Кириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларни узлуксиз давом эттиришимиз, ҳуқуқий тарбияни мактабгача таълим тизимидан бошлашимиз, бу борадаги илк кўникмалар она алласи каби фарзандларимиз қалбидан умрбод жой олиши даркор.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда малакали юридик кадрларни тайёрлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Бугунги кунда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарбияни кенг йўлга қўйишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш вақти келди. Ёшларимизга болаликдан “яхши” ва “ёмон”, “мумкин” ва “мумкин эмас” деган тушунчалар ўртасидаги фарқни ўргатишимиз, ўзимиз эса уларга доимо шахсий намуна бўлишимиз керак.

Хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, уларда мактаб ўқувчиларига кундалик ҳаётдаги турли муаммоли вазиятлардан чиқиш, кундалик юриш-туриш қоидаларини ўргатиш орқали уларни реал ҳаётий вазиятларга тайёрлаш тажрибаси мавжуд.

Хусусан, АҚШ ва Ғарбий Европа давлатларида жамиятда ўзини тутиш ва юриш-туриш қоидалари, жумладан светофор ишораларига риоя қилиш, йўл белгиларига оғишмай амал қилиш, атроф муҳитни озода сақлаш, умуман олганда шахсни реал ҳаётий вазиятларда ўзини тутиш ва турли вазиятларда тўғри ҳуқуқий ечим топиш кўникмалари нафақат ёшларга, балки катта ёшдаги шахсларга ҳам турли инфографика воситалари ва “чўнтак” қўлланмалар тарзда етказилади.

Ушбу оммабоп рисола нафақат ёшлар, балки уларнинг ота-оналарига фарзандларини таълим муассасаларига бериш тартибини содда ва равон шаклда тушунтиришга қаратилган бўлиб, ота-она учун энг муҳим инвестиция ҳисобланувчи фарзандини баркамол авлод қилиб тарбиялашдек вазифани ҳал қилишга хизмат қилади, деган умиддамиз.

1. Сиз фарзандингизни боғчага жойлаштирмоқчимиз?

Фарзандингизни боғчага навбатга қўйишнинг икки усули бор:

биринчиси – белгиланган шаклдаги анкетани тўлдирган ҳолда Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш;

иккинчиси – Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (my2.gov.uz) уйдан ёки ишхонадан туриб, бир зумда ҳужжатларни юбориш.

Ҳар икки ҳолатда ҳам анкета топширувчига электрон рақамли имзо керак бўлади.

Фарзандингизни боғчага навбатга қўйиш учун фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишингиз зарур.

Турли ҳужжатларни тўплаб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳузуридаги турли қабул комиссияларига бориб юрманг.

Борганингиз билан ҳужжатларингизни қабул қилишмайди ҳам. Чунки энди уларда бундай ваколат йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
28 мартдаги 244-қарори билан “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланган.

Эътибор беринг!!!

2018 йил 1 апрелдан бошлаб болаларни давлат боғчаларига расмийлаштириш, навбатга қўйиш фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилмоқда.

Интерактив хизматлардан фойдаланиш кўникмасига эга бўлиб олсангиз, ўзингизга яхши, келгусида вақт йўқотишдан ва ортиқча харажатлардан қутиласиз.

Коррупция ва бюрократик тўсиқларга дуч келмайсиз.

Боғчага (давлат мактабгача таълим муассасасига) 3 ёшдан
7 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади.

Болаларни боғчага жойлаштиришнинг электрон тизими қандай ишлайди?

Барча туман мактабгача таълим муассасалари ва болалар боғчалари Ягона интерактив давлат хизматлари порталига уланган. Порталда болаларни боғчага қабул қилиш бўйича жисмоний шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиби жорий этилган.

Ота-оналарда йўлланмаларни олиш учун анкета топширишда икки йўл бор:

биринчиси – белгиланган шаклдаги анкетани тўлдирган ҳолда Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш;

иккинчиси – Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (my2.gov.uz) уйдан ёки ишхонадан туриб юбориш.

Ҳар икки ҳолатда ҳам анкета топширувчига электрон рақамли имзо керак бўлади. Чунки аризачи анкетани электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди.

Эътибор беринг!

