Кириш
Демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда демократик сайловларнинг аҳамияти беқиёсдир. Ҳар бир давлат сайловларнинг адолатли ва холисона ўтишига алоҳида эътибор беради. Шунинг учун ҳам бошқа давлатлар каби Ўзбекистонда ҳам сайловларни кузатишни ташкил қилишга алоҳида аҳамият берилади. Мамлакатимизда бу борада халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган тамойиллари тизимли жорий қилиниб, ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари инобатга олинмоқда.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни кузатишда хорижий (халқаро) ва миллий кузатувчилар иштирок этади. Кузатувчиларнинг иштироки халқаро сайлов стандарти бўлиб, давлатга бунинг учун қулай шароит яратиш мажбуриятини юклайди. Сайловда хорижий кузатувчиларнинг ҳозир бўлиши сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини ҳамда сайлов натижаларининг қонунийлигини таъминлаш баробарида миллий қонунчилик ва сайлов тартиб-таомилларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш имконини беради.
Кузатувчилар сайлов натижаларининг ошкора ва ҳаққоний бўлишининг амалий кафолатидир. Сайлов кампаниясини ташкил этишда ошкоралик муҳитининг яратилиши, сайлов куни сайлов участкаларида кузатувчиларнинг ҳозир бўлиши сайловнинг адолатли бўлишига жамоатчилик ишончининг ортиши, сайлов жараёнида фуқароларнинг фаол иштирок этишига хизмат қилади.
Кузатувчилар овозларни санаб чиқишни кузатган ҳолда, улар овоз натижаларининг умумий якунларининг холисона аниқланишини таъминлайдилар. Улар кузатувлар натижасида тўпланган ахборот асосида сайлов якунларига ҳаққоний баҳо ва хулоса берадилар. Кузатувчилар томонидан аниқланган сайлов тартиб-таомилларининг бузилиши ҳолатлари ва улар таҳлилининг натижалари сайлов қонунчилиги ҳамда технологияларини такомиллаштиришга асос бўлади.
Сайловлар қонунийлигини таъминлаш тизимида кузатувчилар етакчи ўрин эгаллайдилар. Қонун бузилиши ҳолатларининг фош этилиши уларни ўз вақтида тузатишга ва сайлов натижаларига таъсирини аниқлашга хизмат қилади. Кузатув сайловларни қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтишига катта ҳисса қўшади ва аҳолининг демократияга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
I. Сайловда кузатувчилар иштирокининг ҳуқуқий асослари
Сайловларда кузатув институти, бир томондан, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида амалдаги миллий қонунчилик ва халқаро стандартларга мувофиқ сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, кузатув давомида сайловни ўтказиш жараёнида юзага келадиган, шу жумладан, сайлов қонунчилиги бузилишини олдини олиш, аниқланган ҳолатларни ўрганиш ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқишга кўмак беради.
Cайловда кузатувни амалга оширувчи шахслар кузатувчилар дейилади. Бугунги кунда улар хорижий (халқаро) ва маҳаллий кузатувчиларга таснифланадилар. Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этадилар. Маҳаллий кузатувчилар партиявий ва мустақил (нопартиявий) бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига кўрсатган номзоди рўйхатга олинганда сиёсий партия ўз кузатувчиларини тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади. Мамлакатимизда мустақил кузатувчиларни кўрсатиш ҳуқуқига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эга.
Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг мақом ва ваколатлари қуйидаги халқаро ҳужжатларда белгиланган:

БМТ томонидан 2005 йил 27 октябрда эълон қилинган Сайловларни халқаро кузатиш принциплари тўғрисидаги декларацияси, унга илова қилинган Сайловларда халқаро кузатувчиларнинг ахлоқ кодекси;

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг 1990 йил 29 июнда қабул қилинган Инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген кенгаши ҳужжати;

