик ҳолларда бевақт ўлим ва ногиронликка олиб келадиган ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни даволаш натижаларини яхшилаш орқали кутилаётган умр кўриш даврини ошириш.

2. Тиббий ёрдамдан тенг фойдаланишни, аҳолини молиявий жиҳатдан ҳимоя қилишни ва ресурсларни адолатли тақсимлашни таъминлаш учун соғлиқни сақлашни молиялаштириш ва ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш.

3. Концепция вазифаларини бажариш ва республика аҳолисига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш учун соғлиқни сақлашнинг бошқарув органлари салоҳиятини кучайтириш, уларнинг раҳбарлари роли ва жавобгарлигини ошириш.

Беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар қуйидагилар:

  • Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, 1948 йил;

•  Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пакт, 1966 йил;

•  Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича халқаро пакт, 1966  йил;

•  Европа жамоат хартияси, 1961 йил.

Беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган қайси қонунларга мурожаат қилиш керак?

    Ўзбекистон Республикаси Конституцияси;

•    Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги”ги қонуни;

•    Ўзбекистон Республикасининг “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги қонуни;

•    Ўзбекистон Республикасининг “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуни;

•    Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида ”ги қонуни;

•    Ўзбекистон Республикасининг “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги қонуни;

•    Ўзбекистон Республикасининг “Туберкулёздан аҳолини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни;

    Ўзбекистон Республикасининг “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги қонуни;

•    Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуни.

3. “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунда ҳуқуқларимиз қандай ҳимояланади?

Қонуннинг 13-моддасида “Фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқи” акс эттирилган. Унга мувофиқ:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролари соғлиқни сақлаш борасида дахлсиз ҳуқуққа эга бўлиб, давлат ёши, жинси, ирқи, миллати, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар фуқароларнинг соғлиғи сақланишини таъминлайди ҳамда давлат фуқароларда касалликларнинг ҳар қандай шакллари борлигидан қатъи назар, уларнинг камситишлардан ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Фуқароларнинг соғлиғини сақлашнинг асосий принциплари қандай?

  • соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши;
  • аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўла олиши;
  • профилактика чора-тадбирларининг устунлиги;
  • соғлиғини йўқотган тақдирда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши;
  • тиббиёт фанининг амалиёт билан бирлиги.

“Бемор” деганда тиббий ёрдамга муҳтож бўлган ва ёки шифокорга тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, тиббий ёрдам олаётган ёки биотиббий текширувда, тиббий назорат остида синов субъекти сифатида иштирок этаётган ва соғлом ёки касаллигидан қатъи назар, тиббий ва тегишли хизматлардан фойдаланаётган шахс тушунилади. Бемор тиббий ва тегишли хизматлардан фойдаланаётган шахс бўлгани учун у бир вақтнинг ўзида истеъмолчи ҳам ҳисобланади.

Қонун билан беморнинг қандай ҳуқуқлари кафолатланган?

Бемор тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган ва тиббий ёрдам олаётган пайтда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

👉 тиббиёт ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ҳурмат ва меҳр-мурувват кўрсатиши (тиббиёт ходимлари беморга ҳурмат ва хушмуомала муносабатда бўлиши);

👉 шифокорни ва даволаш-профилактика муассасасини танлаш (ҳар бир бемор тиббиёт муассасаси ва шифокорни танлаш ҳуқуқининг берилгани);

👉 санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитда текширувдан ўтиш, даволаниш ва парвариш қилиниш (фуқароларнинг касалликка чалинган вақтларида текширувдан ўтишлари ва даволаниши каби ҳуқуқ тақдим этилгани);

👉 Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаб қўйган тартибда ўз илтимосига кўра бошқа мутахассисларнинг консилиум қилиши ва улардан маслаҳатлар олиш (тиббий маслаҳатлар олиш ҳуқуқи);

👉 тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланиши (даволанишнинг барча шаклларида беморга оид маълумотлар шифокорлар томонидан сир тутилади);

