Кириш

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг муҳим сиёсий ҳуқуқи бўлмиш сайлов ҳуқуқини таъминлаш, сайловларни очиқ ва ошкора ўтказишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди. Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги янгиланган Конституция ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида ва принципларига мувофиқ тарзда шаклланиб, такомиллашиб бормоқда.

Сайловлар – кучли фуқаролик жамияти сари илдамлаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ хоҳиш-иродасининг эркин ифодаси, фуқароларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокининг асосий шаклидир. Зеро, демократик сайлов орқали фуқаролар ўзи муносиб билган шахсларни ҳокимият органларига сайлайди, уларга нисбатан муносабатини билдиради ҳамда шу тариқа давлат бошқарувини амалга оширишда билвосита иштирок этади.

Маълумки, халқимиз томонидан 2023 йил 30 апрель санасида ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилинди.

Ушбу янгиланган Конституция нормаларига амал қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Консти­туциянинг 110- ва 128- моддалари ҳамда Сайлов кодексининг 66-моддасига асосан, ПФ–68-сонли Фармони билан муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови 2023 йилнинг 9 июль кунига тайинланди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови икки ой ичида ўтказилиши белгиланди. Шунга асосан Марказий сайлов комиссияси қарорига мувофиқ 2023 йил 10 май кунидан эътиборан сайлов кампаниясига старт берилди.

Сайловолди ташвиқоти эса сайлов жараёнининг энг муҳим ва масъулиятли босқичларидан саналади. Айнан ушбу босқичда сиёсий партиялар ва президентликка номзодлар ўзларининг келгуси фаолият дастурлари билан сайловчиларни таништиради.

Шу маънода, сайловчилар ҳамда сайлов жараёни иштирок­чиларининг сайловолди ташвиқоти борасида қонунларда белгиланган қоидалардан, ҳуқуқ ва мажбуриятлардан яхши хабардор бўлиши муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур рисола сайловчилар ҳамда сайлов жараёни барча  ишти­рок­чиларини сайловолди ташвиқотига оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш мақсадини кўзлаган бўлиб, у кўпчиликка амалий қўлланма сифатида хизмат қилади, деган умиддамиз.

I. Сайловолди ташвиқотининг аҳамияти

Сайловолди ташвиқоти, таъкидланганидек, сайлов жараёнининг муҳим босқичларидан биридир. Сайловолди ташвиқоти жараёнида миллионлаб сайловчиларни номзодларнинг шахси, билим ва салоҳияти, шунингдек, номзодлар илгари сураётган дастурларнинг асосий мақсади, мазмун-моҳияти ва келгусидаги режалари билан яқиндан таништириш имконияти юзага келади.

Шунинг учун ҳам барча демократик давлатларда, жумладан, бизнинг мамлакатимизда сайловлар жараёнининг сайловолди ташвиқоти босқичига алоҳида эътибор қаратилади.

Сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир. Ўзбекистон Республикаси
Сайлов кодексининг 44-моддаси
Эътибор беринг!

 

Қайд этиш зарурки, сайловолди ташвиқоти номзодлар ва сиёсий партиялар учун ўз имкониятларини намоён қилишдаги ўзига хос сиёсий майдон ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва сайлов қонунчилигининг асосий вазифаси – сиёсий курашнинг адолатли, холисона, очиқ ва ошкора олиб борилиши учун барча номзодларга тенг имконият ва кафолатларни яратиш орқали сиёсий плюрализм, яъни фикрлар хилма-хиллиги асосидаги соғлом рақобатни таъминлашдан иборатдир.

