Кириш

Ҳурматли китобхон, Сиз давлат органларига қандай мурожаат қилишни биласизми? Бу масалада ўзингизнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларингиз борлигидан хабардормисиз? Агар юқоридаги саволлар жавоби Сизни қизиқтирган бўлса, унда мазкур рисолани ўқиб чиқинг ва керакли маълумотларга эга бўлинг.

Фуқаролар давлат органларига мурожаат қилишида Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни (янги таҳрирда 2017 йил
11 сентябрь,ЎРҚ-445-сон) ҳамда янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунлари уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали восита бўлиб хизмат қилади. Рисоладан кўзланган асосий мақсад аҳолининг давлат органларига мурожаат қилиш соҳасидаги саводхонлигини янада ошириш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали усул-воситаларини таништиришдан иборат.

Рисола аҳолининг кенг қатлами учун, турли ижро органларига мурожаат қилишида ёрдамчи қўлланма сифатида мўлжалланган.

1. Мурожаат нима?

Мурожаат – бу жисмоний ёки юридик шахснинг ариза, таклиф ёки шикоят билан давлат органлари билан алоқага киришишидир.

Ариза – ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат.

Таклиф – давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат.

Шикоят – бузилган ҳуқуқлар, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат.

Давлат органларига мурожаат қилишга оид муносабатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида биласизми?

  • Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
    (35, 44-моддалар);
  • Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни (янги таҳрирда 2017 йил 11 сентябрь,ЎРҚ-445-сон);
  • Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил
    28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4904-сон Фармони;

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида намунавий низом”.

2. Кимлар мурожаат қилиш ҳуқуқига эга?

Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

3. Мурожаатларнинг қандай шакллари мавжуд?

Мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда бўлиши мумкин.

Эсда сақланг!

Мурожаатлар  шаклидан қатъи  назар, бир хил аҳамиятга эга бўлади.

  • электрон мурожаат деганда белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологиялари воситасида берилган, шу жумладан, давлат органи, ташкилотнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилган, реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда берилган мурожаатлар;
  • оғзаки мурожаатлар реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан давлат органларининг, ташкилотларнинг ишонч, тезкор алоқа телефонлари орқали ва видеоконференцалоқа воситасида ҳам берилиши мумкин.

4. Мурожаатларга қандай талаблар қўйилган?

Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида давлат органининг, ташкилотнинг аниқ номи, мурожаат юборилаётган мансабдор шахснинг лавозими, фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилган, шунингдек, мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Мурожаатларда мурожаат этувчиларнинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факс рақамлари кўрсатилиши мумкин.

Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

5. Мурожаатлар муносабати билан аён бўлиб қолган маълумотларнинг ошкор этиш мумкинми?

Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек, давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ва агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотнинг давлат органлари, ташкилотлар ходимлари ва улар мансабдор шахслари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Жисмоний ва юридик шахс тўғрисидаги мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмайди. Жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги керак.

Эсда тутинг!

Мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек, юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган ери (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ва бошқа ҳолатларига қараб камситишга йўл қўйилмайди.

Бу муҳим: Жисмоний шахс, унинг вакили, ва оила аъзоларини, юридик шахс, унинг вакили ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат этгани, шунингдек, мурожаатларда ўз фикрини билдиргани ва танқид қилгани муносабати билан таъқиб этиш ман этилади.

6. Мурожаатлар қандай тартибда берилади?

Мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколати доирасига кирадиган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсига бевосита ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади.

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатни мустақил равишда беришга, шунингдек, бу борадаги ваколатни ўз вакилига беришга ёхуд мурожаатни почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда юборишга ҳақли. Вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб мурожаатлар уларнинг қонуний вакиллари томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда берилиши мумкин.

Мурожаатга у бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек, уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар илова қилиниши мумкин. Мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, мурожаат этувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар бундан мустасно. Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мурожаат тааллуқлилиги бўйича бошқа давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсига юборилганда мурожаатга илова қилиниши керак.

Мурожаат почта алоқа воситаси орқали конвертда келиб тушганда конвертда мурожаат ва унга иловалар мавжудлиги текширилади. Конвертда мурожаат мавжуд бўлмаса ёки у шикастланган бўлса, шунингдек, мурожаатда кўрсатилган иловалар мавжуд бўлмаса, далолатнома тузилиб, унинг бир нусхаси мурожаат этувчига конвертда кўрсатилган манзил бўйича юборилади.

Эътибор беринг!