👉 тиббий аралашувга ўз ихтиёри билан розилик бериш ёки уни рад этиш (тиббий аралашув фақатгина беморнинг рухсати асосида амалга оширилиши);

👉 ўз ҳуқуқ ва бурчлари хусусида ҳамда соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумот олиш, шунингдек, соғлиғининг ҳолатига доир маълумотларни унинг манфаатини кўзлаган ҳолда берса бўладиган шахсларни танлаш;

👉 ихтиёрий тиббий суғурта доирасида тиббий ва бошқа хизматлардан фойдаланиш;

👉 тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида соғлиғига зарар етказилган тақдирда кўрилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши;

👉 ҳуқуқини ҳимоя қилиши учун ҳузурига адвокат ёки бошқа қонуний вакил қўйилиши;

👉 ҳуқуқлари бузилган тақдирда бемор ёки унинг қонуний вакили бевосита даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахсига, юқори бошқарув органига ёки судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.

Қайси турдаги ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқлари мавжуд?

“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунининг
16-моддасида фуқароларнинг тиббий-ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқи акс эттирилган:

касал бўлиб қолганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда ва бошқа ҳолларда фуқаролар профилактик, ташхис қўйиш-даволаш, куч-қувватни тиклаш, санаторий-курорт, протез-ортопедия ёрдами ва бошқа хил ёрдамни, шунингдек беморларни, меҳнатга лаёқатсиз ва ногирон кишиларни боқиш-парваришлаш юзасидан ижтимоий чора-тадбирларни, шу жумладан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўлашни ўз ичига оладиган тиббий-ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Фуқароларнинг айрим тоифалари протезлар, ортопедик ва мослама буюмлар, эшитиш аппаратлари, ҳаракатланиш воситалари ва бошқа махсус воситалар билан имтиёзли тарзда таъминланиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳуқуққа эга бўлган фуқароларнинг тоифаларини, шунингдек, уларни таъминлаш шартлари ва тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

Билиб қўйиш муҳим! Муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низом қабул қилинган.

Ушбу низомга кўра,

Қуйидагилар протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан бепул таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган имтиёзли шахслар тоифасига киради:

  • пенсия ёшидаги муҳтож шахслар;
  • 16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болалар;
  • 16 ёшдаги ва ундан катта ёшдаги ногиронлиги бўлган шахслар.

16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болалар ҳамда 16 ёшдаги ва ундан катта ёшдаги ногиронлиги бўлган шахслар протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари томонидан бепул таъминланади.

Ногиронлиги бўлган муҳтож шахслар ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ, реабилитация техник воситаларини ўз маблағлари ҳисобига сотиб олган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда компенсация тўланади.

Ташкилотда меҳнат фаолиятини бажариш вақтида юзага келган жароҳатланиши оқибатида шахсга мазкур Низомда белгиланган тартибда бериладиган протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар учун харажатлар ташкилот томонидан қопланади.

Ногиронлиги бўлган муҳтож шахслар, пенсия ёшидаги муҳтож шахсларга протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар Тиббий-меҳнат эксперт комиссияси ёки Тиббий-маслаҳат комиссиясининг тиббий хулосаси асосида берилади. Бунда 16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болаларга ҳамда пенсия ёшидаги муҳтож шахсларга уларнинг яшаш жойидаги ТМК томонидан, 16 ёшдаги ва ундан катта ёшдаги ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг яшаш жойидаги ТМЭК томонидан берилади.

Пенсия ёшидаги муҳтож шахсга унинг ёки қонуний вакилининг аризаси ҳамда даволовчи врачнинг тиббий ҳужжатларига (амбулатор картаси, зарур бўлганда, касаллик тарихидан кўчирма) асосан тиббий хулоса расмийлаштирилади. Бунда шахснинг протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачаларга муҳтожлик муддати ҳар бир касаллик ҳолатида касалликнинг хусусияти ва кечишига, организм функцияларининг бузилиши даражасига ва компенсаторлик механизмларининг ҳолатига қараб якка тартибда аниқланади.

16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болага қонуний вакилининг аризаси ҳамда ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома асосида, 16 ёшдаги ва ундан катта ёшдаги ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлиги бўлган шахснинг ёки қонуний вакилининг аризаси ҳамда ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома асосида тиббий хулоса расмийлаштирилади.

Расмийлаштирилган тиббий хулосалар ҳақидаги маълумотлар тегишли ТМЭК ёки ТМК томонидан тиббий хулосаларни қайд этиш журналига киритиб борилади.

ТМЭК ёки ТМК томонидан тиббий хулосаларни расмийлаштиришда тегишлича тиббий кўрсатмаларга асосланилиши лозим.

Пенсия ёшидаги муҳтож шахсларга берилган тиббий хулосалар ҳар бир касаллик ҳолатида касалликнинг хусусияти ва кечишига, организм функцияларининг бузилиши даражасига ва компенсаторлик механизмларининг ҳолатига қараб, ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларга берилган тиббий хулосалар эса, ногиронликнинг муддатидан келиб чиқиб, қайта ногиронликка ўтиш ёки улардан фойдаланиш муддатигача берилади.

Тиббий хулоса протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалардан фойдаланиш муддати тугагандан кейин қайта расмийлаштирилади.

Тиббий хулосаларнинг асослилиги ва тўғри расмийлаштирилиши учун уни расмийлаштирган ва имзолаган шахслар жавобгар ҳисобланади.

Шахсда алоҳида махсус тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлган ҳолларда, Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ёки Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказлари қошидаги Тиббий-техник комиссиялар томонидан ногиронлиги бўлган муҳтож шахслар, пенсия ёшидаги муҳтож шахслар қўшимча текширувдан ўтказилиши ва протез-ортопедия буюмларини тайёрлашда қўшимча тиббий ва техник хулоса берилиши мумкин.

Муҳтож шахслар қайси ҳолатларда протез-ортопедия буюмлари билан бепул таъминланади?

Муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-иловасига мувофиқ, протез-ортопедия буюмларига муҳтожликни аниқлаш бўйича тиббий кўрсатмалар мавжуд. Фақатгина низомда келтирилган кўрсатмалар мавжуд бўлса беморлар протез-ортопедия буюмлари билан давлат томонидан бепул таъминланади.

Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг
1998 йил 10 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–2107-сон Фармонининг 5-бандига мувофиқ, нодавлат даволаш-профилактика муассасалари, шу жумладан, аҳолига пулли тиббий хизмат кўрсатувчи хусусий даволаш-профилактика муассасалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ имтиёзга эга беморларга 20 фоизга қадар бепул тиббий хизмат кўрсатади ва бу хизматлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

Демак, имтиёзга эга беморларга 20 фоизга қадар бепул тиббий хизмат кўрсатилиши ҳақида маълумотга эга бўлдингиз.

Кимлар имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминланиши мумкин?

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ, шунингдек, айрим тоифадаги шахсларни имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 204-сон қарори қабул қилинган.

Ушбу қарорнинг (1-иловасида) амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари қуйидагилар:

1. Онкологик касалликларга чалинганлар.

2. Сил касаллигига чалинганлар.

3. Мохов касаллигига чалинганлар.

4. Эндокринологик касалликларга (қандли ва қандсиз диабетга) чалинганлар.

5. Руҳий касалликларга чалинганлар.

6. ОИВ касаллигини юқтирганлар.

7. Юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш юзасидан операция қилинган шахслар.

8. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар.

9. 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар.

10. 1941–1945 йиллардаги уруш меҳнат фронти қатнашчилари.

11. Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган – ногирон шахслар.

12. Байналмилалчи жангчилар.

13. Ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.

Биласизми? Кимлар амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиши керак?