Халқаро ва миллий сайлов тажрибаси шуни кўрсатадики, номзодларнинг сайловдаги муваффақиятини белгиловчи муҳим омиллардан бири – бу сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг тўғри ва самарали усулларини танлай билишдир. Бинобарин, сайлов олди ташвиқотини ўтказишда холисона ёндашувни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимининг замонавий, самарали ва муқобил йўлларини кўрсата билиш, сайловчиларни уларга ишонтира олиш муҳим аҳамиятга эга. Ўз навбатида, сайловолди ташвиқоти мобайнида ташвиқотнинг маданий усулларидан фойдаланиш, қонун талабларига қатъий риоя этиш, рақобатчи номзодларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилиш талаб этилади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген ҳужжати, Парламентлараро Иттифоқ Кенгаши қабул қилган “Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисида”ги декларация ва бошқа бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда сайловчилар, номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини юритишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари назарда тутилган.

Мазкур халқаро стандартлар миллий қонунчилигимизда ҳам ўз аксини топган. Айниқса, 2019 йил 25 июнда Сайлов кодексининг қабул қилиниши билан мамлакатимизда сайловолди ташвиқотини тартибга солувчи халқаро стандартларга асосланган ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ҳамда қатор халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялари инобатга олинган ҳолда, Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибитўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Мамлакатимизда сайловолди ташвиқоти юритишга оид мазкур ҳуқуқий нормалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида-талаблари, ривожланган демократик давлатларнинг бу борадаги илғор тажрибаси ва кўп йиллик амалий ютуқларимиз инобатга олинган ҳолда шакллантирилган бўлиб, сайлов жараёни барча иштирокчиларига тенг шарт-шароит ва имкониятларни кафолатлайди.

Ушбу ҳуқуқий кафолатлар номзодлар ва сиёсий партияларга ўз дастурларини кенг тарғиб қилиш имконини беради ҳамда сайловчиларга номзодлар орасидан ўзи учун муносибини танлашга хизмат қилади.

II. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби

Сайлов жараёни сайлов кампаниясини эълон қилиш, сайлов комиссияларини тузиш, номзодлар кўрсатиш ва уларни рўйхатга олиш, сайловолди ташвиқоти, сайловни ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш билан боғлиқ бир қатор босқичлардан иборат бўлиб, улар ичида сайловолди ташвиқоти муҳим ўрин эгаллайди.

Сайловолди ташвиқоти:

  • биринчидан, номзодларнинг шахси, билими ва салоҳиятини сайловчилар олдида тўла намоён қилишда;
  • иккинчидан, сайловчиларни номзодлар дастурларининг мақсад-муддаоси, асосий мазмун-моҳияти ва келгусидаги режалари билан яқиндан таништиришда;
  • учинчидан, сайловчиларни номзод учун овоз беришга ишонтиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Сайловолди ташвиқотининг мақсади – сайловда иштирок этувчи номзоднинг билим-салоҳияти, ҳокимиятга бўлган интилиши ва бу борадаги ҳаракат дастурининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш орқали сайловчиларнинг ишончини қозониш ва маълум бир номзодга овоз беришга даъват этишдан иборатдир.
Эътибор беринг!

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида сайловолди ташвиқотини амалга оширишга доир бир қатор қоида ва талаблар мустаҳкамланган.

Сайлов кодексига асосан, Президентликка номзодлар кўрсатиш сайловга 65 кун қолганда бошланади ва 45 кун қолганда тугайди. Номзодларни рўйхатга олиш сайловга 35 кун қолганда тугалланади.

! Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади.

! Сайлов куни ва овоз беришга 1 кун қолганда ташвиқотга йўл қўйилмайди.

Сайловолди ташвиқоти даври бошлангунга қадар сайловолди ташвиқотини олиб бориш мумкинми?

Сайловолди ташвиқоти бошлангунга қадар сиёсий партиялар томонидан ўзининг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисида тушунтириш ва тарғибот ишларини сиёсий партия ёки унинг президентликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этмаган (чақирмаган) ҳолда ўз маблағлари ҳисобидан, шу жумладан, ҳомийлик маблағларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириши мумкин.

Навбатдаги сайлов мамлакатимизда 2023 йил 9 июль куни ўтказилишини ҳисобга олсак, номзод кўрсатиш “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режа”га асосан сайловга 52 кун қолганда бошланади ва 38 кун қолганида тугайди, яъни 2023 йил 31 май куни тугайди. Демак, бу йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида номзодларни рўйхатга олиш 6 июнда тугалланади.

Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан бошланиши қоидасидан келиб чиқилса,жорий сайловлардаги ташвиқот 7 июнда бошланади. Сайловолди ташвиқоти сайловга бир кун қолганда тўхтатилади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганда ташвиқотга йўл қўйилмайди.

    Демак, жорий сайловларда сайловолди ташвиқоти 7 июль куни тугайди, 8 июль, яъни сайловдан бир кун аввал ҳамда 9 июль – овоз бериш куни ташвиқот олиб борилиши мумкин эмас.

Сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижалари, сайлов натижалари прогнозлари, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш), шу жумладан, ахборот тармоқлари, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш тақиқланади.  
Эътибор беринг!

Сайловолди ташвиқотининг яна бир муҳим жиҳати бу – уни молиялаштириш билан боғлиқ масала саналади.

    Номзодларга сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилади. Номзодларни бошқа манбалардан пул маблағларини ўтказиш (киритиш), товарлар етказиб бериш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шаклида молиявий таъминлаш ва бошқача тарзда молиявий қўллаб-қувватлаш тақиқланади.

         Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметаси Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.

Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 19 майдаги 1264-сонли қарори билан номзодларнинг сайловолди ташвиқотини молиялаштиришга жами 19 655 000 000 (ўн тўққиз миллиард олти юз эллик беш миллион) сўм ажратилди, шундан ушбу маблағлар ҳар бир номзод учун 4 913 750 000 (тўрт миллиард тўққиз юз ўн уч миллион етти юз эллик минг) сўмдан тақсимланди.

III. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари

Сайлов қонунчилигига асосан, сайловолди ташвиқотининг қуйидаги турлари мавжуд:

  • сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сай-ловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг номзодини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;
  • номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш.

Қонунчиликда сайловолди ташвиқотнинг қуйидаги шакллари мустаҳкамланган:

Омма олдида ташвиқот

Очиқ мунозаралар, баҳслар

Матбуот конференциялари

Фуқароларнинг йиғилишлари



Интервьюлар

Оммавий ахборот воситаларида чиқишлар

Роликларни жойлаштириш

Очиқ мунозаралар, баҳслар – асосан, номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар вакилларининг ўртага қўйилган масала юзасидан очиқ мунозарага, баҳсга киришиши орқали амалга оширилади.

Матбуот конференциялари – бу оммавий ахборот воситалари учун ташкил этиладиган тадбир бўлиб, сиёсий партиялар вакиллари ёки номзодлар, уларнинг ишончли вакилларининг ОАВ билан очиқ мулоқотга киришиш йўли билан амалга оширилади.

Фуқароларнинг йиғилишлари – сайловолди ташвиқотининг айнан шу тури Ўзбекистон Республикаси Президентлигига 2016 йилги сайловлар хусусида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг сайловни кузатиш бўйича миссиясининг якуний ҳисоботида берилган таклифлар асосида миллий қонунчиликка киритилган. Унга мувофиқ, электорат йиғилиш ҳуқуқидан сайлов пайтида, шунингдек, сайловдан олдин ва кейин ҳам фойдалана олади.

Интервьюлар бу – эркин суҳбат ўтказиш йўли билан журналист, интервьювер ва номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа орқали маълумотларни олиш усули. Интервью нафақат аниқ ва ишончли маълумот тўплаш имконини кенгайтиради, балки номзоднинг сайловолди дастури тўғрисидаги, унинг фаолиятига доир масалаларни кенгроқ муҳокама қилиш имконини ҳам беради.

Роликларни жойлаштириш – бугунги кунда видеороликлар яратиш ва намойиш қилиш орқали сайловчилар ишончини қозониш энг осон ва самарали усуллардан бири ҳисобланади. Қолаверса, бундай видеороликларни оммага тарқатишда ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланиш имкони ҳам мавжуд.

Ташвиқот усуллари сифатида қуйидагилар ажратиб кўрсатилган:

  • ОАВ, шу жумладан, телевидение, радио, газета ва журналлар, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (жумладан, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи) орқали;
  • босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материаллари (плакатлар, варақалар ва бошқа материаллар)ни чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;
  • сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Ташвиқот даврида уни олиб боришнинг тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.

Номзодлар ва сиёсий партияларга босма, кўргазмали, аудиовизуал материаллар, фонограммалар, босма маҳсулотнинг электрон шакллари ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун тенг шароитлар яратилади.

  Эътибор беринг! ! Ташвиқот материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.

Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

  • сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаган юридик шахс номи, жойлашган ери (почта манзили) ва у ҳақида бошқа маълумотлар (жисмоний шахс фамилияси, исми ва отасининг исми);
  • сайловолди ташвиқоти материалларига буюртма берган юридик шахс номи (жисмоний шахс фамилияси, исми ва отасининг исми);
  • сайловолди ташвиқоти материаллари нусхасининг сони, чиқарилган санаси ҳақидаги ахборот.

Номзодлар ва уларнинг ишончли вакилларига сайловолди ташвиқотини сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали олиб бориш учун тенг шароитлар яратилади.

Сайловчилар билан учрашувлар номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан мустақил равишда ўтказилади.

Сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка комиссиясига маълум қилинади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.

Номзод ёки унинг ишончли вакили бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.
Эътибор беринг!

! Номзодларнинг автобиографик маълумотлари ва уларнинг сайловолди дастурлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ахборот материаллари (плакатлари) сайловолди ташвиқоти материаллари ҳисобланмайди.

IV. Сайловолди ташвиқотини оммавий ахборот воситалари орқали олиб бориш

Сайловолди ташвиқотини олиб боришда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Шу боис қонунчиликда бу борада сайлов жараёни иштирокчиларига, аниқроғи, номзодлар ва сиёсий партияларга тенг шароитларни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ташвиқот олиб борилаётганда, давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 46-моддаси
Эътибор беринг!

Қонунчилигимизга мувофиқ, номзодларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади. Улар сайловолди ташвиқотини ўтказишнинг шакли, услублари ва мазмунини мустақил белгилайди.

Айни пайтда сайловолди ташвиқотини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда суиистеъмолликларга йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Даврий матбуот нашрлари номзодларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш билан боғлиқ чиқишлари учун тенг миқдорда босма майдони, бир хил жой, бир хил шрифт ва бошқа шу каби шароитларни таъминлаб беради.

Оммавий ахборот воситалари ажратиладиган эфир вақти ва босма майдонини ҳисобга олиб бориши ҳамда Марказий сайлов комиссиясига тегишли ахборот тақдим қилиши керак.

Давлат оммавий ахборот воситаларининг эфир вақти, босма майдони номзодлар, сиёсий партияларга бепул ажратилади.

! Президентликка номзодлар ва сиёсий партияларга давлат ва нодавлат ОАВда эфир вақти ёки чоп этиш майдони пуллик асосда ҳам ажратилиши мумкин.
Эфир вақти, чоп этиш майдони учун ОАВ томонидан белгиланадиган тўлов шартлари ва бошқа талаблар (тираж, эфирга бериладиган вақт, жой, шрифт ва ҳоказолар) барча президентликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Қонунчиликка биноан, давлат телевидениеси ва радиоканалларида ажратиладиган бепул эфир вақти прайм-тайм вақтга тўғри келиши керак. Чиқишларнинг кетма-кетлиги, сайловолди ташвиқоти даврида номзодларнинг ОАВда чиқишлари уларни кўрсатган сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатига қараб амалга оширилади. Бепул эфир вақтидан номзодлар оммавий дебатлар, мунозаралар, матбуот анжуманлари, интервью, чиқишлар, сайловчилар йиғилишлари, номзод тўғрисида роликлар жойлаштириш ва ҳоказолар учун фойдаланиши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти доирасида теле ва радиоканалларда жойлаштиришга мўлжалланган материаллар тегишли теле ва радиоканаллар билан ҳамкорликда номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар томонидан тайёрланади.

