Кириш
Дунёда зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш, шахс ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бугунги кунда барча давлатлар учун муҳим аҳамият касб этадиган вазифалардан ҳисобланади.
Дунёда аёлларга нисбатан ишлатиладиган зўравонликларнинг 35 фоизи жисмоний ва жинсий шериклари томонидан содир этилган.
2017 йилда дунё миқёсида қасддан ўлдирилган 87000 та вояга етмаган ва аёлларнинг ярмидан кўпи (50,00-58 фоизи) янги танишлари ёки оила аъзолари томонидан ўлдирилган. Дунё бўйлаб 137 та аёл эса ўз оила аъзоси томонидан ўлдирилган. Зўравонликлар туфайли ҳалок бўлган аёлларнинг 33-50 фоизи эрларининг калтаклари туфайли вафот этган1.
Бу ўз навбатида, нозик жинс вакилларини маиший зўравонлик жиноятлардан ҳимоя қилиш давр талаби эканини кўрсатиб турибди.
Жаҳонда ва республикада жиноятчиликка қарши кураш, зўрлик феномени вужудга келиши, зўравонлик ва тазйиқ ишлатувчининг шахси тушунчаси, зўравонлик ва тазйиқ ишлатиш орқали содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш, бундай ҳолатлардан ҳимояланиш усуллари муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимизда зўравонлик ва тазйиқларнинг олдини олишга доир ўзига хос миллий тизим ва норматив-ҳуқуқий асослар яратилиб, уни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга аҳамият берилганлиги натижасида фуқароларнинг турли ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлардан ҳимояланиш даражаси ортиб бормоқда.
Дарҳақиқат, инсонни жиноий тажовузлардан ҳимоялаш, жиноятчиликка қарши кураш муаммоси, амалдаги қонунларга қатъий риоя қилган ҳолда ва жиноятни жамият ҳаётидаги энг салбий ҳолат деб қаралгандагина ҳал қилиниши мумкин ҳисобланади. Мазкур масалага ҳукуматимиз алоҳида эътибор бериб, барча ҳужжатларда жиноятчиликка, шу ўринда зўравонлик ва тазйиқларнинг олдини олиш ва унга қарши кураш масаласини тарғиб қилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда ҳал қилиниши лозим ва муҳим бўлган масалаларидан бири зўравонлик ва тазйиқнинг олдини олиш ва ундан ҳимояланиш ҳисобланади.
Ушбу оммабоп рисолада зўравонлик, тазйиқ тушунчаси ва унинг турлари; зўравонлик ва тазйиқнинг келиб чиқиш сабаблари; зўравонликдан жабрланган ва зўравонлик содир этган шахсларнинг тавсифи; зўравонлик ва тазйиқдан қандай ҳимояланиш ва унинг олдини олишга доир масалалар баён этилган.
1 https://www.unwomen.org/en/what-we-do/ending-violence-against-women/facts-and-figures
1. Зўравонлик ва тазйиқ деганда нимани тушунасиз?
Бизга маълумки, сўнгги вақтларда аёллар, болаларни хўрлаш, уларга зўравонлик қилиш, тазйиқ ўтказиш ва уларни камситилиш ҳолатларига тез-тез гувоҳ бўлаяпмиз. Узоққа бормайлик. Фикримизнинг исботи сифатида бу каби ҳолатларга юртимизда истиқомат қиладиган, хорижга кетган хотинига аччиқ қилиб, 4 ёшли қизчани урган собиқ ИИБ ходими, яъни қизнинг ўз отасини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “зўравонлик” сўзига зўравонларга хос хатти-ҳаракат; зўрлик, куч ишлатиш деган таъриф берилган.
“Зўрлик” тушунчаси одамлар ва жамият учун ўта хавфли бўлган жиноятни ҳам ўз ичига олади. Масалан, одам ўлдириш, бировнинг молини ўғирлаш, бировга зўрлик ишлатиш, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш ва ҳоказолар оғир гуноҳ ҳисобланади. Ислом динида ҳам “одам ўлдирма”, “зўравонлик ишлатма” каби ақидаларга амал қилинади.
Зўравонлик – шахсларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракатдир.
Зўрлик тушунчаси тазйиқ билан бир хил тушунчадир. Ўзининг ахлоқий мазмунида у нейтрал ҳисобланади. Чунки у ҳам ижобий, ҳам салбий мақсадларга эришиш воситасидир.
Тазйиқ эса, содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик)дир.
Мисол: Ш. иккинчи турмуш ўртоғи Ж. билан ўзаро келишмовчилик оқибатида унга жаҳл қилиб, 2012 йил декабрь ойидан 2013 йил 19 апрель кунига қадар ундан аламини олиш мақсадида 2005 йилда туғилган вояга етмаган ўгай қизи У.ни, 2008 йилда туғилган вояга етмаган ўгай ўғли Н.ни уларнинг ожиз аҳволдалигидан фойдаланиб, уларга зўрлик ишлатиб, дўппослаб, бошқача ҳаракатлар билан қийнаб, тазйиқ ўтказиб келган.
2. Зўравонлик ва тазйиқнинг қандай турлари бор?
