Кириш
Маълумки, сайловлар халқ ҳокимиятчилигининг асосини ташкил қилади. Ҳар қандай демократик давлат сайлов тизими асосида ривожланиб боради. Бинобарин, очиқ ҳамда демократик сайловлар давлат ва жамият қурилишининг асоси, халқ иродасининг олий ифодаси ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш учун халқаро сайлов стандартларига мос, очиқ демократик руҳдаги миллий сайлов қонунчилиги тизими такомиллаштирилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтганидек, “Яқинда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловлар натижасида республикамизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган янги ижтимоий муҳит вужудга келди. Сайловлар очиқ ойдин, халқаро стандартлар асосида ўтказилишини назорат қилиш учун 50 га яқин давлатдан ҳамда 10 та халқаро ташкилотдан 825 нафар кузатувчи иштирок этди. Биринчи марта Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 316 кишилик тўлақонли миссияси билан яқин ҳамкорлик қилдик. Халқаро кузатувчилар сайловлар эркин рақобат муҳитида, сиёсий партиялар ўртасида қизғин тортишув ва баҳс мунозаралар шароитида ўтганини, бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли сезиларли даражада ошганини алоҳида эътироф этдилар” Мазкур сиёсий-ҳуқуқий, демократик фаолият бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, cайлов қонунчилигини сайлов жараёнининг ҳамма иштирокчилари ҳам бирдек қўллаш кўникмасига эга, деб бўлмайди. Айрим ҳолларда сайлов қонунчилиги нормаларидан ҳуқуқни қўллаш тамойили асосида тўғри фойдаланишда муайян камчиликлар учраб туради. Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтганидек: “Бу борада сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш олдимизда турган муҳим масалалардан биридир. Шу билан бир қаторда, маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказишнинг уч поғонали тизимини оптималлаштириш, бунда туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим”
Сайлов кодекси ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун моҳиятини тўғри тушуниш ҳамда уларни сайлов жараёни амалиётида тўғри қўллаш масъулиятли иш ҳисобланади. У сайлов жараёни иштирокчиларидан юксак ҳуқуқий билим, тажрибани, Конституция ва амалдаги сайлов қонунчилик тизимига, айниқса, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг конституциявий асосига масъулият билан ёндашишни талаб қилади.
Мазкуроммабоп рисола Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида тайёрланган бўлиб, унда участка сайлов комиссиясининг ҳуқуқий мақоми, улар фаолиятининг шакллари ҳамда кафолатлари билан боғлиқ масалалар ўз ифодасини топган.
Рисолада участка сайлов комиссияларининг зиммасига сайлов жараёнида юклатилган вазифаларнинг кўлами, уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизми ва аҳамияти ёритилган
Ушбу рисола сайловлар жараёнини ташкил этиш ва уни ўтказишда иштирок этувчи мутахассисларга, сиёсий партияларнинг вакиллари, сайлов комиссияларининг аъзолари ҳамда сайловчиларга мўлжалланган.
1-§. Участка сайлов комиссияларининг мақоми ва сайлов тизимидаги ўрни
Участка сайлов комиссиясининг мақоми деганда, сайлов участкасининг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва бурчлари, ваколатлари, улар фаолиятининг шакллари ва кафолатлари йиғиндиси назарда тутилади.
Мамлакатимизда сайлов комиссияларининг тизими ва участка сайлов комиссияси фаолиятининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, Сайлов кодексида ва бошқа қонун ҳужжатларида белгилаб берилган.
Участка сайлов комиссиясининг ҳуқуқий мақомини белгилашда конституциявий нормалар муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, Конституциянинг 128- ва 129-моддаларида сайлов тизимининг умумий асослари, шу жумладан, сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказилишига оид масалалар тартибга солинган.

Участка сайлов комиссияси – мамлакат сайлов комиссиялари тизимининг қуйи бўғини саналади. Участка сайлов комиссиялари Сайлов кодексида белгиланган бир қанча ваколатларга эга.

Участка сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ёхуд мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.
Участка сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятида мамлакат Конституциясига, Сайлов кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
Сайловга оид масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш участка сайлов комиссияси томонидан коллегиал тарзда амалга оширилади.
Участка сайлов комиссиялари ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга оширади.

2-§. Сайлов участкаларини тузиш тартиби
Сайлов участкалари сайлов жараёнининг муҳим бўғини сифатида сайлов комиссиялари орасида энг фаол сайлов ташкилотчиларидан саналади. Участка сайлов комиссияларини тўғри шакллантириш сайловни сифатли ўтказишнинг асосий омили ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномасига асосан округ сайлов комиссиялари томонидан, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тузилади.
Сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкалари туманларнинг, шаҳарларнинг, шаҳарлардаги туманларнинг чегараларини инобатга олиб тузилади. Сайлов участкалари ҳарбий қисмларда ҳам тузилади ва қисмлар жойлашган ердаги округлар таркибига киради. Сайлов участкаларининг чегаралари бошқа сайлов округларининг чегараларини кесиб ўтмаслиги лозим.
Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторияларда, дам олиш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкин.
Мазкур участкалар улар жойлашган ердаги сайлов округлари таркибига киради. Мамлакатимиздан ташқарида тузиладиган сайлов участкаларини округларга бириктириш масаласи Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилади.
Сайлов участкалари умумий қоидага кўра, сайловга камида 60 кун қолганида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган таркибда тузилади. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 10 майдаги 1247-сон қарори билан тасдиқланган. Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича Календарь режаси иловасининг 1-йўналиши 4-бандига асосан эса, Сайлов участкаларини тузиш сайловга камида 45 кун қолганида тузилиши белгиланган. Ҳарбий қисмларда, республикамизнинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида ёки олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда сайлов участкалари шу муддатда, баъзи ҳолларда эса сайловга камида 7 кун қолганида тузилади.
Сайлов участкаларининг сони округлар сонидан кам бўлиши мумкин эмас.
Округ сайлов комиссияси сайлов участкаларининг тартиб рақамини белгилайди ва тегишли сайлов участка комиссиясининг телефон рақамларини, жойлашган ерини ва овоз бериш биносини кўрсатган ҳолда сайловчиларни ҳар бир участканинг чегаралари тўғрисида хабардор этади.
3-§. Участка сайлов комиссиясини тузиш тартиби

Агар комиссия етти нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади.
Зарур бўлган ҳолларда, участка сайлов комиссиясининг сон таркиби ўзгартирилиши мумкин.
Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида участка сайлов комиссияси раисининг вазифаларини ушбу ваколатхоналарнинг раҳбари амалга оширади.
Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодларнинг таклиф этилиши ва тасдиқланишининг бу каби ҳуқуқий механизмининг яратилиши демократик тамойиллардан келиб чиққан.
4-§. Участка сайлов комиссиясининг ваколатлари
Участка сайлов комиссиялари ҳуқуқий мақомига кўра сайлов жараёнида ўз фаолиятини сайловчилар ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчилари билан ўзаро алоқада олиб борувчи сайлов тизимининг ягона таркибий қисми ҳисобланади.
Шунга кўра, участка сайлов комиссияси сайлов тизимининг муҳим таркибий қисми сифатида қуйидаги қонуний ваколатларга эга:
- участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади;
- сайловчиларни сайловчиларнинг рўйхати билан таништиради, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ҳамда кўриб чиқади ва рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал қилади;
- сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилардан тўлдирилган сайлов бюллетенларини ёпиқ конвертларда қабул қилиб олади;
- аҳолини сайлов куни ва овоз бериш жойи тўғрисида хабардор этади;
- бинонинг яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари ва сайлов қутилари, шунингдек бошқа жиҳозлар билан тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;
- сайлов куни участкада овоз беришни ташкил этади; овозларни санаб чиқади; сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади.
Участка сайлов комиссиясининг мазкур ваколатларини тўғри идрок этиш ва амалда қўллаш қонунийликнинг муҳим шартидир.
