Кириш

Ҳар қандай соғлом фикрли инсон ҳалол меҳнат орқали оиласини таъминлаш, мулкдор бўлиш, уни кўпайтириш ва ўзидан кейин авлодларига қолдириш йўлида меҳнат қилади.

Мулкдорнинг ўз мулкига эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиш ҳуқуқи аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасида белгиланган. Демак, мулкдор мулкка нисбатан барча ҳуқуқларидан ҳаётлик чоғида бевосита фойдаланади. Шунингдек, ўз мулкининг вафотидан кейинги тақдирини васиятнома қолдириш орқали олдиндан белгилайди.

Инсон вафотидан кейин ундан қолган мол-мулк тақдирини белгилаш, уни кимнинг эгалигига бериш масаласини ҳал этиш барча даврларда ҳам долзарб ҳисобланган. Бундай вазиятда мерос қонунчилиги қариндош-уруғ ўртасидаги турли баҳс-мунозараларга ечим беради, уни қонуний, адолат билан ўз эгаларига тақсимлашга хизмат қилади.

Фуқароларга мерос масаласида кўмакчи бўлиш ҳамда уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш мақсадида Тошкент давлат юридик университети томонидан мазкур рисола тайёрланди.

Унда, мерос тушунчаси ва уни ҳуқуқий тартибга солиш, мерос таркиби, мерос очилиши, меросхўрлар, васиятнома бўйича ворислик, қонун бўйича ворислик, меросни эгаллаш ва васиятнома тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш боғлиқ масалалар содда, ҳамма учун тушунарли тилда баён этилган. Шунингдек, рисолада васиятнома намуналари, мерос билан боғлиқ қизиқарли фактлар ҳамда энг кўп бериладиган саволлар билан танишиш имкони мавжуд.

1. Мерос нима?

Мерос – бу вафот этган шахс (мерос қолдирувчи)нинг мулкий ва айрим номулкий ҳуқуқларини меросхўрга ўтишидир.

Инсон вафот этганидан сўнг унга тегишли бўлган барча мол-мулклар бошқа шахсларга ўтади. Фақат мол-мулклар эмас, балки қарзлар ёхуд марҳум кимгадир қарз ёки бирор мол-мулк берган бўлса, уни талаб қилиб олиш ҳуқуқи ҳам унинг меросхўрларига ўтади. Ана шу жараён мерос деб номланади.

2. Мерос билан боғлиқ қоидалар қайси қонун ҳужжатларида кўрсатилган?

Мерос муносабатларини тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар:

  • Конституция (36, 54-моддлалари);
  • Фуқаролик кодекси (V-бўлим);
  • Оила кодекси (81, 84, 95-моддалари);
  • Фуқаролик процессуал кодекси (35, 66, 295-моддалари);
  • Ер кодекси (19-моддаси);
  • “Нотариат тўғрисида”ги Қонун (6, 18, 23, 28-моддалари, 8-боб, 63, 89-моддалари);
  • “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун (11, 17, 19, 20-модалари ва иловаси);
  • “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуни (13, 21-моддалари);
  • Олий Мажлиснинг “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида”ги Қарори;
  • Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома;
  • Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундириладиган тўловларнинг Максимал миқдорлари.

3. Кимлар меросхўр бўлади?

Мерос қолдирувчининг мулкини васиятнома ёки қонун бўйича қабул қилиб олишга ҳуқуқи бўлган шахслар меросхўр ҳисобланади.

Маҳрум васиятномани қолдирган бўлса, васиятномада кўрсатилган шахслар меросхўр ҳисобланади. Мол-мулкка нисбатан васиятнома тузилмаган бўлса ёки у ҳақиқий эмас деб топилса, мол-мулкни маҳрумнинг қариндошлари қабул қилиб олишга ҳақли.

Васият бўйича меросхўрлар қариндошлигидан қатъий назар ҳар қандай шахс, шунингдек, юридик шахс, давлат ёхуд  фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бўлишлари мумкин.