Зўравонликнинг жинсий, жисмоний, иқтисодий, руҳий турлари мавжуд. Жинсий зўравонлик бу – хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш орқали жинсий дахлсизликка ва жинсий эркинликка тажовуз қиладиган зўравонлик шакли, шунингдек зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш ёхуд аёл жинсидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлашдир.
Жисмоний зўравонлик деб, шахсга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шаклидир.
Жисмоний зўравонликка қуйидагиларни киритиш мумкин:
- шапалоқ тортиш, тепиш, турткилаш, мушт билан уриш;
- зарб билан итариб юбориш;
- турли ўткир буюм ва нарсаларни отиш;
- қурол билан хавф солиш ёки яралаш;
- уйдан чиқишга жисмонан йўл қўймаслик;
- кечаси ухлашга қўймаслик ва бошқалар.
Руҳий зўравонлик – шахсларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик) тушунилади.
Руҳий зўрлик – бу соғлиғига шикаст етказиш билан мулкини нобуд қилиш ёки жиноий ҳаракатларни содир этишга мажбурлаш ва жабрланувчи сир сақланишини истаган маълумотларни ошкор этиш мақсадида жабрланувчига зўрлик ишлатиш билан уни қўрқитишдир.
Руҳий зўравонликка қуйидагиларни киритиш мумкин:
- ҳиссиёт ва ҳис-туйғуларни тан олмаслик;
- унинг фикрлари устидан кулиш;
- жазо чораси сифатида жабрланувчининг ҳиссиётларига эътибор
- бермаслик;
- ёлғон сўзлар айтиб, ундан ўз манфаати йўлида фойдаланиш;
- унинг дўстлари ва қариндошларига хавф етказаман деб қўрқитиш ва улар билан алоқа қилишга йўл қўймаслик;
- жабрланувчи билан оммавий жойларга чиқишдан бош тортиш;
- қариндош-уруғлар орасида шарманда қилиш;
- уйдан кетишини айтиб қўрқитиш;
- касал ёки ҳомиладор бўлганда унга ёрдам беришдан бош тортиш,
- тиббий ёрдам олишига қаршилик кўрсатиш;
- доимий равишда танқид қилиш, хафа қилиш, ғазабга келтириш, яъни (сен жуда семизсан ёки озғинсан, ахмоқсан, энг бўлмағур онасан,
тўшакда бўлмағур шериксан) ва ҳоказо.
Жисмоний ва руҳий зўрлик бир-биридан содир этиш усул ва воситаларига кўра фарқ қилади. Хусусан, жисмоний зўрликда тан жароҳати етказади ёки инсоннинг хулқи, ҳаракат эркинлигини чеклайди, бу унинг организмида органик ёки функционал ўзгаришларга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Руҳий зўрлик эса, бевосита инсон руҳиятига таъсир этади ва руҳий жароҳат етказади ёки унинг хоҳиш-иродаси эркинлигини енгади.
Иқтисодий зўравонлик – шахсга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда амалга оширилган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик)дир.
Иқтисодий зўравонликка қуйидагиларни киритиш мумкин:
- бирламчи эҳтиёжлари (озиқ-овқат, кийим-кечак, дори) учун асоссиз
- пул бермаслик;
- уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш;
- таълим олиш ва меҳнат қилишга рухсат бермаслик;
- қанча пул сарфлашини назорат қилиш;
- ўзи топган пулни тасарруф этишга йўл қўймаслик;
- оила бюджетидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва ҳ.к. ҳаракат (ҳаракатсизлик)да намоён бўлади.
Бугунги кунда кенг тарқалган зўравонликнинг яна бир тури – кибер зўравонлик. Зўравонликнинг ушбу тури интернет орқали мутассил давом этувчи, такрорий ва узоқ вақт давомида бировнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларни амалга оширишда ифодаланади.
Руҳий зўравонликдан зулм ўтказаётган шахс анонимлиги, Интернет орқали ёқимсиз хабарлар туну кун кенг оммага тарқалиши билан фарқланиб, жабрланувчига ғоят катта азоб-уқубат келтириши билан кескин фарқланади. Интернет тармоғидан фойдаланиб, иш ёки ўқиш жойи, оилада турли хил ҳақоратлар, туҳмат, таъна, миш-мишлар, уйдирма хабарлар тарқатишда ифодаланади. Шунингдек, Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали инсонинг руҳиятига қаттиқ таъсир этувчи, уни изтиробга солувчи бешафқат муносабат ва зўравонлик саҳналарини намойиш этишни ҳам шахсга бўлган зўравонлик, деб эътироф этишимиз мумкин.
Бундай зўравонликларга учраган ва удан жабрланган ва зўравонлик содир этган шахсларнинг тавсифи қандай бўлади?
