Пенсия битта шахс номидан бошқа шахс номига ўтказилмаса-да, вафот этган пенсия олувчининг меросхўр қариндошлари маълум бир тўловларни олишга ҳақли. Бунда қуйидагиларни инобатга олиш лозим.
Фуқароларнинг пенсия таъминоти 2та қисмдан иборат:
- давлат пенсияси;
- жамғариб бориладиган пенсия таъминоти.
Пенсионер вафот этган ой учун олинмай қолган давлат пенсияси пули оила аъзоларига ойнинг у вафот топгунга қадар ўтган кунлари учун тўланади. Бунда қариндошлар пенсионер вафот этганидан кейин 60 кун ичида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимига ариза билан мурожаат этиши керак (“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 63-моддаси).
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар эса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меросга ўтади ва меросхўрга бир йўла тўла ҳажмда тўланади (“Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддаси). Бунда тўловлар нотариус томонидан берилган меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида амалга оширилади (Фуқаролик кодексининг 1146-моддаси).