Кириш

Сайлов демократик давлатларда ҳар бир фуқаронинг давлат бошқарувидаги иштирокини белгилаб берадиган муҳим сиёсий жараён ҳисобланади. Давлат ҳокимияти органлари ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда халқ номидан давлат бошқарувини амалга оширади. Демак, давлат ҳокимияти органлари фуқаролар номидан иш кўрар экан ўз фаолиятида фуқароларнинг вакили сифатида намоён бўлади.

Фуқаролар томонидан сайланиб, сайловда ғолиб чиққан номзод кейинги сайловларга қадар, фуқароларнинг манфаатини кўзлаб, қонунларга риоя қилган ҳолда улар манфаатларини ҳимоя қилади. Сайлов орқали фуқаро ўзига тегишли бўлган бошқарув ҳуқуқини маълум бир шахсга вақтинча, белгиланган муддатга топширади. Айнан мана шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда сайловни мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим жараёнлардан бири деб ҳисоблаш мумкин.

2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади, бундан ушбу Конституцияда назарда тутилган муддатидан илгари сайлов ўтказиш ҳоллари мустасно. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга.

Сўнгги йилларда сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган бир қанча муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди . Сайлов қонунчилигидаги яна бир муҳим ўзгариш­лардан бири Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг [4] қабул қилиниши билан боғлиқ бўлиб, ушбу кодекснинг қабул қилиниши билан фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги ариза (шикоят)ларни кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилди.

I. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини шартли равишда иккига бўлиб ўрганиш мумкин. Булар фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг пассив  ва актив (ижобий) ҳуқуқий механизмларидир. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг пассив ҳуқуқий механизмига сайлов қонунчилигининг бузилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси билан ўрнатилган жавобгарликнинг келиб чиқишини келтириб ўтишимиз мумкин. Бунда содир этилган ҳуқуқбузарлик ёки қилмиш учун жавобгарликка тортилиши натижасида билвосита тарзда ҳуқуқи бузилган фуқаронинг сайлов ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Яъни жавобгарликка тортилиш орқали бошқа шахслар томонидан худди шундай ҳуқуқбузарлик ёки қилмиш содир этилишининг олди олинади. Бу эса, албатта, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилинишига олиб келади. Бироқ мазкур жараёнда ҳар доим ҳам фуқаролар ўз ҳуқуқини фаол тарзда ҳимоя қила олмайди.

Бунда айбдорларга нисбатан маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ваколатли давлат органларининг мутлақ ваколати саналади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси V-1 боби сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик деб номланиб, унда жами 8 та модда келтириб ўтилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш (51-2-модда), Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик (51-3-модда), номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш (51-4-модда), сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш (51-5-модда), номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатиш (51-6-модда), сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш (51-7-модда), сайловни ёки референдумни молиялаштириш тартибини бузиш (51-8-модда), жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш (51-9-модда) кабилар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши жиноятлар деб номланган VII бобида ҳам сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (146-модда), сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш (147-модда) учун жиноий жавобгарлик ўрнатилганлигини кўришимиз мумкин.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг актив (ижобий) ҳуқуқий механизмлари деганда бевосита ҳуқуқи бузилган шахснинг ҳуқуқини қонун доирасида тўғридан тўғри ҳимоя қилиш орқали тиклаш тушунилади.

Ўз навбатида, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг актив (ижобий) ҳуқуқий механизмларининг икки тартиби мавжуд. Биринчиси маъмурий тартиб бўлса, иккинчиси суд тартибида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилиш саналади.

Ўзбекистон Республикасида сайлов ҳуқуқларини маъмурий тартибида ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қонун сифатида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини келтириб ўтиш мумкин.

Жумладан, Сайлов кодекси 101-моддасига кўра, сайлов комиссиялари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилган.

Сайлов комиссиялари сайлов кампаниясини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу Кодекс талаблари бузилганлиги ёки сайловни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши, ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар бериши, сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни эса дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши шарт.

Мурожаатлар қайдлов дафтарида рўйхатга олиниши лозим.

Сайлов комиссиясининг раиси мурожаатни кўриб чиқиш ва унга доир қарор қабул қилиш учун тегишли комиссияни ушбу Кодексда белгиланган муддатларда чақиради ва унинг мажлисини ўтказади. Мажлисга манфаатдор шахслар таклиф этилиши мумкин.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган участка сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаат уч кунлик муддатда тегишли органларга мурожаат юборган шахс бу ҳақда хабардор қилинган ҳолда юборилади.

Мурожаатни кўриб чиққан сайлов комиссиялари аъзолари уни кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарор тўғрисида мурожаат юборган шахсни хабардор қилиши шарт.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд тартиби энг самарали восита ҳисобланади [7]. Ўзбекистон Республикасида сайлов ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилишга қаратилган иккита муҳим қонун мавжуд. Булар Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (МСИЮтК)дир. Мазкур қонунларда сайлов ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилишга оид бир қанча қоидалар келтириб ўтилган. Жумладан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида маъмурий судларга сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар тааллуқли эканлиги қайд этилган. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 30-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди биринчи инстанция суди сифатида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш ҳақидаги ишларни кўриб чиқади.

Сайлов кодексида Ўзбекистон Республикасида сайловни ўтказиш принциплари, сайлов ўтказилиш тартиби, номзодликка қўйиш тартиби, сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайлов комиссиясининг ваколатлари, сайловолди ишларни амалга ошириш тартиби ва муддатлари, шунингдек, овоз бериш жараёнида амал қилиниши керак бўлган тартиб-қоидалар, сайлов натижаларини эълон қилиш тартиби аниқ-равшан қилиб белгилаб қўйилган. Бу эса фуқароларнинг сайлов тўғрисидаги оддий тушунчаларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Сайлов кодексининг қабул қилиниши билан мамлакатимизда сайловни ўтказишнинг қатъий тартиби белгилаб қўйилди.

Хорижий мамлакатларда ҳам сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судга шикоят қилиш механизми фуқароларнинг сайлов ҳуқуқининг кафолати сифатида мустаҳкамланган. Жумладан, Россия Федерацияси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси [8] 239-моддасида сайловчилар ўзларининг сайлов ҳуқуқлари бузилиши юзасидан давлат органлари, мансабдор шахслари, сайлов комиссиялари қарорлари, ҳаракат (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиши мумкинлиги келтириб ўтилган.

II. Судга шикоят қилиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида сайлов комиссияси қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби ҳам белгилаб қўйилган.

Сайлов кодексининг 102-моддасига кўра, депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Сайлов ҳуқуқлари бузилиши юзасидан тегишли сайлов комиссиялари хатти-ҳаракатлари ёки қарорлари устидан маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин. Бунда тегишли сайлов комиссияси қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ёки тегишли сайлов комиссияси хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топишни сўраб, маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин. Бироқ шуни айтиб ўтишимиз керакки, такрорий сайлов ўтказиш, сайловларни ҳақиқий эмас деб топиш, сайловни ўтмаган деб топиш маъмурий суд ваколатининг предмети эмас. Шунга кўра, бундай талаблар билан маъмурий судга шикоят қилиб бўлмайди. Маъмурий судлар фақат тегишли сайлов комиссиялар қарорларини ҳақиқий эмас,хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топиши мумкин.

Сайлов кодексига кўра, такрорий сайлов ўтказиш, сайловни ўтмаган, ҳақиқий эмас деб топиш фақатгина тегишли сайлов комиссиясининг ваколатига киради. Аммо бу ҳолатда фақатгина битта сайлов участкаси ёки округида сайлов ўтмаган деб топилган бўлса, агар ушбу сайлов участкаси ёки округи сайлов натижаларисиз ҳам сайлов ўтган деб ҳисоблаш мумкин бўлса, у ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан ушбу участка сайлов натижалари чиқариб ташланиши мумкин.

Бу борада Ўзбекистонда ҳам тегишли суд амалиёти мавжуд деб айтиш мумкин.

Амалий мисол № 1. Aризачи Бахромов Ф.Ф. судга Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 4-Лутфий номли участка сайлов комиссиясининг 2019 йил 22 декабрдаги 19-сонли ноқонуний қабул қилинган қарорини, Сайлов кодексининг кўплаб бузилишларини инобатга олган ҳолда бекор қилишни сўраган. Чилонзор туманидаги 631-сонли участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан йўл қўйилган бир неча қонун бузилишлар ва депутатликка номзод Мамадалиев A.A. билан участка сайлов комиссияси аъзоларининг манфаатлар тўқнашувини инобатга олган ҳолда, Сайлов кодексининг 96-моддасига биноан 631-сонли сайлов участкасида сайловлар пайтида овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатган қонун бузилишлари сабабли участка сайлов комиссиясида ўтган сайловни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Шунингдек, аризачи Бахромов Ф.Ф. сайловларнинг умумий натижаларидан 631-сонли сайлов участкасининг натижаларини чиқариб ташлаш орқали энг кўп овоз тўплаган номзодлар учун иккинчи турни таъминланишиини сўраган.

Бироқ маъмурий суд томонидан мазкур ариза иш юритишга қабул қилиниши рад қилинган. Асос сифатида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси биринчи қисмининг
1-банди, яъни мазкур ишнинг маъмурий судга тааллуқли эмаслиги келтириб ўтилган.

Бундан кўринадики, Сайлов кодексига кўра, сайловни ҳақиқий эмас деб топиш фақатгина тегишли сайлов комиссиясининг ваколатига киради. Бундай талаб билан маъмурий судга мурожаат қилиб бўлмайди.

Амалий мисол № 2. Aризачи Ф “22.12.2019 йилда ўтказилган сайлов натижаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги” ариза билан Шеробод туман маъмурий судига мурожаат қилган. Маъмурий суд томонидан мазкур ариза иш юритишга қабул қилиниб, Шеробод туман маъмурий судининг 2020 йил 9 январдаги ҳал қилув қарори билан аризачи Фнинг шикоят аризаси қаноатлантирилган.

Бироқ фикримизча, маъмурий суд томонидан мазкур аризани иш юритишга қабул қилиш рад этилиши лозим эди. Асос сифатида МСИЮтК   133-моддаси биринчи қисмининг 1-банди, яъни мазкур ишнинг маъмурий судга тааллуқли эмаслиги келтириб ўтиш мумкин. Зеро, Сайлов кодексига кўра, сайлов натижаларини ҳақиқий эмас деб топиш фақатгина тегишли сайлов комиссиясининг ваколатига киради. Бундай талаб билан маъмурий судга мурожаат қилиб бўлмайди.

Юқоридаги амалий мисоллардан шуни кўришимиз мумкинки, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд тартибининг  ўзига хос талаб ва шартлари мавжуд. Мазкур қоидаларга риоя қилмаслик эса, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

III. Судга шикоят қилиш муддати

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилишда судга мурожаат қилиш муддатларига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим. Зеро, тегишли муддатлар ўтгандан кейин қилинган ариза (шикоят) қаноатлантирилмасдан қолдирилиши мумкин.

Сайлов кодексининг 102-моддасига кўра, сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил    24 декабрдаги “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 24-сонли қарори 18-бандида маъмурий органлар ва улар мансабдор шахслари қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш тўғрисидаги ишларни кўришда, суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг даъво муддати тўғрисидаги нормаларини қўллашга ҳақли эмас ва фақат МСИЮтК ҳамда тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунларда назарда тутилган муддатларгагина асосланиши кераклиги келтирилган [9].

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил       24 декабрдаги 24-сонли қарорининг 19-бандига кўра, аризанинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларни ўтказиб берилиши уни қайтариш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолларда ариза иш юритишга қабул қилиниб, мазмунан кўриб чиқилиши лозим.

Суд ҳар бир иш бўйича аризачи томонидан қонун билан белгиланган судга мурожаат қилиш муддатларига риоя қилинганлигини аниқлаши, мазкур муддатлар бузилганда эса, манфаатдор шахс ушбу ҳолатга эътибор қаратганлигидан қатъи назар уларнинг ўтказиб юборилиши сабабларини муҳокама қилиши лозим.

Судга мурожаат қилиш муддати аризачига қуйидагилар маълум бўлган куннинг эртасидан бошланади:

унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги;

унинг ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга оширишга тўсиқлар вужудга келтирилганлиги;

унинг зиммасига бирор-бир мажбурият юкланганлиги.

Судга мурожаат қилиш муддатига риоя қилиниш масаласи ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга ҳолат эканлиги сабабли, уни тиклаш ёки тиклашни рад этиш тўғрисидаги хулосалар, МСИЮтК 156-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига кўра, суднинг ҳал қилув қарорида асослантирилиши лозим.

Агар судга мурожаат қилиш муддати ўтказиб юборилган ёки ўтказиб юборилган муддатни тиклаш суд томонидан рад этилган бўлса, аризани қаноатлантириш рад қилинади.

Бундан кўринадики, сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. Мазкур муддатга риоя қилмаслик ариза (шикоят)ни қаноатлантирмасдан қолдирилишига асос бўлиши мумкин.

IV. Ариза (шикоят) шакли

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилишда ариза (шикоят) шаклига ҳам етарлича эътибор қаратиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил       24 декабрдаги 24-сонли қарори 15-бандига кўра, қарорни ҳақиқий эмас деб топиш, ҳаракатни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) МСИЮтК 128, 187-моддаларига мувофиқ расмийлаштирилиши ҳамда қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланган бўлиши лозим. Ариза (шикоят) шакли ва мазмунига нисбатан МСИЮтК 187-моддасида белгиланган талабларни инобатга олиб, унда жумладан, қуйидагилар кўрсатилиши керак:

қандай қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётганлиги;

маъмурий органнинг номи;

мансабдор шахснинг фамилияси ва исм шарифининг бош ҳарфлари;

қарорнинг реквизитлари;

аризачининг аниқ қандай ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги;

аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) қайси қонун ҳужжатига зид эканлиги;

шунга ўхшаш шикоят бўйсунув тартибида юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга берилганберилмаганлиги ва агар берилган бўлса, қандай жавоб олинганлиги.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 декабрдаги 24-сонли қарори 15-бандига кўра, аризага (шикоятга) МСИЮтК 130-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек, низолашилаётган қарор нусхаси илова қилинади. Бироқ МСИЮтК 134-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, аризага қарорни илова қилмаслик аризани қайтаришга асос бўлмайди. Суд низолашилаётган қарорни аризачининг илтимосномасига кўра ёки ўз ташаббуси билан маъмурий органдан талаб қилиб олишга ҳақли.

Бундан кўринадики, фуқаролар томонидан судга мурожаат қилинганда тегишли сайлов комиссияларининг қарорларини аризага илова қилмаслик, аризани қайтаришга асос бўлмас экан.

V. Шикоятни кўриб чиқиш ва суднинг ҳал қилув қарори

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 142-моддасига кўра, сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Шикоят суд томонидан аризачини ва тегишли сайлов комиссиясининг вакилини, шунингдек, прокурорни, агар шикоят аризачига эмас, балки бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахсни ҳам чақирган ҳолда кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 167-моддасига кўра, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларга доир ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилиши лозим.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, янги сайлов қонунчилиги сайловларнинг очиқ, ошкора, адолатли ўтишини таьминлаб беради. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари ҳамда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги ариза (шикоят)ларни кўриб чиқиш тартибини билиш энг муҳим конституциявий ҳуқуқлардан бири бўлмиш сайлов ҳуқуқини самарали ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.