Зўравонликдан жабрланган шахслар хулқ-атворининг таҳлили натижасида унинг қуйидаги хусусиятларга эга эканлигини кўрамиз:
- жабрланувчига одамовилик, камгаплик хос бўлиб, оила аъзолари ва яқинлари билан мулоқот қилишни истамаслиги;
- ўзига паст баҳо бериш, шаъни, қадр-қиммати камситилганлиги юзасидан чуқур изтиробга берилиши;
- қўрқув ва хавотирдалиги сабабли ноиложсизлик ҳиссиётларини намоён этиши;
- ўзининг ташқи кўриниши, табиий эҳтиёжларига бепарво бўлиб, тез-тез ўз жонига қасд қилиш тўғрисида фикрлаши ёки ўз ҳаётига суиқасд қилишга ҳаракат қилиши;
- овқат емаслиги ёки ҳаддан зиёд истеъмол қилиши, спиртли ичимликлар, гиёҳванд/заҳарванд моддалар истеъмол қилишни хоҳлаши;
- мулоқот пайтида кўзларини олиб қочиши, кўз ёш тўкиши, одамларга ишончсизлик билан муносабатда бўлиши;
- ўз фарзандларига нисбатан лоқайд ёки тажовузкор муносабатда бўлиши аниқланди.
Зўравонлик содир этилиш эҳтимолидан дарак берувчи аломатлар:
- зўравонлик тушунчаси ва турлари ҳақида маълумотга эга эмаслик;
- хотира ва ақлий фаолият сустлиги, ногиронлик;
- бошқа шахсдан моддий ва бошқа қарамлик, қўрқув мавжудлиги;
- ҳеч ким ёрдам бера олмаслиги тўғрисидаги фикрнинг муқаррарлиги;
- келиб чиқишини тушунтириб беролмаган турли тан жароҳатларининг мавжудлиги;
- қўл ва юз ва тананинг бошқа қисмидаги шилиниш, кесиш, тилиниш, куйиш, тишланган жойлар;
- кийим остида яширинаётган тан жароҳатлари;
- юқори хавотир, бош оғриғи;
- спиртли ичимликлар/гиёҳванд моддаларга ружу қўйиши.
Зўравонлик содир этган шахснинг хулқ-атворига хос руҳий хусусиятлар:
- зўравоннинг тажовузкор хулқи дарҳол юзага келиб, ўз талабларининг бажаришларини хоҳлайди;
- ўз жаҳлини бошқара олмайди, психологик зўриқиш пайтида ўзини назорат қилмайди;
- хавотирлик ва асабийлик ҳолатини бошқара олмаслиги, тажовузкор хулқ-атворига сабабчи бўлади;
- ўз айбини тан олмасдан, бошқаларга юклайди ва ўзини “жабрланувчи” деб эътироф этади. Содир этган қилмишининг оқибатларини англамайди;
- ҳар қандай танқидни кўтара олмайди ва ўзи содир этган қилмишни ҳуқуқбузарлик эканлигини тан олмайди. Ўзини оқлашга ҳаракат қилади;
- мулоқот давомида ҳеч кимга меҳр-шафқат кўрсатмайди ва мулоқотдан ўзини олиб қочади;
- спиртли ичимликлар/гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилиши унинг тажовузкорлигини янада оширади;
- бегоналар олдида ўзини яхши томондан кўрсатиб беришга ҳаракат қилади.
Суд-тергов амалиёти ва суд архиви материаллари таҳлил қилинганида, ушбу тоифадаги шахсларнинг асосий қисмини илгари судланган, ишсиз, спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка ружу қўйган, ғайриижтимоий хулқ-атворли, маълумот даражаси юқори бўлмаган шахслар ташкил этади.
Зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахслар тоифасига қуйидагиларни киритиш мумкин:
- ғайриижтимоий хулқ-атворга эга шахслар;
- ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар;
- ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар;
- зўрликдан жабрланиш эҳтимоли (виктимлиги) юқори бўлган
- шахслар;
- ҳуқуқбузарликлардан жабрланган шахслар.
3. Зўравонлик ва тазйиқнинг келиб чиқиш сабабларига нималар киради?
Бугунги кунда зўравонлик ва тазйиқнинг келиб чиқишга нималар сабаб бўлади деган савол барчамизни қизиқтириб келади.
Статистик малумотларда зўравонлик ва тазйиқ натижасида содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга сабаб бўлган омиллар қуйидагича таснифланади:
- рашк натижасида;
- тарафларнинг муросаси келишмаганлиги;
- ўч олиш ҳисси;
- мол-мулк талашиш;
- ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги;
- зўравонлик ва тaзйиққа сабаб бўлувчи фильмларни кўриш;
- бошқа сабаблар.
Маълумки,зўравонлик, тазйиқнинг келиб чиқишнинг ижтимоий маиший сабаблари кўп ҳолларда оилавий муносабатлар билан боғлиқдир.
Шундан келиб чиқиб биз оила ичида содир этиладиган зўравонлик, тазйиқнинг ижтимоий маиший сабабларига қисқагина тўхталиб ўтамиз.
Оила доирасида юзага келдиган зўравонлик, тазйиқ ва ундан виктимлашиш – бутун жаҳон халқлари олдида турган муаммоли масалалардан биридир. Кўпчилик хорижий мамлакатларда оила доирасида зўравонлик, тазйиқлар “оиладаги зўрлик ишлатиш” деб айтилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, оилада зўравонлик, тазйиқ кўп ҳолатларда болаларга нисбатан муайян мақсадларга эришиш натижасида содир этилади. Жумладан, ота-оналик вазифасини бажариш ва бунинг натижасида ўз мавқеи ҳамда ҳукмронлигини мустаҳкамлашдан иборатдир.