5-§. Участка сайлов комиссияси аъзолигига қўйиладиган талаблар
Сайлов жараёни адолатлилик ва холисликни талаб қилади. Табиийки, участка сайлов комиссияси аъзолигига ҳам айнан шу устувор талаблар қўйилади. Яъни йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотли, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.
Шунингдек, бошқа сайлов комиссияларининг аъзолари, сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари ҳамда номзодларнинг яқин қариндошлари ёки ишончли вакиллари, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, мазкур талабдан мамлакатимизнинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно.
Сабаби бундай ҳолат сайлов жараёнидаги холисликни таъминлашга тўсқинлик қилади. Бугунги кунда амалиётда муайян ташкилот раҳбари участка сайлов комиссиясининг раиси, шунингдек, унинг аъзолари бевосита унинг бўйсунувидаги ходимлари саналади. Бу табиийки, участка сайлов комиссиясида адолатли қарорлар қабул қилинишига тўсқинлик қилади. Шу боис мазкур ҳуқуқий механизмнинг Сайлов кодексида инобатга олиниши муҳим аҳамиятга эга.
Яна бир муҳим масала бу сайлов комиссиялари аъзоларининг ёши. Ўтган сайловларда 21 ёшдан 30 ёшгача бўлган комиссия аъзолари
18 фоизни ташкил қилган. Ёшларни комиссия таркибида кўпайтириш сайловларга бўлган ишончни оширади. Лекин бу ерда ҳам комиссия таркибидаги ёшларнинг малакаси, сиёсий саводхонлиги ва ҳуқуқий онги даражасига алоҳида эътибор бериш керак.
Шу нуқтаи назардан участка сайлов комиссияларини тузиш ва ташкил этиш борасида хорижий тажриба ва умумэътироф этилган халқаро стандартларни миллий қонунчиликда акс этганлиги сайловларнинг демократик тарзда ўтказилишига хизмат қилади.
6-§. Участка сайлов комиссияларининг ишини ташкил этиш ва уларнинг ваколат муддати
Участка сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий равишда амалга оширмасада, у бутун сайлов жараёнини тўлиқ амалга оширилишида бевосита иштирок этувчи сайлов жараёнининг муҳим иштирокчиси саналади.
Участка сайлов комиссиясининг қарори очиқ овоз бериш орқали комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарорга рози бўлмаган участка сайлов комиссияси аъзолари алоҳида фикрини баён этишга ҳақли бўлиб, бу фикр ёзма шаклда баённомага илова қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Участка сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори барча давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари ва ҳарбий қисмлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ижро этиши учун мажбурийдир.
Участка сайлов комиссиясининг қарорига асосан комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ёки бошқа аъзоси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришда сайлов ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод қилиниши мумкин.
Давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар участка сайлов комиссияларига ўз ваколатларини амалга оширишда кўмаклашиши, уларнинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этиши шарт.
Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун керакли бўлган бинолар ва жиҳозларни участка сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туриши шарт.
Участка сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат органларига ҳамда жамоат бирлашмаларининг органларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, улар қўйилган масалани кўпи билан 3 кунлик муддатда кўриб чиқиши ва участка сайлов комиссиясига жавоб қайтариши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ ва участка сайлов комиссиялари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари чиқарилганидан кейин ўз фаолиятини тугатади.
Ушбу процессуал нормаларнинг мазмунидан участка сайлов комиссиясининг ҳуқуқий мақоми қай даражада эканини кўриш мумкин. Чунончи, участка сайлов комиссияси сайлов комиссиялари тизимида энг қуйи бўғин саналса-да, аслида мантиқан қараганда асосий ташкилотчи ҳисобланади.
7-§. Участка сайлов комиссиясининг сайловчилар рўйхатларини тузишдаги иштироки
Сайловчилар рўйхатини тузиш сайлов жараёнидаги энг муҳим босқичлардан саналади. Сабаби бу бевосита фуқароларнинг конституциявий сайлов ҳуқуқи билан боғлиқлигида кўринади. Муҳими ушбу босқич ҳам участка сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилишини назардан қочириб бўлмайди. Зотан, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча яшаётган фуқароларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилади.
Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.
Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади.
Сайловчилар рўйхатлари сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР)ни шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.
Ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек, ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ва бошқа сайловчиларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда яшаса, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар яшаш жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритилади.
Сайлов кодексида чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмлар аниқ белгилаб қўйилган. Бу нормалар фуқароларимизнинг турган жойидан қатъий назар ўз конституциявий сайлов ҳуқуқларидан фойдаланишига асос бўлади. Республикамизнинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.
Мамлакатимизнинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади. Чет элдаги фуқаролар республикамизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан 15 кун олдин ёзма шаклда ёки Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.
Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларнинг уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади ва уни сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади. Участка сайлов комиссиялари сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.
Ташқи ишлар вазирлиги сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади.
Участка сайлов комиссияларининг мазкур ҳуқуқий процедурага масъулият билан ёндашиши халқнинг хоҳиш иродасини таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам боғлиқ.
8-§. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тузилишида участка сайлов комиссияларининг вазифалари
Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот негизида шакллантирилади ва янгилаб турилади, сайлов кампанияси даврида эса тегишли участка сайлов комиссияси томонидан аниқлаштирилади.
Бинобарин, ҳар бир участка сайлов комиссияси тузилганидан кейин 3 кун ичида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида тақсимланган мазкур участка сайловчиларининг дастлабки рўйхатини олади.
Участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг дастлабки рўйхатини олганидан кейин уни мазкур участка ҳудудида яшовчи аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан аниқлаштириш чораларини кўради.
Участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг рўйхатини аниқлаштириш бўйича ишда иштирок этиш учун жамоатчилик вакилларини жалб этиши мумкин. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари сайловчиларнинг рўйхатларини аниқлаштириш ишларига кўмаклашади.
Сайлов комиссиялари аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш натижалари бўйича сайловчининг Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзилига оид тузатишлар қилиб, сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиши мумкин.
Сайловчиларнинг рўйхати ҳар бир сайлов участкаси бўйича участка сайлов комиссияси томонидан тузилади ҳамда унинг раиси ва котиби томонидан имзоланади.
Сайлов куни сайлов участкаларида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан олинган сайловчилар рўйхатларидан фойдаланилади.
9-§. Фуқароларни сайловчиларнинг рўйхати билан таништиришда участка сайлов комиссияларининг ваколатлари
Сайловчиларнинг рўйхатини шакллантириш босқичи сайлов жараёнининг муҳим вазифаси ҳисобланади. Сайловчиларнинг рўйхати тўғри ва холисона шакллантирилгани сайлов натижаларига ҳам ўз ижобий таъсирини кўрсатиши билан аҳамиятлидир. Фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, шунингдек Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланади. Чет давлатлардаги фуқароларга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб сайтлари орқали ҳам таъминланади.
Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга 15 кун қолганида, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса сайловга
3 кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади.
Участка сайлов комиссияси рўйхат билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор этади.
Сайлов комиссиялари сайловчиларнинг рўйхатлари ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилганидан кейин ҳам уларга ўзгартишлар киритиши мумкин.
Сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга
5 кун қолганида тўхтатилади.
Эътибор беринг! ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг сайловлар бўйича миссиясининг Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилиги бўйича берган тавсияларида сайловга 5 кун қолганда сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритишни тўхтатишга оид таклиф илгари сурилган эди. Мазкур тавсия миллий қонунчиликка жорий қилиниб, 2021 йил 8 февралдаги ЎҚР–670-сон қонун билан Сайлов кодексининг 29-моддасига тегишли ўзгартиш киритилди. |
10-§. Сайловчиларнинг рўйхатлари хусусидаги баҳслашувда участка сайлов комиссиясининг ҳуқуқлари
Ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин.

Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.
Участка сайлов комиссиясининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатига киритилган шахсларнинг умумий сонини, сайлов бюллетенлари олган сайловчилар сонини ва сайлов қутиларидаги сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди. Участка сайлов комиссияси сайлов участкасида ҳар бир округ, ҳар бир номзод бўйича берилган овозларни алоҳида – алоҳида санаб чиқади.
