Кириш
Ривожланган адолатли ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг асосий шарти қонун устуворлигини таъминлаш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳисобланади. Шу сабабли охирги йилларда Ўзбекистон Республикасида аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш ва уларнинг давлат ҳокимияти органлари билан бўладиган муносабатларида у ёки бу масалаларнинг адолат тамойиллари асосида ўз ечимини топиши учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан биридир. Сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда малакали юридик кадрларни тайёрлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш долзарб аҳамиятга эга. Сайловлар мамлакатнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлиб, ушбу конституциявий институт орқали фуқаролар мамлакат ишларини бошқариш ҳуқуқидан бевосита фойдаланиш орқали ўз келажаги учун овоз беради.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда халқаро демократия стандартларига мос келувчи миллий сайлов тизими яратилмоқда. Бу борада Конституция ва сайлов қонунчилигимизга асосланган, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига тўла мувофиқ келадиган мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди ҳамда изчил ривожланиб бормоқда.
Натижада Ўзбекистонда ўзининг очиқ ва шаффофлиги билан
барча демократик талабларга тўла мос келувчи сайлов тизими яратилган. Бу тизим, аввало, умумэътироф этилган сайлов стандартларига таянади. Ушбу оммабоп рисолада Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишга оид округ сайлов комиссиялари ҳақида батафсил маълумот берилган.
Китобхон мазкур оммабоп рисола билан танишиш натижасида нафақат округ сайлов комиссиялари тўғрисида билим олиши, балки давлат ҳокимияти тузилиши, унинг характери ва ишлаш механизмлари ҳақида маълумотлар олиши мумкин.
Рисолада китобхонга матннинг қулай бўлиши учун маълумотларни имкон қадар чизмалар ва расмлар тарзида етказишга ҳаракат қилинди.
I. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов округларини тузиш тартиби қандай
Ўзбекистон Республикасида Президент сайловларига оид барча масалалар Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексида белгиланган қоидалар асосида тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодекси 2019 йил 26 июнь санасида кучга кирган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади. (1-расмга қаранг).
1-расм

Яъни Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳисобида жами 14 та сайлов округлари тузилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Марказий сайлов комиссиясига округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
Сайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери кўрсатилган ҳолда, сайловдан камида 75 кун олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади ҳамда расмий веб-сайтда, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Округ сайлов комиссиялари Ўзбекистонда сайловларни ташкил этишнинг ўрта бўғини ҳисобланади. (1-чизмага қаранг).
1-чизма
Сайлов тизими

II. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари қандай шакллантирилади
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари Марказий сайлов комиссиясига округ сайлов комиссиясининг аъзолигига номзодларни сайлов округлари тузилганидан сўнг уч кун ичида тавсия этади. (Мисолга қаранг!)
Округ сайлов комиссиясининг аъзолари жамоатчиликнинг обрў-эътиборли вакиллари орасидан тасдиқланади.
Округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида 70 кун қолганда, комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва 6-8 нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади.
Масалан, шу йил 24 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган бўлса, округ сайлов комиссиялари 10 августгача тузилиши керак. Агар округ сайлов комиссияларини 9 августда тузилди, деб тасаввур қиладиган бўлсак, уч кун ичида, яъни 12 августгача комиссия аъзолигига номзодлар Марказий сайлов комиссиясига тавсия этилиши зарур. Комиссия таркиби эса 15 августгача, яъни сайловга камида 70 кун қолганда тузилиши лозим. |
Округ сайлов комиссиялари шахсий таркиби унинг:
- раиси;
- раис ўринбосари;
- котиби;
- комиссия аъзолари;
- шунингдек, уларнинг иш жойи кўрсатилган ҳолда, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти ҳамда оммавий ахборот воситаларида сайловга камида
70 кун қолганда эълон қилинади.

III. Кимлар округ сайлов комиссияларига аъзо бўлиши мумкин
21 ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, одатда, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар округ сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин.
Округ сайлов комиссияси аъзосига Марказий сайлов комиссияси томонидан гувоҳнома берилади. Гувоҳномалар Марказий сайлов комиссиясининг раиси томонидан имзоланади. (2-расмга қаранг).
2-расм





Сайлов комиссияси аъзоси ўз хоҳишига биноан берган аризасига кўра бошқа ҳолларда ҳам уни комиссия аъзоси этиб тасдиқлаган органнинг қарори билан комиссия таркибидан чиқарилиши мумкин (2-расмга қаранг).
Бунда комиссия аъзосининг Сайлов кодекси талабларини бузганлиги ёки зиммасидаги мажбуриятларга мунтазам равишда эътиборсизлик қилганлигига оид ҳолат у аъзо бўлган сайлов комиссиясининг далолатномаси билан расмийлаштирилади.