МДҲ иштирокчи давлатлари Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2004 йил 26 мартдаги қарори билан тасдиқланган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида иштирокчи давлатлар президент ва парламент сайловларида, шунингдек, референдумларида МДҲ кузатувчилари миссияси тўғрисидаги низом;
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2006 йил 15 майдаги қарори билан тасдиқланган Президент ёки парламент сайловларида ШҲТ кузатувчилари миссияси тўғрисидаги Низом.
Сайловларнинг халқаро кузатувини ташкил қилишда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) фаол иштирок этади. Умуман, ДИИҲБ ҳозирги кунда қуйидаги 5 та асосий йўналиш бўйича фаолият юритади: сайловлар; демократлаштириш; инсон ҳуқуқлари; бағрикенглик ва камситишга йўл қўймаслик; миллий озчилик ҳуқуқлари, хусусан, рома ва синти (лўли) халқларининг муаммолари.
ДИИҲБда қарийб 30 та давлатдан 130 дан ортиқ мутахассислар фаолият олиб боради. ДИИҲБ бош қароргоҳи Польша пойтахти Варшава шаҳрида жойлашган. ДИИҲБ 1990 йилда ЕХҲТга аъзо давлатлар Париж саммитининг қарорига асосан “Эркин сайловлар бўйича бюро” сифатида ташкил қилинган бўлиб, 1991 йил май ойидан ўз фаолиятини бошлаган. 1993 йилда Рим шаҳрида бўлиб ўтган ЕХҲТ Кенгаши ДИИҲБнинг сайлов жараёнларини кузатишдаги ролини ҳар томонлама кучайтиришга қарор қилди.
ДИИҲБ томонидан сайлов кунидан бир неча ой олдин кузатиш учун эҳтиёжларни ўрганиш миссияси юборилади. Миссияни бажариш учун 2-3 нафар мутахассис жалб этилади, баъзан унинг ишида ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг вакили иштирок этади. Мазкур миссия хулосасига кўра, ДИИҲБ сайловни кузатиш ёки кузатмаслик ҳамда мониторинг ўтказиш кўламини белгилаш бўйича қарор қабул қилади. Давлатдаги мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, чекланган ёки тўлиқ “Сайловларни кузатиш миссияси” юборилади.
Мазкур миссия ўзининг сайловлар хусусидаги бошланғич хулосаларини овоз бериш ўтказилган куннинг эртасигаёқ эълон қилади.
Хорижий (халқаро) кузатувчилар сайловларни ўрганиш муддатига кўра, узоқ муддатли ва қисқа муддатли кузатувчиларга таснифланади.
Узоқ муддатли кузатувчилар сайлов кунидан 6-8 ҳафта олдин, қисқа муддатли кузатувчилар эса сайловдан 3-5 кун олдин сайлов ўтказаётган давлатга кириб келадилар. Узоқ муддатли кузатувчилар ДИИҲБ томонидан юбориладиган кузатувчилар, қисқа муддатли кузатувчилар эса давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлар томонидан юбориладиган кузатувчилардир.
Бугунги кунга қадар хорижий (халқаро) кузатувчилар томонидан Ўзбекистон сайлов қонунчилигини такомиллаштириш юзасидан қатор тавсиялар берилган. Ушбу тавсиялар чуқур ўрганилиб, мамлакатимиз сайлов қонунчилигини такомиллаштиришда инобатга олинмоқда.
Масалан, мамлакатимизда ўтказилган аввалги сайловларга оид ДИИҲБ хулосаларида ўрин олган “оилавий овоз бериш” амалиётининг мавжудлиги; ОАВларини сайловга тайёргарлик ва ўтказиш жараёнларини ёритишдаги сусткашлиги, айниқса, партиялар ва депутатликка номзодлар ўртасидаги баҳс мунозараларни ёритишдаги сусткашлиги; маҳаллий ННТларини сайлов жараёнларини кузатишдаги иштироки бўйича ҳуқуқий меъёр талқин этилмаганлиги; Ўзбекистон Экологик ҳаракатини 15 кишилик квота асосида депутатларни сайлаш тартибини Копенгаген ҳужжатининг 7.2-бандига зид эканлиги ва бошқа тавсиялар бугунги кунга қадар бартараф қилиниб, қонунчиликда ўз аксини топган.
Мамлакатимизда хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг иштироки кенгайиб бормоқда. Мамлакатимизда ўтказилган аввалги сайловларда халқаро кузатувни амалга оширишда ЕХҲТ ДИИҲБ, МДҲ ижроия қўмитаси, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси каби халқаро ташкилотлар миссиялари таркибида 334 нафар хорижий (халқаро) кузатувчилар қатнашган.
2021 йилги сайловни кузатишда 18 та халқаро ташкилот ва 45 та хорижий давлат вакилларидан иборат жами 971 нафар халқаро кузатувчи иштирок этди.
Ўзбекистонда ўтказилаётган сайловларда маҳаллий кузатувчиларнинг иштироки кенгайиб бормоқда. 2019 йилгача сайловларда фақат сиёсий партиялардан кўрсатилган кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга эди. 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодексида илк бор фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кузатувчилар кўрсатиш ҳуқуқи берилди. Маҳаллий кузатувчиларнинг сайловларда иштирок этиш ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги 951-сон қарори билан тасдиқланган Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади.

Мамлакатимизнинг сайлов амалиётига эътибор қаратсак, унда халқаро кузатувни ташкил қилиш, миллий қонун ҳужжатлари ва халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этилади. Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 19 сентябрдаги 938-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8 ва 33-моддаси, шунингдек, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар фаолиятининг тартибини белгилайди.

