Муқобил текшириш ўрнига сўроқ ўтказиш мумкинми

Самир Латыпов

Самир Латыпов

ТДЮУ Ҳуқуқий ташаббуслар ва инновациялар маркази директори, ҳуқуқ магистри, 15-йиллик юридик стажига эга.
Корхона раҳбари ва бухгалтери бошқа текширилаётган ташкилот билан ҳамкорлигига оид ҳужжатларни олиб келишни талаб қилган ҳолда прокуратурага чақирилиши мумкинми?

– 2017 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинган, яъни битта хўжалик юритувчи субъектини текшириш билан бирга унинг ҳамкорларини текшириш мумкин эмас. Шу жумладан, жиноят ишлари бўйича ҳам (Президентнинг 05.10.2016 йилдаги ПФ–4848-сон Фармонининг 3-банди 3-хатбоши).

Бироқ, ҳамкор ташкилот фаолияти юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлса ва ушбу иш бўйича аниқланиши лозим бўлган бирор ҳолатни билиши мумкин бўлган ҳар қандай жисмоний (фуқаро, хорижий фуқаро ва фуқаролиги бўлмаган) шахс гувоҳ сифатида кўрсатув бериш учун чақирилиши мумкин (ЖПКнинг 65-моддаси). Бунда, гувоҳ кўрсатув беришни рад этса ёки бу ишдан бўйин товласа, шунингдек била туриб ёлғон кўрсатув берса жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин (ЖКнинг 238, 240-моддалари).

Гувоҳ суриштирувчига, терговчига, прокурорга ва судга чақирув қоғози билан чақирилади. Чақирув қоғози почта орқали жўнатилади ёки чопар орқали топширилади. Чақирув телефонограмма, телеграмма, радиограмма билан ёки телефакс орқали ҳам бўлиши мумкин (ЖПКнинг 97-моддаси 1-қисми). Бошқа органлар (масалан, солиқ инспекциялар) орқали юборилган бошқа хабарлар ушбу контекстда қонуний кучга эга эмас.

Қўшимча маълумот: Тадбиркорлик субъектини тафтиш қилиш фақат унинг қонун ҳужжатларини бузгани фактлари бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида амалга оширилади. Бунда тафтишга тадбиркорлик субъектининг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолияти қамраб олиниши мумкин (ЖПКнинг 187-1-моддаси 2 қисми).