Оиладаги катта ёшдагилар болаларга кўп ҳолларда раҳмсизлик билан муносабатда бўладилар. Бунинг оқибатида эса, шаклланиб қолган ҳуқуқлари туфайли улар турли хил ҳуқуқбузарликлар, жиноят содир этаётганликларини билмайдилар.
Оиладаги низолар эса кўп ҳолларда уларнинг бир-бирига тан жароҳат етказишига, қасддан одам ўлдиришига олиб келади.
Болалар ва кекса ёшдаги шахслар худди аёллар сингари зўравонликнинг қурбони бўлиш эҳтимоли юқоридир.
Кўп ҳолларда айнан оиладаги зўравонликдан жабрланган шахслар ўзларига етказилган зарар ҳақида ички ишлар органлари ёки тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишмайди. Бу кўпинча аёлларда кузатилади.
Суд-тергов идораларидан олинган маълумотлар ўрганилганида, аёлларга нисбатан эри томонидан зўравонлик ишлатилган тақдирда ҳам бу ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмасликка, шундай ҳолатларни яширишга ёки тиббиёт муассаларига мурожаат қилган тақдирида ҳам олган тан жароҳатини ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида олганлиги билан изоҳлашга ҳаракат қилишади. Бунинг асосий сабабини, аёлларнинг оиланинг бузилиб кетишидан қўрқиши, оила сирини ташқарига чиқармасликка интилиши деб изоҳлаш мумкин.
Оиладаги зўравонлик, тазйиқлар натижасида юзага келадиган низоларни ҳал қилиш учун фуқаролар асосан профилактика инспекторларига қандай мазмундаги аризалар билан мурожаат этишган?
Фуқаролар профилактика инспекторларига оиладаги зўравонлик, тазйиқлар натижасида юзага келадиган низоларни ҳал қилиш учун асосан қуйидаги мазмундаги аризалар билан мурожаат этишган:
- Оилада қайнона-келин ўртасида содир этилган низоли вазиятлар;
- Эрининг спиртли ичимликка ружу қўйганлиги;
- Эрининг калтаклаши ва болаларига шафқатсиз муносабатда бўлаётганлиги;
- Қариндош уруғларнинг оилага аралашуви (кўпинча ёш келинларга онасининг таъсири) оқибатида келиб чиқаётган низолар хусусида;
- Мол-мулкни бўлиш ёки мерос талашиш масаласида;
- Эрининг хиёнаткорлиги ёки хотинини хиёнатда айблаётганлиги;
- Фарзандининг тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар тўғрисида;
- Оиладаги маънавий-муҳитнинг носоғломлиги, шахснинг салбий хулқ- атвори ва уларнинг бошқа оила аъзоларига таъсири ҳақида.
Оилада юзага келган низони бартараф этишда жабрланувчининг ожиз аҳволда эканлиги унинг жабрланишига шароит яратади. Кўп ҳолларда жабрланувчилар ўзининг салбий хулқ-атвори, ахлоқи, маънавиятсизлигини намоён қилиб, жиноятнинг жабрланувчисига айланади.
Зўравонлик, тазйиқлар натижасида юзага келадиган низоларга эр ёки хотиннинг бир–бирини рашк қилиши ҳам сабаб бўладими?
Ҳа, кўпгина зўравонлик ва тазйиқ натижасида содир этиладигн жиноятларнинг айрим сабаблари эр ёки хотинни меъёридан ортиқ рашк қилиш ёки хиёнат қилишда айблаш каби омиллар сабаб бўлмоқда. Бундай ҳолатлар кўпинча эркаклар томонидан содир этилиб, аёлларнинг оиладан кетиб қолишига, оиланинг бузилишига, баъзида эса қасддан одам ўлдириш жиноятларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Оилада содир этилаётган зўравонлик ва тазйиқлар кўп ҳолларда эр ёки хотининг жабрланишдаги хулқи сабаб бўлиб, бундай жиноятлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига мурожаат қилинмаганлиги учун очилмай қолиб кетаверади.
Мисол учун: И. нинг хатти-ҳаракатларини айтиб ўтадиган бўлсак, И. турмуш ўртоғининг айтганини қилмай доимо унинг рашкини келтирган. Турмуш ўртоғи О. эса унинг ушбу ахлоқсиз хатти-ҳаракатини кўриб, нафратланган ва рашк орқали хотини И.ни бир неча маротаба калтаклаган. Бу ҳолат анча вақт давом этиб, яшириб келинган. Охирги калтакланиш натижасида И. эса кўп қон йўқотиб воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Оилада зўравонлик, тазйиқлар натижасида юзага келадиган одам ўлдириш жиноятини қандай гуруҳларга бўлиб ўрганамиз?
Агар биз оила ичида содир этиладиган зўравонлик, тазйиқ натижасидаги қасддан одам ўлдириш жиноятига тўхталиб ўтадиган бўлсак, оилада эр ёки хотинини ўлдириш тўрт гуруҳга бўлиб таҳлил қилинади:.
