Кириш
Болаларнинг манфаатлари, уларнинг тарбияси, таълим олиши, таъминоти ҳар доим давлатимиз ҳимоясида бўлиб келган ва оила институтлари ичида муҳим аҳамият касб этган. Одатда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш уларнинг ота-онаси ва унга тенглаштирилган шахслар зиммасига юклатилади. Чунки болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил этади. Болаларнинг алимент олиш ҳуқуқлари ҳамда ота-оналарнинг алимент тўлаш мажбуриятлари ана шу ғамхўрликнинг бир ифодаси ҳисобланади. Ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериш шартлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасида кўрсатиб ўтилган. Ота-онанинг вояга етмаган болага алимент тўлаш мажбурияти унинг болага нисбатан ғамхўрлик кўрсатиш шакли ҳамда моддий жиҳатдан таъминлаш мажбурияти саналади.
Азалдан ижтимоий ҳимоя дастурларида ҳимоя қатламининг энг юқори нуқтасида болалар ва қариялар ижтимоий ҳимояси доимо устуворлик касб этган. Шу ўринда болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантириш, бахтиёр болалигини таъминлаш, тўлиқ ва тўла-тўкис оила шароитида бекаму-кўст ўстириш, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатилиши кечиктириб бўлмайдиган вазифа.
Шу боис, алимент тўлаш билан боғлиқ бўлган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш болалар манфаатлари ҳимоясининг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.
Оила тўғрисидаги ва фуқаролик процессуал қонун ҳужжатларида алимент ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган алоҳида боб ва нормаларда, айниқса, вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш шакллари, турлари, судга қадар ва судда алимент тўлаш ва ундириш, бу борадаги суд ҳужжатларини ижро этиш борасидаги масалаларга батафсил эътибор қаратилган.
1. Алимент тушунчаси
– Алимент тушунчасини изоҳланг?
Алимент – алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар (вояга етмаган бола, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож бола, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ота-она, эр-хотин, собиқ эр-хотин, қариндошлар ва бошқа шахслар) нинг мулкий ҳуқуқларидан бири, яшаш манбаи, озиқ-овқат, таъминот олиш шакли саналади.
Эсда тутинг! Алимент лотинча “alimentum” сўзидан олинган бўлиб, озиқ-овқат, маблағ, таъминот тушунчаларини ифодалайди.
– Вояга етмаган болаларга нисбатан алимент ҳуқуқ ва мажбуриятлари деганда нимани тушунасиз?
Ота-оналар ва болалар ўртасида қонунда белгиланган асосларга биноан ҳамда қонунда белгиланган тартибда таъминот олиш ва таъминот беришга оид ҳуқуқ ва мажбуриятлар тушунилади. Ота-оналар вояга етмаган болаларига нисбатан таъминот бериш мажбуриятига, болалар эса ота-оналаридан таъминот олиш ҳуқуқига эга.
Эсда тутинг! Вояга етмаган болаларга нисбатан алимент тўлашда ота-оналарнинг мажбуриятлари тенгдир.
– Ота-онанинг никоҳдан ажрашган ва ёки никоҳдан ажрашмай туриб, алоҳида яшаётган ёхуд боладан алоҳида яшаётган даври алиментга таъсир қиладими?
Ота-онанинг никоҳдан ажрашган ва ёки уларнинг бир-биридан никоҳдан ажрашмай туриб, алоҳида яшаётганлиги ёхуд боладан алоҳида яшаётган даври алиментга таъсир қилмайди, аммо бу ҳолат бола манфаатларига, алимент сарфи ва миқдорига салбий таъсир кўрсатмаслиги зарур.
Эсда тутинг! Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.
– Алимент талаб қилиш ва ундириш муддати қанча?
Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб, бола вояга етгунга қадар ундирилади.
Эсда тутинг!
Алимент, фақат судга мурожаат этилган вақтдан буён эмас, балки ўтган давр учун ҳам ундирилади:
Асослар:
- алимент олувчи шахс (даъвогар) судсиз тартибда бир неча марта жавобгар (қарздор)га мурожаат қилган бўлса;
- алимент тўловчи шахс (жавобгар) алимент тўлашдан бош тортган бўлса;
- ўтиб кетган давр мобайнида даъвогар республика худудида бўлмаган бўлса;
- узрли ҳолатлар бўлса (хорижий давлатда хизмат сафарида, ўқишда бўлиш, муайян касалликка чалинганлик, ўлим хавфи ёки бедарак йўқолганлик, озодликдан маҳрум қилинганлик ва ҳоказо оқибатлар.)
- ўтган давр учун судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида бўлиши лозим.
– Алимент тўлаш (ундириш) шакллари қандай?
- ихтиёрий;
- келишув;
- ижро хати;
- суд;
- алиментни олдиндан тўлаш;
- алимент бўйича гаров шартномаси тузиш.
Эсда тутинг! Суд тартибида алимент ундиришда буйруқ тартибида ёки даъво тартибида иш юритиш орқали алимент низоси ҳал қилиниб, суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарори чиқаришга йўл қўйилади.
– Ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори қанча?
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг
- бир бола учун — тўртдан бир қисми;
- икки бола учун — учдан бир қисми;
- уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.
Эсда тутинг! Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда кейинчалик (заруратга кўра) суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Эслатма. Базавий ҳисоблаш миқдори – 223 000 сўм;
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 679 330 сўм.
– Агар жавобгар (қарздор) ишламаса, алимент тўлови қанча бўлади?
Алимент миқдори республикадаги ўртача ойлик иш ҳақи (20.07.20 йил ҳолатига кўра 2 635 405 сўм) дан келиб чиқиб, бола (лар) сонига қараб ҳисобланади.
Эслатма. Бир нафар фарзанд учун ушбу сумманинг 25 фоизи миқдорида (1/4 қисм ), икки нафар бўлса, 33 фоизи миқдорида (1/3 қисм), уч ва ундан ортиқ бўлса, 50 фоизи (1/2 қисм) миқдорида алимент ундириш белгиланган.
2 635 405 сўм : 4 = 1 нафар бола учун 658 851.25 сўмни ташкил этади.
Эсда тутинг!
- Суд тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни инобатга олиб, қарзнинг пул билан тўланадиган қатъий суммасини белгилаши мумкин.
- Агар қарзни бундай белгилаш тарафлардан бирининг манфаатларига жиддий путур етказса, манфаатларига путур етказилган тараф судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
2. Алиментни ихтиёрий тўлаш
– Алиментни ихтиёрий тўлаш тартиби қандай?
Алимент тўлаши шарт бўлган шахс алиментни ихтиёрий равишда шахсан ўзи ёки ўз аризасига мувофиқ ишлаб турган жойида ёхуд пенсия, нафақа, стипендия ва бошқа турдаги маблағ олаётган жойида тўланади.
Эсда тутинг! Алиментни ихтиёрий тўлашда қонунда белгиланган миқдордан ( масалан, ¼; 1/3 ; ½ қисм) кам бўлишига йўл қўйилмайди.
Алиментнинг ихтиёрий равишда тўлаб турилиши алимент ундирувчини алимент ундириш ҳақидаги даъво ариза ёки суд буйруғини бериш ҳақидаги ариза билан хоҳлаган вақтда судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
– Алимент тўловчининг иш, ўқиш жойи ва турар жойи ўзгарса, нима қилиш керак?
Иш берувчи (ташкилот маъмурияти) алимент тўловчи шахс билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақида, шунингдек унинг янги иш, ўқиш жойи ёки турар жойи унга маълум бўлса, бу ҳақда суднинг ҳал қилув қарори ижро этиладиган жойдаги
- давлат ижрочисига;
- алимент олувчи шахсга;
- уч кун муддат ичида хабар бериши шарт.
Алимент тўлаши шарт бўлган шахс:
- уч кун муддат ичида ўз иш, ўқиш жойи ёки турар жойи ўзгарганлиги ҳақида;
- қўшимча иш ҳақи ёки бошқа даромади тўғрисида;
- давлат ижрочисини ҳамда алимент олувчи шахсни хабардор қилиши шарт.
Уч кун муддат ичида кўрсатилган маълумотларни узрсиз сабабларга кўра хабар қилмаган тақдирда, айбдор мансабдор шахс ва алимент тўловчи шахс қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Эсда тутинг! Акс ҳолда хабар қилиш мажбуриятини бажармаган алимент тўловчи шахс ва ёки маъмурият (иш берувчи) маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка тортилади.
3. Алиментни келишув асосида тўлаш
– Алимент тўлаш тўғрисида келишув нима?
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув алимент тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчи ўртасида тузилади. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Келишувда алимент миқдори, шартлари ва тўлаш тартиби кўрсатилади.
Эсда тутинг! Нотариал тартибда тасдиқланган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ижро варақаси кучига эга бўлади ва давлат ижрочиси томонидан мажбурий этишга йўл қўйилади.
– Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувни ўзгартириш ёки бекор қилиш мумкинми?
НОТАРИАЛ ТАРТИБДА
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳам ўша шаклда амалга оширилади.
СУД ТАРТИБИДА
Тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволида жиддий ўзгаришлар юз берганда ҳамда алимент тўлаш тўғрисидаги келишувни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида улар ўзаро келиша олмаганда, манфаатдор тараф келишувни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли
Эсда тутинг! Суд алимент тўлаш тўғрисидаги келишувни ўзгартириш ёки бекор қилиш масаласини ҳал қилишда тарафларнинг эътиборга лойиқ ҳар қандай манфаатини ҳисобга олишга ҳақли.
– Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга биноан тўланадиган алиментлар миқдори қандай?
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга биноан тўланадиган алиментларнинг миқдорини тарафлар шу келишувда белгилайдилар.
Эсда тутинг! Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга биноан тўланадиган алиментнинг миқдори алимент суд тартибида ундирилганда болалар олиши мумкин бўлган миқдордан кам бўлмаслиги керак.
Эслатма. Алимент тўлаш ҳақидаги келишув (битим)ни нотариал тартибда тасдиқлаш, ўзгартириш киритиш ёки уларни бекор қилиш чоғида давлат божи ундирилмайди.
– Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга биноан алимент тўлаш усуллари ва тартиби қанака?
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув бўйича алимент тўлаш усуллари ва тартиби шу келишув билан белгиланади.
Алиментлар: алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушларда; вақти-вақтида пул билан тўланадиган қатъий суммада; бир йўла пул билан тўланадиган қатъий суммада; мол-мулк билан ёки келишувда қайд этилган бошқа усулларда тўланиши мумкин.
Эсда тутинг! Алимент тўлаш ҳақидаги келишувда алимент тўлашнинг турли усулларини бирга қўшиб қўллаш назарда тутилиши мумкин.
4. Алиментни олдиндан тўлаш
– Алимент(лар)ни олдиндан тўлашга йўл қўйиладими?
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар бола вояга етгунига қадар бўлган давр учун, шу жумладан кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкин.
Алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун, беш йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилади. Бироқ алиментларни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади.
Эсда тутинг! Алиментларни олдиндан тўлашга фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади.
– Алиментларни олдиндан тўлаш тартиби қандай?
Алиментни олдиндан тўлашда − қарздор ижро ҳужжатини берган судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишга сабаб бўлади.
Эсда тутинг! Алимент(лар)ни ундириш алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувга асосан бўлса, ариза ижро ҳужжати иш юритуви Мажбурий ижро бюроси (МИБ)нинг туман (шаҳар) бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади.
– Алиментларни олдиндан тўлаш ҳақидаги аризага нималар илова қилинади?
Аризага илова қилинади:
- Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризада, қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатларни кўрсатувчи ҳужжатлар (бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳ.к.);
- Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан берилган алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома;
- давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори;
- баҳолаш ташкилотининг алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган мол-мулкни баҳолаш хулосаси;
- қарздорнинг мазкур мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари.
Эсда тутинг! Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан қарздорга (ундирувчига)
- Алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома;
- Давлат ижрочисининг олдиндан тўланадиган алимент суммасини ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги қарори;
- Ушбу ҳужжатларни олиш қарздорнинг (зарур бўлганда ундирувчининг ҳам) МИБ га ёзган аризасига (шу жумладан, электрон почта орқали киритган аризасига) асосан берилади.
Қарздор аризага илова қилади:
- аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент суммалари;
- ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадлари;
- чет элда олинган даромадларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
– Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздор берган ариза қанча муддатда кўриб чиқилади?
Қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бериш тўғрисидаги ариза етти иш куни давомида кўриб чиқилади. Ҳужжатларни қўшимча ўрганиш талаб этилганда ариза ўн беш иш куни ичида кўриб чиқилиши мумкин.
Эсда тутинг!
- Қарздор томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳаққонийлигига шубҳа туғилганда ва уларни бошқа ташкилотларга сўровнома юбориш орқали текшириш зарур бўлганда, аризани кўриб чиқиш муддати бир ой муддатга узайтирилиши мумкин.
- Аризани кўриб чиқиш муддатини узайтириш МИБ нинг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи томонидан аризани кўриб чиқаётган давлат ижрочисининг асослантирилган билдиргисига асосан амалга оширилади.
- Аризани кўриб чиқиш муддати узайтирилганлиги тўғрисида аризачи хабардор қилинади.
5. Алимент тўлаш бўйича гаров шартномаси
– Алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузишга йўл қўйиладими?
Гаров шартномаси қарздор ва ундирувчи ўртасида алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш ва алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда ундирувчига ундирувни гаров предметига қаратиш ҳуқуқини бериш учун тузилади.
Гаров шартномасида қарздорнинг (гаровга қўювчининг) амалга оширган алимент тўловлари бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ҳар ойда давлат ижрочисини хабардор қилиш мажбурияти кўрсатилиши шарт.
Эсда тутинг! Гаров шартномаси тузишга қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади.
– Алимент тўловларини ихтиёрий равишда тўлаётган шахслар алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузишга ҳақлими?
Давлат ижрочилари иш юритувида бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича алимент тўловларини ихтиёрий равишда тўлаётган жисмоний шахслар муайян давр учун алимент олувчи билан келишилган ҳолда алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузишга ҳақли.
– Алимент тўловларини ихтиёрий равишда тўлаётган шахслар алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузишга ҳақлими?
Давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжатлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш учун қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилади.
Эсда тутинг! Алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасининг тузилиши алиментларни тўламаганлик учун қонун билан белгиланган маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод қилмайди.
– Алиментларни тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тартиби қандай?
Алиментларни тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза қарздор томонидан ижро ҳужжатини берган судга тақдим қилинади.
Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризада қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларни кўрсатади (бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳ.к.).
Аризага илова қилинади:
- гаров шартномаси;
- Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома;
- алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариши учун тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар (кетишини кечиктириб бўлмайдиган) ни тасдиқловчи ҳужжатлар.
Эсда тутинг! Агар алимент ундируви нотариал тасдиқланган келишув бўйича амалга оширилган бўлса, ариза ижро иши юритишни амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туман (шаҳар) судига берилади.
– Алиментларни тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш шартномасига қандай талаблар қўйилган?
Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тўғрисидаги гаров шартномаси нотариал тартибда тасдиқланади. Гаров ҳуқуқи шартнома нотариал тасдиқланган пайтдан бошлаб, мажбурий рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлса — рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Агар гаров предмети қонун бўйича ёки шартномага мувофиқ гаровга қўювчида сақланиши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи гаров предмети топширилган пайтда вужудга келади, агар топшириш шартнома тузишдан олдин амалга оширилган бўлса — нотариал тасдиқланган (рўйхатдан ўтказилган) пайтдан бошлаб вужудга келади.
Гаров предмети қиймати тарафлар келишувига биноан аниқланади. Тарафлар келишувига асосан гаров предмети қийматини баҳолаш тегишли баҳолаш ташкилоти томонидан амалга оширилиши мумкин.
Эсда тутинг! Алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаровга қўйилган мол-мулкнинг, қайта гаровга қўйилишига йўл қўйилмайди, мазкур масала гаров шартномасида акс эттирилади.
Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.
– Алимент тўловларидан қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома қандай олинади?
Алимент тўловларидан қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани олиш учун қарздор ижро иши юритишни амалга ошираётган Бюронинг туман (шаҳар) бўлимига ариза билан (шу жумладан, электрон почта орқали) мурожаат қилади.
Аризага илова қилинади:
- аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент миқдорлари;
- ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадлар;
- чет элда олинган даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар.
- Эсда тутинг! Қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бериш тўғрисидаги ариза етти иш куни давомида кўриб чиқилади. Ҳужжатларни қўшимча ўрганиш талаб этилганда ариза ўн беш иш куни ичида кўриб чиқилиши мумкин.
– Алимент бўйича гаров шартномаси тузилгандан кейин қандай ҳаракатларни амалга ошириш зарур?
- Қарздор томонидан кетма-кет икки ой давомида алимент тўловлари тўланмаган тақдирда, давлат ижрочиси ундирувни гаров предметига қаратиш чораларини кўради. Гаров предметини сотувга чиқаришнинг бошланғич баҳоси ижро ҳужжати ижро усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги суднинг ажримида кўрсатилган қиймат билан белгиланади.
- Ундирувни гаров предметига қаратиш натижасида келиб тушган маблағлар, МИБнинг тегишли туман (шаҳар) бўлими депозит ҳисобрақамига ўтказилади, мазкур маблағ ҳисобидан ойма-ой алимент тўловлари амалга оширилади.
- Гаров предмети сотилмаганда ва гаровга олувчи қарз ҳисобига гаров предметини ўзига олишни рад этганда гаров шартномаси тугатилади. Бунда давлат ижрочиси алимент бўйича қарздорликни қарздорга тегишли бошқа мол-мулки ҳисобидан ундириш чораларини кўради.
Эсда тутинг! Алимент тўловларини тўлиқ тўламаслик ҳам тўланмаган алимент ҳисобланади.
Гаров предмети маблағи ҳисобидан фарзандлар вояга етгунига қадар тўланган алимент тўловларидан ортган қисми қарздорга қайтарилади.
Эслатма. Гаров предмети базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаган мол-мулк бўлиши лозим.
6. Алимент ундиришнинг суд тартиби
– Алимент ундириш юзасидан кимлар судга мурожаат қилиш ваколатига эга?
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида судга боланинг ота ёки онаси, васийлик ва ҳомийлик органлари, васий ёки ҳомий шахс, болалар тарбия муассасалари ҳамда прокурор мурожаат қилиши мумкин.
Эсда тутинг! Давлат ижрочисининг алиментга доир масалаларда судга ариза билан мурожаат этиш ҳолатлари бундан мустасно.
– Судларда алиментга доир талаблар юзасидан қандай фуқаролик ишлари кўрилади?