11-§. Сайлов бюллетенларини участка сайлов комиссиясига етказиш тартиби ва миқдори
Участка сайлов комиссиялари сайлов бюллетенларини овоз бериш кунига, шу жумладан муддатидан олдин овоз бериш кунига камида 3 кун қолганида округ сайлов комиссияларидан олади. Сайлов бюллетенларининг топширилганлиги ҳамда қабул қилинганлигини округ ва участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари ёхуд котиби тегишли ҳужжатда ўз имзоси билан тасдиқлайди.
Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар сони ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенларининг тайёрланиши ва етказиб берилишини таъминлайди.
Участка сайлов комиссияси оладиган сайлов бюллетенларининг сони участка бўйича рўйхатларга киритилган фуқаролар сонига нисбатан ярим фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Сайлов бюллетени ўнг томонининг юқори бурчагига участка сайлов комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар участка сайлов комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади. Участка сайлов комиссияси томонидан тасдиқланмаган сайлов бюллетенлари овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди.
12-§. Участка сайлов комиссиясининг маҳаллий ва халқаро кузатувчилар билан ўзаро мулоқоти
Маҳаллий ва халқаро кузатувчилар сайлов жараёнининг халқаро стандартлар ва белгиланган сайлов қонунчилиги асосида ўтказилишини текширувчи сайлов жараёнининг муҳим иштирокчилари саналади.
Шу нуқтаи назардан участка сайлов комиссиясининг ўз ваколати доирасида маҳаллий ва халқаро кузатувчилар билан сайлов жараёнидаги ўзаро мулоқоти ҳам муҳим саналади.
Мазкур мулоқот сайлов ташкилотчилари ва сайлов жараёни иштирокчилари ўртасида ўзаро алоқа, бир бирига таъсир кўрсатиш асосида ахборот алмашинувидир. Шунингдек, ушбу мулоқот қонунда белгиланган ваколат доирасида бўлиши талаб этилади.
Участка сайлов комиссиясининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларида, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатган сиёсий партиялардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Кузатувчиларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.
Участка сайлов комиссиясининг раиси ёки унинг ўринбосари сиёсий партияларнинг кузатувчиларини, оммавий ахборот воситалари вакилларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларни тегишли сайлов комиссияси томонидан берилган мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида рўйхатга олади.
Участка сайлов комиссияси уларни мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олгандан кейин уларга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради.
Овоз бериш вақтида участка сайлов комиссияси биносида ҳозир бўлишга рухсат этилган шахслардан ташқари бошқа шахсларнинг бўлишига рухсат этилмайди. Бинода ушбу зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти участка сайлов комиссиясининг зиммасида бўлади.
Участка сайлов комиссияси биносида ҳозир бўлишга рухсат этилган шахслар (сайловчилардан ташқари) тегишли комиссиялар томонидан берилган мақомини тасдиқловчи мандат (гувоҳномаси)ни бошқаларга кўринадиган ҳолда таққан бўлишлари шарт. Ҳар икки томон мулоқот маданияти ва қонун талабларига амал қилиши лозим.
13-§. Участка сайлов комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти
Сайлов куни, яъни овоз бериш куни сайловни ташкил этиш ва уни ўтказишнинг якуний хулоса босқичи бўлиб, у сайлов жараёнининг халқаро ва миллий стандартлар асосида бўлиб ўтганига таъсир кўрсатувчи муҳим босқичдир. Сайлов куни овоз бериш биноси участка сайлов комиссияси аъзоларининг камида 3 дан 2 қисми ҳозир бўлганда очилади. Участка сайлов комиссияси раиси ёки раис ўринбосари томонидан комиссия аъзоларининг овоз бериш кунидаги вазифалари белгиланади. Овоз бериш куни сайлов участкасида соат 8.00 да Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди. Овоз бериш мамлакатимиз ҳудудида жойлашган сайлов участкаларида соат 20.00 гача давом этади. Ундан олдин сайлов қутиларини очиш ва овозларни санаб чиқишга йўл қўйилмайди.