Электрон рақамли имзо мавжуд бўлмаса бу хизмат кўрсатилмайди!

Яъни, электрон рақамли имзоси бўлмаган ота-оналар болаларини давлат боғчаларига жойлаштира олмайди. Улар шаҳарда яшайдиларми, қишлоқдами, фарқи йўқ: албатта электрон рақамли имзога эга бўлиши шарт!

Электрон рақамли имзо олиш қийин эмас.

Электрон рақамли имзо Давлат хизматлари марказлари томонидан аризачининг мурожаати асосида берилади. Бунинг учун Сизга уч нарса керак – СТИР, пластик карта, мобил телефон. Энди бир бошдан:

1. Ҳар бир фуқарода солиқ органлари томонидан бериладиган солиқ тўловчи идентификацион рақами (СТИР, русча ИНН) бўлиши лозим.

2. Электрон рақамли имзони харид қилиш (17224 сўм) учун ҳужжат тўлдираётган ота ёки онанинг электрон тўлов тизимларига уланган пластик карта.

3. Электрон тўлов тизимига пластик картани улаш учун мобил телефон.

Электрон рақамли имзо – давлат идоралари билан ўзаро муносабатни ўрнатишда жисмоний шахсга электрон хатти-ҳаракатларини тасдиқлаш учун зарур бўладиган имзо.

Содда тилда айтсак, бу – шахснинг рақамлардан иборат электрон имзоси ва у шахснинг қўлда чекилган имзосига тенглаштирилади.

Эътиборсиз бўлманг!

Электрон рақамли имзо калити – оддий нарса эмас. Бу сизнинг электрон имзоингиз! У бирор бузғунчининг қўлига тушиб қолса, сизнинг номингиздан кўплаб амалларни бажариши ва оқибатда сизга жиддий зиён етказиши мумкин.

Шунинг учун на электрон рақамли имзо калитини, на унинг паролини бегоналарга ишониб топширманг ёки унутиб қолдирманг.

Қуйидаги расмга қаранг. Ушбу расмда электрон рақамли имзонинг хусусиятлари ва уни олиш тартиби тушунтирилган.

Мактабгача таълим муассасаси (болалар боғчаси)га болаларини беришни истаган кўпчилик оналарда солиқ тўловчи идентификацион рақами ҳам, электрон тўлов тизимларига уланган пластик карта ҳам бўлмаслиги мумкин. Чунки уларнинг орасида уй бекалари ва расман бирор ерда ишламайдиганлари оз эмас.

Менда СТИР ҳам, тўлов тизимларига уланган пластик карта ҳам йўқ. фарзандимни боғчага жойлаш учун қандай йўл тутишим керак? барибир боғчага йўлланма олиш керак-ку! бунда нима қилишим керак?

Сиз ушбу давлат хизматидан осон фойдаланиш учун қуйидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини бажаринг.

Биринчи қадам.

Демак, энди болаларини давлат боғчаларига жойлаштиришни истаган ота-оналар биринчи бўлиб туман солиқ идораларига бориши ва агар шу вақтгача олинмаган бўлса, ўзларига солиқ тўловчи идентификацион рақами (СТИР) олиши зарур. Юқорида айтилганидек, электрон рақамли имзони харид қилишда солиқ тўловчи идентификацион рақами керак бўлади.

Иккинчи қадам.

Ўзингизнинг номингизга банк пластик картаси очтирасиз (агар мавжуд бўлмаса) ва уни электрон тўлов тизимларидан бирига улатасиз (буни банк ходимларидан илтимос қилсангиз улаб беради). Аммо бунинг учун сизга мобил телефон рақами керак бўлади. Чунки фаоллаштириш коди сизнинг мобил телефонингизга келади.

Учинчи қадам.

Флешка харид қиласиз (электрон рақамли имзо калитини сақлаш учун) ва Давлат хизматлари марказига борасиз. Агар электрон рақамли имзони тўлов тизимлари орқали мустақил харид қилишни уддалай олсангиз, бунга сизнинг саноқли дақиқаларингиз кетади. Бунда вақтдан ҳам ютасиз.

Тўловни амалга оширгач, флешка билан ўзингиз яшаб турган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига борасиз ва электрон рақамли имзо калитини сизга кўчириб беришади. Бунда телефонингизга электрон рақамли имзо калитининг пароли ҳам келиб тушади.

Бу пароль сизга давлат хизматларидан электрон фойдаланганда электрон ариза ва ҳужжатларни имзолаш учун керак бўлади.

Агар электрон рақамли имзони мустақил равишда тўлов тизимлари орқали харид қилишни билмасангиз, Давлат хизматлари марказида сизга кўмаклашишади.

Тўртинчи қадам.

Ниҳоят электрон рақамли имзо калитига эга бўлганингиздан сўнг давлат хизматлари маркази ходими сиз тўлдирган анкета кўмагида йўлланмага буюртма беради ёки фарзандингизни навбатга қўяди.

Болаларни боғчага қабул қилиш бўйича давлат хизматлари
– БЕПУЛ.

Агар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my2.gov.uz)дан фойдаланишни билсангиз, давлат хизматлари марказига боришга ҳожат ҳам қолмайди. Анкетани мустақил тўлдириб юборасиз. Анкета шакли илова қилинади (1-илова).

Атиги 5-10 дақиқада ўзингиз йўлланмага буюртма бера оласиз.

Фарзандимни боғчага жойлаштиришда имтиёз бор деб эшитдим. кимлар ушбу имтиёзга эга?

Мазкур имтиёзга қуйидаги шахсларнинг фарзандлари эга:

  • ногирон шахсларнинг болалари;
  • уч нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг болалари;
  • ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари;
  • талабалар ва педагогларнинг болалари, етим болалар ёки ота-она қаровисиз қолган болалар;
  • бошқа муассасаларга ўтказилган болалар;
  • акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар.

Аризачиларда устунлик ҳуқуқининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот анкетада кўрсатилиши шарт.

Навбатим қачон келишини қандай билсам бўлади?

Барча боғчалар ҳар ойда бўш ўринлари тўғрисидаги маълумотни туман халқ таълими бўлимига юборади.

Туман бўлимлари бўш ўринларнинг электрон ҳисобини юритиб, болаларни қабул қилиш бўйича электрон навбатни шакллантиради ва йўлланма беради, улар асосида боғчалар болаларни қабул қилади.

Бундан ташқари, туман халқ таълими бўлимлари ўз расмий сайтларида доимий қуйидаги маълумотларни бериб боради:

  • муассасадаги ўринлар сони ва бўш ўринларнинг мавжудлиги;
  • анкеталарнинг умумий рўйхати;
  • анкеталарнинг имтиёзли рўйхати.

Анкеталар Давлат хизматлари марказларида ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштирилгандан кейин тегишли туман халқ таълими бўлимига дарҳол юборилади.

Шундан кейин 1 иш куни мобайнида аризачиларга йўлланма берилади ёки навбатга киритилиши расмийлаштирилади.

2. Сиз фарзандингизни мактабга жойлаштирмоқчимисиз?

Фарзандимни ўзим хоҳлаган мактабга жойдаштирсам бўладими?

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат мактабларига қабул қилишнинг босқичма-босқич тартиби жорий этила бошланди.

Унутманг!

Ушбу тартиб ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ва мактаб-интернатлар, олимпия захираларимактаб-интернатларига татбиқ этилмайди. Мактабларга қабул қилиш даври ҳар йили 15 июндан бошланиб, 31 августгача давом этади.

Асосий квота болалар сонини инобатга олган ҳолда шакллантирилади. Уларга қуйидагилар киради:

  • ота-онаси муайян мактабга бириктирилган микроҳудудда доимий истиқомат қилаётган болалар;
  • отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган болалар;
  • етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар.

Ариза берувчи йўлланма олиш учун ДХМга мурожаат қилиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтиши ва белгиланган шаклдаги сўровномани тўлдириши шарт.

Шундан кейин ДХМ ходими ариза берувчи киритилган маълумотларнинг тўғрилигини текшириши учун уни қоғозга чиқаради, сўнг электрон версияси ЭРИ билан тасдиқланади.

Ариза берувчида ЭРИ билан тасдиқлаш имкони бўлмаса, унинг имзоси идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва б.) билан тасдиқланиши мумкин.

Эътибор беринг!!!

Боланинг қариндошлари ҳам ота-онасининг нотариал тасдиқланган ишончномаси асосида мактабга йўлланма олиши мумкин.

Сўровнома тўлдирилгач 1 соат мобайнида манзил-маълумот бюросига юборилади, у 1 иш куни мобайнида ариза берувчининг микроҳудудда доимий пропискада тургани ёки турмагани ҳақидаги маълумотни ДХМга тақдим этади.

Сўнг ДХМ 1 иш куни мобайнида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган йўлланмани расмийлаштиради.

Ариза берувчи бириктирилган микроҳудудда доимий пропискада турмаса, ДХМ асослантирилган рад жавобини расмийлаштиради.

Ушбу жараённи қуйидаги расмда кўринг!

Бу муҳим! 

Асосий квота доирасида йўлланма расмийлаштирилгани учун йиғим ундирилмайди.

2. Мактабларга қўшимча квота бўйича қабул қилиш тартиби қандай?

Болалар учун мактаб имкониятидан келиб чиқиб қўшимча квота ажратилади:

  • тегишли микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги;
  • яшаш жойидан қатъи назар, мактаб ёшига етмаган (1 сентябрга қадар 6 ёшга тўладиган);
  • мактабда таълим бериш тили бўйича бошланғич билим кўникмасига эга бўлмаган. 

Буни унутманг!

Қўшимча квота бўйича қабул учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда йиғим ундирилади.

Бунда мактаблардаги Кузатув кенгашлари ушбу йиғимнинг оширилган миқдорини ҳам белгилаши мумкин.

– Мактабга фарзандимни расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар тақдим этишим керак?

Ортиқча ҳужжатлар сўраш ёки қўшимча маблағларни талаб қилиш қонун билан ТАҚИҚЛАНГАН!

Ушбу ҳолатларда коррупция ҳолатлари ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг!

3. Сизнинг фарзандингиз олий ўқув юртига кирмоқчими?

1. Олий таълим муассаса (ОТМ)ларига абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиш қачон ва қандай тартибда амалга оширилади?

2020/2021 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига абитуриент сифатида онлайн рўйхатдан ўтиш 2020 йилнинг 20 июнидан 20 июлига қадар (шу куни ҳам):

  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (www.my.gov.uz);
  • Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали (www.dtm.uz) амалга оширилди.

2. Рўйхатдан ўтиш учун қандай ҳужжатлар керак?

Қуйидаги ҳужжатлар керак бўлади:

  • фуқаролик паспорти;
  • умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатгани ҳақидаги ҳужжат;
  • имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши лозим.

3. Давлат тест марказининг расмий abitur.dtm.uz веб-сайти орқали қандай рўйхатдан ўтилади?

Абитуриентлар abitur.dtm.uz сайти орқали рўхатдан ўтади. Тизимга кириш учун телефон рақам ва махфий калит сўзни киритиш керак.

Телефон рақам етти рақамли форматда киритилади ва саккизта Телефон рақам етти рақамли форматда киритилади ва саккизта белгидан кам бўлмаган калит сўз киритилиб, “Кириш” тугмаси босилади. Шундан сўнг, киритилган телефон рақамига махсус СМС-код келади ва у беш дақиқа ичида киритилиб, тасдиқланиши керак.

Тизимга киргандан сўнг паспорт маълумотларини тўлдириш сўралади.

Биринчи сатрда абБиринчи сатрда абитуриент ўзининг идентификация рақамини киритиши керак. Идентификацион рақам паспортнинг пастки қисмида жойлашган ва 14 та рақамдан иборат.

Кейинги қаторларда паспорт серияси, паспорт рақами ва абитуриент миллати киритилади. “Шахсий маълумотларимдан фойдаланишга розиман” бўлимини тасдиқлаб, “Сақлаш” тугмасини босиш керак.

Кейинги босқичда абитуриент тугатган таълим муассасаси ҳақидаги маълумотларни тўлдиради: муассаса тури, давлат, вилоят, туман, муассаса номи, таълим муассасасини тугатган йили, ҳужжат серияси ва рақами.