1) Ғаразлик билан қасддан одам ўлдиришнинг бу тури эр ёки хотинини ўлдирилиши умумий миқдорини 5 фоизини ташкил қилади. Ғараз мақсадда содир этилаётган қасддан одам ўлдириш жиноятининг ушбу турига биз алимент тўлашдан қутилиш, яшаш жойига эга бўлиш каби мисолларни келтиришимиз мумкин.
Мисол учун: З. холасининг уйи ва пулларига эгалик қилиш мақсадида, уни қасддан ўлдиради.
2) Турли мажбуриятлардан қутилиш мақсадида эр ёки хотининг бирини зўрлик ишлатиб ўлдириш – бунга мисол бўлиб, мажбуриятлардан қутулиш мақсадида сурункали оғир касалга доимий қараб туриш ёки қариб қолган кишига қарашдан бош тортиш мақсадида қилинган ҳаракатлар тушунилади. Масалан О. оғир касал бўлган хотинига қарашдан бош тортиб, уни ўлдирган.
Бундан ташқари никоҳ билан боғлиқ бўлган муносабатлардан келиб чиқадиган қасддан одам ўлдириш жиноятларини ҳам киритишимиз мумкин. Масалан, никоҳдан ўтилган, аммо эр-хотин никоҳининг бир-бирига тўғри келмаслиги ёхуд эр ёки хотини янги никоҳ тузиш мақсадида олдинги никоҳдан қутилиш учун ўлдириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Суд амалиётидан мисол келтирадиган бўлсак, Г. биринчи хотини О. ажрашишга розилик бермаса-да, у иккинчисига уйланиш мақсадида биринчи хотинини ўлдиришни режалаштиради ва уни иккинчи хотини билан алдаб, далага олиб чиқиб, иккинчи хотини С. билан О.ни ёқиб юборишади.
Турли мажбуриятлардан қутулиш мақсадида қасддан одам ўлдириш жиноят пухта ўйлаб, режа асосида қилинадиган жиноятлар сирасига киради. Шунинг учун ҳам ушбу жиноятдан жабрланиш ҳолати ва унинг яшриниб қолиши жуда юқоридир.
3) Рашк туфайли эр ёки хотин бир-бирини ўлдириш – бугунги кунда бу жиноятларнинг 50% ни ташкил қилмоқда. Бундай одам ўлдириш кўпинча турмуш ўртоғи унга хиёнат қилинганида содир этилади. Бунинг учун эр ёки хотин аниқ хиёнат қилган бўлиши лозимдир.
4) Зўравонлик ва тазйиқ натижасида оилада ҳукумронликни ўрнатиш, оилада ўз мавқеини белгилаб олиш туфайли келиб чиқадиган низо оқибатида ўлдириш. Бу жиноят ҳам 50% ни ташкил қилади.
Булардан шу нарса маълумки, ўз эрини ўлдирган аёлларнинг ёки жабрланган аёлларнинг эрига нисбатан ижтимоий мақоми анча юқоридир. Бундай ҳолларда жиноий шароитни вужудга келишига жабрланганларнинг ўзи сабаб бўлмоқдалар.
Бундан ташқари ўз эри томонидан раҳмсиз муомаланинг жабрланувчисига айланган аёллар ҳам қасд, ўч олиш орқали ўз эрига суиқасд қилишади. Улар ҳар доим ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилавермайдилар.
Мисол учун: В. исмли аёлнинг эри унга нисбатан мунтазам равишда раҳмсиз муносабатда бўлиб келганлиги натижада аёл эридан ўч олишга тушган ва эрини қасддан ўлдирган.
Бунга ўхшаш мисоллар жуда кўп бўлиб, бундай ҳолда жабрланган шахс ёки унинг яқини бу борада тезда ишонч телефонлари орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат этиши лозим.
Зўравонлик, тазйиқ учун жавобгарлик борми?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексинингбир қатор моддаларида шахснинг ҳаёти, соғлиғи, ор-номуси ва қадр-қимматини поймол этиш ва унга тажовуз қилишга ва зўравонлик, тазйиқ ўтказишга қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Жумладан, қасддан одам ўлдириш (97-модда); Кучли руҳий ҳаяжонланиш оқибатида қасддан одам ўлдириш (98-модда); Онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириши (99-модда); Зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдириш
(100-модда); Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш (103-модда); Қасддан баданга оғир шикаст етказиш (104-модда); Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда); Жиноий равишда ҳомила тушириш, аборт (114-модда); Номусга тегиш (118-модда); Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш (119-модда); Кўп хотинли бўлиш (126-модда); Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш
(127-модда); Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш (129-модда); Фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш (131-модда); Зўрлик ишлатиб ғайритабиий равишда озодликдан маҳрум қилиш (138-модда); Қасддан баданга ўртача шикаст етказиш (105-модда); Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан баданга оғир ёки ўртача шикаст етказиш
(106-модда); Зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш (107-модда); Қасддан баданга енгил шикаст етказиш (109-модда); Қийнаш (110-модда); Эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш
(111-модда); Аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш (115-модда); Аёлни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш(121-модда 1-қисми); Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш (136-модда); Туҳмат (139-модда); Ҳақорат қилиш (140-модда) ва бошқалар.
4. Зўравонлик ва тазйиқдан қандай ҳимояланасиз?
Зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимояланишнинг энг яхши усули бу, унинг олдини олишдир.