такрорий мурожаат – айни бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган, унинг аввалги мурожаати юзасидан қабул қилинган қарор устидан шикоят қилинаётган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилаётган, шунингдек, агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтга келиб қонун ҳужжатларида белгиланган кўриб чиқиш муддати тугаган бўлса, илгариги мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилмагани тўғрисида хабар қилинаётган мурожаат.

аноним мурожаат – жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаат, шунингдек, уни идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаат.

7.  Мурожаат бериш муддатлари борми?

Мурожаатларни бериш муддатлари қоида тариқасида, белгиланмайди. Айрим ҳолларда, агар давлат органи, ташкилот ёки улар мансабдор шахсларининг мурожаатни кўриб чиқиш бўйича имкониятларига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ўз вақтида амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек, қонунларда назарда тутилган бошқа асосларга кўра мурожаатни бериш муддати белгиланиши мумкин.

Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилгани ёхуд қарор қабул қилингани маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йилдан кечиктирмай берилади.

Ариза ёки шикоят беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати ариза ёки шикоятни кўриб чиқувчи давлат органи, ташкилот ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси томонидан тикланади.

Мисол учун: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 186-моддасига кўра, агар ушбу Кодексда ёки ўзга қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилгани тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин.

Давлат ижрочисининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилгани тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўн кун ичида судга берилиши мумкин.

Ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин.

8. Мурожаатлар бўйича қандай иш юритиш тартиби мавжуд?

Давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган мурожаат ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган тақдирда эса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилиши керак.

Мурожаатни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Давлат органлари, ташкилотларда мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш дафтари юритилиб, унда мурожаатнинг тартиб рақами ва келиб тушган санаси, мурожаат этувчи жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), юридик шахснинг номи, мурожаатнинг қисқача мазмуни, ижроси тўғрисидаги белги, шунингдек, бошқа керакли маълумотлар кўрсатилади.

Давлат органлари, ташкилотлар мурожаатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий этиши мумкин.

Давлат органининг раҳбарига ёки ваколат берилган мансабдор шахсига оммавий қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди. Бунда жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, мурожаатнинг қисқача мазмуни, шунингдек, уни кўриб чиқиш натижаси оммавий қабул баённомасида кўрсатилади.

Мурожаатни рўйхатдан ўтказиш ва кўриб чиқиш бўйича иш юритиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Эътибор беринг!

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунининг 43-моддасига кўра, маъмурий органга келиб тушган ариза ўша куннинг ўзида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Маъмурий орган аризачига ариза рўйхатдан ўтказилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжат (белги) бериши, ариза электрон шаклда берилган тақдирда эса, ариза рўйхатдан ўтказилганини маъмурий органнинг расмий веб-сайтидаги электрон хабар билан, тегишли ёзувга ҳавола билан ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усул билан тасдиқлаши шарт.

Маъмурий органда аризани рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

9. Мурожаатлар қандай тартибда кўриб чиқилади?

Давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсларига келиб тушган мурожаатлар шу орган, ташкилот томонидан ёки мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича зиммасига мажбуриятлар юклатилган мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқилади. Давлат органи, ташкилотга келиб тушган мурожаатлар бўйсунув тартибида қуйи турувчи бўлинмаларга ҳам юборилиши мумкин. Агар мурожаатда давлат органлари, ташкилотларнинг бир нечта таркибий бўлинмаларига тааллуқли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг барчаси мурожаатни кўриб чиқиш бўйича ижрочилар этиб белгиланади. Ижрочилар ўртасида биринчи кўрсатилган таркибий бўлинма мурожаатнинг кўриб чиқилишини бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда таъминлайди.

Мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, мазкур мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчидан, шунингдек, ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва мансабдор шахслардан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин. Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, давлат органлари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этиши шарт.

Мурожаатларни кўриб чиқаётган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари зарур ҳолларда, мурожаатнинг жойнинг ўзига бориб кўриб чиқилишини таъминлаши мумкин. Агар мурожаатда қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш учун давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида жалб этилади. Агар мурожаатни кўриб чиқишда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текшириш, шу жумладан, молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) зарурати юзага келса, текшириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Эътибор беринг. Вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалалари юзасидан давлат органларига, ташкилотларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига ушбу Қонунда белгиланган тартибда мустақил равишда мурожаат беришга ҳақли. Давлат органлари, ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг мурожаатларини кўриб чиқиш унинг қонуний вакиллари, шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органлари иштирокида амалга оширилиши мумкин. Вояга етмаган шахслар тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмагани сабабли уларнинг мурожаатларини кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

Мурожаатда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган давлат органлари, ташкилотлар, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари мурожаатни тегишли давлат органига, бошқа ташкилотга ёки мансабдор шахсга ёхуд васийлик ва ҳомийлик органига юбориши шарт.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколати доирасига кирмайдиган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсларига келиб тушган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органлар, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахсларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади. Бунда келиб тушган электрон мурожаат электрон шаклда юборилиши мумкин.

Мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органлари, ташкилотларга ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органлар, ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.

Агар мурожаатларда уларни тегишли давлат органлари, ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга юбориш учун зарур маълумотлар мавжуд бўлмаса, бу мурожаатлар мурожаат этувчига беш кунлик муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан қайтарилади.

Агар мурожаатни кўриб чиқиш давомида мурожаатнинг дубликати келиб тушса, мазкур мурожаат аввал келиб тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади.

Агар мурожаатнинг дубликати мурожаат кўриб чиқилганидан ва жавоб юборилганидан кейин келиб тушса, бу ҳақда давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчини тегишли тартибда хабардор қилади.

Мурожаатларнинг турларига киритилмаган хатларни (ташаккурномалар, табрикномалар, таклифномалар, фикр-мулоҳазаларни) кўриб чиқиш давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан уларнинг ўз ихтиёрига кўра амалга оширилади.

10. Мурожаатни кўрмай қолдириш ва кўриб чиқишни тугатишнинг умумий асосларига қайсилар киради?

Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

  • аноним мурожаатлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;
  • қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

Мурожаатлар кўрмай қолдирилганда тегишли хулоса тузилади, у давлат органи, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси томонидан тасдиқланади.

Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли мурожаатлар кўрмай қолдирилгани тўғрисида мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилинади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш қуйидаги ҳолларда тугатилади:

  • агар такрорий мурожаатларда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаган бўлса, илгариги мурожаат материалларида эса текширувларнинг тўла-тўкис материаллари мавжуд бўлса ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоблар берилган бўлса;
  • агар мурожаат қилувчи ўз мурожаатини белгиланган тартибда чақириб олган бўлса ёки уни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида илтимос қилган бўлса;
  • яшаш жойи, турган жойи (почта манзили), электрон почта манзили ёки бошқа реквизитлари ўзгаргани тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмагани туфайли чақиришнинг имкони йўқлиги сабабли мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти бўлмаганда;
  • мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли, давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахси томонидан чақирилган мурожаат қилувчи келмай қолган тақдирда;
  • агар мурожаат қилувчи жисмоний шахс вафот этганидан сўнг мурожаатни кўриб чиқиш ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

Мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисидаги қарорни давлат органи, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси қабул қилади.

Такрорий мурожаатни кўриб чиқиш ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисига мувофиқ тугатилганда, мурожаат қилувчи такрорий мурожаатнинг асоссизлиги ва ушбу масала юзасидан у билан ёзишмалар тугатилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади. Ёзишмалар олиб бориш тугатилган мурожаат қилувчидан такрорий мурожаат келиб тушган тақдирда, бундай мурожаатни кўриб чиқиш мурожаат қилувчини бу ҳақда хабардор қилмасдан тугатилади.

Мурожаатни кўриб чиқиш уни чақириб олиш тўғрисидаги ариза бўйича тугатилганда мурожаат мурожаат қилувчига давлат органи, ташкилот ёки улар мансабдор шахсининг хати билан бирга уч кун ичида қайтарилади. Мурожаатни чақириб олиш тўғрисидаги ариза қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.

Мурожаат қилувчи чақирилган жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг келмай қолгани сабабли мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинади.

11. Аризани кўриб чиқиш бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш, тиклаш ва тугатиш асосларини биласизми?

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни 37-моддасига кўра, маъмурий орган маъмурий иш юритишни қуйидаги ҳолларда тўхтатиб туришга ҳақли:

  • фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ёки жиноят суд ишларини юритиш тартибида кўрилаётган иш юзасидан суднинг ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар маъмурий ишни кўриш мумкин бўлмаганда;
  • маъмурий иш юритишда иштирок этаётган жисмоний шахс вафот этганда, агар ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилган тақдирда ёки маъмурий иш юритишда иштирок этаётган юридик шахс қайта ташкил этилганда;
  • хатоларни тўғрилаш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имконияти берилганда;
  • манфаатдор шахсларнинг узрли сабабларга кўра келмаганлиги, агар уларнинг иштироки маъмурий иш юритишни тамомлаш учун зарур бўлганда;
  • манфаатдор шахснинг талабига кўра маъмурий орган томонидан экспертиза тайинланганда.