Агар абитуриент имтиёзга эга бўлса, шахсий маълумотларни киритиб бўлгач, бош саҳифада жойлашган “Имтиёзлар – 2020” бўлимида ўз имтиёзлари ҳақидаги маълумотларни киритиши мумкин.

Имтиёзлар бўлимида ногиронлиги бўлган шахслар, ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга, кўзи ожизлар, чет тили сертификатига эга абитуриентар ўз имтиёзларини киритади. Бошқа турдаги имтиёзлар тегишли идоралардан олинган маълумотлар асосида тўлдирилади.

4. ОТМга ҳужжат топширганлик учун тўлов ундириладими?

Қуйидаги шахслардан тўлов ундирилмайди:

  • жорий йил битирувчиларидан, яъни ҳужжат топшираётган йилда умумий мактаб ёки ўрта махсус билим юртини тамомлаганлардан;
  • ногирон шахслардан;
  • тўлиқ давлат таъминотидаги шахслардан.

Қолган абитуриентлардан энг кам ойлик иш ҳақининг
50 фоизи
(111.500 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.

5. Ҳарбий қисмлар қўмондонлиги тавсияномаларининг амал қилиш муддати чекланганми?

Ҳарбий қисмлар қўмондонлиги тавсияномалари улар берилган кундан ҳамда муддатли ҳарбий хизматни тугатган давридан бошлаб уч йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади (олий таълим муассасасига талабаликка қабул қилингани тўғрисидаги расмий буйруқ бўлса, имтиёздан такроран фойдаланиш мумкин эмас).

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда олий таълим муассасаси қабул комиссияси абитуриентнинг ҳужжатларини рўйхатдан ўтказишни рад этишга ҳақли эмас.

Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган муддатлар тугагандан сўнг ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш қатъиян ман қилинади.

Абитуриент томонидан тақдим этилган (топширилган) ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, у ҳолда абитуриент кириш имтиҳонларидан (талабаликка қабул қилинган бўлса олий таълим муассасаси талабалари сафидан) четлаштирилади ҳамда бу ҳақда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар қилинади.

6. Бир вақтнинг ўзида нечта отмга кириш учун имтиҳон топшириш мумкин?

Абитуриентларга олий таълим муассасаларининг 5 тагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади. Кириш тест синовлари июль-август ойларида ўтказилади.

Йўналиш танлаш қуйидагича амалга оширилади:

  1. Таълим шаклини танлаш: кундузги, сиртқи ёки кечки.
  2. Таълим тилини танлаш: ўзбекча, русча, қорақалпоқча.
  3. Тест топшириш графикасини танлаш: лотинча ёки кириллча.
  4. Биринчи танлаган ОТМга ва йўналишга қараб мос бўлган яна тўртта ОТМ ва уларнинг йўналишини танлаш имкони берилади.
  5. Тест топшириш ҳудуди: абитуриент тест топшириш учун ўзига қулай бўлган вилоятни танлайди.
  6. “Сақлаш” тугмаси босилади.

Кейин рўйхатдан ўтиш пайтида кўрсатилган телефон рақамига махсус СМС-код келади ва уни қуйидаги бўлимга киритиш керак:

Шундан сўнг, абитуриент қайд варақаси шаклланади.

Имтиҳон натижалари тест жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафтада Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

7. ОТМга ўқишга кирган абитуриентлар қачон контракт пулларини тўлашни бошлашлари мумкин?

Давлат комиссияси томонидан абитуриентларни тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин олий таълим муассасаси билан юридик ёки жисмоний шахслар ўртасида белгиланган тартибда контрактлар расмийлаштирилади.

Давлат комиссияси томонидан тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар учун тўлов ҳар йили контракт шартларида кўрсатилган муддатларда амалга оширилади.

Олий таълим муассасаларининг таклифига мувофиқ, уларнинг имкониятлари, танлов ва тўпланган баллар миқдоридан келиб чиқиб, Давлат комиссияси қарори асосида абитуриентлар тўлов-контракт бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилиниши (кейинги ўринларда қўшимча қабул деб аталади) мумкин.

Қўшимча қабулни амалга ошириш таклифлари олий таълим муассасалари томонидан бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда 15 октябрга қадар Давлат комиссиясига киритилади.