Зўравонликнинг ва тазйиқнинг олдини олиш чора-тадбирларида, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини аниқлаш, бартараф этиш, зарарсизлантириш ва уларнинг таъсирини камайтириш, жабрланиш даражаси юқори бўлган шахсларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган тадбирлар амалга оширишдан иборатдир.
Эсда сақланг!
Сиз зўравонлик ва тажовуздан сақланинг!
Зўравонлик ва тазйиқдан жабрланишнинг олдини олиш бўйича қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш лозим:
- фуқароларга зўравонлик фактлари ҳақида ёки ўзига нисбатан таҳдид ва тажовузлар содир этиш ҳолатлари юзага келганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш;
- низоли ҳолатлар ҳамда фуқароларнинг ғайриижтимоий хулқ-атвори ва хатти-ҳаракатларига нисбатан лоқайд бўлмаслик;
- соғлиқни сақлаш муассасаларига мурожаат қилиш ва биринчи тиббий ёрдам олишни таъминлаш;
- зўравонликдан жабрланган шахсларни вақтинча хавфсиз жойда (реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларида ёки ота-она ёхуд бошқа қариндош-уруғлар олдида) бўлишлари учун уларга қисқа рақамли “1146“-ишонч телефонига мурожаат этиш мумкинлиги ва мавжуд муаммога тегишли ечим олиши ҳақида тушунтириш;
- оиладаги низоли вазиятларни ижобий ҳал қилиш, оила аъзолари ўртасида бузилган ижтимоий муносабатларни тиклаш ва бошқа оилавий масалалар юзасидан психологик ёки ҳуқуқий маслаҳат олиш;
- зўравонлик содир этган шахснинг хулқ-атворини жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш, унга нисбатан таъсир чораларини қўллаш мақсадида тегишли ваколатла органларга мурожаат қилишни доимий равишда ўргатиб бориш лозим.
Шунингдек, бундай ҳаракатларни олдини олиш учун умумий, махсус ва якка тартибдаги, зўравонлик ва тазйиқдан жабрланишнинг олдини олиш чоралари кўрилади.
Зўравонлик содир этган ва содир этишга мойил бўлган шахслар билан:
- умумий; махсус;
- виктимологик;
5. Зўравонлик ва тазйиқларнинг умумий олдини олишга
Зўравонлик ва тазйиқ натижасида содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган умумий чора-тадбирларга:
- зўравонлик ва тазйиқ доирасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;
- аҳоли ўртасидаги ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш;
- зўравонлик ва тазйиқ доирасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритиш орқали амалга оширилади.
Зўравонлик ва тазйиқ доирасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг умумий тартибдаги олдини олиш фаолиятини ташкил этишнинг асосий мақсади бўлиб, маъмурий ҳудудларда яшовчи зўравонлик ва тазйиққа учраган шахслар, оилалар ҳақида тезкор вазиятдан хабардор бўлиш, содир этилиши мукин бўлган низоларни барвақт олдини олишни таъминлаш, нотинч оилалардаги ижтимоий руҳий-муҳитни соғломлаштириш ҳамда аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширишдан иборатдир.
Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирларига:
- хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
- тазйиқ ва зўравонликнинг сабаблари ҳамда шарт-шароитлари бўлган омилларни таҳлил қилиш, ўрганиш ва баҳолаш;
- аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот олиб бориш;
- хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг статистик ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда уларни давлат статистика органларига тақдим этиш;
- фуқароларни, айниқса хотин-қизларни ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари тўғрисидаги, шунингдек ҳимоя қилиш кафолатлари ҳақидаги ахборот билан таъминлаш мақсадида ахборот-маърифий фаолиятни амалга ошириш;
- хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини аниқлашнинг самарали ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
- тазйиқ ва зўравонлик содир этиш хавфи бўлган гуруҳларга мансуб шахсларга ёки уларни содир этган шахсларга нисбатан олдини олиш чораларини амалга ошириш;
- тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатишга ва уларни ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;
- хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш;
- айбдорларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш.
6. Зўравонлик ва тазйиқларнинг махсус олдини олиш деганда нимани тушунасиз?
Махсус олдини олишда, зўрлик ва тазйиқ натижасида содир этиладиган жиноятлардан мудофаани таъминлаш мақсадида фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишларни кўпайтириш лозим.
Амалиёт шуни кўрсатадики, зўравонлик ва тазйиқ натижасида содир этиладиган жиноятлар бўлажак жабрланувчи ва жиноятчининг мулоқати вазиятида ривожланади. Бундай ҳолатда жиноятчини жиноят содир этишига асосий сабаб ва омилларни қўзғатмаслик зарур. Турмушда зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларнинг асосий қисми қасддан одам ўлдириш жиноятлари бўлиб, уларнинг вужудга келтирувчи асосий омил алкоголизм ҳисобланади. Бундай вазиятда дастлабки вазифа алкоголик ва гиёҳвандликни даволанишни ташкил этиш, психиатр ҳамда психолог мутахассисларга мурожаат этиш ҳисобланади. Ҳаёт бу чораларнинг мақсадга мувофиқлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, психолог ва криминалстларнинг фикрича аёлларнинг номусга тегиш жиноятидан жабрланувчи бўлишнинг олдини олиши учун қуйидаги қоидаларга риоя этишлари зарур: тунги вақтда кимсасиз жойларда бир ўзи юрмаслиги; нотаниш кимсалар билан овлоқ жойларга бормаслик; яшаш жойига нотаниш шахсларни олиб келмаслик; спирли ичимликлар истеъмол қиладиган нотаниш гуруҳларга бормаслик; нотаниш эркаклар билан ўзини сипо тутиши ва спиртли ичимликлар ичиб ўзини ожиз аҳволга солиб қўймаслиги ва хокозолар. Агар нотаниш кимса тажовуз қилса, аввало унга руҳий таъсир ўтказиш керак.