Участка сайлов комиссиясининг раиси, комиссия аъзолари, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида: овоз бериш бошланганлигини эълон қилади; сайлов қутиларининг бўшлигини текширади ва уларни бир маротаба ишлатиладиган пластмасса пломбалар билан пломбалайди, пломбалар рақами кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилади; участкадаги рўйхат бўйича сайловчиларнинг сони, олинган сайлов бюллетенлари сони ҳамда муддатидан олдин овоз берганлар ҳақида маълум қилади. Ушбу маълумотлар якуний баённномага киритилади; овоз беришни ташкил этиш ва ўтказишни мувофиқлаштириб боради ҳамда назорат қилади, зарурат бўлганда комиссия аъзоларига ёрдам кўрcатади, улар вақтинчалик йўқ бўлган ҳолларда уларни бошқа аъзолар билан алмаштиради; овоз бериш тугалланганлигини эълон қилади; бинода ҳозир бўлган сайловчиларга овоз беришни тугаллаши учун имконият беради.
Участка сайлов комиссиясининг аъзолари: сайловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида унинг сайловчилар рўйхатидаги маълумотларини текширади, унга овоз бериш бюллетенини имзо қўйдириб топширади; ҳар бир сайловчига бир донадан ортиқ сайлов бюллетени берилмаслигини таъминлайди; бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштириб берилганлиги бундан мустасно; кузатувчиларга ва оммавий ахборот воситалари вакилларига сайлов жараёнини кузатиш учун шарт шароитлар яратади.
14-§. Участка сайлов комиссиясининг овоз бериш тугагандан кейинги фаолияти
Овоз бериш тугагач, участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари овоз бериш тугаганлигини комиссиянинг барча аъзолари, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида эълон қилади.
Участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари комиссия аъзолари билан биргаликда: пломбаларнинг рақамларини тегишли далолатнома билан солиштиради; олдиндан ёзув ашёларини йиғиштириб қўйиб, сайлов бюллетенларини санаб чиқиш учун жой (стол) тайёрлайди; фойдаланилмаган ва бузилган сайлов бюллетенларини санаб чиқади ва бекор қилади, бу ҳақда якуний баённомага тегишли ёзув киритади; муддатидан олдин овоз бериш бюллетенлари солинган ёпиқ конвертларни сайлов қутисига ташлайди; стационар ва кўчма сайлов қутиларини очади; ҳар бир номзод бўйича сайлов бюллетенларини ўқиб эшиттирган ва намойиш этган ҳолда алоҳида – алоҳида боғламларга ажратади; ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозларни санаб чиқади; ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенларини аниқлайди ва санаб чиқади, бу ҳақда якуний баённомага тегишли ёзув киритади; якуний баённомага овоз бериш натижалари тўғрисидаги ёзувни киритади.
Участка сайлов комиссияси овоз бериш ҳамда овозларни санаб чиқиш чоғида келиб тушган шикоятларни (аризаларни) кўриб чиқади. Шундан сўнг участка сайлов комиссияси овозларни санаб чиқиш натижалари бўйича мажлис ўтказиб, унда овоз бериш якунлари тўғрисида қарор қабул қилади.
Овозларни санаб чиқиш натижалари участка сайлов комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилади ҳамда раис, раис ўринбосари, котиб, сайлов комиссиясининг бошқа аъзолари томонидан имзоланадиган баённомага киритилади. Сўнгра баённома участка сайлов комиссияси раиси ёки раис ўринбосари томонидан ўқиб эшиттирилади ҳамда мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссияси биносига камида 48 соат муддатга дарҳол осиб қўйилади.
Овозларни санаб чиқиш жараёнида иштирок этаётган сиёсий партиянинг ваколатли вакили, кузатувчилар участка сайлов комиссияси баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли.
Участка сайлов комиссияси баённомасининг кўчирма нусхаси ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда дарҳол тегишли округ сайлов комиссиясига, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига сайловда эса тегишли туман, шаҳар (бундан Тошкент шаҳар сайлов комиссияси мустасно) сайлов комиссияларига тақдим этилади. Асл нусхаси эса раис ёки унинг ўринбосари томонидан ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари кузатувида олиб борилади.
Овозларни санаш жараёнининг холислигини ошириш учун участка сайлов комиссияси аъзоларининг қонуний ўрнатилган тартибга амал қилишини таъминлаш механизмини жорий этиш ёхуд сайлов натижаларини атайлаб сохталаштирган шахсларга нисбатан қатъий қонуний чоралар кўриш ҳақидаги халқаро ташкилотнинг тавсиялари ҳам миллий сайлов жараёни учун манфаатли саналади.
15-§. Участка сайлов комиссиясининг овозларни санаб чиқишдаги фаолияти
Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатига киритилган шахсларнинг умумий сонини, сайлов бюллетенлари олган сайловчилар сонини ва сайлов қутиларидаги сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди. Участка сайлов комиссияси сайлов участкасида ҳар бир округ, ҳар бир номзод бўйича берилган овозларни алоҳида-алоҳида санаб чиқади.

Санаб чиқилган сайлов бюллетенлари асосида участка сайлов комиссияси: ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини; ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари сонини; бузилган сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди.
Сайлов бюллетенларига қўшимча равишда ёзиб қўйилган фуқароларнинг фамилиялари ва исмлари бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.
Белгиланмаган намунадаги сайлов бюллетенлари, шунингдек, овоз бериш чоғида биттадан ортиқ квадратга “+” ёки “y” () ёхуд “х” белгиси қўйилган ёки битта ҳам квадратга бундай белги қўйилмаган сайлов бюллетенлари ҳақиқий эмас деб топилади. Сайлов бюллетенининг ҳақиқийлиги шубҳа туғдирганда, масала участка сайлов комиссияси томонидан овозга қўйиш орқали ҳал этилади.
Овоз берувчи томонидан бюллетен тўлдириш вақтида хатога йўл қўйилган ва унинг ўрнига янги сайлов бюллетени берилган, бу ҳақда сайловчилар рўйхатида ҳам бекор қилинган, бузилган сайлов бюллетенининг орқа томонида тегишли белги қўйилган сайлов бюллетени бузилган ҳисобланади.
Сайлов жараёнини кузатишга ваколатли халқаро ташкилотнинг овозларни санаб чиқиш ва натижани жадвал шаклига келтириш билан боғлиқ жараёнларни батафсил баён этиш мақсадида участка сайлов комиссияларининг фаолиятини тартибга солувчи низомларни танқидий қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ тавсияси ҳам эътиборга молик дейиш мумкин.
ХУЛОСА
Участка сайлов комиссияси ҳуқуқий мақомининг мазмун-моҳияти, демократик тамойиллар асосида муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис сайлов тизимининг қуйи бўғини сифатида сайлов участкаларини тузиш, участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш, уларнинг ваколатлари тартибини тушунтириш устувор масала ҳисобланади.
Сайлов кампанияси даврида участка сайлов комиссияларининг сайловчилар рўйхатини тузиш, фуқароларни рўйхат билан таништириш, сайловчилар рўйхати борасидаги баҳсда уларнинг ҳуқуқлари, сайлов бюллетенларини қабул қилиш тартибидан қонун доирасида фойдаланиш механизми назарда тутилган.
Айниқса, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тўлақонли миссиясининг сайловларни кузатиш бўйича Якуний ҳисоботида билдирилган тавсиялари ўтган йиллар давомида миллий қонунчиликда ўз аксини топиб келмоқда.
Участка сайлов комиссияси овоз бериш кунидаги, сайловчининг турган жойида овоз бериш ёки муддатидан олдин овоз бериш, овозларни санаб чиқишдаги ваколатларини амалга ошириш тартибининг қонуний талабларини пухта ўзлаштириш орқали ўз ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятининг юксалишига замин яратади.