II. Маҳаллий кузатувчи сифатида номзодларни кўрсатиш тартиби
Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган ҳар қандай Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиядан кузатувчи бўлиши мумкин. Сиёсий партиянинг туман (шаҳар) ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига ушбу сиёсий партиядан кўрсатилган номзод рўйхатга олинган кундан бошлаб округ сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек, фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари кузатувчи бўлиши мумкин. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари округ сайлов комиссияси тузилганидан кейин уларга ариза билан мурожаат қилади.
Аризага қуйидагилар илова қилинади:
- кузатувчиларнинг рўйхати (исми-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда),
- уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхалари,
- 3х4 см. ўлчамдаги икки дона фотосурат.
Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловга камида 10 кун қолгунга қадар мурожаат қилиши мумкин.
Округ сайлов комиссияси сиёсий партия ташкилотининг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризасини олгандан кейин 5 кун ичида қарор қабул қилади ва кузатувчи учун мандат беради.

Мандатда сиёсий партияни бошқа сиёсий партиядан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фарқлаш учун алоҳида белгилар (мандат ранги ёки бошқа) акс эттирилиши мумкин.
Сиёсий партия ташкилоти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари округ сайлов комиссиясидан мандатларни олгандан сўнг уларни кузатувчиларга етказилишини таъминлайди.
Қуйидаги ҳолларда кузатувчига мандат бериш
рад этилиши мумкин:
- кузатувчига номзод 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;
- сайловга ўн беш кундан кам муддат қолганда мурожаат этилса;
- тегишли сайлов округи бўйича сиёсий партиядан номзод рўйхатга олинмаган бўлса (сиёсий партиянинг кузатувчилари учун);
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахси бўлмаса (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг кузатувчилари учун);
- ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса.
Кузатувчининг ваколат муддати унга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди. Сайлов комиссиялари кузатувчининг мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради.
Тегишли сайлов комиссияси томонидан такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, кузатувчилар мандатининг амал қилиши тегишли муддатга узайтирилади.
III. Хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этиш ва уларни аккредитация қилиш тартиби
Сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинганидан сўнг, МСК хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотларга Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборади.
Ташқи ишлар вазирлиги ўз ташаббусига кўра ёки давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, илмий – тадқиқот институтлари, бошқа ташкилот ва муассасалар таклифларига кўра сайловларга хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этади.
Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам сайловларда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини изҳор этиб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиши мумкин.
Сайловда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф этилган, шунингдек, бундай истакни изҳор этган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар:
- ўз кузатувчиларининг рўйхати,
- шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари нусхалари,
- электрон фото суратлари ва
- қонун ҳужжатида белгиланган мазмундаги анкеталарни Ташқи ишлар вазирлигига тақдим қилади.
Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар тегишли ҳужжатларни овоз бериш кунидан камида ўн кун олдин тақдим этиши лозим.
Ташқи ишлар вазирлиги тегишли хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг ҳужжатларини илова қилган ҳолда МСКга тақдимнома киритади. МСК беш кунлик муддатда хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Аккредитация қилинган хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг рўйхати МСКнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Қуйидаги ҳолларда хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитация қилиш рад этилиши мумкин:
- аккредитация учун тақдим этилган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги низом талабларига жавоб бермаса;
- ҳужжатлар белгиланган муддатдан кеч тақдим қилинса;
- хорижий (халқаро) кузатувчининг ёки унинг номзодини кўрсатган ташкилотнинг фаолияти миллий қонунчиликка зид бўлса ёки Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва миллий манфаатларига хавф солса.
МСК аккредитация қилинган хорижий (халқаро) кузатувчига қуйидаги намунага мувофиқ мандат беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови
2021 йил 24 октябрь
Хорижий (халқаро) кузатувчи