Масалан, ОИТС ёки бошқа руҳий касалликларга чалинганлигини айтиш мумкин.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар, шунингдек зўравонлик содир этган ёки зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар ваколатли органлар ва ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг ягона электрон маълумотлар базасига киритилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг
18-моддасида, субъектлар ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизми ҳамда чора-тадбирлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тўғрисида ахборот олишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган, бепул телефон линияси тармоғи (ишонч телефони) ишлаб туришини таъминлайди.
Телефон линияси тармоғи махфийликка риоя этган ҳолда фаолият кўрсатиши назарда тутилган.
Шунингдек, зўравонлик ва тазйиқлардан ҳам ўзини ўзи ҳимоя қилишда фуқаролар жиноий тажовузлардан зарурий мудофага бўлган ҳуқуқларини тўлиқ ва қўрқмасдан рўёбга чиқариш йўли билан ўзини ўзи фаол ҳимоя қилиши масалалари алоҳида диққатга сазовор. Ҳимояга бўлган ҳуқуқ, жиноятчига фаол қаршилик кўрсатганда ва бунда унга зиён етказганда ўзининг ҳақлигига бўлган ишонч, ҳеч шубҳасиз, ҳужум қилувчининг криминал ҳаракатларига тўғри баҳо бериш ва ҳимоя ҳаракатларининг оптимал вариантини танлашга кўмаклашадики, бу жабрланувчининг виктимлашувига йўл қўймасликнинг ҳал қилувчи омили бўлиб хизмат қилади.
7. Зўравонлик ва тазйиқнинг якка тартибдаги олдини олиш масалалари қандай?
Зўравонлик ва тазйиқларни олдини олишнинг якка тартибдаги профилактикаси муайян шахс томонидан зўравонлик ва тазйиқ содир этилишини ва ундан жабрланишнинг олдини олиш, уни зарарсизлантиришга қаратилган фаолиятдир.
Якка тартибдаги чора-тадбирлари – жиноятларни, ҳуқуқбузарликлар олдини олишни бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг ғайриижтимоий хулқ-атворга эга бўлган, зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки содир этган шахсларни аниқлаш ҳамда уларга профилактик таъсир кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятдир.
Зўравонлик ва тазйиқларни олдини олишнинг якка тартибдаги чора-тадбирлари муайян шахснинг хислатлари, унинг ижтимоий муҳитига хос житҳатлар, ижтимоий-маиший шарт-шароити ва турмуш тарзи, ғайриижтимоий хулқ-атвори, маиший зўравонлик содир этишга мойиллиги, шунингдек зўравонлик ва тазйиқлар натижасида содир этган жиноятлар, ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ифодаловчи бошқа омиллар билан белгиланади.
Якка тартибдаги олдини олиш шахсда ижтимоий салбий қарашлар ва салбий хулқнинг шаклланишини бартараф қилишга, агар шундай хулқ шаклланиб қолган бўлса ундаги ижтимоий хусусиятларни ўзгартириш ва шу йўл билан зўравонлик ва тазйиқ содир этиши мумкинлигини олдини олиш, уни тўхтатишга қаратилган чоралар кириб, ушбу фаолият алоҳида махсус субъектлар томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасидахотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар назарда тўтилган бўлиб, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларнинг хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки уни содир этган ғайриижтимоий хулқ-атворли шахсларни аниқлаш ҳамда уларга профилактик таъсир кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлардир.
Зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахслар якка тартибдаги профилактикаси деганда–ҳуқуқбузарликлар профилактикасинибевосита амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг ғайриижтимоий хулқ-атворга эга, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликсодир этган шахсларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритишва уларга тарбиявий таъсир кўрсатишга доир фаолияти тушунилади.
Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирларни қўллаш учун қуйидагилар асос бўлади:
- тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;
- жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари;
- тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш фактларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;
- давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган материаллар.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар тазйиқ ва зўравонлик фактлари аниқланган тақдирда бу ҳақда тегишли ички ишлар органларига дарҳол хабар қилиши шарт.
Ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган якка тартибдаги чора-тадбирлар кўриши шарт.

Тазйиқ ва зўравонлик ҳолларини аниқлаган ваколатли орган вакили томонидан профилактика суҳбати тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этишга мойил шахслар билан қонунда белгиланган тартибда ўтказилади (қонуннинг 23-моддаси).