Маъмурий иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги хабар манфаатдор шахсларга бир иш куни ичида юборилади. Маъмурий иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги хабар процессуал ҳужжат ҳисобланади.

Маъмурий иш юритишни тўхтатиб туриш маъмурий иш юритиш муддатлари ўтишининг тўхташига олиб келади.

Эътибор беринг: Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуни 38-моддасига кўра, маъмурий иш юритишни тўхтатиб туришга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгач, маъмурий ишни юритиш тикланади. Маъмурий иш юритишни тиклаш тўғрисидаги хабарнома манфаатдор шахсларга бир иш куни ичида юборилади.

Маъмурий иш юритиш тикланган кундан эътиборан маъмурий иш юритиш муддатларининг ўтиши давом этади.

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуни 39-моддасига кўра, маъмурий орган қуйидаги ҳолларда маъмурий иш юритишни тугатиши шарт:

  • маъмурий иш маъмурий органда кўриш учун тегишли бўлмаса;
  • маъмурий иш юритишнинг айни бир иштирокчилари иштирокидаги, айни бир предмет ва айни бир асослар бўйича маъмурий иш юқори турувчи маъмурий органнинг ёки суднинг иш юритувида бўлса;
  • маъмурий иш ваколатли маъмурий органга қайта юборилган бўлса ёки маъмурий иш юритишнинг айни бир иштирокчилари иштирокидаги, айни бир предмет ва айни бир асослар бўйича маъмурий иш мазкур ишни ҳал қилишга ваколатли бўлган бошқа маъмурий органнинг иш юритувида бўлса;
  • ушбу маъмурий органда маъмурий иш юзасидан маъмурий иш юритишнинг айни бир иштирокчилари билан, айни бир предмет ва айни бир асослар бўйича маъмурий ҳужжат қабул қилинган бўлса;
  • ариза ёки маъмурий шикоят уни тақдим этган шахс томонидан чақириб олинса;
  • маъмурий иш юритиш иштирокчисининг ҳуқуқий мақоми (ҳуқуқий ҳолати) ўзгариши натижасида маъмурий иш бўйича маъмурий ҳужжатни қабул қилиш мумкин бўлмай қолса;
  • маъмурий иш юритишни тамомлаш учун иштироки зарур бўлган манфаатдор шахслар узрсиз сабабларга кўра келмаса;
  • манфаатдор шахс мавжуд бўлмаса ва мазкур ҳолатда ишда иштирок этувчи жисмоний шахс вафот этганлиги ёки юридик шахс тугатилгани натижасида ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилмаса.

Маъмурий ишни юритиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа асосларга кўра ҳам тугатилиши мумкин.

Маъмурий иш юритишни тугатиш процессуал ҳужжат билан расмийлаштирилади.

Маъмурий иш юритишни тугатиш ҳақидаги хабар манфаатдор шахслар, жумладан, мурожаат қилган шахсга бир иш куни ичида юборилади.

12. Аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинадиган маъмурий ҳужжатга қандай талаблар қўйилган?

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни 53-моддасига кўра, Маъмурий ҳужжат қонуний, асосланган, адолатли, аниқ ва тушунарли бўлиши керак.

Маъмурий ҳужжатда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) маъмурий ҳужжатнинг номи ва у қабул қилинган сана;

2) маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий органнинг номи ва жойлашган ери (почта манзили);

3) маъмурий иш юритиш иштирокчилари тўғрисидаги ахборот;

4) маъмурий ҳужжат орқали ҳал қилинадиган масаланинг тавсифи (тавсиф қисми);

5) маъмурий ҳужжатнинг асоси (асослантирувчи қисми);

6) қабул қилинган қарор баёни (хулоса қисми);

7) маъмурий ҳужжат устидан шикоят қилиш муддати ва тартиби;

8) маъмурий органнинг маъмурий ҳужжатни қабул қилган мансабдор шахсининг (коллегиал орган аъзоларининг) лавозими, исми ва фамилияси.

Буни ёдда тутинг!

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни 54-моддасига кўра,маъмурий ҳужжатнинг асослантирувчи қисмида қабул қилинган маъмурий ҳужжатнинг барча ҳақиқий ва юридик асослари келтирилиши керак.