- Алимент ундириш бўйича;
- Алимент бўйича қарздорликни тўлашдан озод этиш бўйича
- Алимент бўйича неустойкани ундириш тўғрисида
- Алимент миқдорини камайтириш ҳақида
- Алиментни қайта ҳисоблаш тўғрисида
- Алиментни қатъий суммада ундириш тўғрисида
- Алиментнинг белгиланган миқдорини ўзгартириш ва алиментни қатъий суммада ундириш тўғрисида
– Алимент ундириш тўғрисидаги талаблар юзасидан айнан қайси судга мурожаат қилинади?
Алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ҳам, даъво ариза ҳам судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига кўра, жавобгарнинг яшаш жойи бўйича берилади, шунингдек, аризачи ёки даъвогарнинг ўзи яшаб турган жойда ҳам тақдим этилиши мумкин.
Эсда тутинг! Алимент миқдорини камайтириш ёки алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги даъволар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.
– Алимент ундириш бўйича давлат божи ундириладими?
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза, шунингдек, вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида даъво ариза берганлик учун давлат божи ундирилмайди.
Эсда тутинг! Ушбу имтиёз алимент ундириш бўйича даъвогарлар – алимент ундириш ҳақидаги даъво талаблари юзасидан давлат божидан озиод қилинган, аммо бундай имтиёз алиментга оид бошқа талаблар юзасидан қўланилмайди.
– Алимент бўйича қўшимча харажатлар ундиришга йўл қўйиладими?
Ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.
Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Эсда тутинг! Агар вояга етмаган бола таъминоти учун қарздор қўшимча харажатлар тўловида иштирок этмаса, ундирувчи судга мурожаат қилишга ҳақли.
Алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғини бекор қилиш тартиби қандай?
Қарздор алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида арз қилинган талабга қарши эътироз билдирса, суд буйруғи бекор қилиниши лозим.
Эсда тутинг! Суд буйруғи ижрога қаратилганидан ўн кун муддат ўтганидан сўнг билдирилган эътирозлар муддатни тиклаш ҳақида ариза мавжуд бўлмаса, суд томонидан кўрилмайди ва аризачига қайтарилади.
Алимент ундириш талаби юзасидан қарздор (жавобгар) га қандай процессуал чоралар қўлланилади?
- Давлат ижрочиси ўз ташаббуси билан ёки ундирувчининг аризасига кўра қарздорни қидириш тўғрисида қарор чиқаради;
- Қарздорнинг мол-мулкини қидириш тўғрисида қарор чиқаради;
- Қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли;
- Давлат ижрочисининг қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши мумкин.
Эсда тутинг! Қарздорга нисбатан
- чекловлар бекор бўлганда;
- ижро ҳужжатининг талаблари амалда ижро этилганда;
- ижро иши юритиш тугатилганда ёки тамомланганда;
- давлат ижрочиси кейинги кундан кечиктирмасдан қарздор жисмоний шахсни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.
Бола алимент тўловчи қарамоғига ўтса……
Суд буйруғи ижро этилиши вақтида бола алимент тўлаётган ота(она)нинг тарбияси ва қарамоғига ўтган бўлса, ундирувчи эса, алимент олишдан воз кечмаган бўлса, кейинги тўланадиган алиментдан озод қилиш масаласи ота(она) томонидан тегишли тартибида қўзғатилган даъво асосида суд томонидан ҳал этилади
Эсда тутинг! Агар ундирувчи юқорида қайд этилган ҳолатларда алиментдан воз кечса, ижро иш юритуви тугатилади.
Алимент тўламаслик қандай оқибатларни вужудга келтиради?
- Суднинг ҳал қилув қарорига кўра алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланмай қолган алимент суммасининг ўндан бир фоизи миқдорида алимент олувчига неустойка тўлайди.
- Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинади;
- Маъмурий жавобгарликка тортилади;
- Жиноий жавобгарликка тортилади.
Эсда тутинг! Қарздорнинг жавобгарликка тортилиши уни алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.
Оқибатлари
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддаси
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш
- Ота-она (улардан бири), агар ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси
Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш
- Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик —
- ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
- биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
- Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси
- Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш
- Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса —
- икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
- Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса —
- икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
- Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.
Алиментни қайтариб олишга йўл қўйилмайди, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:
- алимент олувчи томонидан ёлғон маълумотлар бериш ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш оқибатида алимент ундириш тўғрисида чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинганда;
- алимент олувчи томонидан алдаш, қўрқитиш ёки зўрлик таъсири остида тузилган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ҳақиқий эмас деб топилганда;
- алимент тўланишига асос бўлган суднинг ҳал қилув қарори, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёки ижро варақаси қалбакилиги факти суд ҳукми билан аниқланганда.