Қонун бўйича меросхўрлар мерос қолдирувчининг қон-қариндошлари ҳисобланади. Улар қариндошлик даражасига қараб меросга чақирилади.

Эсда сақланг! Меросхўрлар:

  • мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар;
  • мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари;
  • мерос очилган пайтда мавжуд бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиши мумкин.

4. Ворисликда меросга чақириш навбати мавжудми?

Албатта, бунда олдинги навбатдаги меросхўрлар биринчи келади. Кейинги навбатдаги меросхўрлар меросни эгаллашга биринчи бўлиб келиши учун олдинги навбатдаги ворислар бўлмаслиги лозим. Ҳар бир навбат тенг улушларда қонун бўйича ворислик ҳуқуқига эга.

Қонун бўйича меросга чақиришнинг қуйидаги бешта навбати мавжуд:

биринчи навбатдаги ворислик –  мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) ҳамда вафотидан кейин туғилган болалари;

иккинчи навбатдаги ворислик – мерос қолдирувчининг туғишган ҳамда она (ота) бир ота (она) бошқа ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек унинг ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси;

учинчи навбатдаги ворислик – мерос қолдирувчининг туғишган амакиси, тоғаси, аммаси ёки холаси;

тўртинчи навбатдаги ворислик – мерос қолдирувчининг олтинчи даражагача (олтинчи даража ҳам шунга киради) бўлган бошқа қариндошлари. Бунда яқинроқ қариндошлар узоқроқ қариндошларга нисбатан мерос олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар;

бешинчи навбатдаги ворислик – мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, агар улар мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари сифатида чақирилаётган навбатдаги меросхўрлар билан бирга чақирилиб мерос олмаган бўлсалар.

Эътибор беринг! Юқоридаги навбатлардан ташқари яна бир тоифа меросхўрлар борки, улар бошқа навбатда бўла туриб ворисликка чақирилган навбат билан бирга меросни эгаллаши мумкин.

Мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида бўлган ва у билан биргаликда яшаган меҳнатга қобилиятсиз шахслар қонун бўйича меросхўрлар жумласига киради. Қонун бўйича бошқа меросхўрлар бўлган тақдирда, меҳнатга қобилиятсиз боқимлар ворисликка чақирилаётган навбатнинг меросхўрлари билан биргаликда мерос оладилар.

Иккинчи, учинчи, тўртинчи навбатда кўрсатилган қонун бўйича меросхўрлар жумласига мансуб бўлган, бироқ ворисликка чақириладиган навбатнинг меросхўрлари доирасига кирмайдиган меҳнатга қобилиятсиз шахслар, мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган-яшамаганликларидан қатъи назар, агар мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида турган бўлса, ана шу ворисликка чақириладиган навбатнинг меросхўрлари билан биргаликда мерос оладилар.

Қонун бўйича бошқа меросхўрлар бўлган тақдирда, ворисликка чақириладиган мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимларининг ҳаммаси биргаликда кўпи билан мероснинг тўртдан бир қисмини мерос қилиб оладилар.

Мисол: Мерос қолдирувчининг меҳнатга лаёқатсиз акаси (иккинчи навбатдаги ворис) унинг қарамоғида бўлса, унинг ягона фарзанди (биринчи навбат) билан бирга мерос олишга чақирилади. Бунда фарзадига мероснинг 3/4 қисми, акасига эса 1/4 қисми тегиши бўлади.

5. Мерос олишдан кимлар четлаштирилиши мумкин?

Қонунларимиз мерос олишга лойиқ бўлмаган шахсларни, яъни мерос қолдирувчи ва бошқа меросхўрларга нисбатан айрим салбий ҳаракатларни амалга оширган шахсларни нолойиқ меросхўр деб топади. Шу сабабли улар меросдан четлаштирилади.

Нолойиқ меросхўрлар иккита гуруҳга ажратилади.

Биринчи гуруҳ на васият бўйича, на қонун бўйича мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар:

  • мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар;
  • мерос қолдирувчининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва бу орқали ўзининг ёки ўзига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзига ёки ўзига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар.

Иккинчи гуруҳ мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар, бироқ булар номига васиятнома қолдирилган бўлса, улар меросхўр бўлишади:

  • мерос қолдирувчига нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар;
  • мерос қолдирувчини таъминлаб туриш юзасидан қонун асосида ўзларига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ҳамда вояга етган фарзандлар (фарзандликка олинганлар).

6. Меросдан мажбурий улуш олиш мумкинми?

Қонунлармиз мерос қолдирувчининг вояга етмаган ва меҳнатга қобилиятсиз қариндошларининг мерос олиш ҳуқуқларини кафолатлайди. Бунда, агар шахс барча мол-мулкини бир одамга мерос қилиб қолдирса-ю, лекин вояга етмаган болалари ва меҳнатга лаёқатсиз хотини (эри) ёки ота-онасига ҳеч нима қолдирилмаган бўлса, қонун васиятномада нима дейилганидан қатъий назар уларга улуш ажратади (ФКнинг 1142-моддаси).

Қуйидагилар мерос қолдирувчининг меросидан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга:

  • вояга етмаган болалари;
  • меҳнатга қобилиятсиз болалари;
  • меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини);
  • меҳнатга қобилиятсиз ота-онаси;
  • меҳнатга қобилиятсиз фарзандликка олганлар.

Меҳнатга қобилиятсизлик – бу ногиронлик ёки бирор-бир касаллик туфайли меҳнат қилиш қобилиятини йўқотиш ёхуд пенсия ёшига етиш.

Меросдан мажбурий улуш олувчилар васиятнома мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини мерос қилиб оладилар.

Кўп бериладиган савол: Мажбурий улуш олувчи ўз улушидан воз кеча оладими?

– Албатта, мажбурий улуш олувчи ўз улушидан воз кеча олади (ФКнинг 1148-моддаси).

7. Мерос таркибига нималар киради?

Мерос қолдирувчи вафот этган вақтда унга тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради. Яъни мерос очилган пайтда мерос қолдирувчи номида бўлган мол-мулклар, мулкий ҳуқуқлар, қарзлар.

Мерос қолдирувчининг умумий мулкдаги ҳар қандай улуши, пай бадаллари ҳам мерос таркибига киради. Бунда мерос таркибига мерос қолдирувчининг ўзига тегишли қисми киради.

Мисол: Автомобиль эр-хотинга тегишли умумий мулки бўлган. Эр вафот этгандан кейин мерос таркибига фақат автомобилнинг ярими киради.

Мерос мулки таркибига давлат томонидан имтиёзли равишда ёки умумий асосларда мерос қолдирувчининг эгалигига берилган мулклар, ер участкалари ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ тарзда берилган турли объектлар ҳам кириши мумкин.

Кўп бериладиган савол: Мерос қолдирувчи васиятнома ёзганидан сўнг, муайян вақт ўтиб васият қилган мол-мулкини ҳадя қилган ёки сотган. Бироқ, васиятнома бекор қилинмаган. Масалан, бува уйини неварага васият қилиб берган, кейинчалик неваранинг тоғаси номига ўтказди. Бундай ҳолатда мол-мулкни васиятнома бўйича талаб қилса бўладими?

– Бундай ҳолатда мерос қолдирувчи вафот этганда васиятномада кўрсатилган мол-мулк унинг эгалигидан чиқиб кетган бўлади. Яъни, бу мулк мерос таркибига кирмайди ва васият бўйича ўтмайди.

Мерос таркибига кирмайдиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар:

  • юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;
  • ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;
  • алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;
  • меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;
  • мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар.

Мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкин.

8. Мероснинг очилиши деганда нима тушунилади?

Мерос қолдирувчининг вафот этиши натижасида унинг мол-мулкига нисбатан мерос очилади.

Мерос очилган вақт:

а) мерос қолдирувчининг ўлган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам);

б) у вафот этган деб эълон қилинганда эса,

  • суднинг қарорида кўрсатилган аниқ муддат;
  • суднинг қарори кучга кирган кун.

Ўлим факти фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органи томонидан тегишли тиббиёт муассасасининг фуқаронинг ўлганлиги ҳақидаги маълумоти асосида бериладиган ўлим ҳақидаги гувоҳнома билан тасдиқланади. Ўлим ҳақидаги гувоҳнома ФҲДЁ органи томонидан вафот этган фуқаронинг қариндошларига унинг (вафот этган) паспорти ўрнига берилади.

Мерос очилган вақтни тўғри аниқлаш катта аҳамиятга эга.

Биринчидан, бу мерос масаласига нисбатан тадбиқ қилинадиган қонун нормасини аниқлаш учун зарур.

Мисол: 1992 йилда вафот этган шахснинг меросига нисбатан 1963 йилдаги ЎзССРнинг Гражданлик кодекси нормалари қўлланилади. Сабаби, мерос қолдирувчи мол-мулкига 1997 йил 1 мартдан олдин эгаллашга киришган.

Мерос қолдирувчи 1997 йил 1 мартдан кейин вафот этса амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси қоидалари қўлланилади.

Иккинчидан, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик, мерос трансмиссияси, меросни эгаллаш муддатлари тўғрисидаги қоидаларни қўллашда мерос очилган вақт аҳамиятлидир.

Мисол: Ота вафот этишидан аввал ўғли вафот этган тақдирда, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қўлланилади. Яъни мерос ўғилнинг авлодларига ўтади. Ўғли отаси вафот этишидан кейин, бироқ меросни қабул қилмасдан вафот этган бўлса, мерос трансмиссияси қоидалари қўлланилади. Бунда меросни ўғилнинг қонун бўйича меросхўрлари олади.

Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик – А. (ота) 10 март куни вафот этган. Ўғли – В. эса 8 март куни, ундан 2 кун аввал вафот этган. А. (ота)нинг мероси тақсимланганда В. олиши керак бўлган улушни унинг боласи олади.

Мерос трансмиссияси – А. (ота) 10 март куни вафот этган. Ўғли В. эса 12 март куни ундан 2 кун кейин вафот этган. А. (ота)нинг мероси тақсимланганда В. олиши керак бўлган улушни унинг хотини ва боласи олади. Айтганча, агар онаси ҳам тирик бўлса В.нинг улишини бир қисмини онаси ҳам олади.

9. Мерос қаерда очилади?

Мерос очилган жой – мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жой.

Мерос очилган жойни аниқлаш мазкур мерос масаласига нисбатан қўлланадиган қонунни аниқлашда муҳим аҳамиятга эга. ФКнинг 1197-моддасига асосан мерос мерос қолдирувчининг охирги доимий турар жойига эга бўлган (мерос очилган жой) мамлакатнинг қонунлари бўйича белгиланади.

Мисол: Ўзбекистон Республикаси фуқароси охирги доимий турар жойи Туркманистон Республикасида бўлган. Шу сабабли, унинг мерос мол-мулкига нисбатан Туркманистон қонунчилиги қўлланилади.

Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, қуйидагилар мерос очилган жой деб ҳисобланади:

  • мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой;
  • кўчмас мулк бўлмаган тақдирда, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой .

Эътибор беринг: кўчмас мулкни мерос бўлиб ўтишига нисбатан мерос очилган мамлакат (яъни фуқаронинг охирги доимий яшаган мамлакати) қонунчилиги эмас, кўчмас мулк жойлашган мамлакат қонунчилиги қўлланилади (ФКнинг 1199-моддаси).

Мисол: Германияда доимий яшаб вафот этган фуқаронинг Ўзбекистонда жойлашган уй-жойлари мавжуд.

Ушбу уй-жойни мерос сифатида ворисларга бўлиб берилишида Германия қонунчилиги эмас Ўзбекистон қонунчилиги қўлланилади. Германия қонунларига кўра фақат боласи ва хотини (эри) меросга чақирилса, Ўзбекистон қонунчилиги бўйича ота-онаси, фарзандлари ва хотини (эри) меросга чақирилади.

10. Сиз васиятнома тузмоқчимисиз?

Васиятнома тузиш учун Сиз исталган нотариал идорага ўзингизнинг шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатларинингизни ҳамда амалдаги БҲМнинг 5% миқдорида давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатни тақдим қилишингиз лозим.

Шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар:

  • Ўзбекистон фуқароларининг шахси – Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти;
  • ҳарбий хизматчиларнинг шахси – ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳномалар ёки ҳарбий билетлар (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билети бундан мустасно);
  • чет эл фуқароларининг шахси – уларнинг миллий паспорти (қонун ҳужжатларига мувофиқ чет эл фуқаролари тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;
  • хорижда доимий яшаётган ва консуллик рўйхатида турган Ўзбекистон фуқароларининг шахси – Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти;
  • фуқаролиги бўлмаган шахс учун – Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси.

Эсда тутинг! Васиятномани нотариал тасдиқлашда мерос қилиб қолдириладиган мол-мулкга нисбатан  мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди. Васиятнома васият қолдирувчининг сўзларидан ёзилади.

Васиятноманинг умумий намунаси.

11. Нотариал идорага бориш имконияти бўлмаганда васиятнома қандай тузилади?

Васиятномани нотариал тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда, уни белгиланган тартибда мансабдор шахслар томонидан тасдиқланишига йўл қўйилади. Бундай васиятномалар нотариал тартибда тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилади.

Васиятномани тасдиқлаши мумкин бўлган мансабдор шахслар қуйидагилар:

а) касалхоналар ва бошқа даволаш муассасаларида:

  • бош врачлари;
  • даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари;
  • навбатчи врачлар;

б) госпиталларда бошлиқлари;

в) қариялар ва ногиронлар уйларида:

  • директорлари;
  • бош врачлари;

в) Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи остида сузиб юрган кемаларда капитанлари;

г) қидирув экспедициялари ёки шунга ўхшаш бошқа экспедицияларда бошлиқлари;

д) ҳарбий қисмларда командирлари;

е) озодликдан маҳрум қилиш жойларида ёки қамоқда бошлиқлари.

Мазкур шахслар васиятномани тасдиқлагандан сўнг ушбу васиятномалар нотариал тасдиланиши шарт эмас. Бу васиятномаларнинг бир нусхаси васият қолдирувчининг доимий яшаш манзили бўйича нотариал идорага сақлаш ва электрон базага киритиш учун юборилади.

Мансабдор шахслар васиятномани тасдқилаш муносабати билан ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор этишга ҳақли эмас.

Мансабдор шахслар томонидан тасдиқланадиган васиятнома намунаси
(барча мол-мулкларни қолдириш).
Мансабдор шахслар томонидан тасдиқланадиган васиятнома намунаси
(мол-мулкларни қисман қолдириш).

12. Карантин вақтида васиятномаларни нотариал тасдиқлаш қандай амалга оширилади?

Турли хил эпидемияллар тарқалган вақтда агар, зарурат бўлса васиятнома қандай тузилиши тўғрисида фуқароларимизда ўринли савол пайдо бўлиши табиий.

Амалдаги қонунчиликка кўра васиятнома нотариал ёки қонунда рухсат берилган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланиши лозим (ФКнинг 1124-м.). Шундагини у ҳақиқий ҳисобланади.

Карантин вақтида агар зарурат бўлса, фуқароларимиз қандай қилиб васиятномани нотариал тасдиқлашлари мумкин.

Маълумки, карантин вақтида фуқароларнинг уйдан ташқарига чиқишига муайян чекловлар жорий қилинган. Шунга қарамасдан фуқароларимиз зарурат бўлганда васиятномани нотариал тасдиқлаш учун нотариал идорага боришлари мумкин.

Карантин вақтида ўз фаолиятини давом эттираётган нотариуслар рўйхати Адлия вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинади. Фуқаролар фақат ушбу идораларга мурожаат қилишлари мумкин.

Шу муносабат билан кечиктириб бўлмайдиган вазиятда фуқароларимиз васиятномани нотариал тасдиқлаш учун e-notarius.uz сайтида навбатга ёзилишлари шарт.

E-notarius.uz сайтида нотариус қабулига ёзилиш учун фуқароларимиз Идентификациялашнинг ягона ахборот тизимида (id.gov.uz) рўйхатдан ўтган бўлиши, яъни ID ва паролга эга бўлиши лозим.

Бу учун фуқародан тизимга кириш ва паспорт маълумотлари (паспорт серия, рақам, идентификацион рақам)ни тўғри жойлаштириш талаб қилинади.

Зарурат бўлса, фуқаронинг мурожатига кўра нотариус васиятномани нотариал идораси биносидан ташқарида фуқаронинг бўлиб турган жойида ҳам тасдиқлаши мумкин. Бундай вазиятда ҳам нотариус ва фуқаролар карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда васиятномани нотариал тасдиқлаш жараёнида иштирок этади. Васиятномани нотариал тасдиқлаш ва уни  имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео шаклида қайд этилади.

13. Васиятномани ўзгартириш, бекор қилиш мумкинми?

Васият қолдирувчи ўзининг васиятномада изҳор қилган иродасини хоҳлаган вақтда ўзгартириши ва бекор қилишга ҳақли. Бу ҳақда ФКнинг 1127-моддасида кўрсатиб ўтилган, яъни васият қилувчи исталган вақтда ўз васиятномасини тўлалигича бекор қилишга ёхуд унда мавжуд бўлган айрим васият фармойишларини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли.

Васиятномани тўлиқ бекор қилиш, биринчидан унинг барча нусхаларини йўқ қилиш йўли билан амалга оширилади. Бунда васият қолдирувчи нотариусга ёзма ариза билан мурожаат қилади. Аризага мувофиқ нотариус нотариал идорада сақланаётган васиятнома нусхаси, нотариал ҳаракат қайд этилган ресстр ҳамда васиятномаларни рўйхатга олиш алифбо китобига белги қўйиш орқали уни бекор қилади. Васият қилувчи ўзида сақланаётган васиятнома нусхасини тақдим этган тақдирда, васиятноманинг бекор қилинганлиги тўғрисида бу нусхага ҳам ёзиб қўяди. Агарда ариза васиятнома нотариал тасдиқланган ёки у сақланаётган идорадан бошқасига тақдим этилса, у тегишли идорага юборилади.

Иккинчидан васиятномани тўлиқ бекор қилиш янги васиятнома тузиш орқали амалга оширилади. Бунда янги васиятнома олдинги васиятноманинг тўлалигича инкор қиладиган мазмунда тузилган бўлиши лозим. Бу ҳолатда илгари тузилган васиятномани бекор қилиш тўғрисида алоҳида фармойиш бўлиши шарт эмас. Бунда кейинги васиятноманинг бекор бўлиши олдинги васиятномани қайта тиклашга сабаб бўлмайди. Лёкин, кейинги васиятноманинг ҳақиқий эмас деб топилиши олдинги васиятноманинг қайта тикланишига олиб келади.

Васиятномани қисман бекор қилиш ва ўзгартириш. Васиятнома қисман ўзгартирилганда,

биринчидан, янги тузилган васиятномада олдинги васиятноманинг айрим бандларини бекор қилиш орқали;

иккинчидан, ундаги айрим бандларига зид равишда тузилиш йўли билан ўзгартириш киритилади. Шунингдек, васият қолдирувчи нотариусга ариза бериш йўли билан ҳам васиятномага ўзгартириш киритишга ҳақли.

Бундан ташқари, кейинги тузилган васиятнома олдинги васиятномани бекор қилмасдан ёки ўзгартирмасдан, қўшимча фармойишлар билан тўлдириши ҳам мумкин. Агарда олдинги васиятномада мерос қолдирувчи ўзининг мол-мулкидан бир қисмини васият қилиб қолдирган бўлиб, кейинги васиятномада мулкнинг қолган қисмига васиятнома тузган бўлса, мерос очилганда ҳар иккала васиятнома ҳам ҳақиқий ҳисобланади. Бундай ҳолларда ҳар иккала васиятнома бўйича ҳам ворислар мерос оладилар.

Васиятноманинг ҳақиқий эмас деб топилиши.

Васиятнома, бир томонлама битим ҳисобланиб, у мерос қолди­рувчининг шахсан ўзи томнидан, васият бўйича ҳуқуқ олувчининг розилигисиз тузилади.

ФКнинг 1130-моддасига асосан, тегишли шаклда тузилмаган васиятнома – уни тузиш, имзолаш ва тасдиқлашнинг қонунда белгиланган тартиби бузилган тақдирда ҳақиқий эмас деб топилади.

Васиятноманинг айрим бандлари ҳақиқий эмаслиги унинг қолган қисмининг ҳақиқийлигига дахл қилмайди. Васиятнома тўлиқ ҳақиқий эмас деб топилган ҳолларда, ушбу васиятномага биноан меросдан маҳрум бўлган меросхўр умумий асосларда мерос олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Васиятномани ҳақиқий эмас деб топиш, у бир томонлама битим бўлганлиги сабабли, ФКнинг 9-боби 2-параграфида назарда тутилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қоидаларга асосан ҳам ҳақиқий эмас деб топилади. Суд томонидан васиятномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризалар мерос очилган пайтдан бошлаб 3 йил муддатда суд томонидан кўрилиб ҳал қилинади. Бунда ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган васиятномаларга нисбатан даъво муддати тадбиқ этилмайди.

Масалан,муомалага лаёқатсиз шахс томонидан тузилган васиятнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Уни ҳақиқий эмас деб топиш учун судга мурожаат қилиш шарт эмас.Демак, бундай ҳолларда даъво муддати қўлланилмайди. Лекин, васиятномани ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўллаш бўйича даъво муддати қўлланилади.

Масалан, ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган васиятнома бўйича мерос эгалланган бўлса, мерос мол-мулкиниқайтарилишига нисбатан талабларни қўллашда даъво муддати қўлланилади.

Васиятнома бутунлай бекор бўлган тақдирда, унда васият қилиб қолдирилган мулк қонун бўйича ворислар ўртасида тенг тақсимланади.

Васиятноманинг айрим қисмлари ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, унинг шу қисмида кўрсатилган мулк, қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўрлар ўртасида тенг бўлинади.

Нотариуслар томонидан васиятномага ўзгартириш киритилганлиги ёки бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумотлар алифбо китобига ва тизимга киритилиши лозим.

Шунингдек, васиятномани тасдиқлаш ваколатига эга бўлган шахслар томонидан васиятнома ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Агар мансабдор шахс васиятномани бекор қилган ёки ўзгартирган бўлса, бу ҳақда нотариал идорага кечиктирмай маълумот бериши зарур.

Мансабдор шахслар васиятномани ўзгартириш ва бекор қилиш учун асос бўлган ҳужжат нусхасини белгиланган тартибда нотариал идорага бериши шарт.

Мансабдор шахслар томонидан васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлган ҳужжатлар нотариал идорага юборилганида, нотариус у келиб тушган кундан кечиктирмай васиятномага ўзгартириш киритилганлиги ёки бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумотларни алифбо китобига ва тизимга киритиши лозим.

Васиятномани бекор қилиш тўғрисидаги ариза намунаси

14. Мерос қандай эгалланади?

Меросхўр ўзига тегиши лозим бўлган меросни ёки унинг бир қисмини (улушини) олиш ҳуқуқига, агар у кейинчалик меросдан воз кечмаса, ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмаса ва уни меросхўр этиб тайинлаш тўғрисидаги васият фармойиши ҳақиқий эмас деб топилиши натижасида мерос олиш ҳуқуқини йўқотмаса, мерос очилган вақтдан эътиборан эга бўлади.

Меросхўрмисиз? Агар меросхўр бўлсангиз мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаган жойдаги исталган нотариал идорага меросни эгаллаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

Васият бўйича меросхўр бўлсангиз. Бунда сиз қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилишингиз лозим:

  • мерос қолдирувчининг ўлими ҳақидаги гувоҳномаси;
  • васиятноманинг асл нусхаси;
  • шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингиз;
  • мерос мол-мулкига нисбатан мерос қолдирувчининг мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаси (мисол учун: транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси, кўчмас мулк паспорти ва бошқалар);
  • меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш тўғрисидаги ариза.             

Қонун бўйича меросхўр бўлсангиз. Бунда сиз қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилишингиз лозим:

  • мерос қолдирувчининг ўлими ҳақидаги гувоҳнома нусхаси;
  • шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингиз;
  • мерос қолдирувчи фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар нусхалари;
  • мерос қолдирувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
  •  мерос қолдирувчининг ота-онаси марҳум бўлса, ўлими ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
  •  мерос қолдирувчининг охирги яшаш жойи (прописка) тўғрисидаги маълумотнома;
  • мерос мол-мулкига нисбатан мерос қолдирувчининг мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаси (мисол учун: транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси, кўчмас мулк паспорти ва бошқалар);
  • меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш тўғрисидаги ариза.

Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган (мерос қолдирувчи вафот этган) кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.

Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.

Нотариал идорада мерос гувоҳнамаси расмийлаштирилганда ҳар бир автомобил ва кўчмас мулк учун БҲМнинг 50 % миқдорида, яъни 22300*50%=111500сўм давлат божи ундирилади.

Бошқа мол-мулклар учун БҲМнинг 30 % миқдорида, яъни 22300*з0%=66900сўм давлат божи ундирилади.

Бунда қолган мулкларнинг миқдорининг аҳамияти йуқ ўнта бўлса ҳам битта бўлса ҳам шу сумма ундирилади.

Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли. Бунда меросхўр мерос очилган жойдаги нотариусга меросдан воз кечиш тўғрисида ариза бериш орқали амалга оширилади.

Агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин.

Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.

Бу қизиқ! Кўпинча фуқароларимизни қизиқтирган саволлардан бири бу ман меросдан воз кечгандим. Энди фикримдан қайтдим, қайтариб олмоқчиман, нима қилсам бўлади деган  масалани қўйишади. Агар сиз онгли равишда, моҳиятини тушуниб ҳеч қандай зўрлик ишлатмасдан меросдан воз кечган бўлсангиз, бундай воз кечиш қайтариб олинмайди.

Агар сиз меросдан воз кечишингизда сизга қандайдир зўрлик ёки тазйиқ ўтказилган бўлса, меросдан воз кечиш суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бунда Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қоидалари қўлланилади.

15. Мерос мулки қандай тақсимланади?

Мерос қандай тақсимланишини айрим мисолларда кўрсатиб ўтамиз. Мерос тақсимланаетганда барча меросхўрларнинг улуши бир хил бўлади. Бунда тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик ва мерос трансмиссиясигина мустасно.

Мисол учун меросхўрдан бир уй-жой ва машина мерос бўлиб қолган. Меросхўр мерос қолдирувчининг хотини ва бир ўғлидир. Бу вазиятда мерос қандай тақсимланади буни диаграмма кўринишида кўрсатиб берамиз. Бунда мазкур мол-мулкларнинг никоҳ даврида орттирилган (сотиб олинган ёки бирор бир ҳақ, иш, хизмат эвазига келгани) аҳамиятга эга.

Агар бу мол-мулклар никоҳ даврида орттирилган бўлса:

Агар бу мол-мулклар никоҳ даврида орттирилмаган бўлса:

Муҳим жиҳат!

Уй-жой хотинга, машинани ўғилга расмийлаштиришни сўрашади. Мерос қонунчилигига кўра меросдан қисман воз кечиб бўлмайди. Яъни ўғил уй-жойдаги улушидан воз кечиб машинадаги улушини, хотин эса мошиндаги улушидан воз кечиб уй-жойдаги улушни олиши хато ҳисобланади.

Агар шундай тартибда мулкни қабул қилишмоқчи бўлишса улар ҳар бири меросдаги улушини қабул қилиб олиб, кейин айрим мулклардаги ўзларининг ҳиссаларини иккинчиларига ҳадя қилишлари мумкин.