Давлат комиссияси олий таълим муассасаларининг имконияти, танлов ва тўпланган баллар миқдоридан келиб чиқиб, оширилган тўлов-контракт шарти билан абитуриентларни қўшимча қабул қилиш кўрсаткичлари юзасидан 20 октябрга қадар қарор қабул қилади.

Бунда:

  • баллар кетма-кетлиги бўйича рўйхатдаги олдинги абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишни аризаси билан рад этган ҳолда ёки кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) натижалари эълон қилинган кунидан бошлаб бир ой муддатда ариза бермаганда рўйхатдаги кейинги абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилади;
  • қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш олий таълим муассасасининг бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолдаги таклифларига (қабул кўрсаткичлари бўйича) биноан Давлат комиссияси қарори асосида олий таълим муассасаларининг имконияти инобатга олиниб амалга оширилади.

Олий таълим муассасалари қўшимча қабулни Давлат комиссияси қарори билан белгиланган кўрсаткичларга мувофиқ тўплаган баллари Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган минимал баллдан кам бўлмаган ва асосий қабул чегараларига 4 баллгача етмаган абитуриентлар орасидан баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширади.

Оширилган тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

Эътибор беринг!

Тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига:

бир баллгача етмаган абитуриентлар учун – 1,5 баробар;

1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун – 2,0 баробар;

2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун – 2,5 баробар;

3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун – 3,0 баробар.

Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда ушбу миқдорлар бўйича тўлов-контракт шартлари биринчи ўқув йили учун тўлиқ бажарилгандан сўнг абитуриент олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.

8. Мен имтиҳон натижаларига кўра 35 балл тўпладим. Ушбу ҳолатда оширилган миқдорларда контракт тўлаб ўқишга киришим мумкинми?

Кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) натижаларига кўра Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган минимал баллдан кам балл тўплаган абитуриентларга биринчи ўқув йилига амалдаги оширилган тўлов-контрактнинг таълим йўналиши бўйича белгиланган энг юқори миқдорининг 2 баробарига тенг тўловни амалга ошириш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилади.

Тест синовлари натижаси бўйича етарли балл тўпламаган ва оширилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган барча абитуриентлар учун оширилган тўлов-контрактнинг миқдори (баробари) кам бўлган таълим йўналишини танлаш имконияти берилади. Бунда, абитуриент тест топширган фанлар мажмуасининг (фанларнинг блокдаги ўрни) мослиги билан биргаликда унинг доимий яшаш жойи ёки ҳужжат топширган олий таълим муассасаси жойлашган ҳудуд мезон этиб белгиланади.

Оширилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриент Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда тўлов-контракт шартларини биринчи ўқув йили учун тўлиқ бажаргандан сўнг олий таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.

Республика олий таълим муассасаларига қўшимча қабул қилинган талабалар биринчи ўқув йилини тугатгандан сўнг кейинги ўқув йилидан бошлаб амалда ўрнатилган базавий тўлов-контракт миқдори асосида ўқишни давом эттиради.

9. Хотин-қизларга ОТМга кириш учун қўшимча давлат гранти учун квота мавжудми?

Президент қарори билан 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб:

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилади.

Тавсияномалар қуйидаги мезонлардан бири асосида берилади:

  • кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар;
  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари;
  • шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар;
  • ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар;
  • ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар;
  • олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан икки ёки ундан ортиқ маротаба паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи оилалардаги қиз фарзандлар (уларни ўз ҳудудида 3 йил ишлаш шарти билан).

Ҳар йили февраль ойида хотин-қизларга тавсияномалар бериш бўйича ишчи гуруҳи тузилади. Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари тавсиянома олиш мақсадида мурожаат этган хотин-қизларнинг ҳужжатларини ҳар йили 10 майга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларига тақдим этади.

Ишчи гуруҳ томонидан саралаб олиниб, қўшимча қабул кўрсаткичлари учун танловда иштирок этишга тавсия этилган хотин-қизларнинг рўйхати ҳар йили 15 июнга қадар Давлат тест марказига тақдим этилади ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Тавсиянома олий маълумот олиш истагида бўлган хотин-қизларга 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади.