Кириш

Муайян бир давлатда мавжуд демократиянинг даражасини аниқ-тиниқ кўрсатадиган омиллардан бири бу – сайловлар тизимидир. Бинобарин, сайловларнинг нечоғли демократиклиги, адолатлилиги ва халқаро стандартларга мослиги, айни пайтда жамиятдаги аҳолининг сиёсий маданияти даражаси билан ҳамоҳангдир.

Дарҳақиқат, эркин демократик сайловлар халқ ҳокимияти бевосита намоён бўлишининг олий ифодаси, мамлакатда халқ ҳокимиятчилигини амалга оширишнинг ишончли ва самарали шакли бўлиб, унда халқ бевосита ўз сиёсий хоҳиш-иродасини билдиради. Сайловлар сиёсий жараёнларнинг рақобатлилиги ва ҳаққонийлигини таъминлайдиган восита, сиёсий курашнинг сайқалланган маданий шакли ҳисобланади.

Шу боисдан ҳам айтиш мумкинки, сайловларни ўтказиш ва сайлов соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги саъйҳаракатлар, бу айни пайтда демократияни мустаҳкамлаш, уни такомиллаштириш йўлидаги интилишлардир. Тараққиётнинг демократик йўлидан кетаётган Ўзбекистон ўтган давр мобайнида сайлов қонунчилигини халқаро принцип ва тамойиллар асосида такомиллаштириб бормоқда. Зотан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йилда тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида халқ хоҳиш-иродаси давлат ҳокимиятининг асоси бўлиши, бу ирода чинакам умумий ва тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг мазмунли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Маълумки, 2019 йил 22 декабрь куни мамлакатимизда катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови бўлиб ўтди. Ушбу сайловлар жараёнида халқаро кузатувчилар сифатида нуфузли ташкилотлар бўлган Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (кейинги ўринларда ЕХҲТ ДИИҲБ) вакиллари ҳам иштирок этишиб, сайлов юзасидан тегишли якуний Ҳисоботларда ўз хулосаларини тақдим этишди.

Ушбу хулосалар Ўзбекистонда демократик сайловлар бўйича ЕХҲТ доирасидаги мажбуриятлар ҳамда бошқа халқаро мажбуриятлар ва меъёрларга тўлалигича мувофиқ бўлган сайловларни ўтказиш борасидаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида чинакам сиёсий рақобатни, сиёсий ва ижтимоий уюшиш, йиғилиш ва фикр билдириш эркинликларини тўлиқ таъминлашга, сайлов жараёнида мустақил фуқаролик ташкилотлари ва жамоат бирлашмаларига кузатувчиликни амалга ошириш имконияти берилишига, сайлов ҳамда овоз санаш жараёнининг ҳалоллигини оширишга, округ ва сайлов участкаси қатламидаги дастлабки ва якуний сайлов натижаларини ўз вақтида чоп этиш орқали шаффофликни оширишга тегишли қонун ва қарорлар қайта кўриб чиқилиши ва ўзгартирилишига доир бир қатор тавсиялар кўриб чиқиш учун тақдим этганлигини таъкидлаш керак.

Шу маънода бу йилги Президент сайловлари янги қабул қилинган Сайлов кодекси нормалари асосида амалга оширилиши эътиборлидир. Бинобарин, Сайлов кодексининг қабул қилиниши мамлакатимизда сайлов қонунчилигини тизимлаштиришда катта бурилиш ясади, десак муболаға бўлмайди. Ушбу кодекс сайлов қонунчилигини тизимлаштириши ва ихчамлаштириши, сайлов жараёнининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб, бўладиган сайловларни ўтказишга янада аниқлик ва тартибот бахш этиши баробарида, унда ўтган сайловлар жараёнида халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ ДИИҲБнинг Сайловни кузатиш бўйича миссиясининг якуний ҳисоботларида айтилган тавсиялар эътиборга олингани билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, сайловлар ичида давлат раҳбари – Президентни сайлаш жараёни алоҳида ўрин тутади. Бинобарин, Президент сайловлари, ўз аҳамияти, сиёсий нуфузи ва халқнинг бевосита ишончини ўзида ифода этишига кўра бошқа сайловлардан фарқ қилади.

Шу муносабат билан сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, жумладан, Президентликка номзодлар ва уларнинг ҳуқуқий мақоми, сайлов жараёнида уларнинг амалда тенглигини таъминлаш ҳақидаги қонунчилик нормаларини, сайлов амалиётини, бу масаладаги халқаро тажрибани сайловчиларга етказиш ва тушунтириш муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода Президентликка номзодлар ва уларнинг ҳуқуқий мақоми масаласига бағишланган ушбу рисола барча сайловчилар ва ушбу масала билан қизиқадиган китобхонларга мўлжалланган.

I. Президентликка номзодлар ва уларга қўйиладиган талаблар қандай?

Ҳозирги даврда маълум бир давлатнинг демократик ривожланиш йўлидан қатъий ишонч билан бораётганлигини белгиловчи омиллардан бири бу – демократик сайловлардир. Бинобарин, сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар асосида ташкил этиладиган демократик сайловлар жамият ва давлат ривожига, жамият аъзоларининг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти шаклланишига ижобий таъсир этади. Сайловчилар бундай сайловлар воситасида давлат ва жамият ишини бошқаришда, олий ва маҳаллий давлат органларини шакллантиришда иштирок этадилар.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўз аҳамиятига кўра алоҳида долзарблик касб этиши шубҳасиздир.

 Шу ўринда ўтган йиллар давомида мамлакатимизда президент сайловларини ўтказиш бўйича муайян тажриба тўпланганини қайд этиш зарур. Ваҳоланки, ушбу жараённинг самарадорлиги, юқорида ҳам қайд этилганидек, маълум даражада уни тартибга солувчи ҳуқуқий асосга ҳам боғлиқ. Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз демократик ривожланиш йўлидан тобора илгарилаб боргани сари сайлов қонунчилиги, жумладан, Сайлов кодексининг қабул қилиниши асосида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг очиқ ва ошкоралиги кучайтирилди, сайлов жараёнида иштирок этувчи кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловларнинг молиявий таъминоти, сайловларни ўтказувчи сайлов комиссияларининг тизими, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи, сайловолди ташвиқотининг ҳуқуқий асослари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва ишончли вакилларининг ҳуқуқий мақоми, Ўзбекистон Республикаси Президентлиги лавозимига киришиш тартиби каби қоидалар халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ, ДИИҲБнинг Сайловни кузатиш бўйича миссиясининг якуний ҳисоботларида айтилган тавсиялар эътиборга олинган ҳолда, замон талабларига мос равишда янгича мазмун касб этди.

Айтиш мумкинки, бугунги кунда президент сайловига оид қонунчилик нормалари демократик ривожланиш босқичларига монанд ҳолда такомиллашиб бормоқда.

Таъкидлаш керакки, Президент сайлови ўз аҳамиятига кўра, айни пайтда мамлакатимиздаги кўппартиявийлик ва унинг давр билан ҳамоҳанг тарзда ривожланиб, мустаҳкамланиб бориши, сиёсий партияларнинг нечоғлик сиёсий, ташкилий ва ғоявий етуклигини намойиш этиши билан ҳам улар учун бир синов мактаби ролини ўтайди, дейиш мумкин.

Айни пайтда Президент сайловларининг чинакам демократиявийлиги номзодларга қўйиладиган талаблар, уларнинг ҳуқуқий мақоми тенглигини таъминлашнинг кафолатларида ўз ифодасини топади.

Шу боис Президентликка номзодлар ҳуқуқий мақомининг тенглиги ва уни таъминлашнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини такомиллаштириш муҳим вазифа ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.. (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 90-модда биринчи қисми)

Шу ўринда Президентликка номзодларнинг ҳуқуқий мақомини белгилашда уларнинг сайлов жараёнида алоҳида ўрин тутишини, номзодларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ўзига хос хусусиятга эгалигини, бу ҳуқуқ фуқароларнинг сайланишга бўлган конституциявий ҳуқуқини тўлдириши ва аниқлаштиришини айтиб ўтиш керак.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасида сайловларни ўтказиш учун масъул орган бўлган Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун тузиладиган сайлов комиссиялари тизимига бошчилик қилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови юзасидан сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан тегишли ҳужжатларни қабул қилиб олади, рўйхатга олинган номзодларнинг рўйхатлари ва улар ҳақидаги маълумотлар матбуотда эълон қилинишини ҳамда уларга гувоҳномалар берилишини ташкил этади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олади ҳамда уларга гувоҳномалар беради. Муҳими, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловда иштирок этиши учун тенг шароитларни таъминлайди.

Шу ўринда Президентликка номзодлар қандай талабларга жавоб бериши керак? деган савол туғилиши табиий.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига кўра, Президентликка номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

– ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган бўлиши;

– давлат тилини яхши биладиган бўлиши;

– бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган бўлиши;

-Ўзбекистон фуқароси бўлиши.

Шу жойда ценз тушунчасига эътибор қаратиш зарур. Ценз бу муайян бир фаолиятда иштирок этишни маълум бир шарт билан чеклаш. Сайлов цензи эса фуқароларнинг сайловларда иштирок этиши юзасидан  Конституция ва сайлов қонунчилигида белгилаб қўйиладиган шартлар (талаблар, чекловлар) бўлиб, улар ёш, фуқаролик, ўтроқлик, маълумот ва ахлоқий цензлар (чекловлар) шаклида белгиланади.

 Президентликка номзодларга қўйиладиган талаблар ҳам турли давлатлар қонунчилигида белгиланган бўлиб, улар ўзаро бир-биридан фарқ қилади. Масалан, Ўзбекистон қонунчилигида  президентликка номзодлар учун камида 35 ёшга етганлик талаб этилади. АҚШ, Руминияда ҳам Президентликка номзодларга нисбатан худди биздаги каби талаб (ёш цензи) – номзоднинг 35 ёшдан кичик бўлмаслиги талаб этилади.

Қозоғистон Республикаси Конституциясига кўра президентликка номзодга қўйиладиган талабларга эътибор қаратадиган бўлсак, унда номзоднинг 40 ёшдан кичик бўлмаган бўлиши талаб этилишини кўриш мумкин.

Ваҳоланки, айрим давлатларда президентлик лавозими ўта масъулиятли вазифа эканлигини ҳисобга олган ҳолда, президентликка номзодлар учун анча катта ёшга етган бўлиши талаб этилишини кўриш мумкин, масалан, Италияда президентликка номзод 50 ёшга тўлган бўлиши талаб этилади.

Аксинча, Францияда президентликка номзодлар учун анча кичик ёш талаб этилишини кўрсатиш мумкин. Ушбу давлатда президентликка номзод учун 2011 йилгача 23 ёшга етган бўлиши талаб этилган бўлса, 2011 йилдан бери эса бу ёш цензи 18 ёшни ташкил этади3.

Айтиш зарурки, Ўзбекистон Конституциясида президентликка номзодларга нисбатан тил цензи ҳам мавжуд. Ўзбекистон Конституциясига кўра  президентликка номзод – давлат тилини яхши биладиган бўлиши  талаб этилади. Қозоғистон Конституциясида қозоқ тилида номзоднинг эркин гапира олиши талаби белгиланган.

Президентликка номзодларга нисбатан ўтроқлик цензига кўра, номзод бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган бўлиши керак. Бу муддат АҚШда 14 йил, Қозоғистонда 15 йил қилиб белгиланган.

Ваҳоланки, айрим давлатларда номзоднинг шу давлат ҳудудида туғилган бўлиши талаб этилади: АҚШ, Қозоғистон ва Руминияда бундай талаб мавжуд. Ўзбекистон Конституциясида бундай талаб йўқ.

Юқорида қайд этилганидек, айрим давлатлар қонунчилигида президентликка номзодларга нисбатан маълумот цензи мавжудлигини кўришимиз мумкин. Бундай талаб Қозоғистон қонунчилигида мавжуд.

Ўзбекистон Конституциясига кўра Президентликка номзодларга нисбатан Ўзбекистон фуқароси бўлиши кераклиги талаби мавжуд. Греция Конституцияга президентликка номзод камида 5 йил Греция фуқароси бўлган бўлиши керак. Яна бир талаб – номзоднинг отаси ҳам Греция фуқароси бўлиши талаб этилади.

Россияда президентликка номзод камида 25 йил ушбу давлат ҳудудида яшаган, илгари бошқа давлат фуқароси бўлмаган ва ҳозирги вақтда фуқароси ҳисобланмайдиган, бошқа хорижий давлатда доимий яшаш ҳуқуқини берадиган ҳужжатга эга бўлмаган бўлиши талаб этилади. Айни пайтда, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли

билан беш йил муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.

Шу ўринда Президентликка номзодларга қўйиладиган ушбу талабларнинг ўз миллий тажрибамиз билан бир қаторда, жаҳон амалиётига ҳам асосланганини кўрсатиш зарур.

 Юқоридаги маълумотларга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, ҳар бир давлатнинг Президент сайловига оид қонунчилиги, жумладан, Президентликка номзодларга нисбатан қўйиладиган талаблар ўша давлатнинг миллий давлатчилиги, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва сиёсий менталитетига боғлиқ ҳолда шаклланади.

Шу ўринда кимлар Президентликка номзод сифатида кўрсатилмайдилар? – деган савол туғилиши мумкин. Сайлов кодексининг 61-моддасининг охирги бандига мувофиқ қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар ҳамда диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.

II. Кимлар президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга?

Дарҳақиқат, кимлар Президентликка номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга? – деган савол туғилиши табиий.

Амалдаги сайлов қонунчилигига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни сиёсий партиялар кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Маълумки, мамлакатимизда кўппартиявийлик тизими амал қилиб, бугунги кунда бешта сиёсий партия фаолият юритади: Ўзбекистон “Миллий тикланишдемократик партияси, “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик” партияси (ЎзЛиДеП), Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон экологик партияси.

