Болани хорижга олиб чиқиш учун отанинг рухсати керакми

Самир Латыпов

Самир Латыпов

ТДЮУ Ҳуқуқий ташаббуслар ва инновациялар маркази директори, ҳуқуқ магистри, 15-йиллик юридик стажига эга.
Аёл эрининг рухсатисиз фарзандини чет элга олиб чиқиб кетиши мумкинми? Бунда қандай ҳужжатларни ва қайси тартибда расмийлаштириш зарур?

– Вояга етмаганлар учун хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришда ҳам отанинг, ҳам онанинг нотариал тасдиқланган розилиги бўлиши зарур (Президентининг 26.12.2018 даги ПҚ–4079-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 18-бандининг 8-хатбоши).

Фақатгина айрим ҳолатларда ота-оналардан бирининг розилиги зарур эмас (бошқа ота-онанинг розилиги мавжуд бўлганда):

  • ота-онанинг бири вафот этганлигида (вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси тақдим этилган тақдирда);
  • ФҲДЁ органи томонидан берилган ёлғиз онанинг маълумотномаси мавжуд бўлганида;
  • агар боланинг ота-онасидан бири хориж фуқароси бўлганида;
  • ота-онадан бири суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинганида (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда);
  • ота-онадан бири суд томонидан бедарак йўқолган деб топилганида (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда);
  • ота-онадан бири суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганида (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда);
  • агар ота-онадан бирининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги доимий яшаш жойи бўйича рўйхати хорижга доимий яшашга кетганлиги муносабати билан бекор қилинганида (Президентининг 26.12.2018 даги ПҚ–4079-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 21-бандининг 1–8-хатбошилари).

Қўшимча маълумот: Вояга етмаган фуқарога чет элга чиқишда ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти ҳам бўлиши лозим. Аммо 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин (Президентининг 26.12.2018 даги ПҚ–4079-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 18-бандининг 9, 10-хатбошилари).

Бу масалада барча низолар суд тартибида ҳал қилинади.