Кириш
Маълумки, юртимизда сайлов қонунчилиги бошқа соҳалар каби жамият ва давлат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда изчил равишда такомиллаштириб борилмоқда. Асосийси, бу ислоҳотларнинг барчаси халқимиз истаклари ҳамда сайловга оид халқаро стандартлардан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.
Маълумки, сайловлар орқали фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита иштирок этиб, давлат органларини демократик тарзда шакллантиришга ўз хоҳиш-иродаларини тўғридан-тўғри билдириш имкониятига эга бўлади. Бошқача айтганда, сайловлар – демократик тизимнинг устунларидан бири ҳисобланади.
Сир эмаски, фуқаронинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари мавзуси нуфузли халқаро ташкилотлар диққат-эътиборда бўладиган масаладир. Ҳозирги пайтда дунёда сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга оид халқаро стандарт ҳисобланадиган 20 дан зиёд халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд.
Айтиш жоизки, миллий сайлов қонунчилигимиз юқорида санаб ўтилган сайлов тўғрисидаги халқаро стандартларга тўла мос келади.
Ўзбекистонда президентлик сайлови жараёнида нафақат сиёсий партиялар ва масъул давлат органларининг вакиллари, балки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳам бевосита иштирок этишлари ҳамда жамоатчилик назорати ҳуқуқидан самарали фойдаланишлари учун норматив-ҳуқуқий асослар яратилган.
Рисолада сайловларда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш бўйича энг асосий тушунча ва маълумотлар содда усулда, шунингдек, инфографикалар асосида тақдим этилмоқда.
I. Очиқлик ва ошкоралик принципи нимани англатади

Ошкоралик принципи – бу сайловларнинг очиқдан-очиқ, сайлов вақти ва овоз бериш жойлари олдиндан эълон қилинган ҳолда ўтказилиши ҳамда унинг бориши ва натижалари ҳақида ахборот берилишидир. Ҳар бир фуқаро сайловларнинг бориши ҳақида хабардор бўлиш ва ўзининг сайловчилар рўйхатига кирганлигини текширишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва сайлов қонунчилигимизда сайловларнинг умумийлик, тенглик, тўғридан-тўғри, яширин овоз бериш, кўппартиявийлик, муқобиллик, очиқлик ва ошкоралик, эркинлик, адолатлилик ва ҳаққонийлик каби халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган демократик принциплари ўз ифодасини топган.

Демак, мазкур принцип бутун сайлов кампанияси очиқлик ва ошкоралик асосида тузилишини англатар экан. Бунда ҳар бир сайловчи сайлов кампанияси давомида сайлов округлари ва участкаларини тузишга, сайлов комиссияларининг таркиби, комиссиялар жойлашган манзил ва иш вақтига, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунларига доир ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида мамлакатимиз “фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш” ҳуқуқлари ва бундай иштирок этиш “ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан” амалга ошириши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси 3-моддасига кўра, сайлов очиқ ва ошкора ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида очиқлик ва ошкораликнинг асосий принцип сифатида берилиши БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Парламентлараро Иттифоқнинг Демократия тўғрисидаги умумжаҳон декларацияси каби халқаро сайлов стандартлари ҳамда ЕХҲТнинг инсонийлик мезонлари каби минтақавий ташкилотлар сайлов стандартларидаги қоидаларга таянади.

Мамлакатимизда ўтказилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тавсифловчи энг муҳим хусусиятлардан бири – бу очиқлик ва ошкораликдир. Унга кўра, сайлов комиссиялари сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирлар ҳақидаги маълумотларни сайловчиларга очиқ ва ошкора маълум қилади.

Демак, сайлов жараёнида очиқлик ва ошкораликни қуйидаги субъектлар таъминлайди:
- Сайлов комиссиялари;
- Оммавий ахборот воситалари;
- Халқаро кузатувчилар;
- Сиёсий партиялар;
- Ўзини ўзи бошқариш органлари.
Бўлажак сайловлардаги ҳар бир овоз эътиборга олинади ва ҳар бир фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлашда бевосита иштирок этади.
II. Сайлов комиссиялари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик қандай таъминланади
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг очиқлик ва ошкоралик принципларига амал қилган ҳолда ўтишида сайлов комиссияларининг алоҳида ўрни бор.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси 9-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (кейинги ўринларда – МСК) томонидан тузилади.
Эътибор беринг! Сайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери кўрсатилган ҳолда, сайловга камида етмиш беш кун қолганда, МСК томонидан тасдиқланади ҳамда расмий веб-сайтда, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. |
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси МСК томонидан сайловга камида етмиш кун қолганда, комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва олти — саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади.
Сайлов комиссиялари фуқароларни:
- ўз иши тўғрисида,
- сайлов округлари,
- сайлов участкалари тузилганлиги ҳақида,
- сайлов комиссияларининг таркиби,
- уларнинг жойлашган ери ва иш вақти тўғрисида хабардор этади;
- сайловчиларнинг рўйхатлари,
- сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради;
- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар тўғрисидаги,
- шунингдек, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги маълумотларни маълум қилади.
Эътибор беринг! Округ сайлов комиссияси сайлов участкаларининг тартиб рақамини белгилайди ҳамда телефон рақами, жойи ва овоз бериш биносини кўрсатган ҳолда, сайловчиларни ҳар бир участканинг чегаралари тўғрисида хабардор қилади. |
Участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларда сайловга оид қуйидаги маълумотлар очиқ тарзда фуқаролар эътиборига ҳавола этилади:
- сайлов участкасининг тартиб рақами кўрсатилган пешлавҳа;
- сайлов санасига бағишланган плакатлар;
- сайлов участкасининг харитаси;
- участка сайлов комиссияси аъзоларининг таркиби, иш режаси, навбатчиликлар жадвали ҳақидаги ахборот;
- сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли маълумотлар жойлаштириладиган махсус стенд;
- барча рўйхатга олинган номзодларнинг МСК, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан нашр қилинган таржимаи ҳоли ва дастури.

III. Оммавий ахборот воситалари сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини қандай таъминлайди
Сўз ва ахборот эркинлиги, ўз фикрини эркин билдириш, ахборот олиш ҳуқуқи энг асосий ва халқаро тан олинган инсон ҳуқуқлари ва демократик жамиятнинг асосий элементларидан бири ҳисобланади.
Ёдда тутинг!
Участка сайлов комиссияси раиси ёки унинг ўринбосари оммавий ахборот воситалари вакилларини тегишли сайлов комиссияси томонидан берилган ҳужжатлар асосида рўйхатга олади. |
МСК оммавий ахборот воситаларининг вакиллари учун мандат намунасини белгилайди. Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради.
Эътибор беринг! Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 54-, 58-моддаларига асосан, участка сайлов комиссиясининг раиси овоз бериш бошланганлигини ҳам, тугаганлигини ҳам оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида эълон қилади. |

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколатлари МСК томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.
Яна бир муҳим масала: “Сиёсий партиялар, президентликка номзодларнинг оммавий ахборот воситалари билан сайлов жараёнидаги муносабатлари нималарда кўринади?” деган ҳақли савол туғилади. Бунда оммавий ахборот воситаларининг сайлов кампаниясидаги энг муҳим роли сайловолди ташвиқот босқичида намоён бўлади.
Сайлов кодексининг 45-46-моддаларига асосан, ташвиқот матбуот конференциялари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар шаклларида ҳам олиб борилиши мумкин. Ташвиқот оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, Интернет орқали ҳам амалга оширилади.
Оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, ҳамма фойдалана оладиган телекоммуникация тармоқларида депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларни ёритиш жараёнининг мониторинги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан олиб борилади.
IV. Халқаро кузатувчилар сайловларнинг ошкоралиги, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда қандай ҳуқуқларга эга
Ўзбекистон сайлов қонунчилигида халқаро стандартларга тўлиқ мос келувчи сайловларда миллий ва халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши принципи мустаҳкамланган. Сайловнинг энг муҳим тамойилларидан ҳисобланган очиқлик ва ошкораликни таъминлашда халқаро кузатувчиларнинг ўрни катта. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни кузатишда хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг иштироки – бу демократик сайлов стандартларидан бири сифатида давлат томонидан ўз халқаро мажбуриятларига риоя этишини англатади.
2019 йилда ўтказилган сайловда 50 га яқин давлат ҳамда 10 та халқаро ташкилотдан 825 нафар кузатувчи иштирок этган. Биринчи марта Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 316 кишилик тўлақонли миссияси билан яқин ҳамкорлик қилинган.

Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотларнинг кузатувчиларини аккредитация қилиш тартиби
1-қадам. Сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинганидан сўнг МСК хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборади.
2-қадам. Ташқи ишлар вазирлиги ўз ташаббуси ёки давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, бошқа ташкилот ва муассасалар таклифига кўра, сайловларга хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этади.
3-қадам. Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам сайловларда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини билдириб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиши мумкин.
4-қадам. Сайловда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф қилинган, шунингдек, бундай истакни билдирган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ўз кузатувчиларининг рўйхати, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари нусхалари, электрон фото суратлари (jpeg форматда, камида 100 КВ, 600х600рх) ҳамда анкеталарни Ташқи ишлар вазирлигига тақдим қилади.

5-қадам. Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар тегишли ҳужжатларни овоз бериш кунидан камида ўн кун олдин тақдим этиши лозим.
6-қадам. Ташқи ишлар вазирлиги тегишли хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг ҳужжатларини илова қилган ҳолда, МСКга тақдимнома киритади. МСК беш кунлик муддатда хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.
7-қадам. Аккредитация қилинган хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг рўйхати МСКнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги низомга мувофиқ, хорижий (халқаро) кузатувчилар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга: сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;

- номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш;
- сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг бориши, яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналарининг жойлаштирилиши ва сайлов қутиларининг муҳрланиши, фуқароларнинг рўйхатга олиниши, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;
- сайлов куни овоз бериш жараёнини кузатиш;
- муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш;
- сайловчининг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериши жараёнини кузатиш;
- овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш;
- сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш;
- кузатув олиб бориш давомида ўзи ёллаган таржимон ҳамроҳлигида бўлиш;
- сайлов жараёни ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш (қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасалари бундан мустасно);
- кузатув натижалари бўйича оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаат қилиш;
- сайловолди ташвиқоти белгилари бўлмаган, фамилияси, исми ва отасининг исми, ўзи вакиллик қилаётган ташкилотнинг номи кўрсатилган кўкрак нишонлари тақиш;
- округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш;
- қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда тузилган сайлов участкаларидаги сайлов жараёнини кузатиш хоҳиши тўғрисида округ сайлов комиссиясига сайловга камида уч кун қолганда хабар бериш;
- агар сайлов участкасида сайловга оид қонунчилик ва халқаро нормалар талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилиш, шунингдек, юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар бериш;
- сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳақида ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш.

V. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва сиёсий партияларнинг сайлов жараёнида сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашдаги ўрни
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва сиёсий партиялардан кузатувчилар муҳим сайлов-технологик вазифани ҳам бажарадилар:
- овозларни санаб чиқишни кузатган ҳолда, улар овоз натижаларининг умумий якунлари аниқланиш жараёнини кузатади;
- назорат усулларини қўллаб, кузатувлар натижасида тўпланган ахборот манбаи асосида сайлов расмий якунларига ҳаққоний баҳо ва хулоса берилиши мумкин.
Дарҳақиқат, демократик сайловларни фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар сайловларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминловчи муҳим институт ҳисобланади.
Сайлов тартиб-таомилларининг бузилгани кузатувчилар томонидан аниқланиши ва таҳлил натижалари сайлов қонунчилиги ҳамда сайлов технологиясини такомиллаштириш имконини беради.

МСКнинг мажлисларига жамоат бирлашмалари ва ташкилотларнинг вакиллари ҳам таклиф этилади. Жамоат бирлашмалари ўз аъзоларининг хоҳиширодаларини эркин билдириш мақсадида МСК йиғилишларида иштирок этади.

Яна бир мисол: участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан кўрсатилишини давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишдаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигига мисол сифатида айтиш мумкин.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин. Бугун мамлакатимизда демократик институт сифатида шаклланган маҳалла институти вакиллари муддатидан олдин овоз бериш, овоз бериш куни сайлов участкасининг очилиш ҳамда сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш жараёнларини кузатиб бориши мумкинлиги миллий демократик институтнинг ўрнини янада оширади.
Қолаверса, мазкур янгилик Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан ҳам таклиф этилганлиги билан эътиборлидир.

Дейлик, кузатувчининг хатти-ҳаракати яширин овоз бериш тартиб-таомилини бузса ёки у сайловчининг хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир ўтказса, у дарҳол овоз бериш биносидан чиқариб юборилади. Бу ҳақда участка сайлов комиссияси томонидан қарор қабул қилинади.
Кузатувчилар сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида ҳозир бўлмасликлари лозим. Агар кузатувчи овоз бериш вақтида сайловчи билан кабинада бўлса, бу қонун бузилишига йўл қўйилган деб ҳисобланади.
Яъни кузатувчиларнинг сайловчиларга бевосита ёки бошқа усуллар билан таъсир ўтказиш, ташвиқот олиб бориш ёки бирон-бир номзод ҳақида материал тарқатишга ҳаққи йўқ.
Ёдда тутинг!
МСК имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига давлат органлари қатори фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам жалб этилиши жамоатчилик назорати сифатида жамоат бирлашмалари аъзоларининг манфаатлари ва эҳтиёжларини акс эттиришга асос бўлади. |
Шу билан бирга, имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этиши ҳам катта аҳамиятга эга. Партияларга сайлов жараёнларида тенг шароитлар яратилган.
Шунингдек, кузатувчиларга сайловчилар кабинадан чиққандан кейин:
- уларнинг кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ҳам ман этилади.
- Агар кузатувчи овоз бериш биносида овоз бериш жараёнида сайловчилардан уларнинг кимни ёқлаб овоз бериш истагида эканликларини суриштирса, бу яширин овоз бериш тартиб-таомилини бузганлик деб баҳоланади.
- Бундай ҳолларда участка сайлов комиссиясининг раиси бу каби ҳаракатларни содир этмаслик ҳақида кузатувчини огоҳлантириши зарур.

Ёдда тутинг!
Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган ҳар қандай Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиядан кузатувчи бўлиши мумкин. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек, фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари кузатувчи бўлиши мумкин. |