Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг моддаларида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо ёки тегишли моддада назарда тутилмаган бошқа янада енгил жазо чораси қўлланилиши мумкин. Маъмурий жазо чораси қўлланилётганда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволи инобатга олинган ҳолда сабаблар ва асослар албатта кўрсатилади. Эътибор бериш лозимки, бундай қарорни қабул қилишга фақат суд ҳақли (МЖтКнинг 31 ва 33-моддалари).
Агарда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни суд эмас тааллуқлилиги бўйича бошқа орган (мансабдор шахс) кўриб чиқаётган бўлса, иш ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги ёки енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимнома билан судга юборилиши мумкин (МЖтКнинг 308-1-моддаси 1-қисми). Шунинг учун манфаатдор шахслар илтимосномани киритишлари зарур.
Энг кам жазодан ҳам камроқ жазо, бошқа янада енгилроқ жазо чорасини қўллаш ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш рад этилган бўлса, шикоят келтирилиши мумкин. Бунда суд қарори устидан қарор нусхаси олинган пайтдан бошлаб 20 сутка давомида апелляция инстанцияси судига, бошқа органлар (мансабдор шахслар)нинг қарорлари устидан эса – юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки жиноят ишлари бўйича туман судига қарор нусхаси олинган кундан бошлаб 10 кун давомида шикоят келитирилиши мумкин (МЖтКниг 315-моддаси 1-қисми, 316-моддаси, 324-3-моддаси 1-қисми).
Маълумот учун: Маъмурий жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар жумласига қуйидагилар киради:
- айбдорнинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиши;
- айбдорнинг ҳуқуқбузарликнинг зарарли оқибатлари олдини олиши, етказилган зиённи ихтиёрий равишда тўлаши ёки келтирилган зарарни бартараф қилиши;
- ҳуқуқбузарликнинг кучли руҳий ҳаяжон таъсири остида ёки оғир шахсий, оилавий ёхуд бошқа шароитлар юзага келганлиги оқибатида содир этилиши;
- ҳуқуқбузарликнинг таҳдид ёки мажбурлов таъсирида ёхуд хизмат юзасидан, моддий ёки бошқа жиҳатдан қарамлиги таъсири остида содир этилиши;
- ҳуқуқбузарликнинг вояга етмаган шахс томонидан содир этилиши;
- ҳуқуқбузарликнинг ҳомиладор аёл ёки ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахс томонидан содир этилиши.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) бошқа ҳолатларни ҳам жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин (МЖтКнинг 31-моддаси).