Муайян шахсни жамиятда умум қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтириш, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш, шунингдек қонунда белгиланган жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириш мақсадида профилактика суҳбати ўтказилади.
Ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига берилади. Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади.




Ҳимоя ордерида қуйидаги чекловлар назарда тутилади:
- тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;
- тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар билан алоқасини тақиқлаш (иш жойларида ва таълим муассасаларида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахс билан билвосита алоқасига йўл қўйилади);
- тазйиқ ўтказилган ва зўравонлик содир этилган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг бир хонада бирга бўлишини тақиқлаш;
- тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини даволаш, унга маслаҳат бериш, уни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш учун харажатларнинг, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек маънавий зиённи компенсация қилиш мажбуриятини юклатиш;
- тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг қуролни (бундан хизмат қуроли мустасно) сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши ёки унда кўрсатилган муддат даврида чеклаш ёхуд тақиқлаш, шунингдек қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини тақиқлаш.
Зўравонлик ва тазйиққа учраган жабрланувчиларнинг махсус марказларга жойлаштириш тартиби қандай?
Зўравонлик факти мавжуд бўлган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг бошпана бериш тўғрисидаги талаби бўйича тегишли ваколатли органлар ва ташкилотлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг махсус марказларга жойлаштирилишини таъминлайди.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини махсус марказга жойлаштириш унинг хоҳишига кўра ўттиз кунгача бўлган муддатга амалга оширилади. Зарурат бўлган тақдирда бу муддат махсус марказнинг уставида белгиланган тартибда узайтирилади. Махсус марказга жойлаштириш муддати тугагач, агар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига нисбатан хавф мавжуд бўлса, махсус марказ маъмурияти бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши шарт.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи махсус марказга жойлаштирилган тақдирда, унинг иш жойи сақлаб қолинади.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг махсус марказда бўлиш вақти уни таълим муассасасидан машғулотларни ўтказиб юборганлиги муносабати билан чиқариш учун асос бўлмайди.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар тазйиқ ўтказганликда ва зўравонлик содир этганликда айбдор деб топилган шахсдан ундирилиши мумкин.
Бундан ташқари, зўравонлик такроран содир этилишининг олдини олиш ҳамда зўравонликдан жабрланганнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шахснинг зўравонликка мойил хулқ-атворини ўзгартиришда унга руҳий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.
Зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтади.
Зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтади.

Ёдда тутинг!
Зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан қўриқланади.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг шахсига доир маълумотлари ишониб топширилган ҳамда касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан бу маълумотлар ўзига маълум бўлиб қолган, ушбу маълумотларни ошкор этишга йўл қўйган шахслар қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини молиялаштириш тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларнинг маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ажратмалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
8. Зўравонлик ва тазйиқдан жабрланишнинг олдини олиш бўйича
Зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар виктимологик профилактикаси самарадорлигини ошириш йўллари қуйидагилар:
- ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган нотинч оилаларни ўз вақтида аниқлаш, низо келиб чиқиш хавфи бўлган оилалар билан профилактика ишини ташкил этиш;
- ҳуқуқбузарлик ёки жиноятлардан жабрланишга мойиллиги бўлган шахсларни аниқлаш ва уларнинг зўравонликлардан жабрланиш эҳтимолини камайтириш бўйича тегишли чоралар кўриш;
- маъмурий ҳудудда ғайриижтимоий хулқ-атворли, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларга тарбиявий таъсир кўрсатиш;
- ижтимоий мавқеи, физиологик ҳолати, хулқ-атвори, ҳаёт тарзи билан боғлиқ ҳолда ҳуқуқбузардан жабрланувчига айланиши хавфи мавжуд бўлган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан виктимологик профилактик чора-тадбирларни қўллаш;
- ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишида жабрланувчиларнинг тутган ўрнини ҳамда жабрланишнинг сабаблари ва уларга имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш;
- нотинч оилаларда яшаётган шахсларнинг зўравонликлардан жабрланиш эҳтимолини камайтириш мақсадида тушунтириш ишларини олиб бориш;
- оиладаги зўравонликлардан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар тоифаларини аниқлаш;
- ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг индивидуал ва ижтимоий-психологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда профилактика тадбирларни ишлаб чиқиш;
- оиладаги зўравонлик билан билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
- оиладаги зиддият ва низоларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда мавжуд куч ва воситалардан фойдаланган ҳолда уларни ҳал этиш чора-тадбирларини амалга ошириш;
- ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш;
- зўравонлик ҳолатлари, уларни содир этган шахсларни ва ундан жабрланганларнинг профилактик ҳисобини юритиш ҳамда бундай маълумотларнинг таҳлилини амалга ошириш;
- зўравонлик ва унинг боғли зўравонлик ва унинг боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва иштирок этувчи органлар ва муассасалар билан ҳамкорлик қилиш;
- зўравонлик ва унга боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг содир этган шахсга нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
- оилада фарзанд тарбияси билан шуғулланмаётган ва улар билан шафқатсиз муомалада бўлаётган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида суд ва прокуратура органларига тақдимномалар киритиш;
- оиладаги зўравонлик ва унинг билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этган, улардан жабрланганлар билан ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини кўришдан иборат.