Тақдим этилган эфир вақтидан сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда, агар номзодлар бундай тадбирларда қатнашишга рози бўлса, улар ўртасида оммавий дебатлар ва мунозаралар ўтказиш учун фойдаланилиши мумкин.

Номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар уларга тақдим этилган эфир вақти ва чоп этиш майдонидан эркин ва ўз ихтиёрига кўра фойдаланади.

Сайловолди ташвиқотини олиб бориш мақсадида ОАВдан бепул фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партияларнинг фикрини инобатга олган ҳолда, Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан белгиланади.

Марказий сайлов комиссияси қарорида қуйидагилар белгилаб берилади:

Ҳақ тўланадиган эфир вақти ёки босма майдони ажратиш билан боғлиқ муносабатлар оммавий ахборот воситалари маъмуриятлари билан тегишли сиёсий партиялар ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга тўғри келиши, президентликка номзодлар, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаат­ларига зид бўлмаслиги керак.

Телевидение ва радионинг ахборот дастурларида, даврий матбуот нашрларида сайловолди тадбирлари ўтказилиши тўғрисидаги маълумотлар алоҳида ахборот блоки билан берилиши ҳамда уларда президентликка номзодлар, сиёсий партиялар учун ажратиладиган эфир вақти ва босма майдони ҳажми тенг бўлиши шарт.

! Сайловолди ташвиқоти материаллари уларни тақдим қилган президентликка номзодлар ва сиёсий партияларнинг розилигисиз таҳрир қилиниши мумкин эмас.

Нотўғри ахборот, номзоднинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш, шунингдек, номзоднинг розилигисиз унинг шахсий ёки оилавий сиридан иборат хусусий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни ноқонуний тўплаш ёки тарқатиш тақиқланади.
Эътибор беринг!

Номзодлар ОАВда чоп этилган нотўғри ҳамда ўзининг шаъни ва  қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказган маълумотлар юзасидан раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли.

Чоп этиш натижасида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган номзодлар ушбу ОАВда раддия ёки жавоб мақола чоп этишга ҳақли.

Босма ОАВда раддия ОАВнинг навбатдаги сонида, жавоб пайдо бўлишига сабаб бўлган материал жойлаштирилган саҳифада эълон қилиниши керак.

Электрон ОАВда раддия навбатдаги дастурда ёки кўрсатувда эфирга узатилиши лозим.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг сайловлар бўйича миссиясининг Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилиги бўйича берган тавсияларида оммавий ахборот воситаларида аёл номзодларни эркак номзодлар билан тенг тарзда ёритиш масаласига диққат қаратилиши лозимлиги кўрсатилган эди. Мазкур тавсия миллий қонунчиликка жорий қилиниб,
2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-бобида сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари белгиланган.  
Эътибор беринг !

ОАВ раддияни, жавоб мақолани чоп этишдан бўйин товласа ёки чоп этишнинг белгиланган муддатини бузса, номзодлар судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли.

Қонунчиликка мувофиқ, сайлов кампанияси пайтида муассислари (кузатув кенгашлари ва бошқа органларнинг аъзолари) тегишинча сиёсий партиялар, президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари бўлган компаниялар, ташкилотларнинг хайрия фаолияти оммавий ахборот воситаларида ёритилмайди.

Сайловолди ташвиқотини хайрия фаолияти билан бирга қўшиб олиб боришга ҳам йўл қўйилмайди.

V. Сайловолди ташвиқотини олиб боришдаги меъёрлар

Сайловолди ташвиқоти ўтказишнинг асосий қоидаларидан бири бу – ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек, пул маблағлари тарқатиш билан қўшиб олиб бориш тақиқланганлиги.

! Нотўғри ахборот, шунингдек, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

! Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганда, ташвиқот ўтказишга йўл қўйилмайди.

! Бинолар, иншоотлар ва бошқа жойларга илгари (сайлов кунидан икки кун олдин) жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материалларининг сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганда олиб қўйилиши мажбурий ҳисобланмайди.

2020 йил 13 майдаги Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг 2019 йилда бўлиб ўтган Парламент сайловларини ўрганиш якунлари бўйича хулосаларида берилган тавсияларда кампания даврида давлат ресурсларини суиистеъмол қилиш масаласини ҳал этадиган аниқ нормалар қонунчиликка киритилиши лозимлиги билдирилган эди.

Ушбу тавсияга асосан, 2021 йил 8 февралдаги қонун билан Сайлов кодексининг 44-моддасига қўшимчалар киритилган.

Унга кўра, сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланган шахслар доираси аниқ белгилаб берилди: давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари;Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, судьялар;сайлов комиссиялари аъзолари;диний ташкилотлар профессионал хизматчилари.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.

! Сайлов комиссиялари аъзоларининг у ёхуд бу партия рамзлари туширилган кийим кийиши, тақинчоқ тақиши ва бошқа белгилардан фойдаланиши тақиқланади.

! Номзодларнинг дастурлари давлат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқнинг саломатлиги ҳамда маънавиятига таҳдид солмаслиги, урушни, миллий нафратни, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилмаслиги, конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини чекловчи ҳаракатларга даъват қилмаслиги керак.

Таъкидланганидек, сайловчилар билан учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади.

Сайловчилар билан учрашувларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка комиссиясига маълум қилинади. Аввалги сайловларда ушбу комиссияларнинг учрашувлар ҳақида сайловчиларни хабардор этиши билан боғлиқ мажбурияти бор эди.

Халқаро ташкилотларнинг тавсияларига кўра, 2021 йил 8 февралдаги қонун ҳамда Сайлов кодексининг 48-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, сайлов комиссиялари зиммасидан ушбу мажбурият олиб ташланди.

Ёдда тутинг! Эндиликда сайлов комиссиялари сайловолди ташвиқоти давридаги номзодлар билан учрашувларни ташкил қилиш ишларига аралашмайди.

Хулоса

Гувоҳи бўлганимиздек, миллий сайлов қонунчилигимизда сайлов кампаниясининг муҳим таркибий қисми ҳисобланган сайловолди ташвиқотини ўтказиш билан боғлиқ етарли шарт-шароит ва имкониятлар белгиланган. Ушбу қоида-талаблар сайловолди ташвиқотини олиб бориш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принципларига тўла мос келади.

Номзодлар ва сиёсий партияларга сайловолди дастурларининг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш, сайловчилар билан бевосита учрашувлар ўтказиш орқали таништиришда тенг ҳуқуқлар яратилган. Ушбу ҳуқуқий кафолатлар номзодлар ва сиёсий партияларга ўз дастурларини кенг тарғиб қилиш имконини беради ҳамда сайловчиларга номзодлар орасидан ўзи учун муносибини танлашга хизмат қилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, сайловга оид қонун ҳужжатларида белгиланган демократик тамойил ва талаблар доирасида миллий сайлов тизими шаклланди ва ушбу жараён мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар асосида ривожланиб бормоқда.

Сайлов қонунчилигидаги ижобий ўзгаришлар Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг ўтган сайловлар якунлари бўйича берган таклиф ва тавсияларини миллий қонунчиликка жорий қилиш асносида юз бераётгани унинг халқаро стандартларга мос равишда такомиллашаётганидан дарак беради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда сайловолди ташвиқоти юритишга оид қонун нормалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида-талаблари, ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибаси ва бой амалий кўникмаларимизни инобатга олган ҳолда шакллантирилган бўлиб, сайлов жараёнида сиёсий партиялар, номзодлар ҳамда уларнинг ишончли вакилларига тенг шарт-шароит ва имкониятларни кафолатлайди.