Мазкур қарорнинг 2-иловаси билан амбулаторияда даволанишда шахсларнинг айрим тоифаларини дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинган. Ушбу Низом “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ соғлиқни сақлаш давлат тизимининг амбулатория-поликлиника муассасаларида амбулаторияда даволанишда шахсларнинг айрим тоифаларини дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш тартибини белгилайди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ шахслар амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлади. Амбулаторияда даволанишда шахсларнинг айрим тоифаларини (кейинги ўринларда беморлар деб аталади) дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш дори воситаларини амбулатория-поликлиника муассасалари орқали ёхуд дорихоналар орқали бериш йўли билан амалга оширилади. Беморларга дори воситаларини имтиёзли бериш дорихоналар томонидан бемор амбулатория тартибида даволанадиган амбулатория-поликлиника муассасасида даволовчи врач томонидан ёзилган имтиёзли бериш рецепти асосида бепул берилади.

Ўз соғлиғингизнинг ҳолати бўйича маълумот олишингиз мумкинми?

“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг
25-моддасида фуқароларнинг ўз соғлиғининг ҳолати тўғрисида маълумот олиш ҳуқуқи белгиланган:

Ҳар бир фуқаро ўз соғлиғининг ҳолати тўғрисида маълумот, шу жумладан текшириш натижалари, қандай касали борлиги, қандай ташхис қўйилганлиги, касалликнинг бундан буён қандай кечишига оид тахминлар, даволаш усуллари ва бу усуллар билан боғлиқ хавф-хатар, тиббий аралашувнинг эҳтимол тутилган турлари ва уларнинг оқибатлари, амалга оширилган даволашнинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.

Фуқаронинг соғлиғи ҳақидаги маълумотни унинг ўзига, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахслар ҳамда қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар соғлиғи тўғрисидаги маълумотларни эса уларнинг қонуний вакилларига даволаш-профилактика муассасасининг даволовчи шифокори, бўлим мудири ёки текшириш ва даволашда бевосита қатнашаётган бошқа мутахассислар беради.

Беморларнинг тиббий аралашувга розилик берилиши шартми?

Яна бир муҳим масала – тиббий аралашувга розилик бериш ҳуқуқидир. Ушбу ҳуқуқ қонуннинг 26-моддасида белгиланган:

фуқаронинг ўз касалига доир маълумотларни билган ҳолда ўз ихтиёри билан розилик бериши тиббий аралашувнинг дастлабки зарур шартидир.

Фуқаронинг аҳволи ўз хоҳиш-иродасини изҳор этишга имкон бермайдиган, тиббий аралашувни эса кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда фуқаронинг манфаатини кўзлаб тиббий аралашувни амалга ошириш масаласини консилиум ҳал қилади, башарти консилиумга йиғилишнинг иложи бўлмаган тақдирда эса, кейинчалик даволаш-профилактика муассасасининг мансабдор шахсларини хабардор қилиш шарти билан бевосита даволовчи (навбатчи) шифокор ҳал этади.

Вояга етмаганларга нисбатан тиббий аралашувга ким рухсат беради?

Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсларга ва қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топади) деб топилган фуқароларга нисбатан тиббий аралашувга уларнинг қонуний вакил (муомалага лаёқатсиз шахсларга ўз хатти-ҳаракатларига жавоб бера олмагани учун уларнинг номидан ҳаракатларни амалга ошириши учун тайинланади)лари розилик беради. Ота-она ёки бошқа қонуний вакиллар йўқлигида тиббий аралашув тўғрисидаги қарорни консилиум қабул қилади, башарти консилиумга йиғилишнинг иложи бўлмаган тақдирда эса, кейинчалик даволаш-профилактика муассасасининг мансабдор шахслари ва беморнинг қонуний вакилларини хабардор қилиш шарти билан бевосита даволовчи (навбатчи) шифокор қабул қилади.

Тиббий аралашувни рад этиш мумкинми?

Фуқаро ёки унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга (тиббий кўрикдан ўтказиш, касалхонага ётқизиш, кузатиш ва яккалаб қўйиш каби ҳоллар бундан мустасно). Бундай ҳолларда шифокор ёзма тасдиқнома олишга, агар тасдиқнома олишнинг иложи бўлмаса — тиббий аралашувни рад этишни гувоҳлар иштирокида тегишли далолатнома билан гувоҳлантириб олишга ҳақлидир.

Башарти тиббий аралашувни беморнинг қонуний вакили рад этса ва бу ҳол бемор учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлса, шифокор бу ҳақда васийлик ва ҳомийлик органларини хабардор қилиши шарт.

Қайси ҳолатларда фуқароларнинг розилигисиз тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин?

Атрофдагилар учун хавфли касалликка чалинган шахсларга фуқаролар ёки улар қонуний вакилларининг розилигисиз тиббий ёрдам кўрсатилишига (тиббий кўрикдан ўтказиш, касалхонага ётқизиш, кузатиш ва яккалаб қўйишга) қонун ҳужжатларида белгиланган асосларда ва тартибда йўл қўйилади.

Демак, ҳозирги мураккаб пандемия шароитида, яъни атрофдагилар учун хавфли ҳисобланган COVID-19 касаллигига чалинган шахсларга фуқаролар ёки улар қонуний вакилларининг розилигисиз тиббий ёрдам кўрсатилишига йўл қўйилиши мумкин.

Тиббий-санитария ёрдами деганда нимани тушунамиз?

Тиббий-санитария ёрдами ўз ичига қуйидагиларни олади:

  • энг кўп тарқалган касалликлар, шикастланиш, заҳарланиш ва шошилинч ёрдам талаб этиладиган бошқа ҳолатларни даволаш;
  • санитария-гигиенага доир ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар, энг муҳим касалликларнинг тиббий профилактикасини ўтказиш;
  • оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тадбирларини, турар жойларда фуқароларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш билан боғлиқ бошқа чора-тадбирлар кўриш.

Хусусий соғлиқни сақлаш муассасаларида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиладими?

Хусусий ва бошқа соғлиқни сақлаш тизимларининг муассасалари томонидан кўрсатиладиган бирламчи тиббий-санитария ёрдами шартнома асосида амалга оширилади.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг ҳажми ва тартибини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайди.

Ҳозирги мураккаб пандемия шароитида, яъни атрофдагилар учун хавфли ҳисобланган COVID-19 касаллиги билан касалланган шахслар сони ошиб бораётгани сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Махсус комиссия томонидан хусусий соғлиқни сақлаш муассасаларида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши белгиланди ва ҳозирги вақтда тестлар олиш йўлга қўйилди.

Беморларнинг шошилинч ва тез тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи қандай амалга оширилади?

“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг
30-моддасига кўра, шошилинч ва тез тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи белгиланган.

Фуқаролар соғлиқни сақлаш тизимининг ҳар қандай даволаш-профилактика муассасасида шошилинч тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Тиббиёт ходимлари фуқароларга қайсидир сабабларга кўра шошилинч ёрдам кўрсатмаслиги мумкинми?

Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фуқароларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиши шарт. Улар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишдан бўйин товлаганлик, шунингдек, фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарар учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлади. Фуқаронинг ҳаёти хавф остида бўлган тақдирда тиббиёт ходимлари уни даволаш-профилактика муассасасига олиб бориш учун ҳар қандай транспорт туридан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Милиция, ёнғиндан сақлаш, авария хизматлари, транспорт ташкилотлари ходимлари, шунингдек, бошқа соҳа вакиллари тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар воқеа содир бўлган жойда қонун ҳужжатларига биноан зиммаларига юклатилган бирламчи шошилинч ёрдамни кўрсатиши шарт.

Тез тиббий ёрдам орқали ёки мустақил равишда Марказнинг қабулхонасига оғир аҳволда келган беморлар шифокор томонидан, тунги вақтларда эса масъул навбатчи шифокор томонидан текширувдан ўтказилади. Зарур ҳолларда ташхис қўйиш текширувлари ўтказилади ва зарур тиббий ёрдам кўрсатилади.

Аниқ ташхис қўйиш учун тегишли мутахассислар чақирилиши мумкин ва консилиум ўтказилади.

Ихтисослашган тиббий ёрдам кимларга кўрсатилади?

Ихтисослашган тиббий ёрдам профилактика, ташхис қўйиш, даволаш ва мураккаб тиббий технологиялардан фойдаланишнинг махсус усулларини тақозо этувчи касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатилади.

Ихтисослашган тиббий ёрдам даволаш-профилактика муассасаларида мутахассис шифокорлар томонидан кўрсатилади.

Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган фуқароларга қандай тартибда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилади?

Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган фуқароларга давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тегишли даволаш-профилактика муассасаларида тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилади ва доимий тиббий кузатув таъминланади.

Ижтимоий аҳамиятга молик касалликлар рўйхати ва бундай касалликларга чалинган шахслар учун имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил
20 мартдаги “Ижтимоий аҳамиятли касалликлар рўйхатини тасдиқлаш ва бундай касалликларга дучор бўлган шахсларга имтиёзлар белгилаш тўғрисида”ги 153-сон қарорининг 1-иловасида ижтимоий аҳамиятли касалликлар рўйхати белгиланган.

Ижтимоий аҳамиятли касалликларга нималар киради?

  1. Сил касаллиги.
  2. Онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар.
  3. Жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар.
  4. ОИТС.
  5. Мохов касаллиги (лепра).
  6. Руҳий касалликлар.

Ижтимоий аҳамиятли касалликларга дучор бўлган беморлар учун имтиёзлар мавжудми?

Ха, масалан, сил касаллигининг ҳар қандай шаклига дучор бўлган беморлар учун имтиёзлар мавжуд.

Жумладан, касаллик биринчи марта аниқланган беморлар учун сил касаллиги билан касалланиш оқибатида меҳнатга лаёқатсизлик бўйича касаллик варақаси бериш касаллик аниқлангандан бошлаб
10 ойгача сил касалликлари муассасаларида ҳисобда турган беморлар учун текшириш ва ногиронликни белгилаш учун кейинчалик уларни тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига юборган ҳолда, 6 ойгача.

Сил касаллиги билан касалланиш оқибатида иш қобилиятини вақтинча йўқотган ходимларнинг иш жойлари ва ўртача ойлик иш ҳақлари тўлиқ сақланади.

Беморларга (берилган йўлланма бўйича) даволаниш жойларигача автотранспортда бепул бориш ва келишга ёхуд маҳаллий бюджет ҳисобидан поездда йилда бир марта бориб келишга рухсат этилади.

Ётоқхоналарда ёки оиласи катта бўлган болали уйларда яшовчи беморлар учун навбатдан ташқари турар жойлар берилади.

Сил касалликларга қарши диспансерларнинг белгилашига кўра, сил касаллигига чалинган бемор бор бўлган оилаларнинг соғлом болаларини болалар боғчаларига, мактаб-интернатларига навбатдан ташқари жойлаш каби имтиёзлар ҳам мавжуд.

Атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликларга чалинган фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиладими?

Атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликларга чалинган фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш қонуннинг
33-моддасида белгиланган.

Атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликларга чалинган фуқаролар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ва бундай фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш давлат соғлиқни сақлаш тизимининг ана шундай мақсадга мўлжалланган муассасаларида бепул амалга оширилади.

Фуқаролар дори воситалари ва тиббий буюмлар билан давлат томонидан қайси ҳолатларда таъминланади?

Дори воситалари ва якка тартибда фойдаланиладиган тиббий буюмлар билан имтиёзли асосларда таъминланадиган фуқароларнинг тоифалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйилади. Давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволовчи шифокорлари фуқароларнинг дори воситалари билан имтиёзли асосларда таъминланиши учун рецепт ёзиб бериш ҳуқуқига эга. Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2019 йил 6 декабрдаги 96-сон буйруғи билан тасдиқланган “Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати” (рўйхат рақами 3200).

4. Тиббий экспертиза нима ва унинг қандай турлари бор?

“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунида тиббий экспертиза турлари акс эттирилган.

1. Меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертизалаш фуқароларнинг касаллик, шикастланганлик, ҳомиладорлик, туққанлик, оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлик, протез қўйдирганлик, санаторий-курортда даволанганлик муносабати билан ва бошқа ҳоллардаги меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини экспертизалаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилади.

2. тиббий-меҳнат экспертизаси фуқаролар ногиронлигининг сабаби ва гуруҳини, уларнинг меҳнат лаёқатини йўқотганлик даражасини, улар соғлиғини тиклашнинг турлари, ҳажми ва муддатини ҳамда ижтимоий ҳимоялаш чора-тадбирларини белгилайди, тегишли хулосалар беради. Ушбу хулосалар корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг маъмурияти учун мажбурийдир.

3. Ҳарбий-тиббий экспертиза ҳарбий ёки муқобил хизматга чақириладиган, ҳарбий хизматга контракт бўйича кирадиган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати органларининг захирасида (резервида) турган фуқаролар ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг саломатлиги жиҳатидан ҳарбий хизматга яроқли ёки яроқсиз эканини, касаллик, ярадорлик, шикастланганлик ҳарбий хизмат (ҳарбий йиғинларни ўташ) билан боғлиқлигини аниқлайди, ҳарбий хизматчиларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг соғлиғини тиклашнинг турлари, ҳажми ва муддатини белгилайди.

4. Суд-тиббиёт ва суд-психиатрия экспертизалари.

Суд-тиббиёт экспертизаси давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббий муассасаларида эксперт томонидан, унинг йўқлигида эса – экспертиза ўтказишга жалб этилган шифокор томонидан суриштирув ўтказаётган шахс, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими асосида ўтказилади.

Суд-психиатрия экспертизаси давлат соғлиқни сақлаш тизимининг шу мақсадга мўлжалланган муассасаларида ўтказилади.

Беморнинг ўлим сабаблари ҳақида аниқ маълумотлар олиш учун қандай экспертиза ўтказилади?

Патологик-анатомик тадқиқотлар соғлиқни сақлаш муассасаларида одам ҳаётлигида ҳамда ўлганидан сўнг ташхис қўйиш (биопсия ва аутопсия), шунингдек, клиник шароитда ташхис қўйиш ва касалликни даволаш ишларининг тўғри олиб борилганини назорат қилиш, ўлим сабаблари ҳақида аниқ маълумотлар олиш мақсадида ўтказилади.

МУРОЖААТ ҚИЛМАСЛИК УЧУН, САНИТАРИЯ-ГИГИЕНА ҲАМДА СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА РИОЯ ҚИЛИНГ!

Ҳаммамизга маълумки, 2019 йилда Хитой Халқ Республикасида коронавирус номли вирус тарқалди. ХХР орқали бутун дунё мамлакатларига тарқалгани каби, мамлакатимизга ҳам мазкур вирус кириб келди ва бунинг натижасида аҳолининг маълум қисми бундан азият чекмоқда.

Ушбу пандемияга қарши курашиш ва бартараф этиш учун мамлакат раҳбарияти томонидан дарҳол Махсус ишчи комиссия тузилди.

Мазкур касаллик аломатларини ўзингизда сездингизми?

Унда коронавирус билан боғлиқ тиббий масалалар бўйича ташкил этилган CALL марказ – 1003 рақами орқали боғланишингиз мумкин.

5. “COVID-19” пандемияси даврида тиббий ҳуқуқлар таъминланиши

COVID-19 бўйича Сизни қизиқтираётган тиббиёт нуқтаи назардаги саволларингизга энг батафсил жавобларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий https://coronavirus.uz/uz сайтида топишингиз мумкин.

Биз эса коронавирус давридаги сизнинг энг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятларингиз ҳақида тўхталиб  ўтамиз:

Авваламбор, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасида “Аҳолининг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлиги” эпидемия даврида аҳолининг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлиги қонун давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар томонидан санитария-гигиена йўсинидаги ҳамда эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилиши орқали таъминланади.

Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 26 августдаги “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунидаги қуйидаги асосий тушунчаларни билишингиз керак:

👉 аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги — аҳоли соғлиғининг ҳолати бўлиб, бунда инсонга яшаш муҳити омилларининг зарарли таъсири мавжуд бўлмайди ва унинг ҳаёт фаолияти учун қулай шарт-шароитлар таъминланади;

👉 давлат санитария назорати – аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олишга, уларни аниқлаш ва бартараф этишга доир фаолият;

👉 инсоннинг яшаш муҳити – инсоннинг ҳаёт фаолияти шарт-шароитларини белгилайдиган объектлар, ҳодисалар ва атроф-муҳит омиллари мажмуи;

👉 санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар – юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлишининг ҳамда тарқалишининг олдини олишга ва уларни бартараф этишга қаратилган ташкилий, маъмурий, муҳандислик-техник, тиббий-санитария чора-тадбирлари ҳамда бошқа чора-тадбирлар;

👉 санитария-эпидемиологик вазият – аҳоли яшаётган муҳитининг ва соғлиғининг муайян ҳудуддаги, кўрсатилган аниқ вақтдаги ҳолати;

👉 санитария-эпидемиология хизмати – аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи давлат санитария-эпидемиология назорати марказларини, орттирилган иммунитет танқислиги синдромига (ОИТСга) қарши курашиш марказларини, дезинфекция станцияларини, ўлат, карантин ва ўта хавфли инфекцияларни профилактика қилиш марказларини, илмий-тадқиқот муассасаларини ўз ичига олган ягона тизим;

👉 чекловчи тадбирлар (карантин) – юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлар;

👉 юқумли ва паразитар касалликлар – инсонга у яшаётган муҳитнинг биологик омиллари таъсир кўрсатиши ҳамда касалликка чалинган инсондан ёки ҳайвондан соғлом инсонга касаллик юқиши мумкинлиги сабабли пайдо бўладиган ва тарқаладиган инсон касалликлари.

Ушбу қонунга кўра, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланади ҳамда агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Фуқаролар:

  • қулай яшаш муҳити;
  • давлат бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, шунингдек давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлардан санитария-эпидемиологик вазият ва инсоннинг яшаш муҳити ҳолати тўғрисида ахборот олиш;
  • юридик шахслардан ва якка тартибдаги тадбиркорлардан маҳсулотнинг, шунингдек бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг хавфсизлиги ҳамда сифати тўғрисида ахборот олиш;
  • аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш;
  • аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари оқибатида ўз соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга.

Фуқаролар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши ҳамда бошқа фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ва қулай яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлувчи ҳаракатларга йўл қўймаслиги шарт.

Дезинфекция тадбирлари:

юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш, уларнинг доирасини камайтириш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида:

  • эпидемик кўрсаткичлар бўйича дезинфекция тадбирлари – давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлар томонидан;
  • профилактик дезинфекция тадбирлари – юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартномалар асосида дезинфекция станциялари томонидан ўтказилади.

Мажбурий тиббий кўриклар

Юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлишининг ҳамда тарқалишининг олдини олиш, шунингдек касб фаолиятига оид касалликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор касб ва ишлаб чиқариш тармоқларининг ходимлари ишга кириш пайтида дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ҳамда кейинчалик вақти-вақти билан тиббий кўриклардан ўтиб боради.

Ходимлари мажбурий тиббий кўриклардан ўтказилиши лозим бўлган касбларнинг ва ишлаб чиқаришларнинг рўйхати, бундай кўрикларни ўтказиш тартиби ва муддатлари олдиндан Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси хабардор қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.