Маъмурий ҳужжатни асослантириш чоғида маъмурий орган текширилмаган ёки маъмурий иш юритиш жараёнида маъмурий ишга қўшиб қўйилмаган ёхуд маъмурий иш юритиш иштирокчиларига танишиш имконияти берилмаган далилларга таянишга ҳақли эмас. Агар маъмурий ҳужжатни қабул қилишда маъмурий органга маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) берилган бўлса, маъмурий ҳужжатнинг асослантирувчи қисмида у ёки бу маъмурий ихтиёрийликка (дискрецион ваколатга) ёхуд ундан воз кечишга сабаб бўлган барча баҳолар, важлар ва мулоҳазалар баён этилади. Бунда маъмурий орган ўзи қабул қилган маъмурий ҳужжатнинг маъмурий тартиб-таомиллар принципларига мувофиқлигини асослаб бериши керак.

13. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қандай жавобгарлик мавжуд?

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 43-моддасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш учун жавобгарлик назарда тутилган.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик –

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Муҳим жиҳат!

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 144-моддаси  Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш деб номланади. Унга кўра қуйидаги қилмишлар учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган:

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик ёки мурожаат муносабати билан маълум бўлиб қолган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, худди шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар давлат органига, давлат муассасасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун мансабдор шахс томонидан таъқиб этиш, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бу қизиқ!

Моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш

Жисмоний ёки юридик шахснинг аризаси, шикояти ана шу мурожаатлар бўйича қонунга хилоф қарорлар қабул қилган давлат органи, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қаноатлантирилган тақдирда, ариза ёки шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш билан боғлиқ зарарнинг ўрни, ариза ва шикоятни кўриб чиқиш учун тегишли давлат органи, ташкилотнинг, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларининг талабига кўра жойларга бориш муносабати билан қилинган харажатларнинг ҳамда ана шу вақт ичида йўқотилган иш ҳақининг ўрни мурожаат этувчига суд тартибида қопланади. Суд тартибида маънавий зиён ҳам компенсация қилиниши мумкин. Жисмоний ёки юридик шахснинг аризасини ёхуд шикоятини кўриб чиқишда қонун талаблари бузилгани муносабати билан унга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш сифатида давлат органи, ташкилот томонидан тўланган маблағлар айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин.

Қизиқарли маълумотлар

#Ҳуқуқий_мадад

Савол: Ассалому алайкум! Тиббиёт олийгоҳини олий ҳамширалик факультетини тугатдим. Дорихона очиш ниятидаман. Бунинг учун қаерга мурожаат қилишим керак? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

#Жавоб

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил
12 майдаги 284-сон қарори билан тасдиқланган “Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари кўрсатиш ягона портали (https://my.gov.uz/) орқали амалга оширилади.

Тўлиқ маълумотни бу ердан олишингиз мумкин: https://lex.uz/docs/3204383

Қўшимча: дорихона мудири – олий фармацевтик маълумотга эга бўлиши керак.

Кредит олиш учун нима қилиш керак?

Маслаҳат

1-қадам.

Сизга қулай ва яқин жойлашган банкни танланг ва банк мутахассиси билан учрашув тўғрисида келишиб олинг. Учрашув чоғида банк мутахассиси Сизни кредит олиш учун зарур ҳужжатлар рўйхати билан таништиради, уларнинг шакли ва мазмуни юзасидан маслаҳат беради ва Сизнинг барча саволларингизга жавоб беради.

2-қадам.

Ҳужжатларни тўплаш ва кредит аризасини тўлдириш.

Барча зарур ҳужжатларни тўпланг. Учрашув чоғида банк мутахассиси билан биргаликда кредит олиш учун кредит аризасини тўлдиринг ва барча ҳужжатларни топширинг. Банк мутахассиси кредит аризасини рўйхатдан ўтказади ва Сизга кредит аризаси рўйхатдан ўтказилгани, топширилган ҳужжатлар белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилингани тўғрисида маълумотнома беради.

3-қадам.

Кредит аризаси кўриб чиқилиши ва банк томонидан белгиланган тартибда қарор қабул қилиниши.

Зарур барча ҳужжатлар илова қилинган кредит аризаси банкка келиб тушган кундан то банк кредит аризаси бўйича қарор қабул қилгунига қадар ўтадиган муддат 10 иш кунидан ошмайди. Кредит суммасига қараб бу муддат икки мартадан кўп бўлмаган муддатга ошиши мумкин. Кредит аризасини кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати Сиз тақдим этган ҳужжатлар тўплами тўлиқлигига боғлиқ. Банк мутахассисига корхонангизни ва Сиз таъминот сифатида таклиф этаётган мулкни кўрсатинг.

Пост @bankirkundaligi каналидан олинди.