Айни чоғда, амалдаги сайлов қонунчилигига кўра, сиёсий партиялар Президентлик сайловида иштирок этиши учун муайян талаб ва тартиблар белгилаб қўйилган. Жумладан,Сайлов кодексининг “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи” деб номланган 62-моддасига мувофиқ, “Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.

Ушбу қоиданинг мантиқий моҳияти шундаки, ўта муҳим лавозимга номзод кўрсатадиган партия жамият сиёсий ҳаётида маълум даражада ўз ўрнини эгаллаган, сайловчиларга ўз фаолиятини етарли даражада намойиш эта олган бўлиши назарда тутилади.

Ушбу талабга жавоб берадиган сиёсий партиялар Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш учун мурожаат қилиши мумкин. Айни чоғда сайлов жараёни мураккаб, сербосқич сиёсий жараён бўлиб, унинг ҳар бир босқичи, ҳар бир сиёсий ҳаракат мантиқий изчилликда амалга оширилади. Шу ўринда сиёсий партиялар сайлов кампаниясининг қайси вақти давомида ўзларининг сайловда иштирок этмоқчи эканликларини билдирадилар? – деган савол кун тартибига чиқади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига мурожаат этади ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

сиёсий партия сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза;

 Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотнома;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар.

Шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, улар асосида партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида беш кунлик муддат ичида узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради.

Маълумки, сайлов кампанияси жараёнида сиёсий партиялар учун вақт ўта муҳим ҳисобланади. Шунга кўра, Марказий сайлов комиссияси сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилади.

Сиёсий партиялар Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни топшириб, сайловда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиб бўлгач, номзод кўрсатиш жараёни бошланади. Сайлов қонунчилигига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади. Ҳар бир сиёсий партия ўз юқори органи орқали Ўзбекистон Республикаси Президентлигига битта номзод кўрсатиши мумкин.

Шу ўринда жаҳон сайлов амалиётидаги каби миллий сайлов қонунчилигимизда ҳам Президентликка номзодлар кўрсатиш вақти давомийлиги белгилаб қўйилганлигини таъкидлаш зарур. Сайлов қонунчилигига биноан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди. Белгиланган йигирма кун Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш учун мақбул вақт ҳисобланади.

Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни партия аъзолари ичидангина кўрсатадими? Бу масала қонунчилигимизда қуйидагича ҳал этилган:

сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясизни номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатилганлиги тўғрисида баённома тузилади.

Сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

– сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори;

– сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партиявийлиги кўрсатилади;

– Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;

– Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари.

Айни чоғда сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақаларида Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси бўлиши кераклигини таъкидлаш зарур. Бунда сиёсий партия битта маъмурий-ҳудудий тузилмадаги сайловчилар умумий сонининг кўпи билан саккиз фоизига тенг миқдордаги имзоларини тўплаши мумкин.

Шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларни тақдим этган шахсга ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

Юқорида ҳам қайд этилганидек, сиёсий партиялар топширган ҳужжатлар қонун талабларига мослиги масаласи муҳим бўлиб, у муайян вақт талаб қилиши табиий. Шу боис Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни беш кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг Сайлов кодекси талабларига мослиги тўғрисида хулоса беради.

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугалланишига етти кун қолганида якунлайди.

Шундан сўнг сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олиниб, уларга тегишлича рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади. Айни пайтда номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.

Номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кунлик муддатда тегишли сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни номзоднинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини (машғулотининг турини), иш ва яшаш жойини, шунингдек, уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.

Бундан ташқари, сайлов кампанияси жараёнидаги харажатларга давлат томонидан маблағлар ажратилиши сайловларда сайлов-чиларнинг эрки-иродаси ифодаланиши ва сайловларнинг демократик ривожланиши учун жуда аҳамиятли экани билан тавсифланади.

Яна бир муҳим жиҳат, Президентликка номзод кўрсатган сиёсий партияга сайлов жараёнидаги турли тадбирларда кенг иштирок этишини таъминлашга қаратилган механизм ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра, сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашига ҳақли бўлиб, бундай вакил ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, сиёсий партия томонидан берилган ҳужжатни ва тегишли сайлов комиссиясининг мандатини ўз ёнида олиб юриши шарт. Юқоридаги тартиб-таомиллардан кўриниб турибдики, сиёсий партияларнинг Президентлик сайловида иштирок этиши ва тегишли номзод кўрсатишининг аниқ ҳуқуқий ва ташкилий асослари мавжуд бўлиб, бу ҳолат Президент сайловининг қонунга мувофиқ, демократик тамойиллар асосида ўтишини, барча сиёсий партияларга бир хил имконият ва шароит берилишини таъминлаб беришга хизмат қилади.