Сайлов комиссиялари таркибида, шу жумладан, раҳбарлик лавозимларида эркак ва аёлларнинг тенг вакиллигини таъминлашга эътибор қаратилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ёхуд номзоднинг ишончли вакили этиб рўйхатга олинган сайлов комиссияси аъзоси комиссия таркибидан чиқиб кетган, деб ҳисобланади.
Комиссия аъзоси Сайлов кодекси талабларини бузган ёки зиммасидаги мажбуриятларига мунтазам равишда эътиборсизлик қилган тақдирда у комиссия аъзоси этиб тасдиқлаган органнинг қарори билан ваколатидан маҳрум этилиши мумкин. (3-расмга қаранг).

3-расм
IV. Округ сайлов комиссиясининг ваколатлари нималардан иборат


Қўшимча маълумот сифатида шуни таъкидлаш керакки, участка сайлов комиссиялари округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида 40 кун қолганда, 5-19 нафар аъзодан, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади.
V. Округ сайлов комиссиялари қандай ишлайди
Округ сайлов комиссияси ўз фаолиятини қонунийлик, коллегиаллик,ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида амалга оширади. Округ сайлов комиссияси ишининг ташкилий шакли унинг заруратга қараб ўтказиладиган мажлиси ҳисобланади.
Масалан, “заруратга қараб” дегани, мажлис ўтказиш учун асосли сабаблар бўлсагина округ комиссияси раиси барча комиссия аъзоларини йиғиб, округ сайлов комиссиясининг мажлисини ўтказиши мумкин. Агар зарурат бўлмаса, ортиқча мажлисбозликка йўл қўйилмайди. |
Округ сайлов комиссиясининг мажлиси, агар унда мажлис ўтказилаётган кундаги комиссия аъзолари умумий сонининг камида 2/3 қисми иштирок этаётган бўлса, ваколатли бўлади.
Масалан, Округ сайлов комиссияси 11 нафар кишидан иборат бўлса, шунинг 8 таси комиссия мажлисида иштирок этаётган бўлса, унинг қарорлари ҳақиқий ҳисобланади. |
Округ сайлов комиссиясининг мажлиси раиснинг ташаббусига кўра ёки комиссия аъзолари умумий таркибининг камида 1/3 қисми талабига биноан чақирилиши мумкин.
Комиссия қарори очиқ овоз бериш орқали комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарорга рози бўлмаган комиссия аъзолари алоҳида фикрини баён этишга ҳақли бўлиб, бу фикр ёзма шаклда баённомага илова қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Округ сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори қуйи сайлов комиссиялари, шунингдек, барча давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари ва ҳарбий қисмлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ижро этиши учун мажбурийдир.
Масалан, Қашқадарё вилоят округ сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари мазкур вилоятдаги барча участка сайлов комиссиялари, вилоят ва туманлар ҳокимликлари, вилоят бошқармалари ва туманлар бўлимлари, турли муассасалар учун ҳам мажбурийдир. |
Округ сайлов комиссияси мажлисларида масалалар очиқ ва ошкора муҳокама этилади. Мажлисда кун тартиби, унда иштирок этаётган комиссия аъзоларининг исми, фамилияси, отасининг исми, кўрилган ҳар бир масала бўйича овоз бериш натижалари, қабул қилинган қарор акс этган баённома юритилади.
Баённома раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади. Округ бўйича сайлов натижаларини белгилаш тўғрисидаги баённома комиссиянинг мажлисида иштирок этган барча аъзолари томонидан имзоланади.
Давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар сайлов комиссияларига ўз ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиши, уларнинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этиши шарт.
Округ сайлов комиссияси мажлисларида:
- Марказий сайлов комиссия аъзолари;
- рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига
номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари; - сиёсий партияларнинг кузатувчилари;
- оммавий ахборот воситаларининг вакиллари;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши мумкин.
Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун керак бўлган бинолар ва жиҳозларни сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туриши шарт.
“Бепул бериб туриши” дегани, сайлов якунланганидан сўнг бериб турилган мулкни қайтариб олиш мумкинлигини англатади. |
Округ сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат органлари ҳамда жамоат бирлашмаларининг органларига, корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Улар қўйилган масалани кўпи билан 3 кунлик муддатда кўриб чиқиши ва сайлов комиссиясига жавоб қайтариши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари чиқарилганидан, Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин ўз фаолиятини тугатади.
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА




