Кириш

Сайловлар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим жараёндир. Мамлакатимиз халқи ўз хоҳиш-иродасини сайловлар орқали амалга оширадилар, давлат ишларида, сиёсий ҳаётда иштирок этадилар. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сиёсий ҳуқуқларидан бири бўлган сайловлар орқали давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқларининг кафолатлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир”  принципини амалга ошириш мақсадини кўзлайди. Зеро, умумхалқ сайловлари орқали вакиллик органларини сайлаш демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгисидир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1948 йил 10 декабр­да қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасида “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга”лиги, 1966 йил 19 декабрда қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 25-моддасида “Ҳар бир фуқаро ҳам бевосита, ҳам эркин сайланган вакиллар орқали давлат ишларини бошқаришда қатнашиш”, “Ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш орқали ўтказиладиган ва сайловларнинг эркин ҳолдаги хоҳиш-иродасини таъминловчи чинакам даврий сайловда овоз бериш ва сайланиш” ҳуқуқига эга эканлиги  белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва унда миллий “сайлов тизими” принципларига бағишланган махсус бобнинг мавжудлиги Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигини шакллан-тиришда муҳим қадам бўлди. Сайлов тизими принципларининг конституциявий мустаҳкамланиши сайлов ҳуқуқи бўйича умумий тан олинган халқаро стандартларга риоя қилинишини кафолатлайди. Иккинчидан, конституциявий нормалар сайловга оид қонунлар учун асос, пойдевор вазифасини ўтайди.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига сайлов жараёнида қатор янги механизм ва технологияларни қўллаш имконини берувчи нормалар киритилди. Сайлов кодексидаги муҳим янгилик Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати (СЯЭР)ни шакллантириш тизимининг жорий этилиши бўлди.

Сайловчилар рўйхатини тузиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган тартиб амалиётда фуқаролар хоҳиш-иродаси тўлиқ ифодаланишини таъминлабгина қолмай, балки мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг овози муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради, сайловчилар ва номзодларнинг ҳуқуқларини, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини рўёбга чиқаришда муҳим қадам ҳисобланади. Сайловчиларнинг рўйхатини тузиш, овоз бериш кунида сайлов комиссияларига сайловчининг доимий яшаш жойини аниқлаш, унинг аввал қайси сайлов участкасида бўлганлигини бошқа ҳудуддаги сайлов комиссиялари билан боғланган ҳолда аниқлик киритиш, аввалги сайловчилар рўйхатидан чиқариш ва янги сайловчилар рўйхати иловасига киритиш билан боғлиқ масалаларни тезкорлик билан ҳал этишни тақозо қилади.

Ушбу рисола ўқувчиларга Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш, сайлов жараёнида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, сайловчилар рўйхатига турли сабабларга кўра киритилмай қолган фуқаролар кимга мурожаат қилишлари кераклиги ҳамда сайловчиларни рўйхатга олиш бўйича хорижий тажриба ҳақида маълумот беради.

I. Сайловчиларнинг рўйхати қандай шакллантирилади

Сайловчиларнинг рўйхати фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг тўлиқ амалга оширилишини таъминловчи асосий хусусиятлардан биридир.

Сайловчилар рўйхатини очиқ-ошкора тузиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган тартиб-таомил фуқаролар хоҳиш-иродаси тўлиқ ифодаланишини таъминлабгина қолмай, балки мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг овози муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради ҳамда сайловчиларнинг рўйхатини аниқ шакллантириш сайловни ўтказиш чоғида қонунийликни таъминлаш, хусусан, маълумотларни қалбакилаштириш ва турли суиистеъмолликларни олдини олиш имконини беради.

Даставвал, сайловчилар рўйхати тушунчасининг мазмунини ёритиб олсак.

Сайловчилар рўйхати – бу сайлов кампанияси даврида участка сайлов комиссияси томонидан тузиладиган сайлов ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатидир.

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар сайловчилар рўйхатига киритилади. Энг муҳим жиҳат шуки, ҳар бир сайловчи фақат битта сайлов участкаси ҳудудида тузилган сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

Сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) ваколатли давлат органларининг ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойларининг манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурси ҳисобланади.

 

Сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) ваколатли давлат органларининг ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойларининг манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурси ҳисобланади.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот асосида шакллантирилади. Мазкур маълумотлар тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан янгилаб турилади.

Ҳар бир участка сайлов комиссияси тузилганидан кейин уч кун ичида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантиради.

Участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг дастлабки рўйхатини олганидан кейин уни мазкур участка ҳудудида яшовчи аҳолини уйма-уй юриб, маълумотларга аниқлик киритади.

Сайловчилар рўйхатига аниқлик киритиш ишларида жамоатчилик вакиллари иштирок этиши мумкин. Бунда тегишли туман ва шаҳар ҳокимликлари амалий ёрдам кўрсатади.

Сайлов комиссиялари аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш натижаларига кўра, Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзилига оид тузатишлар киритилиши мумкин.

Сайловчиларнинг рўйхати ҳар бир сайлов участкаси бўйича участка сайлов комиссияси томонидан тузилиб, унинг раиси ва котиби томонидан имзоланади.

Ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ва бошқа сайловчиларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда яшаса, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар яшаш жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритилади.

Санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкалар бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилади.

II. Сайлов жараёнида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш

Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига биноан республика миқёсида сайловчиларнинг рўйхати электрон тарзда тузилиши белгилаб қўйилди. Бу эса, ўз навбатида, республикада сайловчиларнинг умумий сони ҳақидаги маълумотдан ташқари, уларнинг шахси ва сайлаш ҳуқуқи учун зарур бўлган маълумотларнинг бир жойда ягона база сифатида жамлаш имконини беради.

Ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўли билан Ўзбекистон Республикасининг сайлов жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида 2017 йил 15 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 630-сон қарори қабул қилинган.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини (кейинги ўринларда СЯЭР) шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган. СЯЭР Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган (шу жумладан, сайлов куни), доимий ёки вақтинча яшаш манзилига эга бўлган, муомалага лаёқатли, оғир ва ўта оғир жиноятлари учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланмаётган фуқаролари киритиладиган давлат ахборот ресурси ҳисобланади. СЯЭРга киритилган сайловчи фуқароларнинг шахсий маълумотларидан иборат бўлган ахборотлар билан ишлаш тартиби Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Сайловчи фуқаро ўзи бириктирилган сайлов участкаси, манзили ва жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини киритиш йўли билан МСК расмий веб-сайтининг электрон картасида сайлов участкасининг жойлашуви (дислокацияси)га оид ахборот билан танишиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 майдаги 286-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг Ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, мазкур низомнинг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“СЯЭР Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган (шу жумладан, сайлов куни), доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзилига эга бўлган, муомалага лаёқатли, оғир ва ўта оғир жиноятлари учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланмаётган фуқаролари (кейинги ўринларда сайловчи фуқаролар деб аталади) киритиладиган давлат ахборот ресурси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти (агар сайловчи фуқаро чет давлатда бўлса, хорижга чиқиш паспорти ёки дипломатик паспорти) ёки идентификация ID-картаси серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, фамилияси, исми, отасининг исми (давлат тилида, лотин ёзувида), туғилган санаси (йййй.оо.кк), доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг яшаш жойи манзили ва унинг кадастр рақами Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази томонидан тақдим этиладиган сайловчи фуқаролар тўғрисидаги ахборотлар ҳисобланади”.

Қуйидаги шаклда Сайловчиларнинг ягона электрон тизимининг ишлаш схемасини кўришимиз мумкин

Мазкур рўйхатда сайлов ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари ҳақидаги ахборот акс эттирилади.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тегишли давлат органларининг ахборотига асосан шакллантирилади ҳамда янгилаб турилади.

Сайлов кампанияси эълон қилиниб, участка сайлов комиссияси тузилгач, уч кун ичида комиссия сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида тақсимланган мазкур участкага мансуб бўлган сайловчиларининг дастлабки рўйхатини олади.

Участка сайлов комиссияси аъзолари сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимига кириш ҳуқуқини олиш учун округ сайлов комиссиясига мурожаат қилади.

Участка сайлов комиссиясининг масъул аъзоси тизимга кириб, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан сайлов участкасига кирувчи сайловчилар рўйхатининг дастлабки вариантини юклаб олади. Яъни сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати барча сайлов участкалар кесимида тегишли участка комиссияларига онлайн тарзда етказилади.

Шундай бўлсада, ҳар бир участка сайлов комиссияси участка ҳудудида яшовчи аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан рўйхатга аниқлик киритади.

Сайловчилар электрон рўйхатининг жорий этилиши “ҳар бир сайловчи бир овозга эга” тамойилинирўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Сайлов ҳуқуқини тенг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланган.

III. Чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхати мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади.  

Чет давлатларда турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларнинг уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади ва фуқарони сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.

Ташқи ишлар вазирлиги сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади.

Ташқи ишлар вазирлиги сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади.

IV. Фуқароларни сайловчиларнинг рўйхати билан таништириш

Фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, шунингдек Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланади.

Шунингдек, участка сайлов комиссияси биносига келган фуқаролар турли маълумотларни билиб олишлари ҳамда сайловга оид бошқа саволларга жавоб олишлари мумкин.

Чет давлатларда турган фуқароларга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади.

Участка сайлов комиссияси рўйхат билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор этади. Сайлов комиссиялари сайловчиларнинг рўйхати ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилганидан кейин ҳам уларга ўзгартишлар киритиши мумкин.

Сайловчиларнинг рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга беш кун қолганида тўхтатилади. Ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт. Шунингдек, сайловчилар рўйхатига киритилмайдиган шахслар ҳам бўлиб, бу тоифани қуйидаги шаклда кўриш мумкин:

V. Сайловчилар рўйхатига турли сабабларга кўра киритилмай қолган фуқаролар кимга мурожаат қилишлари керак

Сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганда тўхтатилади. Ўз-ўзидан сайловчилар рўйхатига турли сабабларга кўра киритилмай қолган фуқаролар сайлов ҳуқуқини қандай амалга оширади? – деган ҳақли савол туғилади.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, овоз бериш куни бирон-бир сабаб билан сайловчилар рўйхатига кирмай қолган сайловчилар шахсини, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилиши мумкин.

Бу ҳолатда участка сайлов комиссияси сайловчини қайси участка сайлов комиссиясига тегишлилигини аниқлайди ва тегишли участка сайлов комиссиясига сайловчи ушбу сайлов участкасида овоз берганлиги ҳақида алоқа воситалари орқали хабар беради. Хабардор қилинган участка сайлов комиссияси ушбу сайловчи бошқа сайлов участкасида овоз берганлиги ҳақидаги маълумотни сайловчилар рўйхатига киритади.

Қайд этиш лозимки, сайлов куни сайлов участкаларида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан олинган сайловчилар рўйхатларидан фойдаланилади. Бу орқали сайловчилар рўйхатига киритилмай қолган фуқаро овоз бериш куниёқ сайловчилар рўйхатига киритилиш имконига эга бўлади. Шунингдек, бу сайловчининг битта овозга эга эканлиги борасидаги тамойилни амалга оширишга кўмаклашади.

Масалан, сайловчилар рўйхатига маълум сабаблар туфайли киритилмаган шахс сайлов участкасига овоз бериш учун келса, у рўйхатга киритилади.

Шунингдек, бир оила вакили келиб оиласининг барча вакиллари номидан овоз беришни талаб этса, унга бир сайловчи фақат битта овозга эга эканлиги тушунтирилиши лозим. Ҳар икки ҳолатда ҳам улар томонидан сайловда иштирок этишга тўсқинлик қилинмайди. Уларга қонуний талаб ва ҳуқуқий жавобгарлик масалалари тушунтирилади.

VI. Сайловчиларни рўйхатга олиш бўйича хорижий тажриба

Халқаро амалиётда сайловчиларни рўйхатларга киритишнинг турли шаклларидан, жумладан, аҳоли реестри асосида, фуқаролик ҳолатларини қайд этувчи органлар маълумотлари асосида, турар жой бўйича маълумотлар асосида, сайлов комиссиялари аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш натижалари бўйича, электрон почта орқали, интернет орқали, мобил телефон орқали рўйхатга олиш усулларидан фойдаланилади. Халқаро сайлов стандартларига мувофиқ сайловчилар рўйхатини тузишнинг икки хил тизими мавжуд.

Биринчиси – рўйхатга киритишнинг фаол (self-initiated systems) тизими. Бунда фуқаролар ўзларини сайловчилар сифатида рўйхатларга киритилиши ҳақидаги илтимос билан мурожаат қилишлари лозим (Канада). Иккинчиси, яъни пассив (state-initiated systems) тизимга кўра сайловчилар рўйхати аҳоли реестри ёки фуқаролар реестри ёхуд ҳисобга олишнинг бошқа шакллари асосида автоматик тарзда тузилади (Австралия, Швеция, Италия).

Шунингдек, аралаш тизим (mixed strategy) ҳам мавжуд бўлиб, унда фуқаролар ҳам, давлат ҳам рўйхатга олиш учун масъулдирлар. Давлат рўйхатдан ўтишни енгиллаштириш учун чора-тадбирларни амалга оширади, ўз навбатида, фуқаролар ҳам мазкур жараёнга ўз ҳиссаларини қўшишлари керак. Ушбу тизим рўйхатдан ўтишни рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, ресурслари ҳамда инфраструктура

зилмаси чекланган, иқтисодий жиҳатдан кам ривожланган давлатларга ёрдам беради.

Мазкур тартибга кўра, ҳукумат рўйхатдан ўтиш даври саналарини аниқлайди ва кўплаб рўйхатга олиш марказларини ташкил қилади. Фуқаролар рўйхатдан ўтиш учун ташаббус билан боришлари шарт. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритишнинг пассив тизимига, яъни мажбурий тизимига асосланади.

Бундай тизим сайловнинг тенглик принципини таъминлашга хизмат қилади. Сайловчиларни пассив тизимда рўйхатга олиш сайловларнинг ҳақиқийлиги ёки ҳақиқий эмаслигини ҳамда сайловчиларнинг аниқ сонини аниқлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Жорий қонунчилигимизга мувофиқ, сайлов агар унда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ўттиз уч фоизидан ками иштирок этган бўлса, ўтмаган деб топилади.

Шу боис сайловчиларнинг рўйхатини аниқ шакллантириш сайловни ўтказиш чоғида маълумотларни сохталаштириш ва турли суиистеъмолликларни олдини олиш имконини беради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сайловчиларнинг аниқ рўйхати фуқароларнинг тенг сайлов ҳуқуқи принципини рўёбга чиқариб, мамлакатимизда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови ҳамда Маҳаллий Кенгашларга сайловларда фуқароларга давлат бошқарувида сайлов орқали иштирок этишдек сиёсий ҳуқуқларидан тўсқинликсиз фойдаланиш борасида қулайлик яратиб беради.