III. Президентликка номзодлар шахсининг дахлсизлиги

Номзодлар фаолиятининг кафолатлари

Рўйхатга олинган барча номзодлар тенг ҳуқуқларга эга бўлади.

Номзодлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида, телевидение ва радио орқали сўзга чиқиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод бўлиш ҳуқуқига эга.

Номзодлар рўйхатга олинганидан кейин сайлов округи доирасида, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар эса Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (бундан шаҳар йўловчи транспорти, такси ва бошқа транспорт турларининг буюртма йўналишлари мустасно) текинга юриш ҳуқуқига эга. Сайлов округидан ташқарида яшовчи депутатликка номзод сайлов округига бориш ва яшаш жойига қайтиш учун уларда текинга юриш ҳуқуқидан фойдаланади.

Номзодларнинг хизмат сафари ва бошқа харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади.Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, 41-модда.

Маълумки, сайловлар жараёнида Президентликка номзодларнинг ҳуқуқий мақоми тенглигини ҳар томонлама таъминлаш масаласи катта аҳамият касб этади. Шу боис амалдаги қонунчиликда номзодлар фаолиятининг аниқ кафолатлари мустаҳкамланган. Сайлов кодексининг 41-моддаси биринчи қисмида мустаҳкамланганидек, “Рўйхатга олинган барча номзодлар тенг ҳуқуқларга эга бўлади”. Бу ўта муҳим қоида бўлиб, унда номзодларнинг ҳуқуқий мақоми тенглигининг аниқ ҳуқуқий асоси ўз ифодасини топиши баробарида, сайлов қонунчилигининг кўп асрлар оша ривожланиши маҳсули ҳамдир.

Шу тариқа президентлик сайловларида халқаро стандартлар, хорижий тажриба ва ўз миллий тажрибамизга асосланган ҳолда номзодларнинг ҳар тарафлама тенглигининг кафолатлари мустаҳкамлаб қўйилган. Бинобарин, номзодлар сайлов жараёнида иштирок этиши, жумладан, сайловолди жараёнларида қатнашиши, хусусан, сайловолди ташвиқотига тайёргарлик ва уни ўтказиш бирмунча вақт, ҳаракат ва харажат талаб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки уларга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин эмас. Бундай розилик берилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Марказий сайлов комиссиясини бу ҳақда дарҳол хабардор этади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни мажбурий келтиришга, худди шунингдек уларнинг шахсий буюмларини, юкини, транспортини, турар жойи ва хизмат хоналарини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 41-моддаси бешинчи ва олтинчи қисмлари

 Шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, Сайлов кодексининг

41-моддаси иккинчи бандида кўрсатилганидек, номзодлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида, телевидение ва радио орқали сўзга чиқиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод бўлиш ҳуқуқига эга.

Ушбу қоида Президентликка номзодларнинг меҳнат фаолияти ва меҳнат ҳуқуқларининг кафолати сифатида майдонга чиқади.

Маълумки, барча демократик давлатларда Президентликка кўрсатилган номзодларнинг шахсий дахлсизлиги масаласи алоҳида ўрин тутади. Бинобарин, бўлажак давлат раҳбарининг шахсини муҳофаза этиш, унинг мураккаб сайлов жараёнларида бемалол ва бехавотир иштирок этишини таъминлаш муҳим ва масъулиятли вазифадир. Шу нуқтаи назардан сайлов жараёнида Президентликка номзодларнинг шахси қандай муҳофаза этилиши, унинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари нечоғлик ишлаб чиқилганлиги, халқаро андозаларга мос келиши масаласи кун тартибига чиқади.

Ҳолбуки, Президентликка номзоди расмий кўрсатилган шахслар сайлов жараёни давомида ўзига хос, масъул бир мақомга эга бўлишади. Бошқача айтганда, ушбу номзодлар ичида бўлажак давлат раҳбари мавжуд. Шу боис ушбу номзодларнинг ўз вазифа ва мажбуриятларини ташқи таъсирларсиз, тўсиқларсиз амалга оширишига шароит яратиш муҳим ҳисобланади. Шунга боғлиқ ҳолда, Президентликка номзодлар ҳуқуқий мақомининг яна бир муҳим жиҳати – сайлов кампанияси даврида номзодлар шахсининг дахлсизлигини таъминлаш масаласидир.

Шунга кўра, Сайлов кодексида мустаҳкамланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки уларга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин эмас.

Айни пайтда юқоридаги қоида мазмунидан Президентликка номзодлар сайлов жараёни вақтида ҳуқуқбузарлик содир этса, жавобгарликка тортилмас экан, – деган хулосага келиш мутлақо нотўғри. Башарти, шундай ҳолат бўлганида, Бош прокурор тегишли розилик берганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Марказий сайлов комиссиясини бу ҳақда дарҳол хабардор этади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни мажбурий келтиришга, худди шунингдек уларнинг шахсий буюмларини, юкини, транспортини, турар жойи ва хизмат хоналарини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.

Ушбу кафолат Президентликка номзодларнинг сайлов кампанияси жараёнида ўз вазифа ва мажбуриятларини бемалол амалга ошириш имкониятини кафолатлайди.

Президентликка номзодларнинг ҳуқуқий тенглиги нималарда намоён бўлади?

Биринчидан, номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида, телевидение ва радио орқали сўзга чиқиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод бўлиш ҳуқуқи бирдек тақдим этилади.

Иккинчидан, номзодлар рўйхатга олинганидан кейин сайлов округи доирасида, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар эса Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (бундан шаҳар йўловчи транспорти, такси ва бошқа транспорт турларининг буюртма йўналишлари мустасно) текинга юриш ҳуқуқига ҳам бирдек эгадирлар. Сайлов округидан ташқарида яшовчи депутатликка номзод сайлов округига бориш ва яшаш жойига қайтиш учун уларда текинга юриш ҳуқуқидан фойдаланади.

Учинчидан, номзодларнинг хизмат сафари ва бошқа харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан барча номзодларга бир хил тўланади.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига барча номзодлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки уларга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин эмас. Гарчи, бундай розилик берилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Марказий сайлов комиссиясини бу ҳақда дарҳол хабардор этади.

Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни мажбурий келтиришга, худди шунингдек уларнинг шахсий буюмларини, юкини, транспортини, турар жойи ва хизмат хоналарини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.

Таъкидлаш керакки, президентликка номзодлар қонунда белгиланган ҳолатларда ўз мақомларидан маҳрум этилиши, шунингдек, улар ихтиёрий равишда номзодликдан воз ҳам кечиши мумкин. Сайлов кодексининг 42-моддасида мустаҳкамланганидек, сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга, бу шахс тегишли сайлов комиссияси томонидан номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Сиёсий партия номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар тегишли сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин.

Сиёсий партия фаолиятининг тугатилганлиги номзодни шу партиядан сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этади.

 Шу билан бир қаторда, халқаро сайлов амалиёти ва миллий тажрибамизга кўра, номзоднинг ўз мақомидан воз кечиш ҳуқуқи ҳам мустаҳкамланган. Шунга кўра, Президентликка номзод сайловга қадар исталган вақтда номзодликдан воз кечиши мумкин. Бунинг учун у тегишли сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилса кифоя.

Шу ўринда сайлов бюллетенларига номзоднинг фамилияси, исми ва шарифи киритилган бўлади ку? деган савол туғилиши табиий, албатта. Бу ҳолда, яъни агарда номзод сайловга қадар вафот этган, сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган ёхуд номзодликдан чақириб олинган тақдирда нашр этилган сайлов бюллетенларидан ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилади.

Муддатидан олдин овоз берганлар айнан ушбу номзодга овоз берган бўлиши ҳам мумкин, бу ҳолда, бундай овозлар участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳақиқий эмас деб топилади.

Таъкидлаш керакки, Президентликка номзодларнинг ҳуқуқий мақоми тенглиги принципи номзодларнинг ишончли вакиллари масаласида ҳам ўз ифодасини топади, чункиЎзбекистон Республикаси Президентлигига ҳар бир номзод ўн беш нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловга, маҳаллий Кенгашларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Чет давлатларнинг, улар жисмоний ва юридик шахсларининг ҳамда халқаро ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан сайловни молиялаштириш ҳамда номзодлар ва сиёсий партияларни моддий жиҳатдан бошқача тарзда қўллаб-қувватлаш тақиқланади. Сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар сайлов ўтказиш учун ўз маблағларини ихтиёрий равишда бериши мумкин. Бу маблағлар Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампанияси жараёнида улардан фойдаланиш учун қабул қилиб олинади.
Сайлов кодексининг 98-моддаси

Айни пайтда Президентликка номзод сайловга қадар ўз ишончли вакилини тегишли сайлов комиссиясига маълум қилган ҳолда исталган вақтда ваколатидан маҳрум қилиши ва уни бошқаси билан алмаштириши мумкин. Ишончли вакил исталган вақтда ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишга ҳақли.

IV. Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб боришдаги тенглигини таъминлаш

Маълумки, сайлов жараёнининг муҳим босқичларидан бири бу – сайловолди ташвиқоти ҳисобланиб, айнан шу босқичда Президентликка номзодларнинг тенглигини таъминлаш масаласи алоҳида аҳамият касб этади.

Шу ўринда Марказий сайлов комиссияси томонидан 2021 йил 14 апрелида қабул қилган, тегишли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомда Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, амалдаги сайлов қонунчилигига кўра, сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият бўлиб, у сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз беришга бир кун қолганида тугайди.

Низомнинг биринчи боби 3-бандида таъкидланганидек, номзодлар сайловолди ташвиқотини олиб бориш борасида тенг ҳуқуқларга эга. Айни пайтда номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши учун унинг номидан ишончли вакиллар сайловолди ташвиқотини олиб боришлари мумкин.

Сайловолди ташвиқоти доирасидаги тадбирларда номзодларга ўзининг келгусидаги фаолияти дастури билан сўзга чиқиш ҳуқуқи берилади.

Шу ўринда номзодларнинг сайловолди дастурлари мазмунига нисбатан маълум бир чекловлар мавжудми? – деган савол туғилади.

 Юқорида низомда қайд этилганидек (биринчи боб, 6-банд), номзодларнинг дастурлари давлат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқнинг саломатлиги ҳамда маънавиятига таҳдид солмаслиги, урушни, миллий нафратни, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилмаслиги, конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини чекловчи ҳаракатларга даъват қилмаслиги керак.

Айни пайтда яна бир муҳим қоидага эътибор қаратиш зарур. Бу ҳам бўлса, номзодларнинг дастурларини уларнинг розилигисиз таҳрир қилиш мумкин эмаслигидир.

Амалдаги қонунчиликка кўра, ташвиқот: оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали;

босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;

сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Сайловолди ташвиқоти даврида уни олиб боришнинг Сайлов кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомда тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.

Президентликка сайловлар жараёнида сайловолди ташвиқотининг энг тезкор ва таъсирчан йўналиши бу – ташвиқотни оммавий ахборот воситалари орқали олиб бориш бўлиб, бу жараёнда ҳам Президентликка номзодларга тенг имкониятлар берилишини таъминлаш муҳим ҳисобланади.

Маълумки, Президентликка номзодлар сайловолди ташвиқотини босма,кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини

чиқариш ҳамда тарқатиш орқали олиб боришади. Амалдаги қонунчиликка биноан мана шу масалада ҳам номзодларнинг тенглиги таъминланишининг ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилиши баробарида, ташвиқот материалларини тайёрлаш, унинг мазмуни ва расмийлаштирилиши масаласида муайян талаблар белгилаб қўйилган. Уларга кўра, номзодлар ва сиёсий партияларга босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун тенг шароитлар яратилади.

Бундан ташқари, ташвиқот материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.

Амалдаги қонунчиликка кўра, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

ташвиқот материалларини тайёрлаган юридик шахснинг номи (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ва у ҳақдаги бошқа маълумотлар;

ташвиқот материалларига буюртма берган юридик шахснинг номи (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми);

ташвиқот материалларининг адади, чиқарилган санаси тўғрисидаги ахборот.

 Сайловолди ташвиқотида номзодларга ва сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар катта ўрин тутади, чунки бу тадбирларда номзодлар, бир томондан, бевосита сайловчилар билан мулоқотга киришади, иккинчи томондан эса, сайловчилар номзодни ўз кўзлари билан кўриб, қизиқтирган саволларини бериб, номзод ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишади. Шу боисдан ҳам номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш борасида тенг имкон берилишини таъминлаш муҳим масала ҳисобланади. Амалдаги қонунчиликка кўра, бунинг учун номзодларга тенг шароитлар яратилади.

Сайловчилар билан учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар томонидан мустақил равишда ўтказилиб, бу учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка комиссиясига маълум қилинади.

Номзодларга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиш мажбурияти юкланади.

Шу ўринда бошқа номзодлар ёки уларнинг ишончли вакиллари бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақлими? деган савол туғилиши мумкин.

Амалдаги қонунчиликка кўра, номзодлар бошқа номзодлар учрашувида ўзи ёки ишончли вакили иштирок этиши мумкин ёки биргаликда учрашув ўтказиши мумкин. Назаримизда, битта йиғилишда икки ва ундан ортиқ номзоднинг иштирок этиши сайловчиларда уларнинг Дастурларини ва ўзларини бевосита солиштириш орқали, маълум бир фикрга келиш имконини беради.

Сайловкуни ҳам сайлов жараёнининг барча иштирокчилари томонидан Президентликка номзодлар учун бир хилда шароит яратилади, бир хилда муносабат кўрсатилади. Сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иккита номзод иштирок этган тақдирда, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодга нисбатан кўпчилик овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Сайловда ғолиб бўлган номзод, яъни Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари расмий равишда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан икки ой ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилган пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади. Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимга киришгунига қадар бажаради.

V. Такрорий овоз бериш ва такрорий сайловларда номзодлар тенглигини таъминлаш масалалари

Шу ўринда сайлов амалиётида баъзан шундай ҳолатлар бўлиб қолиши мумкинки, Президент сайловида икки нафардан ортиқ номзод иштирок этаётган бўлса ва агар улардан ҳеч бири овоз беришда иштирок этган сайловчилардан ярмидан кўпининг овозини ололмай қолиши мумкин. Бу ҳолатда воқеалар ривожи қандай кечади?

Номзодларнинг бирортаси ҳам сайловда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўп овозини ола олмай қолса, бу ҳолда такрорий овоз бериш ўтказилади ва унда энг кўп овоз тўплаган икки номзод иштирок этади.

Марказий сайлов комиссияси такрорий овоз бериш кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилган кундан эътиборан бир ой ичида, лекин сайлов ўтказилган кундан камида ўн беш кун кейин ўтказиладиган қилиб тайинлайди. Такрорий овоз бериш ўтказилиши ҳақидаги хабар матбуотда эълон қилинади.

Таъкидлаш керакки, сайлов жараёни унга қанчалик тайёргарлик кўрилганидан, сайлов натижалари ҳақида турли хил прогнозларга қарамасдан, турли натижалар билан тугаши мумкин. Шу боис амалдаги сайлов қонунчилигидаЎзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилиши ҳолати ва бунда нима бўлиши мумкинлиги масаласи ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Сайлов кодексининг 65-моддасига мувофиқ, башарти, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилса, шунингдек, агар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида битта номзод иштирок этган бўлса ва у зарур миқдорда овоз тўплай олмаган бўлса, Марказий сайлов комиссияси такрорий сайлов тайинлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида турли сабаблар (номзоднинг ўлими, номзод соғлиғининг сайловда иштирок этишни истисно этувчи ҳолати ёки қонунда белгиланган бошқа сабабларга кўра унинг номзоди олинганлиги ва ҳоказо) туфайли битта номзод иштирок этган тақдирда, овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Айни пайтда сайлов, агар унда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ўттиз уч фоизидан ками иштирок этган бўлса, ўтмаган деб топилади.

Шу билан бирга, сайлов давомида йўл қўйилган, овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари бўйича ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва сайлов якунлари эълон қилинган кундан эътиборан беш кун ичида бу қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.

Шу билан бирга, мабодо, округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши аниқланган тақдирда, Марказий сайлов комиссияси сайлов янги таркибдаги округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида ҳам қарор қабул қилиши мумкин. Овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун тузилган ўша сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг ўша рўйхатлари бўйича ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг такрорий сайлови асосий сайлов ўтказилганидан кейин қирқ кун ичида Сайлов кодексида асосий сайловни ўтказиш учун белгиланган худди шундай тартиб ва шартлар асосида ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, давлат раҳбари ҳам ҳар қандай инсон сингари бетоб бўлиши мумкин ва ўз хизмат вазифаларини бажара олмай қолиши мумкин. Бу ҳолатдан ҳеч ким истисно эмас, албатта. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Сенат Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, Сайлов кодексига тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови сайлов якунларига кўра Марказий сайлов комиссиясининг қарори сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай қабул қилинади, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади (ҳаммага маълум қилинади).

Хулоса

Таъкидлаш керакки, умуман юридик фанда ҳуқуқий мақом масаласи анча долзарб масалалардан бири бўлиб, сайловлардаги номзодлар ва уларнинг ҳуқуқий мақоми масаласи ҳам долзарб масала ҳисобланади. Бинобарин, номзод махсус ҳуқуқий шахс соҳиби сифатида майдонга чиқади, сайлов жараёнида ва сайлов қонунчилигида номзод муҳим ўринлардан бирини эгаллайди; унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, улар аслида фуқаронинг сайланиш ҳуқуқи каби конституциявий ҳуқуқини тўлдиради ва аниқлаштиради. Шу тариқа номзод сайлов қонунчилигининг тегишли қисми нормалари билан фаолияти тартибга солинадиган шахс сифатида кўз олдимизда намоён бўлади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Президентликка номзодларнинг ҳуқуқий мақоми уларга сайлов жараёнининг барча босқичларида тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар берилиши билан тавсифланади. Ушбу имкониятни амалда таъминлаш масаласи жуда муҳим. Шу ўринда номзодларнинг тенглигини таъминлашда номзодларнинг сайлов қонунчилиги ва амалиётини яхши билиши, сиёсий-ижтимоий фаоллиги, сайлов комиссияларининг бу масалага масъулият билан ёндашуви каби омиллар ҳам маълум даражада роль ўйнайди.

Президент сайловларининг демократик ва муайян тарзда ўтишини таъминлашда бевосита сайловчиларнинг ҳуқуқий ва сиёсий онги ҳамда маданияти катта аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан олганда ушбу рисола мана шу вазифанинг бажарилишига бироз бўлса да, ҳисса қўшишга қаратилган.