Кириш

Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқаларининг жадал ривожланиши ҳамда мамлакатимизда ва жаҳон ҳамжамиятида таълим соҳасида давлатлараро интеграциялашуви ўсиб келаётган бугунги даврда хорижий тилларни ўрганиш устувор вазифалардан биридир. Баъзи тил ўрганувчилар буни касб тақозоси сифатида бажаришса, кўпчилик эса буни мустақил равишда уддалай олаяпти. Тил ўрганиш ёшлар орасида оммалашган айни даврда тилни ўрганишга кўмак берувчи қўлланма ва китоблар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу рисола ҳам тил ўрганишдаги баъзи муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, тил ўрганувчиларга тилнинг тўртта муҳим аспектлари ҳисобланган “ўқиш, гапириш, ёзиш ва тинглаб тушуниш” каби қобилиятларни хорижий тилда ривожлантириш борасида қизиқарли ва фойдали кўрсатма ва тавсияларни ўз ичига олган бўлиб, булар ўрганиш жараёнида юқори самарадорликка эришишда кўмаклашиши шубҳасиз.

Глобаллашув жараёнида дунёнинг барча элат ва миллатларни осон боғлаб, халқаро алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилувчи омиллардан бири тилдир. Ҳозирги кунда юртимизда ҳам чет тилларини, айниқса, инглиз тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ва талаб ошмоқда. Ёшидан, меҳнат фаолиятидан қатъи назар, боғча ёшидаги болалардан бошлаб катта ёшдаги мутахассисларгача инглиз тилини ўрганишга ҳаракат қиляпти. Бу ижобий ҳолат, албатта. Чунки, тил орқали ўша тилда гаплашувчи давлатлар маданияти, тарихи ва урф-одатларини ўрганиш билан бирга шахсий манфаатлар йўлида эшиклар очилиши учун ҳам замин яратади.

1.Тил ўрганишдаги баъзи муаммолар

Тил ўрганувчининг қизиқиши, аниқ мақсад ва маълум бир вақт ичида ўрганиш хоҳиши тил ўрганиш учун асосий мотив вазифасини бажаради. Аммо, шуни таъкидлаш жоиз, тил ўрганиш қобилиятининг индивидуаллиги, ўрганувчиларнинг турли хил шароитда бўлиши ҳисобга олинадиган бўлса, тил ўрганиш жараёнида баъзи муаммоларнинг пайдо бўлиши табиий ҳолдир. Жумладан, ҳар қандай ўрганувчи дастлаб қанча муддатда инглиз тилида равон гапириши хусусида ўйлайди. Ҳар қандай тилда сўзлашиш, аввало, шу тилдаги маълум сўзларни билиш ва умумий грамматик қоидалар орқали уларни систематик шакллантириш билан бошланади. Бироқ, ўрганишни эндигина бошлаган ўқувчи учун сўзларнинг ўқилиши ҳам, уларнинг таржимасини топиш ҳам қийинчилик туғдиради. Шунинг учун, тил ўрганиш сўзларни ўрганишдан, уларнинг маъноларини билишдан бошланиб, сўз бирикмаси, гаплар тузиш, кейинчалик кичик-кичик матнлар орқали мукаммаллаштирилади. Масалан, сиз инглиз тилидаги оддий, аммо, энг кўп ишлатиладиган асосий сўзларни ўзлаштирдингиз. Энди уларни мулоқотда қўллашга ҳаракат қиласиз. Табиийки, сўзларнинг маъноси у қўлланилаётган контекстдан келиб чиқиб ўзгариши мумкин. Бу сизга ҳам, тингловчига ҳам қийинчилик туғдиради ёки сизнинг фикрингизни нотўғри тушунилишига сабаб бўлиши мумкин. Нафақат сўзлар билан боғлиқ муаммолар, балки тил билиш даражаси ошгани сари нотўғри талаффуз, гапиришдаги тўсиқлар, ёзма нутқнинг ривожланмаслиги каби ҳолатлар ҳам учрайди.

Натижада, ўрганувчида қуйидаги саволлар юзага келиши мумкин:

  • тилни қандай ўрганиш мумкин?
  • тўғри талаффузни қандай қўллаш керак?
  • кўп миқдорда ахборот, янги сўзлар ва грамматик қоидаларни қандай қилиб энг кам ҳаракат билан ёдлаш мумкин?
  • тил кўникмалари (ўқиш, ёзиш, гапириш ва тинглаб тушуниш кабилар)ни тез ва осон ўрганишнинг қандай йўллари бор?

Тавсия этилаётган ушбу рисола шу каби қатор саволларга жавоб беради ва ундан тил ўрганувчилар амалий қўлланма сифатида фойдаланиши мумкин. Рисолада юқорида келтириб ўтилган муаммоларга ҳал этиш юзасидан таклифлар ҳамда мустақил ўрганишда қўлланиши қулай бўлган ўқув манбалари киритиб ўтилган.

Рисола бўлимларга ажратилган бўлиб, ҳар бўлимда тил кўникмаларини мустақил, осон ўрганиш ҳақида тавсиялар берилган.

2. Тил ўрганишнинг умумий усуллари

Аввало, ўрганувчи ёши, қизиқиши ва изчиллик асосида кундалик сарфланадиган вақт миқдори, муҳит кабилар тил ўрганишда муҳим бўлса, фойдаланиладиган дарслик сифати, маҳоратли ва билимли ўқитувчи, тил ўрганишдаги тўғри ёндашув усуллари ҳам бу жараёнда муҳим аҳамият касб этади. Баъзан, ўқувчилар тил ўрганишдаги қийинчиликларини шу тилда гаплашувчи чет давлатларида бўлмагани ёки инглизча гаплашадиган дўстлари йўқлиги билан боғлайди. Бироқ, ахборот коммуникациялари тобора ривожланиб бораётган бугунги даврда бу каби важлар ўринсиз. Ижтимоий тармоқлар, хусусан, Facebook, Twitter, Telegram орқали онлайн дарслар олиш ёки Youtube ва Skype орқали видео дарслар ҳам тил ўрганишда жуда оммалашган ва қулай усуллардан ҳисобланади. Бунда тил ўргатувчи ўқув курсларининг ҳам ўрни беқиёс. Чунки, гуруҳдаги бошқа тил ўрганувчилар билан мақсадингиз бир ва шу йўлда бир-бирингиз билан инглизча мулоқот қилишингиз, маълумот алмашишингиз ёки рақобатчи бўлишингиз мумкин.

Тил ўрганишнинг инновацион усуллари борасидa тажрибали тилшунослар ва полиглотлар (бир неча тилда гаплашувчилар) тавсияларидан фойдаланиш ҳам сиз учун айни муддао бўлади.

Эсда тутинг!

12 тилда гаплашувчи тилшунос ва таржимон Бенн Луиснинг тил ўрганишдаги янгича ёндашуви тилни такрорлаш орқали ҳам ўрганиш мумкинлигини кўрсатади.

У италян тилини ўрганиш учун ўнлаб грамматика китобларини ўқиган, тил курсларига қатнаган ва кўплаб сўзлар ёдлаган, лекин ҳаракатлари бесамар кетган. Шундан сўнг, “Тинглаш ва қайтариш” усули бўйича тил ўрганишни бошлаган. Бир йилдан сўнг эса, италян тилида бемалол сўзлаша бошлаган. Бошқа янги тилларни ўрганишда ҳам худди шу усулдан фойдаланади ва 3-4 ойда янги тилда мулоқот қила оладиган даражага етади. Натижада, у 12 тилда гаплашувчи тилшунос ва таржимон даражасига етди.

Инглиз тилини ўрганишни мақсад қилган инсон ўзи учун инглизча муҳит яратиши лозим, яъни у доимо инглиз тилида тинглаб, ўқиб, ёзиб ва гапириши мақсадга эришишнинг энг самарали усулидир.

Кўпчилик инсонлар “Махсус тил курсларига борсам, албатта, чет тилини ўрганаман”, деб ўйлайди. Тўғрироғи, чет тили курсларини ўз мақсадларига эришишда маъсул деб билади. Бу – нотўғри. “Унутманг, ҳар доим сиз ўзингиз учун масъулсиз, ўқитувчи ўргатиши мумкин, аммо сабоқнинг 99 фоизи ўзингизга, 1 фоизи ўқитувчига боғлиқ”, – дейди Алишер Абсаломов ўзининг “Рус тилини ўрганишнинг самарали усуллари” китобида. Шундай экан, мақсадни аниқ қўйиб, у сари интилмоқ керак. Албатта, ўз-ўзини назорат қилиш, тилни ўрганишдаги кучли иштиёқ ўрганувчилар учун маёқ вазифасини бажаради. Чунки, тилни ўрганаётганда, натижалар уни ўрганиш учун сарфланган қизиқиш ва қатъият даражаси билан бевосита пропорционалдир.

Тил ўрганишни бошлаганда, яхши хотирага эга бўлиш, турли хил товушларга тақлид қилиш ва мантиқий фикр юритиш қобилияти жуда муҳимдир.

Қуйида тил ўрганишнинг умумий усуллари ҳақида маълумот берилган:

  1. Тилни ўрганишни бошлаш учун дарслик, иккита луғат, жумлалар китоби, оддий ва соддалаштирилган бадиий адабиётлар (кичик ҳикоялар, эртаклар ва ҳоказо)ни олиш керак.
  2. Дарслик билан узлуксиз ишлаш, барча машқларни истисносиз бажариш зарур. Таржималар қилганда, тузатиш учун жой қолдириб, барча хатолар ва сабабларни алоҳида-алоҳида таҳлил қилган маъқул.
  3. Баъзи ўқитувчилар турли муаллифлар томонидан ёзилган иккита ёки учта дарсликдан ўқишни бошлашни тавсия қилади. Чунки ўрганувчи турли муаллифлар томонидан материал тақдимотининг ҳар хил шаклларини таққослаш имконига эга бўлади. Шунинг учун битта вариантга боғланиб қолиш керак эмас. Бироқ, ушбу таълим усули машаққатли ва ўрганувчидан сабр-тоқатни талаб қилади.
  4. Мослаштирилган адабиётлар, эртаклар ва қисқа ҳикояларни имкон қадар тезроқ ўқий бошлаш даркор. Бу жараёнда тақдимот ва мазмун жиҳатидан матнларни қайта-қайта ўқиш, янги сўз ва ибораларнинг моделларини ёзиш, имкон қадар улар орасидан келажакда кўп ишлатиладиганига кўпроқ урғу бериш тавсия этилади.
  5. Тўғри талаффуз чет тилини ўрганиш учун асослардан биридир. Чунки бу омил ташқи товушларни тўғри қабул қилиш қобилиятини мустаҳкамлайди. Талаффуз етишмовчилиги ўрганувчининг нутқини тушунишни қийинлаштиради. Талабалар учун талаффуз қилиш энг қийин вазифалардан биридир. Чет эллик киши билан алоқа қилишнинг биринчи дақиқасида ўрганувчининг тил борасидаги билими талаффуз билан баҳоланади. Шу боис, тилни ўрганишнинг дастлабки кунлариданоқ сўзларни тўғри талаффуз қилишга одатланиш керак. Луғатлардан овозли талаффузларни эшитиб, уларга тақлид қилиш бу жараёнда яхши самара беради.
  6. Талаффузни ойнанинг олдида амалга ошириш тил ўрганувчига индивидуал товушларнинг ўзига хос махсус ифодаларини назорат қилиш имконини беради. Бунда чет тилидаги фильмларни томоша қилиш жуда фойдали бўлиб, бу ўрганувчига юз ифодалари орқали овозни “ўқишга” кўмак беради.
  7. Аввал нутқни эшитиб, маърузачидан кейин такрорлаш керак. Тўғри товушларни идрок этиб, дарҳол талаффуз қилинадиган доимий машғулотлар муваффақият сари қўйилган қадамдир.
  8. Ҳис-ҳаяжон ва талаффузга алоҳида эътибор берилади. Талаффузни ўрганиш катта ҳажмдаги ҳаракатни талаб қилади, чунки у турли тилларда бир-биридан фарқ қилади.
  9. Матннинг баъзи параграфларини баланд овоз билан ўқиб, сўзларни равон талаффуз қилишни ўрганиш мумкин.

Бундан ташқари, тил ўрганишдаги яна бир муҳим аспект шу тилнинг грамматикаси ҳисобланади.

Грамматикани яхши билиш мияда ўрганилаётган тилнинг қолипини яратади, оғзаки нутқнинг ривожланишига, тўғри ёзиш қоидаларини мукаммаллашувига кўмак беради.

Грамматика қоидаларини ўрганишда қуйидаги тавсиялардан фойдаланиш самара беради:

  • Онгли тамойил одат тусига кириб, қоидаларни ишлатиш аста-секин автоматлашади. Грамматик нақшлар шаблон бўлиб хизмат қилади ва бу тил ўрганувчига янги-янги шаклларни мослаштириш имконини беради. Грамматик шаблонларни ишончли намуналарини ўрганиш ва ёд олиш тезроқ сўзлашувни автоматлаштиради. Изоляция қилиш, ассимиляция қилиш ва тез-тез такрорланадиган нақшлар учун энг яхши восита – тил микроиқлимининг яратилиши орқали грамматикани ўргатадиган китобдир.
  • Грамматика қоидаларини улар ишлатилган жумлаларни ёдлаш орқали эслаб қолиш керак. Бу дарсликда тузилган қоидаларни ўрганишдан кўра осонроқдир. Қоидани ўз ичига олган мисоллар, уларнинг ўзига хослиги сабабли хотирада яхши сақланади.
  • Биринчидан, феълларни бирлаштиришни, сўзларни ва сўз бирикмаларини таржима қилишни, жумла тузилишини ва ундаги сўзларнинг тартибини аниқлашни ўрганиш керак. Грамматика қоидалари бўйича мустақил равишда саволларни шакллантириш ва уларга ўз сўзлари билан мисоллар ёрдамида жавоб бериш керак.

Хулоса қилганда, тилни ўрганиш истаги унга бўлган қизиқиш билан бирлаштирилса кучли таъсирга эга омилга айланади. Бироқ, тилнинг ўзига қизиқиш билан эмас, балки бошқа мақсадларда (масалан, касбий зарурат) талаб қилинган истак ҳам яхши натижа беради. Бунда аниқ белгиланган мақсадга эҳтиёж бор. Мақсадни аниқ тушунмасдан, тил ўрганишга интилиш яхши самара бермайди.

Шундай экан, аввало, мақсадни тўғри қўйиб, унинг ютуғига ҳисса қўшадиган сўз турларига алоҳида эътибор бериш керак. Ўрганувчи ҳар доим фурсатдан фойдаланиб тил ўрганиш борасида ўзлаштирган билимларидан амалда фойдаланиши керак. Ушбу амалиётни ўрганувчи асосий фаолиятида, транспортда ўтказиладиган вақтида, кутиш ҳолатларида ўташи мумкин. Ҳар қандай “мажбурий” бўш вақт, ҳатто, 5 ёки 10 дақиқа ичида ҳам ўрганилаётган тилни амалда мустаҳкамлаш мумкин. Ўрганувчи ўзи билан ўзи гаплашишдан қўрқмаслиги керак. Муваффақияти учун ўзини ўзи мақташи ҳам мақсадга мувофиқ. Имкониятларни тўғри баҳолаш керак. Ўрганилаётган тилнинг мамлакат тарихи, географияси, иқтисодиёти, маданияти, санъати ва адабиёти билан танишиш имкониятини қўлдан бой бермаслик лозим.

3. Ўқитиш тил кўникмасини ўрганиш

Инглиз тилида 4 та тил кўникмаси мавжуд бўлиб, улар Listening (эшитиш), Speaking (гапириш), Reading (ўқиш) va Writing (ёзиш). Айтишларича, инсонда туғилиши билан ўзлаштириладиган тил кўникмаси эшитиш қобилияти ҳисобланади. Ундан сўнг гапириш, ўқиш ва ёзиш қобилияти шаклланади.

Юқорида таъкидланганидек, Reading яъни ўқиш бу қобилиятлар ичида учинчи ўринда турибди. Ҳар қандай тил ўрганувчи хорижий тилда ўқиш қобилиятини кучайтириш учун турли босқичлардан ўтиши керак.

1-босқич. Аввало, хорижий тилдаги ҳарфларни тўғри талаффуз қилишни ўрганиш керак. Бунинг учун ўша тил алифбоси талаффуз қилинган болалар учун мўлжалланган видеолар ҳам самарали, ҳам қувноқ ўрганиш усули бўлиб хизмат қилади.

2-босқич. Бўғинларни тўғри талаффуз қилишни ўрганиш керак. Чунки хорижий тилда, айниқса, инглиз тилида ҳарфлар ўзлари билан бирга келаётган ҳарфларга мос тарзда талаффуз қилинади.

Масалан, C ҳарфи баъзи сўзларда “с” баъзиларида эса “к” деб талаффуз қилинади.

S – ice (ays), cycle (saykl)

K – comma (komma), сome (kam).

Шунингдек, сўзларнинг талаффузини транскрипцияси орқали ўрганиш мумкин. Бунинг учун эса биринчи навбатда транскрипция белгиларини тушуна олиш керак. Қуйидаги жадвал эса транскрипцияда кенг қўлланиладиган белгилар талаффузи ва уларнинг ишлатилиш ҳолатларига мисоллар келтирилган.

Қўшимча тарзда, электрон луғатлар орқали ҳам талаффузни ўрганиш мумкин. Бу луғатларнинг яна бир қулай тарафи шундаки, ўрганувчи бир сўзни ҳар икки американча ва британча талаффузда эшитиши мумкин.

3-босқич. Турли қисқа гапларни ўқиб таржима қилиш керак.

Масалан қуйидагича:

  1. I eat ice-cream everyday (Мен ҳар куни музқаймоқ ейман).
  2. She does not go to school at weekends (У ҳафта охирларида мактабга бормайди).
  3. He is a doctor (У шифокор).

Бундай кичик синтактик бирликларни таржима қилиш ўрганувчининг фундаментал билимини мустаҳкамлайди ва у аста-секин каттароқ матнлар таржимаси билан шуғулланиши мумкин.

Агар эътибор берилса, хорижий тилда ўқишни 2 та қисмга ажратиш мумкин.

Демак, икки тарафлама ҳам ўқувчи ўз устида ишлаши керак. Ҳозирги кунда жуда кўплаб ўқув материаллари бор-ки, улар кўмагида бемалол ҳар иккаласини ҳам ўрганиш талабини ўзлаштириш мумкин.

Қуйида русийзабон ўрганувчилар учун шундай материаллардан бири мисол сифатида келтирилган:

Бу материалда нафақат матндаги гаплар таржимаси, балки бу матннинг ҳақиқий инглизлар томонидан ўқилган эшиттириши илова қилинган. Бу эса, ўз навбатида, юқоридаги гапларни тўғри талаффуз қилиб ўқишга ёрдам беради.

4-босқич. Кичик ҳикояларни ўқиш ва тушуниш. Бундай ҳикояларни болалар учун тайёрланган эртак ва ҳикоялардан бошлаш мумкин. Масалан:

Бу турдаги ҳикоялар тушунишга осон ва ўқувчилар эътиборини тез тортувчи расмларга эга.

Юқоридаги босқичма-босқич ривожланувчи усуллар орқали тил ўрганувчилар тезроқ суръатларда хорижий тилда ўқишни ўрганиши мумкин.

Ўқишнинг кейинги босқичлари хорижий тилда тезроқ ўқиб тушунишга қаратилган бўлиши мумкин. Бу эса, алоҳида мавзу бўлиб, у ҳам ўз ичига бошқа таркибий қисмларни олади.

Қўшимча равишда яна кўплаб тавсиялар ҳам берилиши мумкин.

Тил ўрганувчи ўз она тилидаги ўқиш қобилиятини хорижий тилдаги ўқиш жараёнига кўчириши керак. Масалан ҳикоя ёки бирор асар ўқиётиб, унда ишлатилган луғат-у грамматик бирликларга эътибор қаратиб ўтирмай, асосий мақсад матнни тушуниш бўлиши керак. Худди шу мақсадда ўқувчи ҳам фақатгина мазмунни уқиб олиш учун хорижий тилдаги асар ва китобларни кўпроқ ўқигани маъқул.

Бу тавсия эса, ўрганувчидан ўзи ўрганаётган китобларни икки турга ажратишни талаб этади. Масалан, 1-гуруҳ фан нуқтаи назаридан ўрганилиши зарур бўлган ёки 2-гуруҳ ўрганувчининг ўзи завқ олиши учун ўқиладиган ўқув материаллари. Ўрганувчи уларга мос вақтларни ҳам ажратиб олиши мумкин. Масалан, эрталаб фанга доир, грамматика ёки луғат китобларни, кечқурун эса ўзига ёқадиган ҳикоялар тўпламини, ҳафта охирида ҳордиқ чиқаришга кўмаклашувчи адабиётларни ўқиса бўлади.

Гапириш тил кўникмаси

Speaking яъни гапириш тил кўникмаси эса, инсон ҳаётининг илк даврларида ўзлаштириладиган иккинчи қобилиятдир.

Бу кўникмани америкалик инглиз тили ўқитувчиси Аже Ҳог тавсия этган босқичларда ўзлаштириш мумкин. Бу босқичлар
7 та бўлиб, қуйида улар билан бирма-бир танишиб чиқинг.

1-босқич. Тил ўрганувчи сўзларни якка ҳолда эмас, балки атрофидаги фразалар билан бирга ёдлашни машқ қилиши керак. Айтайлик, like, яъни инглиз тилида ёқтирмоқ маъносини берувчи сўзни ўрганиш назарда тутилган бўлса фақатгина, like – ёқтирмоқ деб она тилидаги таржимасини ёзиб ёдлаш кўп ҳам самара бермайди. Бу эски грамматика – таржима услуби ҳисобланиб, жуда кенг тарқалган ўқитиш, ўрганиш усулидир. Ҳозирги кунда, кўплаб ўқув муассасаларида шу усулда янги луғатларни ёд олади. Аммо, америкалик машҳур педагог тавсия этаётгандек, сўзлар фразалар орқали ёдланса, улар хотирамизда мустаҳкамроқ ва узоқ вақт сақланади. Фраза ўзи нима? Бу бирга келсагина маъно англатувчи тил бирлигидир. У маънога эга бўлган сўзлар бирикмаси деб ҳам тушунилиши мумкин.

Қуйидаги мисолга эътибор қаратилса, уни амалиётда қандай қўллашни яхшироқ тушуниш мумкин бўлади:

John likes an ice-cream – Жон музқаймоқни ёқтиради.

Бу гап тўлалигача ёдлаб олинса, нафақат like, яъни ёқтирмоқ феълини, балки уни грамматик жиҳатидан қандай ишлатилишини ҳам ўрганиш мумкин. Жон бу учинчи шахс, яъни у бўлиб, демак учинчи шахс феълларига “s” қўшимчаси қўшилар экан. Тилни ўз она тили сифатида гапирувчилар албатта бундай грамматика ва луғатларни болалигидан кўп эшитавергани учун табиий ўзлаштиради. Бу ҳам худди тилни табиий равишда ўзлаштиришнинг усули ҳисобланади ва у жуда ҳам самаралидир.

2-босқич. Грамматик қоидаларни ёдламасдан, балки уларга барча диққат эътиборни қаратишни тўхтатиш. Кўплаб ўрганувчилар ҳақиқатан ҳам грамматик қоидаларни ёдлашга муккасидан кетади. Аслида эса бу уларни гапираётган пайтда узоқ вақт иккиланиб, фикрлаб қолишига сабаб бўлади. Улар гапираётган гапларини миясида грамматик тўғри ёки хатолигини анча пайт ўйлайди ва баъзан тутилиб, секин гап бошлайди. Кўриб турганингиздек, грамматик қоидаларни ёдлаш орқали гапиришни ўрганиш доим ҳам юз фоиз самарали усул эмас. Шундай экан, гарчи хато қилинса-да, хорижий тилда гапиришни бошлаш маъқул. Кўпчилик талаба, ўқувчилар тил грамматикасини яхши билади-ю, аммо ўша тилда умуман гапира олмайди. Шу сабабдан, грамматик қоидаларни яхши билиш бу ўша ўрганувчи ўша тилда яхши гаплаша олишига кафолат бермайди. Бу усулдан кўзланган мақсад эса, режа қилинган хорижий тилни худди она тилидек табиий усулда гарчи хатолар билан бўлса-да, гапиришни ўрганишдир. Чунки агарда ўрганувчи хорижликлар билан мулоқот қиладиган бўлса, улар анча тез гапиради ва уларга жавоб қайтариш учун эса қайси замондаги гаплар, қайси қўшимчалар ҳақида ўйлаб ўтиришни кутиб ўтирмайди. Чунки жонли суҳбат доимо тезкор йўсинда боради.

3босқич. Эшитиш орқали тилни ўрганиш. Одатда Ўзбекистондаги маҳаллий мактабларда матнли китоблар ўқитилади ва ўқувчилар матнни ўқиб грамматика ва луғатларини ўрганади, яъни уларнинг ҳаммаси ўқишга асосланади. Бу эса ўз навбатида гапиришга ёрдам бермайди. Яхши гапиришни ўрганишнинг энг самарали усули эса, кўп бора ўша хорижий тилдаги материалларни эшитишдир. Масалан, инглиз халқи фарзандлари ҳам атрофидаги яқинларини инглиз тилида гапириши орқали уларни тинглаб, тилни ўзлаштиради. Агар эътибор билан қаралса, болалар аввал оддий сўзларни, кейин қисқа иборалар, сўнгра гапларни амалиётда синаб кўради. Шундай экан, агарда тил эшитиш орқали ўрганилса, уни тез ва осон ўзлаштириб олиш мумкин. Ўрганувчи эшитишни бошлаган пайтида энг содда болаларбоп ўқув материалларидан фойдаланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, кичик эртак, ҳикоялар ёки мултфильмлар шулар жумласидандир. Ўқувчи илк бора ўзи 95 % ни тушунадиган эшитиш материалларидан бошласа, қолган 5 % ни эса бемалол мантиқий жиҳатдан тушуна олар экан. Бир аудиоёзувни тўла тушуниб олгунча қайта-қайта уни эшитиш керак, сўнгра бироз қийинроғини синаб кўриш керак.

Инсонда эшитиш қобилияти қанчалик юқори бўлса, унда гапириш қобилияти ҳам унга параллел равишда ўсиб боради.

4-босқич. Чуқур ўрганиш, яъни шу қобилиятнинг устаси бўлиш. Бирор бир тил кўникмасини мукаммал равишда ўрганишга тил ўрганувчи такрорлаш орқали эришишини унутмаслиги керак. Баъзи тил ўрганувчилар кўпинча бир ҳафта бир мавзуни, иккинчи ҳафта эса бошқа мавзуни ўрганади. Аммо вақт ўтиб уларни кўп қисмини унутиб қўяди. Бу эса, ўша мавзуни яхши ўзлаштирмаганидан дарак беради. Демак, бир мавзуни тўлалигича қайта-қайта такрорлаш ва вақт ўтиши билан унга қўшимча маълумотлар қўшиш орқали уни чуқур ўрганиш мумкин. Хорижий тилда ўрганувчи гарчи луғатларни, грамматикани яхши билса-да, баъзида яхши гаплаша олмайди. Бу ўша мавзуни тўлалигича ўзлаштирмаганидан, ҳали ҳам шу соҳадаги билимида камчилик борлигини кўрсатади. Бирорта мавзуни керак бўлса-да 20 кун мобайнида ҳам қайта-қайта такрорлаш тил ўрганишда катта самара беради.

5-босқич. Фикрлаш талаб этиладиган ҳикояларни кўпроқ ўқиш керак. Бу айниқса, Past Simple, яъни ўтган замонни ҳам ўзлаштиришда катта ёрдам беради. Ушбу омил унинг биринчи устунлиги бўлса, иккинчи устунлиги ўқувчини фикрлашга, ҳикояни ёдда яхшироқ сақлашига кўмак беради. Инсон бирор мавзуда қанча кўп фикрласа, ўша билимни кўпроқ эсда сақлаб қолади. Чунки, унда оддий ҳолатдан кўра кўпроқ мия ишлайди ва узоқ вақт сақлаб қола олади.

6-босқич. Хорижий тилда яратилган ҳақиқий материаллардан ўрганиш жараёнида фойдаланиш. Чунки, талабларга мослаштирилган дарслик ва баъзи илмий китоблар анча зерикарлидир. Табиий ўқув материлларига ҳикоялар, достонлар, реал аудиолар ва баъзи кинолар киради. Тайёрлаб мослаштирилган материаллар эса, анча зерикарли ва ясама.

7-босқич. Савол сўраладиган китобларни кўпроқ ўқиш. Бундай турдаги материаллар аудио кўринишида ёки ёзилган ҳолда бўлиши мумкин. Чунки саволларга жавоб бераётиб, тил ўрганувчи нафақат фикрлаб гапиришга, балки грамматик қоидаларни ҳам амалиётда табиий усулда қўллашга эришади.

1-тавсия. Ҳар қандай хорижий тилда тезроқ гапиришни истасангиз, ўқиётган гап ва матнларни ёза туриб, уни талаффуз қилиб гапиришни ҳам машқ қилинг! Чунки одатда турли машқлар ёзма ёзилган бўлади ва бу машқларни бажара туриб, баъзида саволларга жавоб беришга тўғри келади, ўрганувчи баъзида нотўғри талаффуз қилишига қарамасдан гапларни ўша миллат вакилларидек тўғри талаффуз қилишга тақлид қилиши керак, ҳаттоки, грамматик ва луғатларни ёдлашга бағишланган машқларни бажариш даврида ҳам ўқувчи матнни ҳам баланд овозда ўқиши ва ўша миллат эгалардек тўғри талаффуз қилишга уриниши керак.

2-тавсия. Фикрлаш керак. Қачонки, ўрганувчи ўзини хорижий тилда яхши гапираяпман деб ўзини ишонтирса, қолганлар ҳам унинг бу фикрига ишонади. Шунингдек, у имкони борича оддий кундалик ибораларни ёд олишга уриниши керак. Негаки, энг кўп қўлланиладиган иборалар ўрганувчига хорижий тил вакиллари билан ҳам яхши мулоқот қилишида ёрдам беради. Айтайлик тил ўрганувчи турли мавзуларни карточкаларга ёзиб олиши керак. Қуйидаги кўринишда бўлиши мумкин:

Uyda
Ishda
Avtobusda
Pochta ofisida
Aeroportda
Bozorda
Bazmda

Бу берилган карталарни бирма-бир олиб айнан ана шу муҳитда ишлатиладиган сўз ва идиомаларни кўпроқ ўрганиш ва ёд олиш керак.

3-тавсия. Субтитрли киноларни кўриш фойдалидир. Буни
3 босқичда амалга оширилса тил ўрганиш самараси янада ошади:

  1. Субтитрни ўқиб кино кўриш, агарда нотаниш сўз учраса уни луғат дафтарга ёзиб олиб таржима қилиш ва контекстга қўйиб тушунишга ҳаракат қилиш керак.
  2. Ўша сўзнинг айтилишини кино қаҳрамони талаффуз қилгандек қайта-қайта талаффуз қилиш ва айнан ўша сўзни қўллаб гап тузишни машқ қилиш керак.
  3. Бу босқичда эса энди субтитрни ўчириб кинони ўзини кўриш ва эшитиб тушунишга ҳаракат қилиш даркор. 

4-тавсия. Тақлид қилиш. Масалан, кинони тушуниш учун қайта-қайта кўравериш натижасида, ўрганувчи балки ҳамма саҳналарни ёдлаб олган ва аллақачон фильм зерикарли туйилиши мумкин, аммо асосий мақсад бу орқали тил ўрганиш бўлиб қолаверади. Сўзловчиларнинг нутқини қайта-қайта тақлидан такрорлаш керак.

5-тавсия. Мусиқани тинглаш ва унинг матнини ёд олган ҳолда ашулачига жўр бўлиб куйлаш ҳам тил ўрганувчига қувноқ усулда янги луғатларни ўзлаштиришга кўмак беради. Бундай ашулаларга тингловчи учун севимли мусиқалар ёки бўлмаса яхши секинроқ талаффуз қилинган қўшиқлар ҳам бўлиши мумкин. Яна бир тур борки, булар айнан болалар қўшиқларидир: улар ҳам тушунишга ва айтишга осондир:

Dashing through the snow

In a one-horse open sleight

O’er the fields we go

Laughing all the way

Bells on bobtails ring

Making spirits bright

What fun it is to ride and sing

A sleighing song tonight

[Chorus]

Jingle bells, jingle bells

Jingle all the way

Oh what fun it is to ride

In a one-horse open sleigh, hey

Jingle bells, jingle bells

Jingle all the way

Oh what fun it is to ride

In a one-horse open sleigh

Бу каби болалар куйини алоҳида қизиқ видеоларга жўр оҳангда куйлаб ўрганиш ҳам мумкин. Айниқса, уларда субтитр бўлса янада яхши.

6-тавсия. Маҳаллий адабиётларни ўқиш керак. Ҳар бир адабиёт нафақат бир миллат тилини, балки ўша халқ маданиятини ҳам ўзида акс эттиради. Ҳар бир тил ўрганувчиси ўша халқ маданиятини ҳам ўрганувчиси ҳисобланади. Шундай экан, адабиётлар тил ўрганишда жуда фойдали материал саналади. Бу айнан қийин достон ёки романлар бўлиши шарт эмас. Балки кичик ҳикоялар тўплами ёки даражага мослаштирилган кичик китоблардан ҳам бошлаш мумкин. Реал материал сифатида журнал ва газеталар ҳам анчагина қизиқ ва самараси катта. Инглиз тилини ўрганишда ҳам бир қанча шундай махсус газета ва журналлар борки, улар оммабоп тусда тил ўрганувчилар томонидан ўқилади. Масалан Hot English журнали.

7-тавсия. Мақсад қилинган хорижий тилни ўрганаётган дўст топиш. Бу нафақат тил ўрганишни фойдали, балки анча қизиқ жараёнга айлантиради. Агарда бирор дўст билан бирга ўша ўрганилаётган тилда кўпроқ мулоқот қилинса, бир-бирини талаффузини тўғирлаши, янги луғатларни осон ўзлаштириши мумкин. Бу эса, ўз навбатида ҳар икки томонга манфаатли ҳисобланиб, тенгдошдан камчиликлари ҳақида эшитиш ва ўрганиш устоздан хато қилгани учун дакки эшитишдан кўра енгилроқдир. Бундай ҳамкор билан ўрганувчи бирор янги сўз талаффузи тўғрисида қизғин муҳокама юритиши ва ҳақиқий инглиз кишиси талаффузини бирга таҳлил қилиши ҳам мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, улар ўзини даражаларини яна ҳам орттириш учун олдиларига янги режалар ва мақсадлар қўйиб олиши мумкин.

8-тавсия. Айнан ўша хорижий тил ўзинининг она тилиси бўлган киши билан кўпроқ мулоқотда бўлиш. Бу киши ўрганувчига яқин атрофда яшовчи киши ёки тил ўқитувчиси ҳам бўлиши мумкин. Агарда яқин атрофда бундай кишини топиш мушкул бўлса, интернет ҳам ёрдамга келиши мумкин. Ўрганувчи ўзи қидирган миллат вакилини ижтимоий тармоқларда бемалол топа олади. Шунингдек баъзи бир маълумот базалари ҳам борки, гарчи кўпчилик учун анча инновацион янгилик ҳисобланса-да, ниҳоятда фойдали.

Масалан, Conversation Exchangeплатформаси орқали ўз ҳудудига яқинроқда истиқомат қилувчи хорижлик вакилни топиш мумкин ва эҳтимол уни қаҳва ичишга таклиф қилиб, хорижий тилни амалиётда қўллашни машқ қилиш мумкин. Яна бир база – Speaky дунё бўйлаб тил ўрганиш жамияти тармоғи бўлиб, бу ерда 180 дан ортиқ миллат вакиллари билан мулоқот ўрнатиб, улар билан онлайн гаплашиш имконияти мавжуд.

9-тавсия. Тили ўрганилаётган давлатга саёҳат қилиш ва ўша жамиятда яшаб уларни маданиятини ўрганиш. Агарда тил ўрганувчини саёҳат қилишга қурби етса, ўша тили ўрганилаётган мамлакатга қисқа вақтга бўлса ҳам саёҳат қилиб келиши керак. Масалан, ёзги таътилда. Тил ўрганишда муҳит жуда катта роль ўйнайди. Бу нафақат ўша тилда яхши талаффуз қилишга, балки ушбу миллат вакилларига тушуна оладиган оммабоп сўз ва иборалар, маданиятга алоқадор контекстларни яхшироқ англашга ёрдам беради.

Тилни анчагина ўргангандан сўнг қилинадиган вазифа диалектларни фарқлашдир. Масалан, инглиз тилини ҳам турли шевалари бор ва у она тили сифатида гапириладиган мамлакатлар 5 та. Булар: Англия, Австралия, Америка, Канада, Янги Зеландия. Уларнинг ўз стандарт инглиз тилиси мавжуд бўлиб, улар бир-биридан грамматик, талаффуз жиҳатидан фарқ қилади. Буларни фарқлаш эса тил ўрганувчининг тилни яхши ўзлаштириш даражасини янада оширади.

Психологик тайёрланиш

Аввало, тил ўрганаётган пайтда инсон ўзини психологик томондан тайёрлаб олиши керак яъни ўзини ўша тилни яхши ўзлаштира оладигандек, ўзига мустаҳкам ишонч билан бошлаши керак. Энг осон ўрганиш усули эса худди ёш боладек ўрганишдир. Чунки бола тилни табиий усулда қандай бўлса, борича қабул қилади ва ўрганади. Бу эса ундаги табиий талаффузни келтириб чиқаради.

4.Тинглаб тушуниш кўникмасини ривожлантириш

Тилни ўрганишда аудио материалларни давомли эшитиш орқали инглиз тилида сўзлашувчи маҳаллий аҳолини сўзларнинг қандай талаффуз қилиши ёки кундалик ҳаётда қандай бирикмалардан фойдаланиши ҳақида тасаввурга эга бўлиш, уларга тақлид қилиш орқали оғзаки нутқнинг ривожланишига ва кундалик ҳаётда ишлатиладиган сўз ва сўз бирикмаларини осон ўзлаштирилишига эришиш мумкин. Шу сабабдан, қуйида тинглаб тушуниш кўникмасини ривожлантириш тўғрисидаги тавсияларни санаб ўтамиз:

Тушунарли, содда аудиоларни танланг.

Тинглаш қобилиятини оширадиган муҳим омил бу аллақачон маълум бўлган, тушунадиган материални тинглашдир. Бундай материалларга камида 60-80% ни тушуниш имкони мумкин бўлган ҳар қандай аудио манбалар киради. Ҳар бир инсоннинг даражаси фарқ қилади. Шунинг учун манбани объектив нуқтаи назардан аниқлаш қийин.  

Тингловчининг маҳорат даражасидан юқори бўлган материални тинглаш самарасиз бўлиб туюлиши мумкин, аммо аслида жуда муҳимдир.

Бунинг сабаби шундаки, агар у кўпинча тушунмайдиган нарсаларга қулоқ тутса, кўп вақтини ғашлик ва саросимага сарфлайди. Бу ерда бир нечта сўзни тушуниш мумкин, аммо тингловчи нима содир бўлаётганининг моҳиятини бирлаштириш учун курашади. Натижада, янги сўзларни ўрганишга ҳаракат қилади, умумий маъносини англашга интилади.

Ўзи ёқтирган нарсаларни тинглаш.

Эшитган нарсанинг кўпини тушуниш – бу тинглаб тушуниш кўникмасини оширишнинг асосий босқичидир. Агар унда бундай имконият мавжуд бўлса, у ҳолда қайси турдаги тушунарли материалларни ишлатишни аниқ белгилаши керак.

Тингловчи 60-80% тушуниш стандартига жавоб берадиган ҳар қандай нарсани техник жиҳатдан тинглаши мумкин бўлса-да, шахсан унга қизиқ бўлган материалларни танлашни жуда хоҳлайди.

Бу жуда муҳим, чунки тегишли ва қизиқарли материаллар ҳар доим бошқа манбалар билан солиштирганда тинглаш учун янада ёқимли бўлади. Агар тинглаганлари ўрганувчига ёқса, тинглашни давом эттириш учун кўпроқ мотивацияга эга бўлиб, тўхташ ёки диққатни йўқотишдан ўзини сақлайди.

Дарсликда аэропортга бориш ёки савдо марказида харид қилиш ҳақида узоқ вақт давомида аудио диалог мавжуд бўлгани сабабли, тингловчи уларни тинглашга мажбур бўлмаслиги керак. Аудио материалларни тўғри танлаш ва машқ вақтининг кўп қисмини тинглашни кутган аудио материаллар билан ўтказишига, мақсадлари ва қизиқишларига мос келишига ишонч ҳосил қилса, тинглаб тушуниш кўникмаси тезроқ ўсишига ёрдам беради.

Кичик тафсилотларга эмас, балки умумий маънога эътибор қаратиш.

Тилнинг барча асосий кўникмаларидан тинглаш қобилияти энг катта эътиборни талаб қилади. Бунинг сабаби, агар ўрганувчи тинглаётган нарсасига эътибор қаратмаса, у етказилаётган асосий “хабар” ни ўтказиб юбориши мумкин. Бундан ҳам ёмони, у ўтказиб юборилган маълумотни тиклаш учун одатда “бошига қайтиш” мумкин эмас, аксарият ҳолларда одамларни ўзларини такрорлашга мажбур қилиш керак бўлади. Бу эса вақт ва куч сарфланиши ҳамда умидсизликка олиб келиши мумкин. Ҳатто тингловчи “орқага қайтариши” мумкин бўлганда ҳам (масалан, ёзилган аудио билан), ўтказиб юборилган маълумотни аниқлаш қийин бўлиши мумкин.

Буларнинг барчасидан келиб чиқиб, тинглашда “катта расм” га эътибор бериш муҳим ва кичик тафсилотлар билан чалғимаслик керак. “Катта расм” деганда, тинглаётган нарсанинг моҳияти ёки умумий хабари назарда тутилади. Агар кимдир тингловчига “сизга қанақа фильмлар ёқади?” деб айтса, шунчаки “нима”, “фильмлар” ва “шунга ўхшаш” ёки ҳатто “фильмлар” ва “шунга ўхшаш” сўзларини тушуниб, шунчаки маълумот олиши мумкин. Ушбу икки сўз тингловчига жумланинг асосий таркибий қисмини бериши мумкин, гарчи уларнинг ёнидаги бошқа бешта сўзни тушунмаса ҳам. Шунинг учун тушунарли материалларни тинглаш жуда муҳимдир. Эшитган бўлакда бир ёки иккита сўзни тушунмаса ҳам, аллақачон билган сўзлари тингловчига умумий маънони тушунишга ёрдам беради.

Шундай қилиб, агар тингловчи вақти-вақти билан айтилган сўзни тушунмаса, таслим бўлмаслиги лозим. Шунчаки тинглашни давом этиши ва бирор-бир етишмаётган маълумотларни тўлдириш учун у тушунадиган “катта расм” га эътиборини қаратиши керак.

Турли тезликда тинглаш ва қайта тинглаш.

Оддий тезлик билан инглиз тилида сўзлашувчиларнинг нутқини тинглаш учун тингловчи шунчаки бошига шўнғиб, дарҳол тўлиқ тезликда тинглай олмайди. Тезлик, сўз каби, тушунарли маълумот киритишда муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли, аста-секин маҳаллий тезликка қадар нарсаларни ўрганишдан олдин секин, тушунарли тезликда тинглаш керак бўлади.

Буни амалга оширишнинг бир неча йўллари мавжуд:

  1. Бир ёки бир нечта кишилар билан инглиз тилида гаплашаётганда, тингловчи мулойимлик билан улардан у билан гаплашганда секинлашишини ёки секинроқ такрорлашини сўраши мумкин.
  2. Аудио ёзувни тинглаш пайтида ўрганувчи уни турли хил тезликда, шу жумладан 0.25х ва 0.5х тезликда ўйнатиши мумкин. Ижро этиш вариантларининг мавжудлиги қайси медиа плеердан фойдаланаётганига боғлиқ, аммо YouTube, Audacity ва VLC медиа плеерлари каби бепул манбалар барча бундай тезликни созлашга имкон беради.
  3. Ушбу вариантлардан иккинчиси одатда ўрганиш учун энг қулайдир. Шунчаки ҳар қандай аудио файлни олиб, айтилганларни тушунмагунча ижро этиш тезлигини созлаш керак. Уни секин тезликда бир неча марта тинглаш ва сўнгра яна маҳаллий тезликка эришгунча аста-секин тезликни ошириш керак.

Қайдлар орқали фаол равишда ўрганиш.

Ўрганувчилар сифатида тинглашни фақат пассив фаолият сифатида кўриш осон. Гапириш, ўқиш ва ёзишдан фарқли ўлароқ, тинглаш учун ҳеч нарса қилиш шарт эмас; ўрганувчи шунчаки эшитиши керак ва товушлар ўз-ўзидан тушунарли бўла бошлайди. Эшитишнинг пассив сифати шунчаки ўтириш, дам олиш ва мусиқа асарини ёки фильмдаги суҳбатни тинглаш ҳам жуда яхши. Аммо бу самарали ўқув машғулотлари учун унчалик катта эмас.

Агар ўрганиш фаол бўлмаса, тингловчи камроқ маълумотга эга бўлади ва ҳатто тезда ўрганган нарсаларини унутиб қўйиши мумкин. Тинглаш ҳаракатларидан максимал қийматни олиш учун пассив тинглашни фаол тинглашга айлантириши керак, бу ўрганувчининг тушуниш ва тутиш тезлигини сезиларли даражада оширади. Бунинг энг яхши усулларидан бири тинглаш пайтида асосий калит сўзларни қайд этиб олишдир.

Эшитиш қобилияти устида ишлаётганда, дафтар ёки қоғоз варағини чиқариб олиш ва қуйидагиларни бажариш керак:

1. Аудио мавзусини ёзиш.

2. Агар бир нечта маърузачилар (спикерлар) бўлса, уларнинг исмларини ёзиш ёки уларнинг ҳар бири учун стикерлар билан ишлаш (масалан, 1-маърузачи, 2-маърузачи).

3. Ҳар бир маърузачининг сўзларини ва улар билан суҳбатлашишга ҳаракат қилаётган барча асосий фикрларни ёзиш.

4. Агар тез-тез тушунмайдиган сўзлар бўлса, уни кейинроқ қидириб топиш учун ёзишга ҳаракат қилиш.

5. Агар бирон-бир сўз ёки жумла қизиқ бўлса, уни суҳбатларда, оғзаки нутқда ишлатиш учун ёзиб олиш.

6. Бир вақтнинг ўзида ҳам тинглаш, ҳам ёзувларни ёзиб олиш орқали аудио мазмунига кўпроқ қизиқиш ортади ва натижада анча тартибли ва самарали тарзда ўрганиш мумкин.

7. Тинглаш одатини ўзгартириш. Тилни ўрганишнинг ҳар қандай усули муваффақиятли бўлиши учун у ўрганувчини қизиқтириши керак. Узоқ муддатли муваффақият учун кундан кунга қизиқтирадиган ва ўрганишни давом эттиришга мажбур қиладиган турли хил фаолият турлари билан шуғулланиш лозим. Умумий кундалик ўқиш тартибининг ажралмас қисми бўлган тинглаш тартибини тез-тез ўзгариб туриши, аралаштириб юборилиши ва бир хил даражада ўзгариши керак.

Агар столда ўтирганда ўрганилаётган тилда аудио тинглаш маъқул бўлмаса, уни доим бажармаслик керак. Бошқа жойларда ва вақтларда шу тилдаги аудиоларни тинглашга ҳаракат қилган яхши.

Масалан:

  • аудио ёзувни ўқиш;
  • уй ишларини бажариш пайтида;
  • жисмоний машқлар;
  • мақсадли тилда мусиқа тинглаш.5-§. Ёзиш тил кўникмасини шакллантириш

5. Ёзиш тил кўникмасини шакллантириш

Чет тилини ўрганишда хат муҳим аҳамиятга эга бўлган манбалардан бири бўлиб, у орқали ёзма нутқни ривожлантириш мумкин. Ўз фикрини ёзма равишда ифода этишни билмаса, тилни тўлиқ биладиган одам ҳисобланмайди. Ёзма машқларда ҳар бир ҳарфнинг ҳарф ва товуш таҳлилига таъсири мавжуд. Хат сўзларни ёдлаш воситаси ҳамдир.

Ёзишни машқ қилишнинг қуйидаги усуллари мавжуд:

1. Китобнинг барча ёзма машқларини бажариш, айниқса, она тилидан чет тилига таржима қилиш.

2. Ўқилган матнга саволлар тузиш.

3. Янги ўрганилган сўз бирикмаларининг хотирада сақланганини текшириш учун ўз-ўзича ўйлаш.

4. Матнни ёддан ёзиш.

5. Ўқув машғулотининг кейинги босқичларида талабаларга қизиқадиган мавзулар бўйича эсселар ёзиш. Эсселарнинг ҳажми
200-300 сўз билан чекланган бўлиши мумкин.

Оғзаки ва ёзма нутқнинг таржимаси

Тилни ўрганишда кўп таржима қилиш керак. Таржима – ҳар бир сўзнинг маъносини бошқа сўз билан боғлаш эмас, фикрнинг бошқа тил билан ифодаланишидир. Аслида, бу таржима қилинаётган тилнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, бутунлай янги жумлани қуришдир. Шу билан бир қаторда, фақат тегишли сўзлар туркумини эмас, балки тенг келадиган фикрларни топишдир. Тўлиқ матн таржимасидан доимо четланиш керак.

6.Инглиз тилида равон сўзлаш

Хорижий тил ўрганувчиларнинг аксарият қисми кўп вақтдан буён инглиз тилини ўрганишга ҳаракат қилади. Бунинг учун анча вақт, шу билан бирга маблағ сарфланди-ю, аммо кутилган натижага эриша олинмайди. Демак, хорижий тилларни ўрганиш жараёнига янгича қарашлар ва усуллар орқали ёндашиш керак. Қуйида кўпчилик томонидан қўлланилмайдиган, аммо самарали натижага олиб келиши мумкин бўлган ноодатий усуллар ҳақида маълумот бериб ўтилади. Ўрганувчидан фақатгина уларнинг барчаси билан танишиб чиқиш ва ўзига ёққан усулни синаб кўриш талаб қилинади. Озгина қунт ва ҳаракат кутилмаган натижаларга олиб келиши мумкин.

1.  Блогерликни бошлаш.

ХХI аср техника тараққиёти асри ҳисобланади. Бугунги кунда ҳар бир инсон ҳеч бўлмаганда кунига бир соат интернетдан фойдаланади. Шундай экан, тараққиёт ютуқларини тил ўрганишга татбиқ этиш яхши натижаларга олиб келиши мумкин. Шундай усуллардан бири бу влоггинг фаолияти билан шуғулланиш ҳисобланади. Ўрганувчилар ҳам ўрганаётган тил ёрдамида блогерлик қилиши, янглиликларни, фикрларини бошқалар билан баҳам кўриши мумкин. Блоггинг – бу турмуш тарзи ва фикрларини оммага намойиш этиш. Фақат кунни қандай ўтказаётганини кўрсатиш, адабиёт, мусиқа ва эсида қолган ҳар қандай мавзу бўйича фикрлари билан ўртоқлашиш ҳам оғзаки нутқни ривожлантиришга ёрдам бериши мумкин.

2.  Шеърларни ифодали ўқиш.

Шеър ёзиш, айниқса, хорижий тилда шеър ёзиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмаслиги аниқ. Аммо, гап хорижий тилда ёзилган шеърларни ифодали ўқиш ҳақида кетсачи?! Шунчаки, ўрганувчи ўзига ёққан бирорта шеърни танлаши, уни баланд овозда айтишни бошлаши керак. Буни бирор киши олдида қилиш шарт эмас, ойнага қараб ижро этишнинг ўзи етарли. Бу орқали ўрганувчи гапириш ва талаффуз қилиш малакасини оширибгина қолмай, сўз бойлигини ҳам оширишга муваффақ бўлади.

3.  Болалар учун мўлжалланган китобларни ўқиш.

Инглиз тилини ўрганишни бошлагач, Шекспир асарларини инглиз тилида ўқишга хоҳиш пайдо бўлади. Лекин уни тушуниш учун катта сўз бойлиги ва билимга эга бўлиш керак. Шундай экан, нима учун содда асарлардан бошламаслик керак? Болалар учун мўлжалланган китоблар ёки комиксларни ўқиш чет тилини ўрганиш жараёнида энг яхши ишлардан бири ҳисобланади. Мутолаа жараёнида нафақат сўз бойлиги ошади, балки асарларни тўлиқ тушуна олиш сабабли ўзига бўлган ишонч ортиб боради.

4.  YouTube орқали овқатларни тайёрлаш рецептларини томоша қилиш.

Бошқа мамлакатлар маданиятига қизиқиш, уларнинг миллий ошхонасидан баҳраманд бўлиш ҳам тил ўрганишда фойдали бўлиши мумкин. Бунда, YouTube даги каналларда бериб бориладиган видеолар орқали уларни қандай тайёрланишини кузатиш, шу билан бирга, маҳсулотлар ва пишириш жараёнига оид сўзларни билиб олиш мумкин. Бу жараёнда сўзларнинг кўпгина қисмини интуитив равишда тушуна олиш ва бу тил ўрганувчилар учун жуда мос келади.

5.  Компьютер ўйинларини ўйнаш.

“World of Warcraft”, “Minecraft”, “Dota 2” ва бошқа кўплаб ажойиб ўйинлар ўйинчиларни ҳамкорликка чорлайди. Улар орқали исталган тилни танлаш ва гуруҳ суҳбатларига кириш мумкин. Аввалига бу осон бўлмайди, лекин машқ қилинган сари суҳбатларда фаол иштирок эта бошланади.

6.  Подкастларни тинглаш.

Агар ўрганувчи бирор марта чет эллик билан гаплашмаган бўлса, унда уларни тинглаб тушуниш жуда катта муаммоларга сабаб бўлади. Ушбу вазиятда энг самарали ечим бу подкастлардир. Подкастларни ўрганаётган тилда топишга ҳаракат қилиш лозим. Лекин мавзулар қизиқишга мос келишига эътибор бериш мақсадга мувофиқ. Тинглаш жараёнини кундалик машғулотга айлантириш керак. Автомобил, автобус ёки пиёда сайр қилиш пайтида подкастларни тинглаш мумкин. Улар кўп вақт талаб қилмайди, аммо тилни ўрганишга ёрдам беради.

7.  Комикслар ўқиш.

Болалар учун мўлжалланган китоблар сингари, комикслар ҳам қизиқарли, ҳам ўқиш осон бўлиб, ўрганаётган тилни яхшироқ билиб олишга ёрдам беради. Бундан ташқари, улардаги қизиқарли ҳикоялар ва жозибали тасвирлар уни қийинлаштирмайди, аксинча, сизга тезроқ ва яхшироқ ўрганишга ёрдам беради.

8. TED суҳбатларини томоша қилиш.

Агар TED музокаралари ҳақида ҳанузгача билмасангиз, унда сиз замондан ортда қолган инсон экансиз. TED тил ўрганувчилар ўйлаган ҳар қандай ва ҳар бир нарса ҳақида 18 дақиқали ажойиб суҳбатларга эга. Ва улар деярли барча тилларда субтитрлар ва транскриптларга эга.

9. Интернетдаги хабарлар тахталарида баҳсларни бошлаш.

Интернетда баҳс-мунозараларни бошлаш грамматикани аниқлигини текширишнинг бепул усулига ўхшайди. Интернетда мунозара қиладиган одамлар грамматик нацист бўлишни яхши кўради. Бундан ташқари, баҳслашиш бу узоқ умр ва бахтли турмушга олиб келадиган яхши маҳоратдир.

10. Телефонни, компьютерни, электрон почтани, Facebookни, Twitterни ва бошқаларни инглиз тилида ишлатиш ҳам фойдали усуллардан биридир.

11. Инглиз тилида ўйлаб кўриш.

Ўрганувчи она тилида бирор-бир фикр борлигини пайқаганида, уни инглиз тилига таржима қилишга ҳаракат қилиши лозим. Агар маълум сўзларнинг таржимаси топилмаса, уни ёзиб олиш ва кейинроқ аниқлаш керак.

12. Иложи борича хатоларга йўл қўйиш.

Инглиз тилида гапиришда иложи борича кўпроқ хатолар қилишни мақсад қилиб қўйиш – бироз ноодатий, аммо ёрдам берадиган усул. Қанча кўп хато қилинса, тезроқ ўрганилади.

13. Таржима қилиш.

Мақолаларни инглиз тилидан она тилингизга таржима қилиш инглиз тилида машқ қилишнинг энг яхши усули ҳисобланади. Айниқса инглиз тилини ўрганиш мавзусига оид мақолаларни таржима қилиш ўрганувчига ҳам амалий, ҳам назарий фойда келтиради.

7.Тилни мустақил ўрганиш учун мустақил манбаалар

Ҳозирги интернет ривожланган даврда замонавий таълимда тилни мустақил ўрганиш учун қуйидаги веб-сайтларга ташриф буюриш мумкин.

Тасвирлар, суратларВеб  манзил
Artstor Images for Academic Publishinghttp://www.artstor.org/content/collaborations
Creative Commons Image Directorieshttps://wiki.creativecommons.org/wiki/Category:Image_Directories
Digital Public Library of Americahttps://dp.la/
Flickr: Creative Commonshttps://www.flickr.com/creativecommons/
Getty Open Content Imageshttp://tinyurl.com/GettyImageCollect
NASA Image and Video Libraryhttps://images.nasa.gov/#/
NY Public Library Digital Galleryhttps://digitalcollections.nypl.org/
Photos for Classhttp://www.photosforclass.com/
Pixabayhttps://pixabay.com/
Shared Self Commonshttp://www.sscommons.org/openlibrary/#1
Wellcome Images (not a typo in the spelling)https://wellcomeimages.org/
Wikimedia Commonshttps://commons.wikimedia.org/wiki/Main_Page
Филмлар, видео манбааларВеб манзил
Moving Image Archivehttps://archive.org/details/movies
NASA Image and Video Libraryhttps://images.nasa.gov/#/
Open Video Projecthttps://open-video.org/
Slideshare – Videos (look for the CC logo for OER)http://www.slideshare.net/popular/media/videos?page=1
TED-Edhttp://ed.ted.com/lessons
The Public Domain Projecthttps://www.pond5.com/free
VideoLectures.NEThttp://videolectures.net/
Vimeo – Creative Commonshttps://vimeo.com/creativecommons
Wikimedia Commons – Videoshttps://commons.wikimedia.org/wiki/Category:Videos
YouTube – Creative Commonshttps://www.youtube.com/user/creativecommons
English Language Project Videos from Next Vista for Learninghttp://nextvista.org/projects/elp/
Аудио манбааларВеб манзил
dig ccmixterhttp://dig.ccmixter.org/
Free Music Archivehttp://freemusicarchive.org/
Jamendohttps://www.jamendo.com/search?language=en
Open Goldberg Variationshttp://www.opengoldbergvariations.org/
SoundBiblehttp://soundbible.com/
SoundCloudhttps://soundcloud.com/charts/top
Wikimedia Commons – Soundshttps://commons.wikimedia.org/wiki/Category:Sound
YouTube Audio Libraryhttps://www.youtube.com/audiolibrary/music
Bepul kitoblarVeb manzili
Legamushttps://legamus.eu/blog/
Librivoxhttps://librivox.org/
Open Culturehttp://www.openculture.com/freeaudiobooks
African Storybookhttp://www.africanstorybook.org/
Authoramahttp://www.authorama.com/
Bartlebyhttp://www.bartleby.com/
Book Dashhttp://bookdash.org/see/books/
Classic Literature Libraryhttp://www.classic-literature.co.uk/
Classic Readerhttp://www.classicreader.com/
DailyLithttps://www.dailylit.com/
Digital Public Library of Americahttps://dp.la/
Epic!https://www.getepic.com/
Europeanahttp://www.europeana.eu/portal/en
Feedbookshttp://www.feedbooks.com/publicdomain
Google Book Searchhttps://books.google.com/
Great Books and Classicshttp://www.grtbooks.com/
HathiTrusthttps://www.hathitrust.org/
International Children’s Digital Libraryhttp://en.childrenslibrary.org/
Internet Archive – Open Libraryhttps://openlibrary.org/
Loyal Bookshttp://www.loyalbooks.com/
ManyBookshttp://manybooks.net/
Mustard Seed Bookshttp://mustardseedbooks.org/
Planet Publishhttp://www.planetpublish.com/
Pratham Bookshttp://blog.prathambooks.org/p/cc-tracker.html
Project Gutenberghttps://www.gutenberg.org/
ReadWorkshttps://www.readworks.org/
The Literature Networkhttp://www.online-literature.com/
The Online Books Pagehttp://onlinebooks.library.upenn.edu/
Электрон китобларВеб манзил
Amazon Free E-bookshttp://tinyurl.com/eBooksatAmazon
Bibliomaniahttp://www.bibliomania.com/
BookBubhttps://www.bookbub.com/home/
Directory of Open Access Bookshttp://www.doabooks.org/
HathiTrust Digital Libraryhttps://www.hathitrust.org/
Internet Libraryhttps://archive.org/details/texts
Online Bookshttp://onlinebooks.library.upenn.edu/
Planet eBookshttp://www.planetebook.com/
Project Gutenburghttp://www.gutenberg.org/
Маърузалар ва курсларВеб манзил
Academic Earthhttp://academicearth.org/
Annenberg Learnerhttp://www.learner.org/
Berkeley Courseshttps://www.edx.org/school/uc-berkeleyx
edX Courseshttps://www.edx.org/course
Gooruhttp://gooru.org/welcome/
Internet Archives Courseshttps://archive.org/details/education
Khan Academyhttps://www.khanacademy.org/
MERLOT IIhttps://www.merlot.org/merlot/index.htm
MIT Open Coursewarehttps://ocw.mit.edu/index.htm
Open Course Libraryhttp://opencourselibrary.org/
Open Courseware Consortiumhttp://www.oeconsortium.org/
Open Learning Initiativehttp://oli.cmu.edu/teach-with-oli/
Open Yalehttp://oyc.yale.edu/
Saylorhttps://www.saylor.org/
SOPHIAhttps://www.sophia.org/sophia-for-teachers
TED Studieshttps://www.ted.com/read/ted-studies
Wikiversityhttps://en.wikiversity.org/wiki/Wikiversity:Main_Page
Баҳолаш иловалариВеб манзил
Edmodohttps://www.edmodo.com/
Flubaroohttp://www.flubaroo.com/
Gnowledgehttp://www.gnowledge.com/
GoConqr Quizzeshttps://www.goconqr.com/en/quiz-maker/
Google Formshttps://docs.google.com/forms/u/0/
Interview Mocahhttps://www.interviewmocha.com/
Kahoot!https://getkahoot.com/
Learningpodhttp://www.learningpod.com/
Moodlehttps://moodle.org/
mQlickerhttps://www.mqlicker.com/
Online Quiz Creatorhttps://www.onlinequizcreator.com/
Polldaddyhttps://polldaddy.com/
PollEverywherehttps://www.polleverywhere.com/
ProProfshttp://www.proprofs.com/quiz-school/
QuestBasehttp://www.questbase.com/
QuizPediahttp://www.quizpedia.com/
Quizstarhttp://quizstar.4teachers.org/
Revision Quiz Makerhttps://revisionquizmaker.com/
Riddlehttps://www.riddle.com/welcome
Schoologyhttps://www.schoology.com/
Socrativehttps://www.socrative.com/
Survey Anyplacehttps://surveyanyplace.com/
Textmozhttps://testmoz.com/
ThatQuizhttps://www.thatquiz.org/