Мандат реквизитлари келтирилган 140 х 100 мм. ўлчамдаги икки тарафли (ўзбек ва рус, ўзбек ва инглиз тилларида) намунавий бланкда расмийлаштирилади.
Мандатда унинг тартиб рақами, хорижий (халқаро) кузатувчининг фамилияси, исми, уни вакил сифатида юборган мамлакат ва (ёки) ташкилот номи, шунингдек, МСК-нинг гербли думалоқ муҳри голограммаси билан мустаҳкамланган МСК раисининг имзоси қўйилади. Хорижий (халқаро) кузатув-чиларнинг ваколат муддати уларга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди. Хорижий (халқаро) кузатувчининг мандати унинг мақомини тасдиқловчи ҳужжатдир. Мандат хорижий (халқаро) кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятини амалга ошириши учун асос ҳисобланади. МСК томонидан такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда хорижий (халқаро) кузатувчилар мандати тегишли муддатга узайтирилади.
IV. Кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
Кузатувчиларга ўз фаолиятини самарали амалга ошириш мақсадида муайян ҳуқуқлар берилган. Кузатувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;
- номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш;
- сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;
- сайлов куни овоз бериш жараёнини кузатиш;
- муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш;
- овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш;
- сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш;
- кузатув натижалари тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаат қилиш;
- округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш;
- ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин участка сайлов комиссиясини хабардор қилиш;
- агар сайлов участкасида сайлов қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилиш, шунингдек юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар бериш;
- сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳақида, шунингдек сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш.
Кузатувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.
Хорижий (халқаро) кузатувчилар юқоридагилардан ташқари қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:
- агар сайлов участкасида сайловга оид Ўзбекистон қонунчилиги баробарида халқаро нормалар талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилиш, шунингдек юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар бериш;
- кузатув олиб бориш давомида ўзи ёллаган таржимон ҳамроҳлигида бўлиш;
- сайловолди ташвиқоти белгилари бўлмаган, фамилияси, исми ва отасининг исми, ўзи вакиллик қилаётган ташкилотнинг номи кўрсатилган кўкрак нишонлари тақиш.

Кузатувчилар зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:
- ўз фаолиятида тегишинча Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, жумладан Ўзбекистонда бўлиш қоидаларига, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига амал қилиш;
- барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрганида унга берилган мандатни ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши ҳамда мансабдор шахслар талабига мувофиқ уларни кўрсатиши;
- ўз хулосаларини шахсан ўтказилган кузатув ва ҳақиқий материаллар билан асослаши шарт.
Шунингдек, хорижий (халқаро) кузатувчилар юқоридаги мажбуриятлардан ташқари:
- сайлов устидан халқаро кузатувни амалга ошириш борасидаги ўз вазифаларини холислик, сиёсий бетарафлик принципларига амал қилган ҳолда бажариш,
- сайлов комиссиялари, давлат органлари, мансабдор шахслар, сайлов жараёни иштирокчиларига нисбатан қандай бўлмасин бирон-бир тарзда афзаллик билдиришдан воз кечиши шарт.
Кузатувчига қуйидагилар ман этилади:
- сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;
- сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш;
- сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
- участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш;
- сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.
Шунингдек, хорижий (халқаро) кузатувчиларга бирон-бир партия ёки номзодга тегишли рамзий тусдаги белгиларни тақиб ёки олиб юриш ман этилади.
Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган тадбирларда иштирок этиши МСК томонидан олдиндан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Маҳаллий кузатувчи Ўзбекистон Республикасининг Сайлов
кодекси талабларига ва Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисидаги низом қоидаларига риоя этмаган тақдирда, округ сайлов комиссияси унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиши мумкин.
Хорижий (халқаро) кузатувчилар ўз ваколатлари доирасидан четга чиқувчи фаолиятни амалга оширишга, шунингдек сайловга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ва сайлов кампаниясининг боришини кузатиш билан боғлиқ бўлмаган фаолият билан шуғулланишда ўз мақомидан фойдаланишга ҳақли эмас.
Агар хорижий (халқаро) кузатувчи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг талабларини, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари ва нормаларини бузса, МСК хорижий (халқаро) кузатувчи ваколатларини муддатидан илгари тугатиши мумкин.
V. Кузатувчилар фаолиятининг кафолатлари
Сайлов комиссиялари кузатувчиларга ўз ҳуқуқларидан тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз фойдаланиш учун зарур шароит яратиб беради.
Хорижий (халқаро) кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиши вақтида Ўзбекистон Республикаси ҳимояси остида бўладилар ва уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади. Хорижий (халқаро) кузатувчилар ўз фаолиятларини мустақил равишда амалга оширадилар.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, МСК, округ сайлов комиссиялари, участка сайлов комиссиялари ўз ваколатлари доирасида хорижий (халқаро) кузатувчилар фаолиятига кўмаклашади.
Сайлов комиссиялари хорижий (халқаро) кузатувчини мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради. Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг ҳуқуқларини бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Кузатувчи сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин. Кузатувчи шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 514-моддасида кузатувчининг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Ушбу моддага кўра, кузатувчининг ҳуқуқларини бузиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасига кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш жиноят ишлари бўйича судларга тааллуқлидир. Кодекснинг 305-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш мазкур ишни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилиши белгиланган бўлса, 514 ва бошқа айрим моддаларда назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бир сутка мобайнида кўриб чиқилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 3245-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) у ишнинг барча материаллари билан келиб тушган кундан эътиборан ўн беш сутка ичида апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилиши лозим бўлса, 514 ва бошқа айрим моддаларда назарда тутилган биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича қарорлари устидан берилган апелляция шикоятлари (протестлари) ишнинг барча материаллари билан келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилиши лозим.