Эсда тутинг! Агар ушбу ҳаракатлар вояга етмаган боланинг вакили томонидан содир этилган бўлса, алимент қайтариб олинмайди, тўланган алимент суммалари эса, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг даъвосига кўра айбдор вакилдан ундирилади.
Алимент мажбуриятлари қачон тугатилади?
Суд тартибида ундириладиган алимент тўлаш:
- бола вояга етганда ёки вояга етмасдан туриб тўла муомала лаёқатига эга бўлганда;
- фойдасига алимент ундирилаётган бола фарзандликка олинганда;
- суд алимент олувчининг меҳнатга лаёқати тикланган ёки уни ёрдамга муҳтож бўлмай қолган деб топганда;
- меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож алимент олувчи собиқ эр ёки хотин янги никоҳга кирганда;
- алимент олувчи ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахс вафот этганда тугатилади.
Эсда тутинг! Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувда белгиланган алимент мажбуриятлари тарафлардан бирининг ўлими, мазкур келишув муддатининг ўтиши ёки унда назарда тутилган бошқа асосларга кўра тугайди.
7. Алимент тўловларига доир маслаҳатлар
– Савол: Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар алимент тўлайдими?
Батафсил вазият: «Тошкент шаҳар Миробод туман Мажбурий ижро бюросига қарздор (ота) мурожаат қилиб, ҳуқуқлари бузилаётганлигидан норози бўлди. Аниқланишича, қарздор шу кунга қадар алимент ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарорига кўра, болага алимент тўлаши лозим бўлган, аммо икки йил давомида бир тўлаб, анча ой яна тўламай, ишсиз юрганлиги сабабли, даъвогар (собиқ хотини) бир неча марта Мажбурий ижро бюросига шикоят билан келган. Қарздор (жавобгар)нинг моддий ва оилавий аҳволидан норози бўлган даъвогар (аёл) судга мурожаат қилгач, қарздорни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилган. Бундан хабар топган қарздор Мажбурий ижро бюросига келиб, ижро иши юритувини тамомлашни сўраган. Аммо рад жавобини олган. Ечим қандай?»
Жавоб: Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди. Олий суднинг “Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Пленум қарорида кўрсатилганидек, агарда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинишида болага алимент ундириш масаласи ҳал қилинмаган бўлса, алимент ундириш юзасидан ваколатли шахс даъво (ариза) билан мурожаат қилиши мумкин. Бу вазиятда қарздор алимент тўлайди.
Асос: Оила кодексининг 81-моддаси, Пленум қарорининг 3-банди.
– Савол: Никоҳ бекор қилинмаган бўлса алимент тўланадими?
Батафсил вазият: «Мен икки нафар болам билан ота-онамникига қайтиб келиб яшаяпман. Никоҳимиз бекор қилинмаган. Турмуш ўртоғим болаларга ҳеч қандай моддий таъминот бермаяпти. Жавобгар Гулистон шаҳрида яшайди, мен эса Чиноз туманида. Гулистонга бориб-келишим осон эмас. Нима қилсам бўлади?»
Жавоб: Сиз икки нафар фарзандингиз таъминоти учун турмуш ўртоғингиздан алимент олишга ҳақлисиз. Қоидага кўра, никоҳ бекор қилинишидан қатъий назар, Сиз алимент бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз. Сиз ушбу вазиятда ўзингиз ва ёки жавобгар яшаш жойи бўйича фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қила оласиз. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Асос: Оила кодексининг 96-моддаси, ФПКнинг 171, 182-моддаси.
– Савол: Иккита бола учун алимент қандай миқдорда тўланади?
Батафсил вазият: «Мен ишламайман, иккита фарзандим учун жавобгар қанча миқдорда алимент тўлаши мумкин?»
Жавоб: Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг икки бола учун — учдан бир қисми миқдорида ундирилади. Аммо ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Асос: Оила кодексининг 99-моддаси.
Бу вазиятда Сиз қуйидаги ҳаракатларни билиб олинг!
1-ҳаракат: интернет орқали mib.uz сайтини топинг.
2-ҳаракат: mib.uz.calculator ни босинг.
3-ҳаракат: Алиментлар калькуляторини босинг.
4-ҳаракат: унда қарздорнинг ҳолати (ишлайди; ишламайди); ойлик маоши; болалар сонини тўлдиринг. Масалан, қарздор ишлайди, ойлик маоши 3 000 000 сўм, болалар сони 2 та ═ 1 000 000 сўм
– Савол: Эр-хотин ярашганда алимент тўлашни давом этиш керакми?
Батафсил вазият: Мен ва уч нафар фарзандим таъминоти учун фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан чиқарилган суд буйруғига асосан алимент ундириб берилаётган эди. Алимент ундиришга берганимда жавобгар (турмуш ўртоғим) билан жанжаллашиб вақтинча яшамаётган эдик, ўртамиздаги никоҳ тугатилмаган. Ҳозирда қарздор (турмуш ўртоғим) билан бирга яшаяпмиз. Улар алиментни тугатишни сўраяпти? Қандай йўл тутай?
Жавоб: Бундай вазиятда Сизлар биргаликда ва ёки бир ўзингиз Мажбурий ижро бюросига бориб, ундирувчи сифатида ижро ҳужжатини биргаликда яшаётганлик асосларини кўрсатиб, ижро ҳужжатини қайтариш ҳақида ариза (паспорт нусхасини илова қилган ҳолда) ёзасиз. Бунга кўра давлат ижрочиси ижро ишини тамомлаш ҳақида қарор чиқаради ва унинг нусхаси Сизларга (ундирувчи ва қарздор) берилади. Агар бу борада яна низо чиқса, давлат ижрочиси, Сизнинг яна алимент (даврий тўлов) ундириш юзасидан Мажбурий ижро бюросига қайта мурожаат қилиш ҳуқуқингиз борлигини тушунтиради.
Асос: Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 40, 41, 27-моддалари.
– Савол: Чет элга чиқишга тақиқни қандай ечиш мумкин?
Батафсил вазият: «Мен 12 йилдан буён Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасида истиқомат қиламан. Оилалиман. Яқинда Ўзбекистонга ота-онам ва яқинларимдан хабар олишга келдим. Кетиш чоғида менга нисбатан аэропортда чеклов борлигини айтишди. Аниқланишича, менга алимент қарздорлиги бўйича таъқиқ қўйилган экан. Мен алимент масалаларини Россияга кетишдан аввал собиқ турмуш ўртоғим билан ҳал қилганман деб ўйлагандим. Мен нима қилишим керак?»
Жавоб:
Ушбу ҳолатда Сиз яшаш жойингиз бўйича Мажбурий ижро бюросига мурожаат қиласиз. Қарздорлик амалда ижро этилганда ёки ундирувчининг аризасига кўра ижро ишини тамомлаш ҳақида давлат ижрочиси томонидан қарор чиқарилади. Алимент тўлови амалда ижро этилган бўлса, унда Сиз ишга тегишли ҳужжатларни илова қилиб, ундирувчининг тушунтириш хати (тилхати) ни тақдим этасиз. Ёки тегишли қарздорлик тўловлари тўлангач, ундирувчининг аризасига кўра, ижро ишини тамомлаш ҳақида қарор чиқарилади. Ёхуд тарафлар ўртасида ижро ишини тугатишга асос бўлган келишув тузилиб, тасдиқланган бўлса, ҳужжат нусхаларини тақдим этасиз. Шулар асосида давлат ижрочиси чекловни бекор қилиш (олиб ташлаш) ҳақида қарор чиқаради. Давлат ижрочиси кейинги кундан кечиктирмай қарздорни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.
Бу вазиятда Сиз қуйидаги ҳаракатларни билиб олинг!
1-ҳаракат: интернет орқали mib.uz сайтини топинг.
2-ҳаракат: mib.uz.cheklov ни босинг.
3-ҳаракат: республикадан чиқишга чекловни босинг.
4-ҳаракат: қарздорнинг паспорт маълумотларини киритинг.
Асос: Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 37, 40, 41, 421-моддалари.
– Савол: Бир нечта никоҳлардан туғилган болалар бўлса алимент қандай тўланади?
Батафсил вазият: «Мен иккита ижро ҳужжати бўйича алимент тўлайман. Аввалги оиламдан икки қизим ва ҳозирги оиламдан бир қиз ва бир ўғлим бор. Қарамоғимда ногирон онам бор. Баъзида биздан алоҳида яшайдиган, онам билан никоҳдан ажралган отамдан ҳам хабар олиб тураман. Турмуш ўртоғим ишламайди, фарзандларим тарбияси билан банд. Аввалги оиламдаги турмуш ўртоғим ишлайди, қизларим 12 ва 14 ёшда. Қонунчиликда бундай ҳолатга қандай тушунтиришлар берилган?»
Жавоб: Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларида алимент миқдорини камайтириш ёки алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги низолар ҳам кўрсатилган. Бундай даъволар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.
Ушбу тўловлар миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга сазовор ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда ўзгартирилиши (камайтирилиши ёки кўпайтирилиши) мумкин. Мазкур ҳолатда ҳам у фоизда эмас, иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромаднинг муайян қисми меъёрида белгиланиши лозим.
Янги миқдор бўйича алимент ундириш ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан амалга оширилади.
Ишни кўришда судга барча ундирувчилар жалб қилиниши лозим.
Асос: Фуқаролик процессуал кодексининг 33-моддаси, Оила кодексининг 105, 115, 146-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг “Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Пленум қарори 18, 19-бандлари.
– Савол: Бола алимент тўловчи билан яшаса алимент тўланадими?
Батафсил вазият: «Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, шу кунга қадар икки фарзандим таъминоти учун алимент тўлаётган эдим. Ҳозирда ундирувчи (турмуш ўртоғим) болаларни менга ва онамга ташлаб, Туркия давлатига ишлашга кетди. Мен қандай йўл тутаман?»
Жавоб: Агар болалар Сизнинг қарамоғингизга ўтган бўлса, бундай ҳолатда Сиз кейинги тўланадиган алиментдан озод қилиш масаласини тегишли тартибда қўзғатилган даъво асосида суд томонидан ҳал этишингиз керак. Агар, ундирувчи (турмуш ўртоғингиз) алиментдан воз кечса, ижро иш юритуви тугатилиши лозим бўлади.
Асос: Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 37-моддаси; Ўзбекистон Республикаси Олий судининг “Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Пленум қарори 17-банди.
9. Алиментга доир қисқа кўрсатмалар
1-қоида: Сизлар қонуний никоҳда бўлишингиздан ва ёки никоҳ тугатилиши-тугатилмаслигидан қатъий назар, вояга етмаган болалар таъминоти учун жавобгардан алимент ундира оласиз (ОК нинг 96-моддаси).
2-қоида: Бунда болангиз вояга етмаган бўлиши ва шу отадан туғилганлигини исботловчи туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада жавобгар отаси деб кўрсатилган бўлиши керак (ОК нинг 96–98-моддалари).
3-қоида: Судловлилик қоидасига кўра, Сиз алимент талаби бўйича давогар ёки жавобгар яшайдиган фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қила оласиз (ФПК нинг 33–34-моддалари).
4-қоида: Алиментга оид низо узил-кесил ҳал этилгунга қадар судья шу низо бўйича вақтинча алимент ундириш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин (ФПК нинг 187-моддаси; ОКнинг 112-моддаси).
5-қоида: Сиз фуқаролик ишини судда шахсан ёки ўз вакилингиз орқали юритишингиз мумкин (ФПК нинг 65-моддаси).
6-қоида: Алимент тўғрисидаги ишлар бўйича Сиз даъвогар сифатида давлат божидан озод этилгансиз (ФПКнинг 128-моддаси; Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январдаги “Давлат божи тўғрисида”ги ЎРҚ-600-сонли Қонуни 8-моддаси) .
7-қоида: Агар, вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаб арз қилинган бўлса, суд буйруғи чиқаришга йўл қўйилади (ФПКнинг 171-моддаси).
8-қоида: Ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт (ОК нинг 103-моддаси).
9-қоида: Алиментни тўлашнинг судга қадар ва суддаги шакллари (ихтиёрий, ундирувдан воз кечиш, келишув, медиатив келишув, гаров) дан фойдаланинг (ОКнинг 134–135-модда; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 06 октябрдаги “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги 808-сонли қарори ).
10-қоида: Даъвогарнинг алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга, Мажбурий ижро бюросига қайта (хоҳлаган вақтда) мурожаат қилиши истисно этилмайди (ОКнинг 135–136-моддалари).
11-қоида: Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар бола вояга етгунига қадар бўлган давр учун, шу жумладан, кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкин (ОКнинг 135-моддаси).
12-қоида: Вояга етмаган бола (лар) таъминоти учун даъво аризаси никоҳни тугатилиши, оталикни белгилаш, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, болани қайси ота (она)да қолдириш ҳақидаги низоли ишлар билан биргаликда ва ёки алоҳида кўрилиши мумкин (ФПКнинг 197–198-моддалари).
10. Судга мурожаат қилишда процессуал ҳаракатлар
1-ҳаракат: Сиз ўзингиз ва ёки вакил (адвокат) орқали суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза ёки даъво аризаси (нусхалари ва иловалари билан) тайёрланг (иловага қаранг).
2-ҳаракат: Судга ариза (даъво ариза) топширасиз (судларда фуқароларни қабул қилиш орқали; почта хизмати орқали; электрон шаклда E-XSUD, E-SUD ахборот тизими орқали).
3-ҳаракат: Суд мажлисида иштирок этасиз (буйруқ тартибида иш юритиш бундан мустасно) (ФПКнинг 207-249, 270-моддалари).
4-ҳаракат: Суд ҳужжатлари ижроси (умумий ва дарҳол) таъминланади. Ҳал қилув қарори нусхасини олиб, Мажбурий ижро бюросига борасиз, шунингдек, қоидага кўра суд ҳужжати нусхаси ва ижро варақаси электрон шаклда ижро учун юборилади (ФПКнинг 265, 269-моддалари) ва ижро ҳаракатларини амалга ошириш юзасидан бириктирилган давлат ижрочисидан маълумот оласиз.